1442 йил 14 рабиъул аввал | 2020 йил 31 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Нубувват хонадонида (давоми)

19:10 / 21.03.2019 852 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом кишиларни кўп қасам ичишга тарғиб қилмайди. Аммо қасам ичгандан кейин уни бажаришни талаб этади. Баъзи вақтларда қасам ичилган ишни бажаргандан кўра қасамни бузган афзал бўлиб қолади. Мисол учун, биров қасам ичиб, ўзига бирор ҳалол нарсани ҳаром қилган бўлса, шариат бўйича, қасамни бузишга рухсат берилади.

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ‎‎‎ечишни шариатга киритди».

Лекин қасамни бузгани учун каффорот бериши керак. «Моида» сурасида баён қилинганидек, қасамнинг каффороти ўнта мискинни тўйдириш ёки кийинтириш билан, имкони бўлса, бир қул озод қилиш ёки уч кун рўза тутиш билан амалга ошади.

«Ва Аллоҳ сизнинг ‎‎хожангиздир ва У Алийм ва ‎Ҳакиймдир».

«Бас, шундай бўлгандан кейин сиз хожангизнинг амридан чиқманг. Аллоҳ ўта билувчилик сифати ила ҳамма нарсани, жумладан, қасам масаласидаги қилмишларингизни билиб туради. У зот Ўзининг ўта ҳикматли сифати ила турли ҳукмларни, жумладан, қасамни бўшатишга оид ҳукмни жорий қилиб қўйди».

Бунга Ҳафса онамиз ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳоларнинг қилган ишлари сабаб бўлди. Бу оналаримизнинг сиртдан ноқулай бўлиб кўринган тасарруфотлари туфайли Ислом умматига қиёмат қоим бўлгунча ўқиб ва амал қилиб юриладиган Қуръон нозил бўлди. Уларнинг бу қилган ишлари туфайли қасам ичиб қўйган одам қасамидан қайтиб, каффорот берса жоизлиги ҳақидаги енгиллик шариатга киритилди.

Юқорида зикр қилинган ҳолатларда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари пок аёллар, дунёдаги энг бахтли хотинлар, мўминларнинг онаси деган юксак унвонга муносиб бўлган оналаримиздир. Уларнинг феъллари жуда ҳам улкан.

Лекин, шу билан бирга, воқеълик дини бўлган Ислом лой ва руҳдан бўлган инсонларга ўз таълимотларини жорий қилади. Яъни оналаримизда ҳам бошқалардаги каби, инсон табиатига хос бўлган рашк, бошқалардан кўра афзалроқ бўлишга уриниш каби туйғулар бор. Бу ҳол эса айб эмас, балки кейинчалик умматларга шариат бўлиб қоладиган ишларга сабаб бўлган нарсалардир.

Ўз навбатида, Пайғамбар алайҳиссалом улар билан жуда яхши муомалада бўлар эдилар. Оиша онамиз:

«У киши аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, серкулги ва сертабассум киши бўлардилар», деб ривоят қилганлар.

Юқоридаги оятлар нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасамларига каффорот берганлари ҳақида ривоятлар келган.

Айни чоғда, қуйидаги ояти карималарда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хотинлари Ҳафса онамиз ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳоларга жиддий огоҳлантириш бермоқда:

«‎Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, ‎батаҳқиқ, ‎қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлибди. Агар ‎унга қарши ‎чиқсангиз, бас, албатта, Аллоҳ унинг ‎ёрдамчисидир ва ‎Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ‎ҳам. Ундан сўнг ‎фаришталар унга суянчиқдир. У сизларни талоқ қилса, ажаб эмаски, Робби ‎сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, итоаткор, ‎тавбачи, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ‎ўрнингизга хотин қилиб берса‎» ‎(Таҳрим сураси, 4–5-оятлар).

Бу ояти карималар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари қанчалик олий эканини ҳаётга йўғрилган ҳолда баён этди. Нафақат у зотнинг завжаи мутоҳҳараларига, балки бутун дунёга бу ҳақиқат Қуръони карим орқали эълон қилинди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир марта Ҳафса онамизни талоқ қилганлар ҳам, аммо бу иш ҳам Ҳафса онамизнинг обрўларининг ортиши билан якунланган.

Имом Абу Довуд ва Насаийлар Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсани талоқ қилдилар, сўнгра унга ражъат қилдилар (қайтдилар)».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафса онамизни талоқ қилганларидан кейин у кишига қайтишлари Аллоҳ таолонинг амри ила бўлган. Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Аллоҳ таоло у зотга ваҳий юбориб:

«Ҳафсага ражъат қил, у кўп рўза тутувчи, кечаси кўп намоз ўқувчи аёлдир, у жаннатдаги хотинингдир», деган.

Албатта, Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳафса онамизнинг фойдаларига бу маънодаги амр бўлиши у кишининг фазлларига фазл қўшади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизнинг қобилиятларини ва ушлаган нарсасини узиб оладиган одатларини ҳисобга олиб, ўзлари берган тарбиядан бошқа турли керакли нарсаларни бошқа одамлардан ҳам ўрганиб олишларига эътибор берар эдилар.

Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳокимлар қилган ривоятда Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо айтади:

«Мен Ҳафсанинг олдида эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар-да, менга:

«Мана бунга ёзишни ўргатганингдек, намилага дам солишни ҳам ўргатмайсанми?!» дедилар».

«Намила» – одамнинг ёнбошига тошадиган нарса бўлиб, чумоли ўрмалаб юриб, чақаётганга ўхшайдиган ҳисга сабаб бўлади («намила» – чумоли дегани).

Ушбу ривоятнинг соҳибаси Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилият даврида мазкур хасталикка дам солиб юрар экан. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамада байъат қилган. Ҳижрат қилиб, Мадинаи Мунавварага келганида:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилиятда намилага дам солар эдим. Ҳозир уни сиздан ўтказиб олмоқчиман», деди. Сўнгра ўқий бошлади:

«Бисмиллаҳи, саъалту ҳаттаа яъууда мин афваҳиҳа ва лаа тазурру аҳадан. Аллоҳумма! Икшифил баъса, Роббан-наси!».

Шунда у зот:

«Шуни ўқиб, бир шохчага етти марта дам урасан, пок жойни топиб туриб, уни яхши сиркага солиб олиб, тошга ишқайсан, кейин намилага суртасан», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳога:

«Мана бунга ёзишни ўргатганингдек, намилага дам солишни ҳам ўргатмайсанми?!» дейишларидан Ҳафса онамизнинг аввал Шифо бинти Абдуллоҳдан ёзишни ўрганганлари келиб чиқади. Ўқиш-ёзишни билиш эса ўша вақтдаги энг обрўли ишлардан бири бўлган. Ўша вақтда ўқиш-ёзишни биладиганларга «комил» деган унвон берилган. Ҳафса онамиз ана шулардан бири бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шифо бинти Абдуллоҳнинг биладиган нарсасини Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо ҳам ўрганиб олишларига аҳамият беришлари ҳам Ҳафса онамизнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончларини қозонган аёл эканларидан хабар беради.

(давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом кишиларни кўп қасам ичишга тарғиб қилмайди. Аммо қасам ичганидан кейин уни бажаришни талаб этади. Баъзи вақтларда қасам ичилган ишни бажаргандан кўра давоми...

2601 18:00 / 23.12.2018
Очиқсочиқ кийиниш, айримлар даъво қилаётгандек, эркинлик ёки тараққиётни англатмайди. Балки бу қолоқликнинг, маданиятсизликнинг белгисидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло давоми...

2438 18:00 / 01.02.2019
Жисм шаҳвати ҳаётнинг ва наслнинг узлуксиз давомийлигини таъминлаш учун Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган табиий инстинктдир. Шу билан бирга, Ислом нуқтаи давоми...

2593 15:10 / 12.05.2019
Ҳижратнинг иккинчи йили, Рамазон ойида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мўмин бандаларига Бадр ғазотида улкан ғалабани берди. Рамазон давоми...

1984 16:06 / 08.11.2018
Видеолар

42 20:00 / 30 октябрь
Аудиолар

45588 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Топ рейтинг www.uz Openstat