1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Рамла бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳонинг фазллари

19:05 / 11.12.2019 2810 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳамма тарафда жаҳолат ҳукм сурган бир пайт. Ҳали Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга оламни жоҳилият зулматидан Ислом нурига ҳидоят қилиш учун Ўзининг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломнинг қиёматгача мўъжиза бўлиб қолажак муқаддас Китоби – Қуръони Каримни нозил қилишни бошлашига ўн етти йил бор.

Макканинг кўзга кўринган аъёнларидан бири – Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйида одатдагидан ташқари бир ҳаяжон ҳукм сурмоқда. Эркаклар бир четда ҳаяжон билан ерга қараб ўтиришибди. Ичкаридан аёлларнинг ғовур-ғувури эшитилиб қолади. Улар гоҳ овозларини баланд қилиб, гоҳ пастлатиб, кимгадир кўрсатмалар беришмоқда. Бирдан янги туғилган чақалоқнинг йиғиси эшитилди. Ҳамма енгил тортгандек бўлди. Доя аёллардан бири Абу Суфённинг хотини, яъни София бинти Абул Осснинг қиз кўрганлилги ҳақида хабар бериб, суюнчи олди.

Қурайшнинг жоҳилий қоидаларига мухлис ва фидокор бўлган аъёнларидан бири – Абу Суфённинг болалари яна биттага кўпайди. У янги меҳмоннинг ўғил эмас, қиз бўлганига бир оз афсус қилди. Маслаҳатлашиб, қизчага Рамла деб исм қўйишди.

Рамла Қурайшнинг номдор оилаларидан бирининг қизи сифатида ўзига хос тарбия кўриб ўсди. Ақлли-хушли, ўзига яраша табиатга эга бир қиз бўлиб вояга етди. Уни Убайдуллоҳ ибн Жаҳшга куёвга беришди.

Убайдуллоҳ ибн Жаҳш жоҳилият қонун-қоидаларини ёқтирмайдиган, бу ишларнинг тўғрилигига ишонмайдиган кам сонли одамлардан бири эди. У ўзига ўхшаган одамларни топиб, ҳақиқатни излаш пайида юрар эди.

Охири у билан бирга яна уч киши ҳаммадан яшириниб, кечаси суҳбат қуришди. Бу суҳбатда Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга Варақа ибн Навфал, Усмон ибн Ҳувайрис ва Зайд ибн Амрлар иштирок этишди.

Суҳбатнинг бошида улар бир-бирларига «Келинглар, рост гапни гапирайлик, гапирганимизни сир сақлайлик, Қурайш билмасин», деб келишиб олишди. Сўнгра улардан бири:

«Аллоҳга қасамки, албатта, сизлар биласизлар. Қавмингиз ҳеч нарсада эмас. Улар Иброҳимнинг дини ва миллатидан адашиб кетишган», деди.

Бошқа бири:

«Шўрингиз қурисин, биз ибодат қилаётган тош эшитмайди ҳам, кўрмайди ҳам, зарар ҳам, фойда ҳам бермайди», деди.

«Келинглар, туриб, ўзимизга бир дин ахтарайлик», деган қарорга келишди йиғилиш охирида.

Улар эртасидан бошлаб ҳақиқий динни ахтаришга киришдилар.

Варақа ибн Навфал насронийликни ихтиёр қилди. У уларнинг китобини яхшилаб ўрганди. Бутларга атаб сўйиладиган нарсаларни емайдиган бўлди.

Усмон ибн Ҳувайрис Рум подшоҳининг олдига бориб, насроний бўлди. Обрў топди ва Шомда заҳарланиб, ўлди.

Зайд ибн Амр Варақа ибн Навфалнинг насронийликни қабул этганини танқид қилди ва башорати берилган нарсани кутишда давом этди.

Убайдуллоҳ ибн Жаҳш бўлса ўз ҳайронлигида давом этди.

Эрининг бу ҳолати Рамла бинти Абу Суфённинг кўнглини жоҳилиятдан совутган бўлса ажаб эмас.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳодан аввалги ҳикояларини яна давом эттирадилар.Менга мол етиб келгач, аввал хушхабар келтирган Абраҳага одам юбориб.Ўша куни давоми...

2975 11:27 / 01.01.2020
Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо ўта зеҳнли, оқила ва илмга ўч бўлганларидан доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўрашдан давоми...

2740 19:30 / 11.09.2019
Саййидати Соранинг Аллоҳ у зотдан рози бўлсин жуфти ҳалоллари анбиёларнинг улуғи Иброҳим алайҳиссаломдирлар. Сора ягона Аллоҳга иймон келтириб, жуфтлари билан давоми...

5698 17:00 / 28.10.2020
.Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиз болалар таълими хусусида гапирадиган бўлсак, қизларни албатта ўқитиш шарт. Чунки ўғил болалар каби улар ҳам Аллоҳнинг бандаси, давоми...

5431 09:00 / 27.09.2021
Аудиолар

230213 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148791 14:35 / 11.08.2021