1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳни танимаган киши Унинг Расулини ҳам сева олмайди (учинчи мақола)

17:01 / 27.10.2020 1502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати аъзоси Абдуманнон домла Абдуллоҳ билан суҳбат

 

– Инсон бу идишни кирлатмай, покиза сақлаши учун нималарга эътибор қаратиши лозим?

– Ҳозир айтиб ўтганимиздек, худди идишга ўхшаган инсон кўзи, қулоғи, бурни кабилар орқали уни тўлдириб боради. Шу кираётган нарсалар билан у идиш тўлади. Алалхусус, киши гапирганида бу нарсалар «ҳид» бўлиб чиқиб келади. Шунинг учун баъзи бир одамларнинг олдида бир-икки дақиқадан ортиқ туролмайсиз. Лекин кўзи орқали яхши китобларни ўқиб, қулоғи орқали солиҳ кишиларнинг суҳбатини эшитиб, «идиши»га яхши нарсаларни тўлдирганлар билан бўлганингизда эса баҳри дилингиз очилади. Охиратда ҳам Аллоҳ таоло хушбўйлик билан тўлган идишни жаннатга киритади. Харом-хариш билан тўлган идишни эса тозалаб, кейин киритади.

Ўрни келганда бугунги кундаги яна бир оғриқли нуқтага тўхталиб ўтсам. Инсон табиати азалдан ажойиб. Тарихга назар солсак, Қадимги Римда одамлар гладиаторларни ўртага тушириб, уларга мухлислик қилишарди, қарсаклар билан уларни олқишлашарди. Бундан руҳланган гладиаторлар эса бир-бирини ўлдириш учун жанг қиларди. Томошабинлар ўзи ён босаётган томонни қўллаб-қувватлаб, уларга ҳатто пул тикишарди. Лекин уларнинг ўша гладиаторга бўлган муҳаббати бир гладиаторни иккинчисига азоб ва жонига озор бериши учун бўладиган муҳаббат эди. Нариги томонга қанчалик кўп азоб берилса, томошабинлар шунчалик роҳатланишарди. Ундан ташқари уларнинг чўнтагига пул ҳам тушарди. Уларнинг муҳаббати даражаси шунчалик эдики, доим ғалаба қозониб келган гладиатор қариб кучдан қолганида мағлуб бўлиб қолса, бармоғини шундай пастга қаратиб, ўлдириб юборишга ишорат қилишарди. Чеккадаги томошабинлар, муҳаббат қилган мухлислар ундан осонгина воз кечиб юбораверишарди.

Кейинчалик бундай «мухлислик» хўроз, ит, қўчқор уруштириш кабиларда ўз ифодасини топди. Эътибор берган бўлсангиз, хўроз уриштирувчилар хўрозига роса меҳр кўрсатади, асосий вақтини шунга ажратади, жуда иззат-эҳтиромини жойига қўяди. Лекин ўша хўроз эртага ютқазса, шундоқ сўйиб, ҳатто аччиғи келса, гўштини ҳам емай, итга ташлайди.

Афсуски, халқнинг ўша хулқи, табиати бугун домлаларга қаратилди. Икки томонга иккита домлани гладиатор мисоли қўйиб, икковини бир-бири билан уриштирадиган бўлиб қолди. Домланинг орқасида турган «мухлис» у домлага муҳаббат қўйганидан эмас, у домланинг динни қўллаб-қувватлаётгани учун эмас, балки нариги томонни гап билан эзиб қўяётгани, халқнинг ичида шарманда қилаётгани учун чапак чалади. Ҳалиги домла ҳам нариги томондан кимлардир пул бериб тургани, кимлардир таъминот қилгани учун динни бузиб, ўзининг «раҳнамолари»нинг истагини қондираверади. Аслида бу пуллар худди гладиаторлар жангида ҳар икки томон бир-бирининг абжағини чиқариб, мухлисларини хурсанд қилганидек, булар ҳам бир-бирига кўпроқ азият етказиб, тафриқа қилгани учун берилади. Бу тоифа домлаларга муҳаббат қўйганларнинг мухлислиги ҳам шунга яраша бўлади. Эртага ўша домла бир хатоликка йўл қўйса, гладиаторга ўхшаб, «ўлим ҳукми»ни ўқиб юбораверишади.

– Хослар билан авом ўртасидаги муҳаббатнинг фарқини нималарда кўриш мумкин?

– Бир инсонга бўлган муҳаббат уни қанчалик таниши, уни қанчалик қадрлашига боғлиқ. Имом Шофеъ роҳматуллоҳи алайҳ: «Агар дунёда олимлар Аллоҳга дўст тутинмаганида, ер юзида Унинг дўсти бўлмас эди», деганлар. Чунки олимлар Аллоҳни танийдилар, ана шу таниш даражасига қараб уларда маърифат ҳосил бўлади ва шунга яраша муҳаббати бўлади. Токи, киши Аллоҳни танимас экан, Уни ва Расулини севолмайди.

«Кимнинг муҳаббати зиёда бўлади?» деган саволга уламолар эҳсон қилувчининг, деб жавоб беришган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг мухсини аъзам киши эдилар. Яхшиликнинг энг каттасини қилган зот у киши бўладилар. Чунки у зотнинг бу дунёдаги эҳсонлари Исломга кириб, нажот топишимиз билан белгиланса, охиратдагиларини ҳали тасаввур ҳам қилолмаймиз. Шунинг учун инсон эҳсон қилувчисини танимаса, унга нисбатан қандай қилиб муҳаббат ҳосил қилади?

Агар у кўзини, қалбини, олаётган ҳар бир нафасини берган зот Аллоҳ эканини фикрлаганида эди, таниган сари шукри зиёдалашиб бораверарди. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари бир воқеани айтиб берган эдилар:

«Дадамнинг отаси, яъни бобом ҳар куни уйқудан олдин «Я Раббиллакал ҳамду валакаш шукр...», деб беш-ўн дақиқа тўхтовсиз шу сўзни қайтарар эди. Бир куни: «Бобо, ётишдан олдин ўқиладиган дуоларни билардик, лекин сиз бошқача дуо қиласиз-а?» десак, «Э-э, Аллоҳ таоло эрта тонгдан то шу пайтгача менга шунчалик неъматларни берди, лекин дунёнинг ишларига машғул бўлиб қолиб, уларнинг шукрини адо этолмадим. Ҳозир шуларни бирма-бир эслаб чиқяпман. Эрталаб Аллоҳ мени соғ-саломат уйғотди, я Раббиллакал ҳамду валакаш шукр, қарасам, хотин, бола-чақам саломат экан, я Раббиллакал ҳамду валакаш шукр, ризқим тайёр бўлиб турган экан, бирор жойга қидириб чиқиб, еб келадиган эмас эканман, я Раббиллакал ҳамду валакаш шукр. Шу тарзда кун давомида менга берилган неъматларни эслаб, шукрини адо қилиб қўяман. Чунки неъматлар шукр билан боғлаб қўйилади», деб жавоб бердилар».

Хослар билан авом ўртасида фарқ ҳам мана шу шукрни адо эта олишликда, Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий маърифат билан танишликда фарқланади.

Аллоҳ таоло барчамизга мана шу севгига ҳаққи билан мушарраф бўлишликни насиб этсин!

(Тамом)

Иккинчи мақола

Маҳмуд Маҳкам суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шаъбон ойи ndash ҳижрийқамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, давоми...

1807 18:45 / 06.03.2023
Савол Кўз тегмасин, деб чақалоқларнинг қўлига кўзмунчоқ тақиб қўйиш бидъат эканлигини биламан. Лекин дуо, оятлар ёзилган тумор тақиб юриш мумкинмиЖавоб давоми...

4243 18:02 / 04.11.2018
Ушбу саволга ойдинлик киритишга Нельсон Мандела хотирасиrdquo фонди, Жанубий Африка Республикасининг Мусулмон уламолар кенгаши ҳамда ушбу мамлакатдаги ҳукмрон давоми...

4099 15:02 / 15.01.2019
1 сони. Ва илоҳингиз бир илоҳдирrdquo. Бақара сураси, 163оят.2 сони. Туядан иккитани, қорамолдан иккини пайдо қилдиrdquo. Анъом сураси, 144оят.3 сони. Аёлларингиздан ҳайздан давоми...

2592 11:20 / 14.09.2021