1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Охиратни ўйлаб яшайлик!

15:19 / 27.10.2020 1412 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Биз бу дунёга ибодат қилиш учун келганмиз. Умримизни беҳуда ўтказмаслигимиз, унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланишимиз лозим. Вақтимиз кетмасин. Ибодат қилайлик. Намоз ўқиб, рўза тутиб, бандалигимизни бажо келтирайлик. Охиратда нима деб жавоб беришимизни ўйлайлик. У кунда ҳар бир инсон бу дунёда қилган ишларидан сўралади. Ана шу сўроққа қийналмай жавоб беришни ўйлашимиз керак. Охират учун амал қилган, вақтининг қадрига етган инсон охиратдаги сўроқ пайтида қийналмайди. Охиратини ўйламай, ғафлатда юрган кимса эса охиратдаги сўроқ пайтида жуда қийин аҳволда қолади. Бу дунё беш кунлик, вақтинчалик. Қисқа муддатли умрни беҳуда совуриш, унинг қадрига етмаслик кишини кўп пушаймон бўлишига олиб келади.

Фаразан қабрда ётганлардан «Нима истайсиз?» деб сўрасак, улар дунёга қайтарилиб, кўпроқ намоз ўқишни, Аллоҳ таолони кўп зикр қилишни, кўпроқ садақа бериб, солиҳ амалларни кўпайтириб олишни истаган бўлардилар. Биз ҳали тирикмиз. Демак, бизда ўша имкониятлар бор. Ибодатларимизни вақтида адо этайлик. Қолдирган намозларимизнинг қазосини ўқиб, тутолмаган рўзаларимизнинг қазосини тутиб борайлик. Чунки булар ҳам зиммамиздаги фарз амаллардир. Унутмайлик, ҳақиқий роҳат жаннатда бўлади. Бу дунё эса имтиҳон, синов дунёсидир.

Дунёдаги баъзи имтиҳонларга, масалан, ўқишга кириш ёки ўқишни битириш чоғидаги имтиҳонларга қанчалик жидий тайёрланамиз. Ваҳоланки, имтиҳондан ўтолмасак ҳам ҳаёт тугаб қолмайди. Аммо охират учун кўрадиган тайёргарликда баъзан сусткашлик қиламиз. Кўп ухлаймиз, уйғоқлигимизда эса телефонимиздан бош кўтармаймиз. Олтиндан қиммат, кетса қайтиб келмайдиган умрни совуриб юборамиз.

Динимизда дунёдаги насибани бутунлай унутиб, тарки дунё қилишдан қайтарилган. Шунингдек, охиратни унутиб, бутунлай дунёга берилиб кетишдан ҳам қайтарилган. Дунёни ҳам, охиратни ҳам обод қилишимиз керак. Ибодатларни ўз вақтида бажариш, ҳалол меҳнат қилиш, оилани нафақа билан таъминлаш, бировга қарам бўлиб қолмаслик, Аллоҳ таоло сочиб қўйган ризқни излаб топиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Динимизда бой бўлишдан, пуллари кўп бўлишдан қайтарилмайди. Кўп пул топиб, ундан диндошларимиз орасидаги қийналганларга, етимларга, беваларга ёрдам қўлини чўзиш айни савобли ишлардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни истама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қосос сураси, 77-оят)

Саҳобаларнинг ораларида жуда бой, ҳозирги кун тили билан айтганда, миллиардерлари бўлган. Уларнинг баъзилари жаннатга киришлари ҳақида хушхабарлар олишган. Мисол учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу каби зотлар энг бой саҳобалар сирасига киришади. Бу санаб ўтилганлар саҳобаи киромларнинг ичидаги энг улуғ, мартабаси юқори, тириклигида жаннати эканлигини эшитган бахтиёр инсонлардир. Агар пул топиш ёмон иш бўлганида саҳобаи киромларнинг ҳаммалари фақир ҳолда яшаган бўлишарди.

Мўмин-мусулмон одам моддий томондан ўзига тўқ, одамларга ёрдам қўлини чўзадиган сахий, ибодатларини ўз вақтида адо этадиган тақводор бўлиши керак. Шунингдек, жисмоний машқларни бажариб, танамизни чиниқтириб боришимиз ҳам керак.

Дунё топиш борасида эҳтиёт бўлинадиган жиҳат – дунёни ҳаромдан топмаслик ва қалбга дунё муҳаббатининг кирмаслигидир. Пулимиз ҳамёнимизда бўлсин, уйимизда бўлсин, аммо қалбимизда бўлмасин. Зеро, сув кеманинг остида бўлса, ўша кема бир маромда сузади. Бордию сув кеманинг ичида бўлса, у ҳолда кема чўкиб кетади.

Аллоҳ таолони доим зикр қилиб юрайлик. Тилимиз У Зотнинг зикри ила нам бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар)

Тилимиздан беҳуда сўзлар, сўкиш, ҳақорат, ғийбат, ёлғон каби гуноҳ сўзлар чиқмасин.

Тана аъзоларимиз ҳам доимий равишда ибодатда бўлсин! Гуноҳ бўладиган ишлардан бутунлай тийилайлик! Қўлимиз, оёғимиз, кўзларимиз, қулоқларимиз ва бошқа тана аъзоларимиз фақат ибодат учун ҳаракатлансин! Ибодат саналган жойга юриб борайлик, эшитиш рухсат этилган овозларни тинглаб, қараш мумкин бўлган нарсаларга қарайлик. Қўлимиз билан фақатгина солиҳ амаларни бажарайлик. Қўлларимиз садақа, эҳсон, етимнинг бошини силаш ва ҳоказо ишлар билан банд бўлсин!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади .Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, охират кунига, давоми...

1113 12:00 / 20.12.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб давоми...

1990 08:00 / 26.05.2019
Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарур. Тижоратда кўп учраб турадиган шубҳали, ноаниқ, аслини билиб бўлмайдиган, шунинг билан бирга, давоми...

2693 10:30 / 17.04.2019
Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азиймrdquo дуосининг фазилатиМуторриф ибн Мусъаб айтадилар Мен халифа Мансурнинг ҳузурига кирсам, у ғамгин ва хафа ҳолатда экан. давоми...

13480 10:10 / 25.01.2019