1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳни танимаган киши Унинг Расулини ҳам сева олмайди (иккинчи мақола)

17:04 / 26.10.2020 1371 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати аъзоси Абдуманнон Абдуллоҳ билан суҳбат

– Инсоннинг бошқа инсонга муҳаббати пайдо бўлиши учун нималар талаб этилади?

– Тўртта омил инсонннинг инсонга нисбатан муҳаббатини тақозо этади. Булардан биринчиси инсоннинг жамоли. Иккинчиси, мол-дунёси. Кейингиси инсоннинг насаби. Бир инсоннинг олий насаби ҳам унга муҳаббат қўйишга сабаб бўлади. Ва ниҳоят охиргиси, инсоннинг ҳасаби, яъни касб қилган фазилатлари. Мана шу тўрт нарса – жамол, камол, насаб, ҳасаб инсоннинг инсонга муҳаббатини жалб қилувчи сабаб ҳисобланади.

Аҳли кашфлар айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан умматнинг ўртасида бир нечта парда бўлади. У парда суннатга амал қилиш билан кўтарилиб бораверади. Расули акрамнинг суннатларига амал қилиб бораверган кишининг ўртасида охири ҳеч қандай парда қолмайди. Ҳар туни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш даражасига етади».

– Саналган шу омиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қай даражада эди?

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда муҳаббатга далолат қиладиган тўрт нарсанинг хилқий жиҳатдан белгилашимиз учун биздаги ўлчовлар камлик қилади. Бугунги дунё миқёсида «энг гўзал», «энг кўркам» ва ҳоказо мезонлар билан белгиланувчи даражалар бор. Бу даражаларга кўра бўйининг узунлиги бунча метру бунча сантиметр, кўзининг ранги бундай, терисининг ранги ундай бўлиши керак деган шартлар қўйилган. Албатта, бу шартлар мавжуд бўлиши мумкин деган қарашлардан келиб чиқиб танланади. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражалари шунчалик юксак эдики, у гўзалликни белгилаш учун бугунги кунда биз билган мезонларга яна бир неча баробарини қўшиш талаб этилади. Аслида, дунёвий «энг, энг, энг...» деган мезонларга ҳамма ҳам тушавермайди, саноқли маълум бир кишиларгина ундаги талабларга жавоб бериши мумкин. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзалликларини таърифлаш учун бугунги ўлчовлар камлик қилади. Шунинг учун ҳам у зотни кўрган саҳобалар шундоқ муҳаббат қўяверишган. Чунки Аллоҳ таоло ҳилқат жиҳатидан ҳам Ўзининг Расулига камолотни насиб этган.

Шу билан бирга у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқий томондан ҳам бетакрор гўзал эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил қилгунича қирқ йил муддат берди. Шу вақт давомида атрофидагиларга у зотнинг қанчалик комил эканликларини намойиш қилиб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида ҳатто ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапирмаган эдилар. Омонатдорликлари сабабидан қурайшликлар бирор кимсанинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмаган деган маънода «амийн» дейишган эди. Ростгўйликлари учун «содиқ» дейишди. Бир сўз билан айтганда, у зотнинг гўзалликларини, ҳилқий, хулқий камолотларини ҳамма тан оладиган бўлди. Аллоҳ таоло пайғамбарликнинг тушургунига қадар ҳамма инсонларнинг наздида тўлиқ синовдан ўтишлари учун шунча муҳлат берди. Токи, у зотга ваҳий нозил бўлганда энг ашадий душманлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғончи дея олишмади. Инсон ҳаққига хиёнат қилмаган, Аллоҳнинг ҳаққида ҳам хиёнат қилмайди, инсоннинг ҳаққида ёлғон гапирмаган Аллоҳнинг ҳаққида ҳам ёлғон гапириши мумкин эмас, дейишди. Энг ашадий мушриклар ҳам «Бизнинг қалбимиз қулф, тўлиб бўлган. Унга қўшимча нарса киритишга ҳожат йўқ», деган баҳонадан бошқа ҳеч қандай сабаб топиша олмади. Ёлғончи дей деса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида ёлғон гапирмаганлар. Омонатга риоя қилмайди, дейин деса, бу хислатга ҳам гувоҳ бўлишмаган.

Мана шудай муҳлат берилиши бизга ҳам ибрат. Мободо сиз ҳам кимнидир тўғри йўлга бошламоқчи бўлсангиз, кимнидир Ҳаққа чақирмоқчи бўлсангиз, у киши сизнинг бу таклифингиз дарровда «хўп» деб кетаверади, деб ўйламанг. Бу нарса Аллоҳдан. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам инсонлар у зотнинг айтган гапини қабул қила олиши учун қирқ йил муҳлат кетди.

Демак, бир инсон камолотга етиб, одамлар унинг гапини қабул қила олиши учун маълум бир муддат керак экан. Шу ҳақиқатни унутмаслик лозим.

Инсонда муҳаббат пайдо қилишдаги сабаблардан яна бири – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари энг олий эди, Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақаларди. Аллоҳ таоло у зотнинг насабини шунчалик танладики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-боболарининг барчаси қавмининг ичида омонатдорлик билан, хулқи аъзим билан сифатланган инсонлар эди. Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларини покиза сақлади, ўзлари ҳам «Мен никоҳдан туғилганман. Ҳатто жоҳилият даврида ота-боболарим никоҳсиз ҳаёт кечирмаган», деган эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳасаб жиҳатидан оладиган бўлсак, Аллоҳ у зотни пайғамбар қилиб танлаган эди. Бундан ортиқча яна қандай шараф бўлиши мумкин? Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш учун тўртта сабаб энг мукаммал шаклда мавжуд эди. Шунинг учун Абу Бакр розияллоҳу анҳудек зотлар у кишини кўрганларида сўзсиз иймон келтиришди.

– Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ суннатнинг қаттиқ ушлаган эканлар, бир ҳадисни ёзишдан аввал унга ўзлари амал қилиб, сўнг ёзган эканлар. Бугун гарчи илм олишга имконият анча кенг бўлса-да, мусулмонлар орасидаги муаммолар яққол кўзга ташланиб турибди. Балки бунинг сабаби амалимизнинг камайиб кетганидамикан...

– Бир қоида бор: «Ким илмни айтиб етказаман, деса у залолатда». Илмга биринчи навбатда ўзим амал қиламан, деган киши, иншааллоҳ, ҳидоятда. Ўша илмга амал қилиш билан ўз навбатида ўзгаларга ҳам етказилади. Қуръон Каримда: «Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди» (Шамс сураси, 8-оят) дея буюрилди. Аллоҳ таоло инсоннинг нафсини яратди ва нафсга фужурни илҳом қилди. Инсонни яратди ва унга тақвони илҳом қилди. Бу оятни шарҳ қилганлар қуйидагиларни айтишган: «Аллоҳ таоло инсоннинг нафси билан бирга унда фисқи фужурга олиб борадиган унсурни ҳам яратиб қўйди. Ва албатта, тақвога олиб борадиган унсурни ҳам яратди».

Демак, инсонда ҳар иккала унсур ҳам мавжуд экан. У қайси бирига кўпроқ яқинлашса, ана ўша унсур ишқаланиб, ҳаракатга тушади ва инсонни шу томонга етаклайди. Шунинг учун «Зино қилманглар» деб эмас, «Зинога яқинлашманглар», деб буюрилди. Чунки инсон зинога сабаб бўладиган нарсага қараганида, у манзара унинг қалбидаги ҳалиги унсурни ишқалайди, ҳаракатга келтиради. Баъзи кишиларда мен мана шундай, мана шундай гуноҳлардан тийила олмаяпман, деган гапларини эшитиб қоламиз. Бундай тоифалар мавжуд унсурни гуноҳга мойил тарафга олиб бориб қўяди, натижада киши ўша томонга оғиб кетаверади. Шунинг учун фожир кишилар даврасига кирганингизда сиздаги унсур фисқи фужур томонга етаклайверади.

Худди шунга ўхшаб инсоннинг ичида тақвога олиб борадиган унсур ҳам яратилган. Киши тақво ҳосил қиладиган бирор гап эшитса, ундаги унсур ишқаланади ва бунинг натижаси ўлароқ инсон хайрли ишларни қилгиси келади, солиҳлар даражасига кўтарилишга рағбати кучаяди. Аллоҳ таоло Қуръонда: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», (Тавба сураси, 119-оят) деб бежиз буюрмади. Чунки содиқлар даврасида биздаги тақвога бошловчи унсур ҳаракатга тушади ва бизни тақвода олиб юради.

Инсон мисоли бир тоза идишга ўхшайди. Бугунги замонавий илм ҳам инсоннинг ҳар бир ҳужайрасида қанчалаб ахборотни сақлаш имконияти борлигини исботлади. Аллоҳ таоло «Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди» (Шамс сураси, 9-оят), яъни ана ўша идишни покиза сақлаганлар нажот топишди, деб марҳамат қилди. Чунки бир идиш покиза нарсалар билан тўлдирилсагина уни эъзозлаб, юксакроқ жойга олиб қўясиз, доимий равишда иззат-икром кўрсатасиз. «Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди», яъни зиёнда қолди.

(Давоми бор)

Биринчи мақола

Маҳмуд Маҳкам суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Яқинда масжид имомининг .Фатавои Оламгирия, китоби ҳанафий фиқҳининг энг мўътабар манбаларидан бири, деганини эшитиб қолдим. Бу китобнинг муаллифи ким Бир давоми...

3359 11:05 / 09.09.2020
Суфён айтади .Зубайд ёмғир ёққан кечада қўлига машъала тутиб, маҳалладаги қарияларнинг уйини айланиб, .Уйингиздан ёмғир ўтмадими Машъала берайми, дер эди. Тонг давоми...

1710 09:05 / 29.09.2019
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Рукн билан Мақом1 ўртасида Аллоҳ таолодан таом, шароб, либос, хушбўй ва аёллар шаҳватини давоми...

2013 09:05 / 25.08.2019
Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келди. Унинг эгнида Миср чойшабидан кийим бор эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз сўрадиndash Буни неча пулга давоми...

3523 10:07 / 30.10.2018