1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илмни талаб қилишга қизиқтириш ва фиқҳни бошқа илмлардан афзал кўриш ҳақида

19:00 / 25.10.2020 1597 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

12-боб

Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Инсон илм ўрганиши билганига қаноатланиб қолмаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло дейди:

«Айтинг: биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят).

Илм аҳли бошқа инсонларга нисбатан афзалдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олим ёки илм ўрганувчи бўлмаган кишида яхшилик йўқдир», деб айтганлар.

Абу Дардо розияллоҳу таоло анҳу айтадилар: «Нима бўлдики, олимларингизни ўлаётган, жоҳилларингизни илм ўрганмаётган ҳолда кўряпман. Уламоларнинг ўлими билан илм кўтарилишидан олдин таълим олинглар. Чунки бир қавмнинг кичкинаси бўлсангиз, шояд бошқа қавмнинг каттаси бўларсиз. Менга илмсиз шайхдан хунукроқ махлуқ йўқдир».

Шаъбий айтадилар: «Агар бир киши Шомнинг бу чеккасидан Яманнинг у четигача сафар қилиб, келажак умрида фойда келтирадиган бир дона калимани ёд олса, унинг сафари зое кетмади деб ўйлайман».

Энди билгилки, илм бир неча навдир, ҳаммаси Аллоҳ наздида чиройлироқдир, лекин фиқҳга тенг эмасдир. Кишига фиқҳни ўрганиш унга бошқа илмни ўрганишдан муҳимроқ бўлиши керак, чунки фиқҳни билган кишига бошқа илмлар осонлашади. Фиқҳ диннинг устунидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу таоло анҳу ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳнинг бандалари орасида динда фақиҳ бўлганидан кўра афзали йўқ». Яна айтадилар: «Битта фақиҳ шайтон учун мингта жоҳил обиддан ёмонроқдир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу таоло анҳу айтадилар: «Бир соат ўтириб фиқҳ ўрганишим Аллоҳга бир кеча фиқҳсиз ибодат қилишимдан яхшироқдир».

Ибн Аббос розияллоҳу таоло анҳумо ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу таоло анҳу: «Раҳбар бўлишларингдан олдин фиқҳни ўрганинглар».

Агар инсон фиқҳдан насибасини тўла олса, унда қосирлик қилмаслиги ҳамда зуҳд ва ҳикмат илмида, охират каломида, солиҳларнинг шамоиллари ҳақида фикр қилиши лозим. Чунки инсон фиқҳни ўрганса-ю, зуҳд ва ҳикмат илми ҳақида фикр қилмаса, қалби қаттиқлашади. Қаттиқ қалб Аллоҳ таолодан узоқдир. Агар нужум билан ҳикмат илмини таълим олса, қалби қаттиқлашади, қаттиқ қалб эса Аллоҳ таолодан узоқдир. Агар нужум ва ҳикмат илмидан ҳисоб-китобни биладиган миқдорда ўрганса, бунинг зарари ёъқдир. Агар қиблани билиш ва ҳисоб-китобга ёъл топа оладиган миқдорча ўрганса, ортиқчалик қилмайди. Аллоҳ таоло:

«Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар» (Наҳл сураси, 16-оят), деб марҳамат қилади. Бошқа бир оятда эса:

«У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган зотдир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик» (Анъом сураси, 97-оят), деб айтади.

Умар ибн Хаттоб айтадилар: «Илми нужумдан қиблаларингни топадиган миқдорда ўрганинглар. Қариндошларинг билан алоқа қиладиган миқдорда насаб илмидан таълим олинглар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юлдузлар ҳақида мунозара қилишдан қайтарганлари ривоят этилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маймун ибн Миҳронга: «Нужум илмига эргашманглар, чунки сеҳр ва фолбинликка олиб боради», деганлар. 

«Бўстонул Орифийн» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва .Албатта, бу иккови азобланяпти. Катта нарса учун давоми...

2160 09:00 / 18.08.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойидаги амаллари Муборак Рамазон ойи келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кутиб олиш давоми...

290759 13:00 / 13.02.2025
Ҳумайд Руъос айтади .Тушимда Кисоийни кўриб, .Қаердасиз, деб сўрадим. .Жаннатга кирдим,, деб жавоб берди. .Нима сабабдан, дедим. У .Аллоҳ таоло Қуръон сабабли менга давоми...

2345 09:20 / 26.01.2020
Рабоҳ ибн Убайда Боҳилий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизнинг олдида ўтирган эдим, бир аъробий келиб, .Эй мўминларнинг амири, бир ҳожат билан давоми...

4638 14:00 / 14.09.2022