1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ошиқ уммат ойи

19:05 / 19.11.2019 2264 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари (ҳаётлари тарихи), шаклу шамойиллари ва ахлоқ-одоблари асрлар оша инсониятни ўзига жалб қилиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш бахтига мушарраф бўлган инсон у зотга маҳлиё бўлиб қолар, бироз гаплашиб, муомала қилгач, гўзал ахлоқ-одобларининг асирига айланар эди. Хусусан, пайғамбарлик тушганидан кейинги ҳаётлари дўсту душманнинг кўз ўнгида, эътиборида бўлди. Мусулмонлар у зотдек яшаш, кофирлар эса айб топиш учун у зотнинг ҳаётларини узлуксиз кузатиб борар эди. Охир-оқибат у зотга эргашганлар зафар қучиб, бахту саодатга эришишди, айб излаганлар ноумид бўлиб, саодатдан маҳрум бўлишди.

Башарият тарихида бирор инсоннинг ҳаёти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари каби тўлалигича ўрганилмаган. У зот алайҳиссаломнинг юриш-туришлари, еб-ичишлари, муомала-муносабатлари, барча хатти-ҳаракатлари очиқ-ойдин, ҳамманинг кўз ўнгида ва эътиборида эди. Ҳар бир соатлари, ҳар бир дақиқалари кўпчилик томонидан ўрганилар, оғизларидан чиққан ҳар бир сўз ёдлаб бориларди. Масжид, кўча-кўйдаги ҳаётлари, кишилар билан муомала-муносабатлари саҳобаи киромлар, уйдаги ҳоллари эса оналаримиз томонидан ўрганилиб, умматга етказилди. Зеро, буларнинг барчаси бир бўлиб илоҳий динни ташкил қилар эди. Мана шу маънода Ислом уммати ўша саодат асридан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат ва сийратларини синчковлик билан ўрганиб, унга эргашиб, билганларини ўзларидан кейинги авлодга етказиб келган.

Охирзамон Пайғамбари билан ҳамсуҳбат бўлиш бахтига етишган саҳобаи киромлар у зот ҳақида гапирганда кўзларига ёш қалқиб, мақташдан чарчашмас, гоҳида сўз тополмай, «У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам ўхшашларини кўрмадик», дейишар эди. Ўша даврнинг сўз усталари эса у зотни кўрганда илҳомлари жўшиб, шеър битишга киришиб кетишар эди.

Китобларга кўчган муҳаббат

Саҳобалардан кейинги, тобеъинлар даври бошланган кезлари оммавий ва расмий равишда хатга туширила бошлаган илк ҳадислар ҳам айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид эди. Даставвал бор маълумот тўпланиб, қайд этиб борилди. Шу тариқа Ислом тарихидаги биринчи сийрат асарлари вужудга келди. Муҳаммад ибн Исҳоқ (вафоти ҳижрий 151 йил) ва Муҳаммад ибн Умар Воқидий (вафоти ҳижрий 207 йил) сийрат асарларини, Муҳаммад ибн Саъд Басрий (вафоти ҳижрий 230 йил) «Табақот»ини ёзди.

Сийрат асарлари кўпаяр экан, уларнинг ичида сийратнинг маълум бир жабҳасига қаратилган махсус китоблар ҳам пайдо бўла бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоат ва қувватларига, иштирок этган ғазотларига кўпроқ эътибор бериб, сийратни шу тарафлама ёритган асарлар «Мағозий» («Ғазотлар») деб аталди (Ибн Исҳоқ, Ибн Уқба, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Воқидий, Урва ибн Зубайр, Юнус ибн Букайр, Саъид ибн Яҳёларнинг асарлари каби). Яна бир тур сийрат асарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хусусиятларига бағишланган бўлиб, улар «Ал-Хасоис» – «Расулуллоҳнинг хусусиятлари» деган номни олди (масалан, Суютийнинг «Ал-Хасоис» асари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосан ташқи кўринишларига оид маълумотлар жамланган сийрат асарлари эса «Аш-Шамоил» дея номланди (Абу Ийсо Термизийнинг «Аш-Шамоилул-Муҳаммадийя»си каби). Шу жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини марказий нуқта қилиб олиб, ана шу оламшумул ҳодиса атрофидаги маълумотлар ҳақида сўз юритишга урғу берган сийрат асарлари туркуми ҳам вужудга келди ва улар «мавлид», яъни «таваллуд они» ёки «мавлидун-Набий» – «Набийнинг таваллуд они» деб аталди. Аслида бошқа сийрат китобларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ва унга боғлиқ ҳодисалар ҳақида сўз боради, аммо мавлид асарларида, улардан фарқли равишда, ушбу нуқта алоҳида ёритилган ва даъват ишлари, ғазотлар, фатҳлар ҳақидаги тафсилотларга киришилмаган.

Мавлид қандай маросим?

Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббат туфайли мусулмонлар йиллар ўтиб рабиъул аввал ойини алоҳида завқ-шавқ билан қаршилашга одатлана бошлашди. Чунки бу ойда икки дунё чироғи, инсоният саййиди, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Ҳар йили бу ой кириб келиши билан мўмин­мусулмонлар маҳбуб Пайғамбарларининг ҳаёти билан яқинроқ танишишга янада ғайрат-шижоат билан киришишади. Бу анъана минг йилдан ортиқ тарихга эга.

Лекин таассуфки, сўнгги пайтда айрим бузуқ ақидали, бузғунчи тоифалар мавлид ойи кириб келиши билан ихтилофли гап-сўзларини тиқиштиришга одатланишди. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги мусулмон оммаси бу гапларга эътибор қилмай, Пайғамбарларига бўлган муҳаббатларига мос тарзда мавлид маросимларини зўр иштиёқ билан ўтказиб келишмоқда. Аслида бу борада ихтилоф қилишга ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Рабиъул аввал ойидаги мавлид йиғинларидан мурод бузғунчилар даъво қилаётганидек «туғилган кун» нишонлаш эмас, балки бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини чуқурроқ ўрганиш мавсуми сифатида ўтказишдир.

Зеро, ҳар нарсанинг ўз мавсуми бўлади. Мисол учун, мусулмон киши Қуръонни доимо ўқиб, ўрганиб юради. Қуръон нозил бўлган ой – Рамазонда эса Қуръонга алоҳида эҳтимом берилади, ҳар қачонгидан ҳам бу ойда Қуръонга кўпроқ боғланилади. Бу бошқа ойларда Қуръонга эътибор бермаса бўлаверади, дегани эмас. Балки шу ойда бир йилга етгудек заҳира тўплаб олишлари учун амалга ошириладиган бир тадбир. Мусулмонлар Қуръонга бўлган муҳаббатлари, қизиқишлари, аҳдлари ва бу борадаги билимларини шу тарзда ҳар йили янгилаб олишади. Мавлид ойи ҳам бир мавсум, холос. Сийратни ўрганиш мавсуми. Бунинг учун энг муносиби мавлид ойи эканига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак.

Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон кишиларни тўплаб, ўзларининг таваллуд кунларини нишонламаганлар. Зеро, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳозирда жорий бўлган кўп нарсалар йўқ эди. Мисол учун, халқаро миқёсда турли илмий анжуманлар ўтказиш, тадқиқотлар олиб бориш, мактаб­мадрасалар очиш ва бошқа шу каби ишлар бўлмаган. Шу билан бирга, бундай ишлардан қайтарилмаган, балки уларнинг пойдеворлари барпо этилган, уларга кенг йўл очиб қўйилган, асослари белгилаб берилган. Шу асосларга кўра ҳар даврнинг уламолари ўзлари яшаб турган замондаги вазиятдан, мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, ўша пайт учун зарур бўлган турли хайрли ишларни амалга оширишган. Аллоҳ таоло Ўз инояти билан уммати Муҳаммадияга ҳамма даврда Исломнинг ҳимоясига, ривожига сабаб бўладиган ишларни илҳом қилган. Мавлид ҳам ана шундай амаллардан бири, десак хато бўлмайди. Эҳтимол, ўтган салафлар даврида эҳтиёж йўқлиги сабабидан мавлидни нишонлашмагандир. Кейинги пайтларда бунинг зарурати ва манфаатлари юзага чиққандирки, уламоларимиз бу ишни жорий қилишган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидламоқ жоиз, ҳеч ким мавлидни асли шариатда жорий қилинган амал, деб айтмаган. Буни бир яхши одат сифатида кўришган ва шариатга хилоф бўлмаган, шаръий мақсадларга хизмат қиладиган восита деб қарашган. Агар унга шаръий тус бериб, фарз, вожиб ё суннат амал дейилса эди, уни динда янгилик деса бўларди. Мавлид барча замонларда одатий бир тадбир ўлароқ амалга ошириб келинган.

Мавлид маросими қилишнинг шаръий ҳукми хусусида уламоларимиз бир қатор далилларни келтирганлар. Бу ҳақда ўтган йиллар давомида қатор илмий-оммабоп мақолалар эълон қилинди. Уларни яна такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз. Фақат хулоса сифатида устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг мавлид ҳақидаги фатволаридан сўзимизнинг исботи сифатида иқтибос келтирсак:

«Бидъатни ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ, динда янги пайдо бўлган нарса деб таърифлайдиган йўналишдаги уламоларнинг гапига амал қиладиган бўлсак, мавлид мандуб бидъатлар қаторига кириши турган гап. Бошқача қилиб айтганда, мавлид бидъати ҳасана (чиройли бидъат) бўлади.

Иккинчи йўналишдаги, яъни бидъатни икки хил таърифлаган ва: «Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унда шариат йўлига юриш назарда тутилади», деган уламоларнинг гапи эътиборга олинса, мавлид умуман бидъат бўлмайди. Чунки ҳеч ким, ҳеч қачон мавлидни диннинг жавҳарига оид нарса демаган ва демайди ҳам».

Демак, танқидга асосий сабаб қилиб кўрсатиладиган омил ‒ мавлидни бидъат амал дея баҳолаш аслида бидъатнинг шариатдаги таърифига тўғри келмас экан.

Мавлидни ёқламайдиган олимларнинг далиллари эътиборга олинган тақдирда ҳам, бугунги кунда баҳс-мунозарадан кўра, ушбу тадбирдан унумли фойдаланиш, у орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва у зотга муҳаббатни халққа ўргатиш шаръий ҳикмат тақозоси ҳисобланади. Бу борада ихтилоф чиқариб, тортишиб, ўзи шундоқ ҳам бирлаша олмаётган умматни янада пароканда қилиш ҳеч қайси мезонга тўғри келмайди. Зотан, мавлид маросимларининг ўзи бир воситадир.

Шаръий насс – ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб этилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай амалларни шариатда қандай кўрсатилган бўлса, шундайлигича бажариш шарт, ўзича бирор нарсани ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар ўзгартирилса, энг камида бидъат иш бўлади. Аммо шариатда аслан талаб этилмаган, бироқ шариат буюрган ишга олиб борадиган омиллар ўзгариб туриши мумкин. Масалан, ҳажни бажариш фарз, аммо ҳажга нимада бориш белгилаб қўйилмаган. Олдингилар улов ҳайвонларида, қайиқларда боришган бўлса, бугун машина ва самолётларда ҳам борилади. Воситаларнинг ўзгаришини ҳеч ким шариатга хилоф деб эмас, аксинча, зарурат деб билади.

Мавлид ҳам бир восита, ундан кўзланган мақсадлар бор. Аммо мавлиднинг ўзи асл мақсад эмас. Олдинги улуғларимиз ўзлари яшаган замон ва маконнинг вазиятидан келиб чиқиб, ўша мақсадларга эришишга ҳаракат қилишган. Бугун эса шароитлар ўзгарган. Бинобарин, биз ҳам мавлидни бугунги кунимиз, ижтимоий-илмий ҳолатимиз ва бошқа жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ўтказиб, ундан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга эришишимиз, суратдаги анъанавийликни эмас, маънодаги анъанавийликни ушлашимиз даркор.

Мавлид маросими шартлари

Юқоридаги мулоҳазалардан хулоса қилган ҳолда, мавлид йиғинларида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим:

1. Мавлид маросимидан кўзланган мақсадларни унутмаслик;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келганларидан шод эканини изҳор қилиш, у зотнинг сийратларини кенгроқ ёйиш, шахсиятларини таниш, у зотга кўплашиб салавот айтиш, у зотни севишни ўрганиш, муҳаббатни чархлаш, у зотга умматлик аҳдини эсга солиш, янгилаш каби олий мақсадларни рўёбга чиқаришда керакли барча чораларни кўриш лозим. Бу борада имом-домлаларимизнинг масъулиятлари жуда ҳам катта.

2. Мавлид ойини сийратни ўрганиш ойи, суннатни тиклаш ойи қилиб олиш;

3. Мавлид маросимларини ўзгача бир кўтаринки руҳда, шодиёналикда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш;

4. Мавлид хурсандчилиги учун ҳадялар улашиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш;

5. Мавлид маросимларида болаларга алоҳида эътибор бериш, уларнинг қалбларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат уйғотишга хизмат қиладиган ишларни амалга ошириш. Масалан, уларга алоҳида совғалар ташкиллаштириш, сийратни ўргатадиган, суннатни таълим берадиган мультфилм, китоб ва бошқа воситаларни намойиш этиш, тарқатиш.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

«Ҳилол» журнали 8- сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Нажжордан ривоят қилинади .Тақводор, зоҳид, фақиҳ Саъд ибн Усмон намозда .Агар у Аллоҳга яқин зотлардан бўлса, унга роҳат, райҳон ва жаннати наъим бордир, Воқеа давоми...

2991 08:29 / 31.05.2020
27 май куни ижтимоий тармоқларда Вақфrdquo фонди ҳақида асоссиз гаплар тарқалди. Фонд ҳақида турли гапсўзлар айтила бошланди. Нима эмиш, вақф мулклари сифатида давоми...

1899 15:00 / 28.05.2019
Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг намозида у зотга саловот айтмасдан дуо қилаётганини эшитдилар. давоми...

3017 09:45 / 13.04.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қиладиВа, батаҳқиқ, Биз Нуҳни қавмига расул қилиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра давоми...

2373 20:40 / 27.08.2019