1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Улуғбек даҳриймиди?

17:30 / 19.07.2020 4275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Маълумки, совет даврида жуда кўп эътиқодли олим-шоирларимизга «даҳрий»лик тамғаси босилган эди. Ҳатто Навоийдек иймонли шоирни «шайх, зоҳид ва диндорларга қарши асар ёзган» дейишгача борилган. Машҳур тасаввуф шайхи Офоқхўжа билан оташнафас шоир Машрабни, улуғ олим Мирзо Улуғбек билан машҳур мутасаввиф Хожа Аҳрор Валийни бир-бирига қарши қўйиб асарлар ёзилган эди. Бундай қарашлар ўтмишда қолиб кетган деб ўйлаб юрсам, яқинда бир илмий асарда яна Улуғбек ва Хожа Аҳрор зиддиятлари ҳақида сўз юритилибди. Ҳақиқатан, улар бир-бирларига душман бўлишганми, умуман, Улуғбекнинг даҳрий эканига асослар борми? 

Аҳрорбек Равшанбеков

Самарқанд шаҳри

 

Ҳамма нарсани эътиқодсизлик тарозисида тортишга ўрганиб қолинган яқин ўтмишимизда бошқа фан ва маданият арбоблари қатори улуғ ўзбек олими ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек теварагида ҳам бир-бирига хилоф, ноҳақ гап-сўзлар, ёрлиқ ёпиштиришлар кўп бўлган эди. Яқин-яқингача (ҳатто ҳозирда ҳам) Мирзо Улуғбек номи диндан юз ўгириб, фақат илм-фан билан шуғуллангани учун реакцион уламолар томонидан тазйиқ ва таъқибга учраган, охири ҳажга юбориш баҳонасида машҳур тасаввуф шайхи Хожа Аҳрор Валий томонидан ўлдиртириб юборилган ҳукмдор сифатида талқин қилиб келинди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун биргина мисол келтирамиз: «Улуғбек шахсий ҳаётида ҳам, сиёсий фаолиятида ҳам Ислом дини ақийдаларига ёпишиб олган отаси Шоҳрухдан тамомила бошқача йўл тутди. Шоҳрух Ҳиротда дин пешволари билан ўралашиб қолган, ҳар ҳафтанинг жума куни мунтазам равишда масжидга бориб намоз ўқиган, ман этилган базмларни қаттиқ таъқиб қилган бир шароитда Улуғбек Самарқандда олимлар ва шоирлар доирасида бўлиб, кўпинча дин ақийдаларига зид иш қилар эди» («Самарқанд тарихи», Тошкент, «Фан», 1971 йил, 1-жилд, 219-бет).

Бу каби тумтароқ сўзларни ёзган муҳтарам олимларимиз яхши билишар эдики, совет босқинидан олдин бу юртнинг оддий фуқаросидан тортиб энг улуғ ҳукмдоригача Ислом динида бўлган, унинг ақийдаларига бўйсуниб яшаган, ҳаётини Қуръон ва Суннат асосига қурган. Масалан, соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ёшлик чоғида уч йилдаёқ Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган, ёд олганда ҳам ундан фиқҳий ҳукм чиқара олиш даражасида яхши билган. Соҳибқирон намозини канда қилмай ўқиган, рўзасини тутган, ёлғон сўзламаган, ваъдасига вафо қилган, ҳаром нарсалардан буткул юз ўгирган эди. Буни ҳатто дин душманлари ҳам тан олиб ёзишади. Темурийлардан бўлган Мирзо Улуғбек ҳақида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Буни юқоридаги китобдан келтирган иқтибосимиз ҳам тасдиқлаб турибди: художўй ва тақволи ҳукмдор Шоҳрухнинг фарзанди аржуманди эътиқодсиз ёки даҳрий бўлиши мумкин эмас!

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бундан йигирма йилча олдин нашр этилган китобларидаги «Аввал ўйла, кейин сўйла» сарлаҳали мақолада қуйидаги жумлалар бор: «Баъзи шахслар эса, аввал динсиз қилиб олиниб, сўнгра маълум чегарада ижобий сифатлар билан баҳоланар эдилар. Бундай шахслар қаторига Алишер Навоий, Ибн Сино, Фаробий, Улуғбеклар киритилган эди... Кечагина «Улуғбек Исломга бутун вужуди билан қарши бўлган, у «дин тумандек тарқалиб кетади», деб айтгани учун золим Хожа Аҳрор бошлиқ жоҳил руҳонийлар унинг ўлимига сабаб бўлганлар» деб, «илмий ҳақиқат»ни турли восита, ҳатто бадиий асарларда тарғиб қилаётганлар бугун «Улуғбек чин мусулмон бўлган, Қуръонни яхши ёд билган, фиқҳни (Ислом қонунчилигини) аъло даражада ўзлаштирган, шунинг учун ҳам Ислом шариати ила бошқарилган мусулмон давлатга қирқ йил бошлиқ бўлган», дейишмоқда» («Жамият кўксига урилган заҳарли ханжар», 51-52-бетлар).

Мовароуннаҳрнинг атоқли тарихчиларидан Мирхонднинг «Равзатус-сафо» кўп жилдли асарининг еттинчи жилди Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг сўнгги даврларидан 1493 йилгача (Ҳусайн Бойқаро тарихи) бўлган воқеаларни ёритади. Ушбу китобда ҳам Мирзо Улуғбекнинг комил мусулмон бўлгани, шаръий аҳкомларни оғишмай бажаргани, диний уламоларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатгани батафсил очиб берилади.

Аслида ўша пайтда Улуғбекнинг фожиали ўлимига сабаб бўлган бир неча вазиятлар юзага келган эди. Булардан энг асосийси, Улуғбек давлат арбоби ва саркардаликдан кўра илмни афзал кўрган кўнгилчан бир ҳукмдор эди. Ўз-ўзидан равшанки, бу нарса Темур авлодлари бўлмиш жангари шаҳзодаларга ва урушсиз туролмайдиган саркардаларга ёқмас, улар хассос ва шоиртабиат Улуғбекни унча хушлашмас эди.

Темурий салтанатнинг охирги йирик вакили Шоҳрух мирзо вафотидан кейин эса ўзаро уруш ва можаролар кучайиб кетди. Шоҳрух ўзидан кейин набираси Абдуллатифни тахтга ўтқазишни истарди. Аммо подшоҳнинг хотини Гавҳаршодбегим давлат ишларига аралашиб, бошқа бир невара Алоуддавлани ҳукмдор қилмоқчи бўлди. Оқибатда салтанат тахтини эгаллаш даъвосида юрган Муҳаммад Султон, Абулқосим Бобур, Алоуддавла ва Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф ҳукмдорга қарши тиш қайрай бошлашди. Салтанат тахтига Шоҳрухнинг набираларидан кўра ҳақлироқ бўлган Улуғбек ўғли Абдуллатиф билан бирлашиб, Алоуддавлани Ҳиротдан қочишга мажбур этади ва Шоҳрухнинг пойтахтини эгаллайди.

Бироқ тахт илинжида ёнган Абдуллатиф Улуғбек душманларининг иғвоси билан отасига қарши исён кўтарди ва Абулқосим Бобур билан тил бириктириб отасига қарши иттифоқ тузди. Хоин Абдуллатиф азиз отасининг ҳаётига чанг солди ва унинг табиий илмларга рағбати устунлигидан норози бўлиб юрган мутаассиб руҳонийлардан «диндан чиққан» Улуғбекни ўлдириш ҳақида фатво ёздириб олди. Ваҳоланки, Улуғбек ҳокимиятни Абдуллатифга топшириб, умрининг қолган қисмини илмга бағишлаш ниятида Самарқандга бориб, ўзини ўғлига топширганини Давлатшоҳ Самарқандий ва «Тарихи Абулхайрхоний» муаллифи Масъуд ибн Усмон Кўҳистонийлар ёзиб қолдиришган.

Диний уламоларнинг жоҳил, янгиликка қарши, мутаассиб қатлами фалакшунослик ва риёзиёт каби илмларга «муккасидан кетган» Улуғбекни ёқтирмаслиги ҳам ҳақиқат эди. Ваҳоланки, диний ва дунёвий илмлар ўртасига «хитой девори» қуриб оладиган, суриштириб ўтирмай ҳар қандай тараққиёт янгилигини ҳаромга чиқарадиган бундай жоҳиллар Улуғбек замонидан олдин ҳам, кейин ҳам етарлича топилган. Аммо Хожа Аҳрор Валийдай улуғ мутасаввифнинг, Аллоҳнинг дўстларидан деб тан олинган кароматли шайхнинг Улуғбекнинг ўлимига ҳеч қандай алоқалари бўлмаган. Бу тарихий мудҳиш ҳатони тузатиш йўлида катта изланишлар олиб борган самарқандлик тадқиқотчи, Хожа Аҳрор Валийнинг авлодларидан Комилхон Каттаев «Хожа Аҳрор Валий ва Мирзо Улуғбек муаммолари» деган махсус рисола ёзиб, 2004 йили Самарқандда чоп эттирди. Келинг, ана шу илмий асарнинг мавзуимизга оид айрим ўринлари билан танишиб чиқайлик:

«Хожа Аҳрор Валий билан Мирзо Улуғбек ораларини дастлаб академик Бартольд бошлиқ шарқшунослар бузган бўлса, кейинчалик ўзимиздан чиққан олимлар давом эттиришди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий «Астрономическая школа Улугбека» номли монографиясида ҳазрати Хожа Аҳрорни Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилишда айблайди».

Академикнинг бу фикрига ушбу сатрлар муаллифининг бобоси Каттахонхожа Даҳбедий (1868 – 1969) қарши чиққан эдилар... (Хожа Аҳрор Валий у кишига она томондан катта бобо эдилар). Каттахонхожа Эшон бу асарни Ислом динига ва маърифатга қарши янги фитна деб тушуниб, ўша заҳоти Ўзбекистон Фанлар академиясига ва унинг раҳбарига хат жўнатадилар ҳамда академик жуда катта тарихий хатога йўл қўяётганини изҳор этадилар. Буни далиллаш учун тошкентлик катта олимларни Даҳбедга таклиф этадилар.

Рисолада ёзилишича, «Собиқ Иттифоқ тарихчилигида бу муаммони ўрганишда жуда кўп чалкашликларга йўл қўйилган. Аввало, Хожа Аҳрор ва Мирзо Улуғбек бир-бирлари билан учрашишмаган. Хожа Аҳрор халққа танилганидан кейин Самарқандга биринчи марта милодий 1450 йили келган (1427 йили оз муддатга ўқишга келган, аммо шаҳардаги мадрасаларнинг минглаб талабалари ичида ёш Убайдуллоҳнинг ҳукмдор Улуғбек билан шахсан таниш бўлиши эҳтимолдан йироқдир). Бу пайтда Мирзо Улуғбек ҳам, унинг падаркуш ўғли Абдуллатиф ҳам ҳаётда йўқ, ҳокимият Улуғбекнинг куёви ва жияни Абдуллоҳ мирзо қўлида эди. Шу далилнинг ўзи ҳазрати Хожа Аҳрорнинг Улуғбек фожиасига умуман алоқалари бўлмаганини исботлаб турибди».

Комилхон Каттаевнинг фикрича, совет олимлари ўйлаб топиб, кейин зўр бериб алангалатган бу уйдирмани ўзбек олимлари ҳам қўллаб, Хожа Аҳрорга туҳмат қилиш бобида устозларини ҳам ортда қолдириб кетишади. Муаллиф рисоласида ёзади: «Русиялик А.Болдирёв, тожикистонлик Аълохон Афсадзод каби олимлар мустабид тузум даврида ҳам Хожа Аҳрор ҳақларида ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилишгани ҳолда баъзи юртдошларимиз бу валий зотни «тараққиёт душмани», «Улуғбекка қарши чиққан шахс», «реакцион дин арбоби» сифатлари билан китоблар ёзишган эди. Яна бир катта инсофсизлик шуки, айримлар Улуғбекнинг қатлини унинг расадхона қурдирганию фалакшунослик илми билан шуғулланганига боғлашади. Бу даъвода ҳам ҳеч бир асос йўқ! Динимиз, айримлар зўр бериб истаганидай, илм-фанга, тараққиётга зид эмас. Мирзо Улуғбек ҳам ҳеч қачон ғайридин бўлмаган, беш вақт намозини канда қилмаган, асарларида Ислом дини ва ақийдасини ҳимоя этган зотдир. Бунинг устига мусулмон оламида Улуғбекдан олдин ҳам, кейин ҳам фалакиёт билан шуғулланилган, расадхоналар қурилган. Энг қизиғи, Хожа Аҳрор қурдирган ва Сўзангарон кўчасида жойлашган мадрасанинг деворига туташ ҳовли Улуғбекнинг энг яқин шогирди мавлоно Алий Қушчига тегишли бўлган. Бу аллома устози Улуғбек вафотидан кейин яна йигирма икки йил мобайнида шу ҳовлисида тинчгина яшаб ижод қилган».

Ўзимиздан яна шуни қўшимча қиламиз: Алий Қушчининг Ислом оламида мартабаси шунчалик баланд эдики, тахт учун уруш-можароларидан тўйиб, ватанини тарк этган олим умрининг охиригача Туркиядаги Аё-София жомеъ масжиди қошидаги мадрасада бош мударрис бўлди ва Истанбулда вафот этганидан сўнг мусулмонларнинг табаррук зиёратгоҳи – Абу Айюб Ансорий қабристонида дафн этилди.

Хуллас, узоқ йиллар мобайнида Мирзо Улуғбекка ноҳақ тақилган даҳрийлик тамғасини олиб ташлаш, унинг ўлимида Хожа Аҳрор Валийдай табаррук зотни айблаш каби туҳматларга чек қўйиш пайти келди. Айрим замонасоз олимлар ёзиб келганидай Мирзо Улуғбекнинг ўлимига Ислом дини ҳам, Хожа Аҳрор Валий ҳам сабабчи эмас, балки бу фожиа ҳукмдорнинг айрим кишилар билан шахсий адовати ва тахт учун курашлар натижасидир. Бунга исбот-дадил ахтариб юришнинг ҳожати ҳам йўқ. Мирхонд, Давлатшоҳ Самарқандий, Абдурраззоқ Самарқандий, Абу Тоҳирхожа, Муҳаммад Ҳайдар, Хондамир каби инсофли тарихчиларимизнинг асарларига холис мурожаат қилинса, кифоя!

 

Аҳмад Муҳаммад

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан

Мавзуга оид мақолалар
Мисрнинг кўзга кўринган қориларидан бири Шайх Мансур Баддор раҳимаҳуллоҳ 1884 йилда Қалюбийя вилоятидаги Банҳонинг маркази бўлган Мижвал қишлоғида туғилди. давоми...

1915 11:00 / 03.03.2021
Маълумки, .Басмала,да Аллоҳ таолонинг учта исмсифати зикр этилган бўлиб, ҳар бири ҳудди ипга маржон терилгандек илоҳий тартиб билан гўзал тарзда зикр этилган. Сиз давоми...

3567 15:00 / 20.11.2020
Ҳишом Даствоийдан ривоят қилинади .Амр ибн Атаба ибн Фарқад вафот этганида шериклари унинг синглиси ҳузурига кириб, акаси ҳақида гапириб беришни сўрашди. У шундай давоми...

1776 08:00 / 10.01.2020
Ёлғон гувоҳлик кишиларнинг бекорга ўлиб кетиши, жабру жафо тортиши, ҳақҳуқуқларининг поймол бўлиши каби кўпгина ёмонликларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом давоми...

2214 10:40 / 31.12.2018