1446 йил 6 жумадул аввал | 2024 йил 08 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Хушуъ муваффақият йўлидир

11:06 / 20.10.2020 2447 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримдаги “Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир” деб бошланувчи Мўминун сурасини ўқир эканман, йигирма йилдан кўпроқ вақтдан бери бир савол бераман “Зафарнинг, нажотнинг хушуъ билан қандай алоқаси бор экан?” Ўзимча бу оятдаги нажот дунёда эмас, охиратда нажот топишдир деб тасаввур қилардим. Лекин ушбу нажот дунёга ҳам тегишли эканини аниқладим.

Хушуъ сўзининг кўп маънолари бўлиб, салафи солиҳлар (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) бу маъноларни зикр қилганлар. Шундай маънолардан бири бу қалбни Роббисининг ҳузурида сокинлик ва хокисорлик билан туришидир. Шунингдек, у қалбнинг Аллоҳ ҳузурида синиқлик ҳолида, бўйинсунган ҳолида туриши, Аллоҳга тавозуъли бўлиши ва хокисорлик қилишидир.

Хушуъ ўқишда, ишда, ижтимоий ҳаётда, тўғри қарор қабул қилишда муваффақиятга эришишнинг энг қисқа йўлидир. Хушуъ дунёда ҳам бахтга эришишнинг энг қисқа йўлидир. Хўш, хушуънинг мазкур масалаларга қандай алоқаси бор?

Психологлар муваффақиятга эришиш сирлари борасидаги илмий ўрганишларида айтишадики, инсоннинг ҳаёти давомида муваффақият онларини қўлдан бой беришининг энг кўп сабаби фикрнинг тарқоқлиги, бир нуқтага йиғилмаганлигидир. Улар инсонларга фикрни бир жойга жамлаш, тўғри қарорлар қабул қилиш учун бир нуқтага тикилиб, тафаккур қилиш, ўйлашни маслаҳат бермоқдалар.

Илмий ўрганишлар хулосаларининг таъкидлашича, узоқ муддат тафаккур инсоннинг иммун тизими фаол бўлишига, ўз вазифасини комил суратда бажаришига ҳамда касалликларга қарши курашишига сабаб бўлар экан. Шунингдек, тана ҳам соғлом бўлишига, мия ҳужайралари фаоллашиб, тўғри қарорлар қабул қилишга сабаб бўлар экан. Бизга маълумки, олимлар ўйлаш деб айтаётган нарса биз намозда ҳис қиладиган хушуънинг бир қисмидир.

Намозда хушуъли бўлиш, яъни ўқилаётган оятларнинг маъноси ҳақида чуқур тафаккур қилиш инсоннинг ҳаёти тўлалигича афзаллик сари ўзгаришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бизни покликка, ростгўйликка, гўзал хулққа, сабрга, ота-онага яхшилик қилишга, бошқаларга мурувват кўрсатишга ва бошқа кўплаб солиҳ амалларга буюриб, хамр ичишдан, зинодан, ер юзида фасод қилишдан, одамларга озор беришдан, фаҳш ишларни қилишдан ва барча ёмонликлардан қайтаради. Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, қайтарган нарсаларидан тийилиб юрган инсон соғлом ва қувватли бўлади.

Барча илмий тадқиқотлар шуни таъкидлайдики, тананинг пок, озодалигини сақлаш ва намоз вақтларига риоя қилиш мўмин кишини фаолроқ, тартиблироқ бўлишига ҳамда амалий ҳаётида муваффақиятга эришишига сабаб бўлади. Шунингдек, хушуъли бўлиш инсоннинг бахтлироқ бўлишига сабаб бўлади. Чунки хушуъ сиқилиш, безовталикни муолажа қилишнинг энг осон йўлидир.

Аллоҳ таолога хушуъли бўлиш инсоннинг ўзига бўлган ишончи ортишига сабаб бўлади. Чунки ундай инсон Аллоҳ доим мен билар бирга, У Зот барча қийинчиликларни осонлаштириб беради ва мени тўғри йўлга бошлайди деган ҳисда юради. Бу ҳис инсон иш ва ўқишда муваффақиятга эришишда хизмат қилади.

Юқоридаги ояти карима учта муҳим асосни бир-бирига боғлайди: иймон, намоз ва хушуъни. Иймон қалб амали, намоз тана аъзолари амали, хушуъ ҳам қалб амали. Шундан мулоҳаза қиламизки, Аллоҳ таоло қалб амалига катта аҳамият берди. У Зот намоз ўқишдан мақсад фақат қиём, рукуъ, сажданинг ўзи эмас, балки ихлосу хушуъ билан ибодат қилиш эканига бизни ундамоқда.

Қуръони Карим муваффақият билан хушуънинг ўртасини боғлади. Бугунги кундаги тадқиқотлар муваффақиятга эришишда ўйлаш, тафаккурнинг аҳамияти катталигини таъкидламоқда. Қуръони Карим кўрсатган йўлдан юраверсак, муваффақиятга ҳам, бахтга ҳам эришамиз.

Юқоридаги оятга яна бир эътибор қаратайлик:

“Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”

Хўш, хушуъни ҳаётимизда кўпроқ қўллаймизми? Намозимиз, Қуръони Карим тиловатимиз, дуоларимиз, одамлар билан муомала қилиш чоғида хушуъли бўламизми? Аллоҳ таолодан кўпроқ қўрқиб, У бизни кўриб турганини ҳис қилиб яшаймизми? Кўпроқ солиҳ амаллар қилиш пайидан бўламизми? Шояд ана шунда Аллоҳ таоло бизга дунё ва охиратда раҳм қилса!

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва Islom.uz сайти маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Эй иймон келтирганлар Қачон сирли суҳбат қилсангиз, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга маъсиятга сирли суҳбат қилмангиз. Яхшилик ва тақвога сирли суҳбат давоми...

5075 17:40 / 17.03.2019
Нуҳ ибн Иброҳим қизини турмушга бермоқчи бўлиб, мажусий қўшнисидан маслаҳат сўрабди. Қўшниси Во ажабо Ҳамма сендан маслаҳат сўрайди, сен эса мендан маслаҳат давоми...

2870 06:05 / 08.11.2018
Саломлашиш ҳукмиИсломда биринчи бўлиб салом бериш суннат унга алик олиш эса фарз. Имом Абдулбар раҳимаҳуллоҳ ва бошқа уламолар .Биринчи бўлиб салом бериш суннат, давоми...

2777 11:00 / 29.06.2020
Масжид рўпарасидаги спиртли ичимликлар дўкони ҳақида эшитиб, ўтган бир йиллик ҳаётим кўз олдимга келди.2019 йилнинг март ойлари. Кореядаги бир ўзбек ошхонасида давоми...

4460 15:45 / 29.02.2020
Аудиолар

133781 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54114 14:35 / 11.08.2021