1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Умрни исроф қилмайлик

15:04 / 22.04.2017 3643 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузларнинг кетма-кет алмашиши жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади.

Аллоҳ таоло дунёда вақтларини ўйин кулги ва беҳуда ўтказган кимсаларнинг қиёматдаги жавобларини сифатлаб шундай дейди:

قَالَ كَمْ لَبِثْتُمْ فِي الْأَرْضِ عَدَدَ سِنِينَ (112) قَالُوا لَبِثْنَا يَوْمًا أَوْ بَعْضَ يَوْمٍ فَاسْأَلِ الْعَادِّينَ (113) قَالَ إِنْ لَبِثْتُمْ إِلَّا قَلِيلًا لَوْ أَنَّكُمْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ (114) أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثًا وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ (115) فَتَعَالَى اللَّهُ الْمَلِكُ الْحَقُّ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْكَرِيمِ (116)

112. У зот: “Ер юзида неча адад йил қолдингиз?”, деди.

113. Улар: “Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик. Ҳисобловчилардан сўра”, дедилар.

114. У зот: “Агар билсангиз, жуда оз қолдингиз, холос”, деди.

115. Наҳотки, Бизнинг сизни яратишимизда беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз?!

116. Бас, ҳақ подшоҳ Аллоҳ юксакдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар У – карамли аршнинг Робби бор. (Мўъминун сураси, 112-116 оятлар)

Ибн Касир тафсирида, ушбу оят борасида Ибн Абу Ҳотимдан қуйидаги ҳадис келтирилган.

Сафвон, Айфаъ ибн ал-Калоъийдан ривоят қилади: Сафвон у кишини инсонларга хутба қилиб, шундай деяётганини эшитди: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло жаннат аҳлини жаннатга ва дўзах аҳлини дўзахга киритгач, шундай дейди: “Эй жаннат аҳли, ер юзида неча адад йил қолдингиз?” Улар: “Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик”, дейдилар. Аллоҳ таоло: “Бир кун ёки куннинг баъзисида қандай ҳам яхши тижорат қилдингиз, сизларга менинг раҳматим, розилигим ва жаннатим бўлсин, у жойда абадий туринглар”, дейди. Сўнгра: “Эй дўзах аҳли, ер юзида неча адад йил қолдингиз?”, дейди. Улар: “Бир кун ёки куннинг баъзисича қолдик”, дейдилар. Аллоҳ таоло: “Бир кун ёки куннинг баъзисида қандай ҳам ёмон тижорат қилдингиз, сизларга менинг ғазабим ва дўзахим бўлсин, у жойда абадий туринглар”, дейди.”

Демак, инсониятнинг бу дунёдаги ҳаёти, жаннат ва дўзахдаги ҳаётига нисбатан жуда ҳам оз экан.

Солиҳ кишилардан бири: “Умр ўзи қисқа бўлса, сен ғафлатда бўлиб, уни яна ҳам қисқартириб юбормагин”, деган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، قَالَ : أَخَذَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِبَعْضِ جَسَدِي ، وَقَالَ : يَا عَبْدَ اللَّهِ ، كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ ، وَاعْدُدْ نَفْسَكَ مِنْ أَهْلِ الْقُبُورِ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баданимнинг бир қисмини ушладиларда ва: “Эй Абдуллоҳ, дунёда гўёки, бегона кишидек ёки йўлда ўтиб кетаётгандек бўл ва ўзингни қабр аҳилларидан ҳисобла”, дедилар. (Ал-Мўъжаул кабийр)

 

 “Дунёда гўёки, бегона кишидек ёки йўлда ўтиб кетаётгандек бўл”.

Имом Нававий бу ҳақида: “Дунёга мойил бўлмагин ва уни ватан қилиб олмагин. Ўзинга дунёда боқий қоламан, деб гапирмагин”, деганлар.

“Ўзингни қабр аҳилларидан ҳисобла”.

 Дунёга ўткинчи назарда бўлиш ва инсон ўзини ўлган кишидек ҳисоблаши лозим, чунки ўлим узоқ бўлсада, яқиндир. У ҳар лаҳзада ўлим шарбатини тотиши мумкин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Агар кечга кирсанг, тонгни кутмагин ва агар тонгда турсанг, кечни кутмагин, соғлигингдан касалинг учун ва ҳаётингдан ўлиминг учун фойдалангин”, деганлар.

Инсон эртаю-кеч, доимо ўлимга тайёр туриши лозим, зеро, инсон қачон вафот этишини билмайди. Инсон умри мобайнида соғлик ва касаллик билан бирга бўлади, шунинг учун соғлик ва ҳаётлик вақтида ибодатни кўпайтириши зарур. Агар касал бўладиган бўлса, ёки вафот этадиган бўлса, ибодатни адо қила олмай қолиши мумкин.

عَن ابْنِ عَبَّاسِ ، رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِرَجُلٍ وَهُوَ يَعِظُهُ : اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ : شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ ، وَغِنَاكَ قَبْلَ فَقْرِكَ ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ ، وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қилиб: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: Кексайшингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлигингни, фақир бўлишингдан олдин бойлигингни, банд бўлишингдан олдин бўшлигингни ва ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил”, дедилар. (Шуъабул ийман)

Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом бешта муҳим нарсани ғанимат билишга тарғиб қиляптилар. Шулардан энг охиргиси “ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил”, деб, умрни қадрига етишликка буюряптилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло дунёни уч қисм қилган; мўъмин учун бир қисм, мунофиқ учун бир қисм, кофир учун бир қисм. Мўъмин йўл озуқаси учун ҳаракат қилади, мунофиқ дунё билан зийнатланади, кофир эса дунё билан фойдаланади”, деганлар.

Имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳ: “Озгина илм, иймон ва озгина ақл соҳиби дунёнинг ўткинчи, охиратни боқий эканини билади. Мукаммал илм, иймон ва ақлнинг натижаси эса, фоний дунёдан юз ўгириб, боқий дунёга юзланишдир. Бу дунёдан юз ўгириб охиратга юзланиш эса, белгиланган вақт келишидан олдин ўлимга тайёргарлик кўришдир”, деганлар.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ قَالَ : لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ : عَنْ عُمُرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ ، وَعَنْ جَسَدِهِ فِيمَا أَبْلاَهُ ، وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا وَضَعَهُ ، وَعَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банданинг икки оёғи, тўртта нарсадан сўралмагунча (тик туришда) давомли бўлади: умрини нимага сарф қилгани, жасадини нимага зое кетказгани, бойлигини қаердан касб қилиб ва уни қаерга ишлатгани, илмига қандай амал қилгани ҳақида, сўралади”, дедилар. (Сунани Доримий).

Умр бир хазинага ўхшайди, ким уни бу дунёда Аллоҳнинг тоатига, яхши ишларга сарф қилса, охиратда унинг фойдасини топади. Ким уни ўйин-кулги, гуноҳ, ғафлатга сарф қилса, қиёмат куни афсус ва надоматлар қилади, лекин бу кунги надоматлари унга манфаат бермайди.

Кеча ва кундуз инсонни ўз манзилига олиб борувчи минадиган ҳайвонига ўхшайди. Уни абадий саодатга ёки абадий шақоватга олиб боради.

Ўтганги солиҳ кишилар, бу борада бизга намуна бўлишиб,мақташга арзийдиган амалларни қилиб ўтишган. Ўз умрларини Аллоҳнинг тоати ва хайрли ишларга сарф қилишган. Улар ҳақида ажойиб қиссалар мавжуд:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳақида, ўғли Солим розияллоҳу анҳу: “Абдуллоҳ кечаси озгина ухлар эдилар”, деганлар.

Ал-Жанийд ибн Муҳаммад, ўзлари ўлим тўшагида ётсалар ҳам, Қуръон қироати билан машғул бўлганлар. Шунда ўғиллари у кишига: “Ўзингизни қийнаб қўйдингизку”, деганларида, у зот: “Аллоҳ учун машаққат қилиб, холдан тойишга инсонларнинг энг ҳақлироғи менман”, деб жавоб берганлар.

Тобеъинлардан бўлган Ал-Асвад ибн Язид кечалари доимо намоз ўқир эдилар. Баъзи дўстлари: “Озгина дам олиб роҳатланинг”, дейишганида, у зот: “Охиратда роҳатланишни ҳоҳлайман”, деган эканлар.

Суфён Саврий ҳарамда бир жамоа инсонлар билан гаплашиб ўтирар эдилар. У зот бирданига қўрққан холда ўрнидан турдиларда: “Биз бу жойда ўтирибмизу, кундуз куни ўз ишини қиляпти”, деганлар.

Ҳа, ўтганги солиҳ кишилар ўз кундузлари ва кечаларини фойдали амалларга тақсимлаганлар, умрларини исроф қилмаганлар. Уларда ўйин-кулги учун бекорчи вақтлари бўлмаган. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ўз умрларини қадрига етмасдан, вақтларини зое кетказаётган кишилар  жуда ҳам кўпайиб кетди. Улар умрларини исроф қилиб, дунёси ва охиратига фойдаси бўлмаган нарсалар билан машғул бўлишмоқда.

Рамазон ойи, мусулмон кишига ўзини ислоҳ қилиб, гуноҳларига тавба қилиб, вақтини шариъатга мувофиқ тартиблаб олиши учун катта имкониятдир. Чунки,  бу тақво ойи бўлиб, инсонларни васваса қиладиган шайтонлар кишанлангандир. Агар инсон ўз нафсини енга оладиган бўлса, бу ойда кўп яхшиликларга эга бўлади. Лекин, бу ойда умрини қадрига етиб, вақтини унумли ўтказиш у ёқда турсин, рамазон ойидан бехабар бўлиб, умрини ғафлат ва залолатда ўтказаётганлар қанча.

Шоир Хазиний насиҳат қилиб, шундай дейди:

 

Эй, банда, худо йўлида тоатни унутма,

Рўзу шабу ҳар лаҳза, ибодатни унутма.

 

Жон борича излаб, туну кун ҳақни ризосин,

Албатта, биродар, бу насиҳатни унутма.

 

Бу фоний жаҳон айшиға мағрур бўлибсан,

Дийдори худо бирла у жаннатни унутма.

 

Минг йил яшасанг, охири бир кун ўладурсан,

Охир бўласан, хоки мазаллатни унутма.

 

Ҳеч кимга вафо қилмади, дунёни билурсан,

Санго келадургон у кун, навбатни унутма.

 

Эй одамийзод, аслингу наслинг сани туфроқ,

Ялғуз ётар бирла қиёматни унутма.

 

Шукр айла, Ҳазиний, сани оламга келтурди,

Инъоми худо, ризқ ила неъматни унутма.[1]

 

Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятда бардавом қилсин. Умримизни қадрига етиб, вақтларимизни исроф қилмасдан, тўғри ҳаёт кечириб боришимизни Аллоҳ барчамизга насиб айласин.


Мадаминов Шокиржон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юнус ибн Убайддан ривоят қилинади .Муҳаммад ибн Восиъни кўргани кирдик. У шундай деди .Оёққўлимдан ушлаб, дўзахга улоқтиришса, одамларнинг гапи менга фойда берармиди,.Солиҳлар гулшани, китобидан

3970 08:00 / 11.02.2020
Маълумки, қадим замонларда одамлар савдо ва иқтисодий муомалаларни қўлларида мулк бўлган нарсаларини бирбирига алмаштириш йўли билан қилганлар.Кейинроқ молнинг давоми...

1467 11:40 / 19.05.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган Уни етти осмону ер ва улардаги зотлар поклаб ёд этурлар. Уни ҳамди ила поклаб ёд этмаган ҳеч бир нарса йўқ. давоми...

2716 11:18 / 05.07.2020
Имом Мотуридий нубувват пайғамбарлик масалаларига ҳам катта эътибор қаратган. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, бу борада у киши етакчиликни қўлга киритган бўлиб, давоми...

1442 11:30 / 28.04.2020
Аудиолар

135107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55383 14:35 / 11.08.2021