1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қалбнинг озиғи илму ҳикматдир

15:09 / 23.09.2020 1814 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Интервью:Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, «Новза» жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов билан суҳбат

– Домла, янги ўқув йили арафасида турибмиз, шунинг учун бугун илм талаб қилиш одоблари ҳақида суҳбатлашсак, кўпчиликка, айниқса, ёшларга фойдали бўлади деб ўйлайман. Дастлабки саволим: олинаётган илм ибодат даражасига чиқиши учун илми толиб нималарга эътибор қилиши лозим?

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ъала росулиллаҳ.

Ҳар нарсада бўлганидек, илм талаб қилишнинг ҳам ўзига яраша одоблари борлигини билишимиз ва уларга риоя қилишимиз зарур. Илм талаб қилувчининг одоблари икки қисмга бўлинади. Булардан биринчиси илмга нисбатан, иккинчиси муаллимга нисбатан одобдан иборат.

Талабанинг илмга нисбатан одоби, аввало, ниятни холис қилиш билан бўлади. Исломда илм Аллоҳ таолонинг розилиги учун ўрганилади. Шундай қилган одам дунё ва охират бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Бу ерда ниятни поклаш олдинги ўринга қўйилмоқда. Илм талабидаги шахс ниятини яхши қилиши, олган илми билан халқ хизматида, Ҳақни рози этишни кўзлаши керак. Ўшанда олган илми фойда беради: дунёга ҳам эришади, охират савобига ҳам эга бўлади. Аммо ниятни молу дунёга, риёга боғласа, охират савоби бўлмайди, дунё ҳаваси ҳам аниқ амалга ошмайди.

Ундан кейин нафсни поклаб, разолатлардан холи қилинади. Талаба ўзини турли ёмонлик-гуноҳлардан, нафсини турли разолатлардан ва хулқини эса қораланган сифатлардан поклаши зарур. Илм учун қалбни поклаш ишлари ичида тавозе, такаббурликни тарк этиш кабилар ҳам бор. Қалб покланганда илм олишга ва ундан фойда топишга кенг йўл очилади.

Илм талабида садоқатли бўлиш, таҳсил олишга барча вақт ва ҳаракатни қаратиш, илмга халақит берадиган барча нарсадан юз ўгириш, ҳаромдан ҳазар қилиш ва маъсиятдан четда бўлиш лозим.

Ихлос қилмай илм  ўрганиш мумкин эмас. Ҳар бир яхшиликка эришиш учун албатта ихлос керак. Ихлоссиз бирор фойдали ишнинг, хоссатан, илм олишнинг амалга ошиши қийин. Ихлосни маҳкам тутган талаба динига, дунёсига, охиратига, ватанига, халқига фойдали бўлган илмни ўрганиши, бефойда, вақти ўтган ва зарар берадиган илмдан четлашиши, юриш-туришда, гапиришда ва ўзини тутишда илмнинг шарафига хилоф бўлган нарсалардан четда бўлиши ҳам илм талаб қилиш одобларидандир.

Илм олаяпман деб беҳуда талашиб-тортишиш эса фойда келтирмайди, одамлар орасини бузади, ҳар икки томоннинг бир-бирига нисбатан ҳасадни кучайтиради, қалбнинг қорайишига сабаб бўлади.

– Толиби илм устозни ҳурмат қилишда нималарга эътибор қилиши лозим?

– Талабага қўйиладиган биринчи талаб муаллимига нисбатан тавозули бўлишдир. Муаллим талабадан кичик ёшда бўлса ҳам унга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Илм талабида ўзимни хор тутдим, талаб қилинганимда азиз бўлдим», деганлар.

Олимни эҳтиром ва иззат-икром қилиш, қадрини билиш ҳам шу одоблар жумласидан. Шунингдек, муаллим келганда ўрнидан туриб ҳурмат билан кутиб олади. Дарсда жим ўтириб тинглайди ва одоб билан савол беради. Шунингдек, қуйидагилар ҳам талабага қўйиладиган талаблар сирасига киради:

– Дарс бошланишидан бироз муддат олдин ҳозир бўлиш, узрсиз дарсдан чиқиб кетмаслик. Ўта зарур ҳолатлардагина, шунда ҳам устоздан изн сўраб чиқиш;

– Шерикларига ва муаллимларга очиқ юз билан салом бериш;

– Умумий низомга амал қилиш, ташқи кўринишни ва ўзини тутишни гўзал қилиш;

– Кундалик машғулотлар учун керакли китоб, дафтар, қалам каби нарсаларни камчиликсиз ҳозир қилиш;

– Дарсда диққат билан иштирок этиш. Бунда бошқа нарсаларга чалғимай, бутун вужуди билан дарсни қабул қилиб олишга уриниши лозим;

– Дарсда дафтар-қаламларни ўйнамаслик, бошқалар билан гаплашмаслик, атрофга алангламаслик;

– Керакли маълумотлар ва топшириқларни унутиб қўймаслик учун махсус дафтарга ёзиб олиш;

– Дарслар орасидаги танаффус пайтларидан унумли фойдаланиш ва ўзини одоб доирасида тутиш;

– Бировнинг нарсасини фақат унинг рухсати билан олиш. Ўша нарсани қайтариб берганда эса ташаккур айтиши керак;

– Ўзгаларни масхара қилмаслик, лақаб тўқимаслик ва озор берадиган ҳазилларни қилмаслик;

– Гўзал ахлоқли, дарсларни яхши ўзлаштирадиган, заковатли ва одобли талабалар билан дўст бўлиш;

– Дарсларни ўз вақтида, қунт билан тайёрлаш;

– Ўқув йилининг аввалидан имтиҳонларга пухта тайёрланиб бориш. Бунинг учун дарсларни қунт билан, қолдирмасдан тайёрлаб бориш лозим.

– Имтиҳонларда алдамчилик, бировдан кўчириш, махфий ёрдам олиш ва бошқа тартиббузарликларга йўл қўймаслик;

– Уйга келганда ҳар бир дарсдан берилган вазифани вақтида пухта тайёрлаб, ортга сурмаслик;

– Дарс учун керак бўлган китоб, дафтар ва бошқа анжомларни ораста тутиш;

Энг асосийси, илм талабида юрган ҳар ким доимо Аллоҳ таолодан манфаатли илм беришини сўраб дуода бўлиб туриш лозим.

– Бугунги кунда ахборот технологиялар анча ривожланиб, илм олиш имкониятлари янада кенгайди. Замонавий илм ўрганиш воситалари – интернет, турли дастурлар орқали илм ўрганишнинг ҳам одоблари ҳақида қисқача тўхталсангиз, илтимос.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мўмин учун фарздир», дея марҳамат қилганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм кўтарилмасидан уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: «Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса», деб орзу қилишади. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш таълим олиш билан эгалланади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Илм – хазина, унинг калитлари – савол. Сўранглар, сўрашда тўрт киши савобга эга бўлади: сўровчи, олим, эшитувчи, уларни дўст тутувчи». Мусулмон киши ҳар куни дини ва ўз соҳасини ўрганиш учун вақт ажратиши, тушунмаган жойини устоз ва имом-домлалардан сўраб-билиб олиши зарур. Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Тарихга назар солсак, мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этишганини кўрамиз. Лекин бугунги кунимизда амалга оширилаётган кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди.

Бизнинг бурчимиз – дин ва дунё билимларини баробар ривожлантириб, аждодларимиз йўлини давом эттириш ва билимда дунё халқларига пешқадам бўлишдир. Зеро, бу мақсадларни амалга оширишда биз учун аждодлар қўйган пойдевор ва намуна мавжуд.

Кези келганда яна бир гап: ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Уларнинг на манзили, на шахси, на устози, на мазҳаби маълум! Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.

Бир ривоятда «Дарсингни маҳкам тут, чунки дарс экин экишдир», деб айтилган эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Бу илмга нима билан етишдингиз?» деб сўрашганида: «Сўровчи тил, ақлли қалб, малолланмайдиган юрак ва меҳнаткаш қўл билан, қийинчиликда ҳам, хурсандчиликда ҳам сабр қилувчи бадан билан», деган эканлар.

Инсон вафотидан кейин ҳам унинг амал дафтарига худди тириклигидек савоблар ёзилиб туришига сабаб бўладиган учта амал бор. Шулардан бири киши ўзидан кейин қолдирган фойдали илмдир.

Пайғамбаримиз марҳамат қиладилар: «Банда вафот этса, унинг амаллари кесилади, (яъни тўхтайди). Лекин уч нарсадан (савоб келиб туради); юриб турувчи садақа, фойдали илм ёки унинг ҳаққига дуо қилиб турувчи фарзанд» (Бухорий ривояти).

Демак, илм ўрганиш, уни бошқаларга ўргатиш, халққа фойдаси тегадиган китоблар ёзиш инсон вафотидан кейин ҳам худди тириклар каби савоб олишига сабаб бўлади.

– Суҳбатимиз охирида толиби илмларга нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

– Фатҳ Мусалий: «Касалга обу таом берилмаса, ўладими?» деб сўрашди. Атрофдагилар: «Ҳа, ўлади», дейишди. У киши айтдилар: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади».

Дарҳақиқат, шайх Мусалий рост гапирдилар. Зеро, жасаднинг озиғи таом бўлганидек, қалбнинг озиғи ва ҳаёт манбаи илму ҳикматдир. Ким илмни бой берган бўлса, унинг қалби касалдир, у қалб ўлимга маҳкум, лекин ўзи сезмайди. Бемор жарроҳ тиғини кучли қўрқинч боис сезмагани каби, қалбнинг ҳам дунёга муҳаббат қўйиши ва у билан машғул бўлиб қолиши ундаги сезги ва қобилиятни йўқ қилади. Қачонки ўлим етиб, дунё машаққатлари устидан тушган пайтда ўзини ўзи ҳалок қилганини ҳис этади, қаттиқ ҳасрат-надомат чекади, лекин у фойда бермайди.

Юртимизда айни пайтда ёшларнинг илм олишлари, ўзлари хоҳлаган касбга эга бўлишлари учун барча шароитлар муҳайё. Ёшлардан талаб қилинадиган нарса фақатгина яхши ўқиш, бу йўлдаги машаққатларга сабрли бўлишдир. Шундагина улар Ватанига, халқига манфаатли, буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб етишади.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам айлаб, илмимизни зиёда қилсин! Аллоҳдан хайрли оқибат сўраймиз. Омийн.

 

Ғиёсиддин Юсуф суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 9(18) сонидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Бас, унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна давоми...

3334 11:05 / 27.10.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва .Албатта, бу иккови азобланяпти. Катта нарса учун давоми...

1767 09:00 / 18.08.2021
Масламадан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз вафот этган куни унинг ҳузурига кирдим. Абдулмаликнинг қизи Фотима унинг бош тарафида ўтирар эди. У мени кўриб, давоми...

1300 08:00 / 06.12.2019
Дунёнинг машҳур нашрларида энг кўп ўқилган китоблар ва энг машҳур муаллифлар рўйхатини эълон қилиб бориш анъанаси бор. Масалан, .Барча замон ва халқларнинг энг давоми...

2565 15:07 / 30.06.2020