1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Лайлатул Қадрнинг фазилати

17:10 / 28.05.2019 3050 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ жалла шаънуҳу:

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир», деган («Қадр» сураси, 1-5-оятлар).

Шарҳ: Ушбу суранинг номи биринчи оятидаги «Лайлатул Қадр» калимасидан олинган.

Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр» деб аталади. Биринчиси – «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси – «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.

Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.

Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, маш¬ҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар ана шу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.

Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш Қадр кечаси шулардан биттасидир.

Чунки худди шу кечада Қуръони Карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.

Қадр сурасида Аллоҳ таолонинг мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмати – уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.

Шу ўринда сиз азизларга «Қадр» сурасининг батафсил шарҳини баён этишни лозим топдик.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

1. «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик».

Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони каримнинг туширилиши унинг Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир.

Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилган. Ана шу ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганлигини ушбу ояти карима очиқ баён этиб турибди.

Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунё осмонидан бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган.

Демак, бу ояти кариманинг маъноси «Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик», дегани бўлади.

2. «Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди?»

Яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. «Қадр кечаси минг ойдан яхшидир».

Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.

Мана шу оятнинг тафсирида аллома Ибн Касийр жумладан қуйидагиларни ёзганлар:

«Бир кишининг силоҳ олиб, Аллоҳнинг йўлида минг ой жиҳод қилганлиги ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб:

«Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар.

«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».

Қадр кечасининг яна бир фазийлати қуйидаги оятда баён қилинади:

4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир».

Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алай-ҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар билан тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

Қадр кечасининг учинчи фазийлати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

5. «У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир».

Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар.

Бу кечани бедор ўтказиш эса намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Қоим» лафзи луғатда «тик туриш» маъносини англатади. Истилоҳда эса, кечани ибодат билан ухламай ўтказишга айтилади.

Қадр кечасини бедор ўтказиш қандай бўлади?

Бу саволга уламоларимиз батафсил жавоб берганлар.

Аввало бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки бар ҳадисда «Ким Хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган.

Бошқа бир ҳадисда эса «Ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг яримини бедор ўтказган бўлади», дейилган.

Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва дуо қилиб чиқиш лозим.

Ана шунда кечани бедор ўтказган бўлади ва ҳадисдаги Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда – ўтган гуноҳларнинг мағфират қилинишига эришилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:

«У зотга ўзларидан аввалги одамларнинг умрлари ёки шундан Аллоҳ ҳоҳлаганича кўрсатилди. у зотга умматларининг умри улардан бошқалар умрлари узунлиги ила етган нарсага амал билан ета олмайдиган (даражада) қисқа кўринди. Аллоҳ таоло у зотга минг ойдан яхши бўлган Лайлатул Қадрни ато этди». 

Имом Молик ривоят қилган.

Шарҳ: Аввал ўтган умматларнинг умрлари узун бўлганлиги учун улар кўп солиҳ амаллар қилиб, кўп савоб олишга муяссар бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни билганларидан кейин, у зотга умматларининг умри қисқа кўриниб кетган. Узун умрли умматларга ҳавас қилгандек бўлганлар. Ўз умматларининг умри ҳам узун бўлишини, улар ҳам кўп яхши амал қилиб, кўп савобларга эришишларини орзу қилганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Қадр кечасини берган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларига берилган Қадр кечаси аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб берилган. Яъни Муҳамммад уммати биргина Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.

Уламоларимиз Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига Қадр кечасининг берилиши ва Қадр сурасининг нозил бўлишига оид бир қанча ривоятларни келтирганлар. Биз ҳам ана шулардан баъзиларини эслаб ўтсак, фойдадан холи бўлмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаи киромларга қуйидаги ривоятни айтиб берибдилар:

«Аллоҳ таоло ўтган подшоҳлардан бирига мингта ўғил берган экан. У ўғилларидан бирини жиҳодга тайёрлар ва жангга юборар эди.

Ўғил чиқиб, бир ой жиҳод қилиб, шаҳид бўлар эди. Сўнгра подшоҳ бошқа ўғлини жиҳодга юборар эди. У ҳам чиқиб, бир ой жиҳод қилгандан сўнг шаҳид бўлар эди.

Шундай қилиб, ҳаммалари шаҳид бўлибди. Подшоҳнинг ўзи эса тоат-ибодатда бардавом бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қилар экан. У катта лашкар тўплаб, ўзи бошлиқ бўлиб, жиҳодга чиқибди. Ва ниҳоят ўзи ҳам шаҳид бўлибди».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу қиссани эшитган саҳобалар ҳалиги подшоҳга ҳавас қилибдилар. Ўшанга ўхшаш улуғ ишлар қилишни хоҳлабдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга минг ойдан яхши қилиб, Лайлатул Қадрни берди.

Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бир кўз очиб, юмгунча ҳам осий бўлмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бундан ғоятда ажабландилар. Шунда у зотнинг ҳузурларига Жаброил келди ва:

«Умматинг шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди. Ва у зотга «Иннаа анзалнаҳу фии лайлатил Қадр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра:

«Бу сенинг умматинг ажабланган нарсадан афзалдир», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга одамлар ҳам масрур бўлдилар».

Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллоҳнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан.

Мусулмонлар бундан ажабландилар. Шунда Аллоҳ Қадр кечасини нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу иш уларнинг умрлари қисқа бўлганининг эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб олурлар. Батаҳқиқ, улардан ўзиб ҳам кетдилар».

Демак, Қадр кечасини топишга жиддият ила ҳаракат қилмоғимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Замон шиддат билан тараққий этаётган бир даврда одамлар иложи борича кўпроқ молдунё тўплашга, ҳашаматли уйлар қуришга интилмоқда. Аксарият кишилар фикру хаёли давоми...

7665 17:10 / 07.03.2019
Бир киши садақа беришни ният қилиб, садақасини бир одамга берибди. Кейин билса, ўша одам ўғри экан. Одамлар Кечаси ўғрига садақа қилишибдиrdquo, деб гапириб юришди. давоми...

2776 08:00 / 31.12.2018
Эй мўминлар Кўп гумонлардан четланинг Чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Ўзгалар айбини қидириб жосуслик қилманг ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин Сизлардан давоми...

5361 19:00 / 22.07.2022
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади .Бир обид Аллоҳга эллик йил ибодат қилди. Аллоҳ унга .Сени мағфират қилдим,, деб нидо қилди. У .Роббим, мен гуноҳ қилмаган бўлсам, нима учун давоми...

1635 07:10 / 05.09.2019