1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғайбий эъжоз ёхуд 20 та ҳақиқат (7-10)

11:04 / 24.09.2020 1435 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

7. Бир неча йиллар олдин дунё ахборот айвонида «2012 йилнинг декабрь ойида қиёмат бўлади. Олимлар юз берадиган даҳшатли фалокатлар ҳақидаги маълумотларни одамлардан яширяптилар» каби хабарлар тарқалди. НАСА олимлари олиб борган изланиш ва тадқиқотлардан сўнг мазкур гаплар ҳеч қандай илмий асосга эга эмаслигини эълон қилдилар. 2012 йил ҳам ўтди, аммо ҳеч қандай даҳшатли фалокатлар юз бермади. Юз берган бўлса ҳам баъзи сув тошқинлари, зилзилалар бўлган. Аслида бизга НАСА ёки бошқа ташкилот олимларининг бу масалада тадқиқот ўтказиб беришига ҳожат йўқ. Бизга Аллоҳ таолонинг берган хабари етади. Аллоҳ таоло қиёмат қачон бўлишини Ўзидан бошқа ҳеч ким, ҳатто пайғамбарлар алайҳимуссалом ҳам билмаслигини айтиб қўйган. У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: «Сендан Соат ҳақида, унинг қачон собит бўлишини сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина ўз вақтида зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», – деб айт. Худди сен ундан хабардордек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», – деб айт» (Аъроф сураси, 187-оят)

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: «...Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар этиб юборилишлари қиёматнинг аломатларидандир. Чунки у зот алайҳиссалом набийларнинг сўнггисидирлар. У зотдан кейин бошқа пайғамбар келмайди. У зот пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг сўнггиси эдилар. Каззоблар чиқишига келсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаёқ ундай каззаоблар пайғамбарлик даъво қилиб чиқа бошлаган. Бугунги кунда ҳам баъзи жойларда пайғамбарлик даъвосидаги кишилар чиқиб турибди. Мана шуларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳақ Расули эканликларига далиллардандир!

9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат аломатларини зикр қила туриб, «Зино кўпаяди ва хамр ичиш кўпаяди» деганлар.

Имом Бухорий ривоятлари. 

Бугун шаҳар кўчаларида юрсак, «вино-водка» дўконларига кўзимиз тушади. Одамлар Аллоҳдан қўрқмай, уялмай ўша дўконларга кириб, ароқ ва бошқа маст қилувчи ичимликлар олиб, ичмоқдалар. Кўчаларда маст-аласт юрганларга кўзимиз тушади. Тўйлар, турли йиғинлар, базмларнинг жуда кўпи ароқ ва бошқа спиртли ичимликларсиз ўтмаяпти. Зино ҳам ошкора бўлиб кенг тарқалаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Фоҳишалик ортидан пул топаётганлар, шу мақсадда хорижий давлатларга бораётганлар кўпайиб бормоқда. Тунлари фоҳишалик қилиш илинжида мижоз кутиб, пана-пастқам жойларда турадиганларнинг сони ҳам кўпайиб бормоқда. Уларга борадиганлар ҳам оз эмас. Бунинг натижасида турли касалликлар, жумладан миллионлаб инсонларнинг ҳалокатига сабаб бўлган оитс касаллиги тарқалди. Қиёмат яқинлашганда зино ва хамр ичиш кўпайишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердан билиб айтдилар экан? Албатта, бу хабарни у зотга Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиргандир!

10. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат қоим бўлишидан олдин хос (эътиборли) одамларгагина салом берилади ва тижорат шу даражада ёйилади-ки, хотин эрига тижоратда шерик бўлади, қариндошлик алоқалари узилади, қалам кенг ёйилади, ёлғон гувоҳлик бериш ва ҳақ гувоҳликни беркитиш зоҳир бўлади».

Қаламнинг кенг ёйилиши дегани ёзувчиликнинг ривожланиши, ёзув қуролларининг тараққий этиши, ёзилган нарсаларнинг кўпайишидир. Бугунги кунда нашр этилаётган китоблар, журналлар, газеталар, мақолалар жуда кўпайди. Компьютернинг кўпчилик ишлатаётгани ҳам шунга мисол бўлади. Ўқиш-ёзишни саноқли одамлар биладиган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисни айтишлари у зотнинг Аллоҳ таолонинг ҳақ Расули эканликларига далиллардандир. Шунингдек, одамлар ўзларидан ортмай, қариндошлар билан алоқани унутиб қўйишмоқда.

(Давоми бор)

Биринчи мақола

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Бир туп дарахт бизга байъат ва сулҳ ҳақида ҳикоя қилиб беради.Араб жазирасида довдарахт кам. Мен ана шу дарахтларнинг бириман. Менинг остимда тарихий бир воқеа давоми...

3748 16:20 / 26.02.2021
Маймун ибн Меҳрон айтади .Бир роҳиб Умар ибн Абдулазизнинг олдига кирди. Умар ибн Абдулазиз ундан .Нима учун тинмай йиғлаяпсан, деб сўради. .Эй мўминлар амири, мен давоми...

1652 09:10 / 09.06.2019
Ҳар сафар илк қор ёққанда, Қуръонга оид баъзи нохуш сўзлар қулоққа чалинади. Айрим жоҳил кимсалар .Қуръон ва ҳадисда қор ҳақида маълумот келмаган,, .Расулуллоҳ давоми...

3970 15:00 / 03.12.2021
Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади .Масжидул Ҳаромда шом намозидан кейин Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳни кўрдим. У намоз ўқиди, сўнг сажда қилиб, хуфтон намозига азон давоми...

2983 08:00 / 17.03.2020