1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Уруш ҳаром қилинган тўрт ой

12:05 / 24.02.2020 11093 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг» (Моида сураси, 2-оят).

Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида яна: «Аллоҳ Каъбани–Байтул-Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадийни ва осиладиган белгиларни одамлар учун асос қилиб қўйди», деган (97-оят).

Уламоларимиз, ояти кариманинг ушбу жумласини динга ва ҳаж ибодатларига асос қилиб қўйди, деган маънода таъвил қиладилар. Ҳақиқатда ҳам Ислом дини асослари, ҳаж ибодати Маккаи мукаррамага, ҳарамга, Каъбага чамбарчас боғлиқдир.

Ҳижрий – қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар – Зул-қаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.

Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди. Ҳарамайни шарифайн макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик даври эди.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳажларида хутба қилиб: «Албатта, замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин; Зул қаъда, Зул ҳижжа ва Муҳаррам. Ва Жумади ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби», дедилар».

Учовлари ривоят қилган.

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида ҳайит куни қилган хутбаларидан бир парча келтирилмоқда.

Ражаб ойининг ҳаром ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш кўп савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади.

Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: «Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».

Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Го-ҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойда ҳам шундоқ бўлар эди.

Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: «Албатта у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?», дебди. «Сени нима ўзгартирди? Чиройли кўринишда эдинг?», дедилар. «Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима учун ўзингни азобга солдинг?», дедилар-да, сўнгра: «Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди. «Икки кундан рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Уч кундан рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатдилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Йил бўйи рўза тутиш шариатга тўғри келмаслиги, ўзини ўзи азоблаш эканлиги.

2. Нафл рўза тутмоқчи бўлган одам Рамазондан бошқа ойларда бир кундан, икки ёки уч кундан тутса бўлиши.

3. Агар мазкур миқдорни ҳам оз деб, билса ашҳурул ҳурумда-ҳаром ойларда уч кун-уч кундан тутса яхши бўлиши. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бўлганидан унда нафл рўза тутиш афзалдир.

Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар яхши бўлиши аниқ.

Машҳур «Саҳиҳ» китобларидан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Аммо саҳиҳ бўлмаган бу ривоятларда ҳаддан ташқари тарғибот борлиги ҳам унутилмаслиги лозим.

Жоҳилият даврида Ражаб ойида алоҳида қурбонлик сўйиш одати бор эди. Ислом шариати бу нарсани бекор қилди.

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қаҳф сурасининг 25оятида золим ҳоким истибдодидан иймонларини сақлаб қолиш учун бир қаҳфгағорга паноҳ тортиб кирган етти киши ҳақида шундай марҳамат давоми...

4175 15:10 / 28.12.2018
Ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан эллик минг йил давоми...

4372 12:50 / 21.01.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Банда Роббисига юзланиб дуо қилмоқлигидан Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир,, ndash деганлар. Ҳар бир мўминмусулмонга шундай ҳолат давоми...

10470 18:45 / 02.04.2019
Мусулмонлар Қуръони Карим нозил бўлгандан буён инсоннинг она қорнида яратилиши босқичмабосқич амалга ошишини яхши билишади. Чунки бу ҳақиқат уларнинг муқаддас давоми...

3322 20:00 / 02.07.2019