1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Таҳликали хато (учинчи мақола)

09:14 / 22 февраль 1479 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинроқ аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг бошқа уламолари, имом Мотуридий ва Ашъарийларнинг издошлари бу ишни давом эттирдилар. Кучли ҳужжат ва далиллар билан турли адашган фирқаларни, жумладан, мўътазилийларнинг хатарли йўлларини тўсдилар ва ҳаракатларини тўхтатдилар.


Бу борада айниқса ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг хизматлари алоҳида мақтовга сазовор бўлди. У киши фалсафа ва мантиқ илмларини чуқур ўрганиб, таҳлил қилдилар ва сарасини сарага, пучагини пучакка ажратдилар. У кишининг “Мақосидул фалосифа” – Файласуфларнинг мақсадлари” ва “Таҳофутул фалосифа” – Файласуфларнинг қулаши” номли асарлари катта хизмат қилди. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи ифодали қилиб айтадиган бўлсак, юнон фалсафаси куфр оловини Ислом фалсафаси иймон суви билан, юнон мантиқи куфри оловини Ислом мантиқи суви билан ўчирдилар.     


Имом Ғаззолий ҳақиқат қидириб фалсафани пухта ўрганганлар. Файласуфлар: фақат фалсафа билангина ҳақиқатни топиш, яқийн ва саодатга эришиш мумкин, дер эдилар. Имом Ғаззолий эса айнан ўша нарсаларни қидираётган эдилар. У киши фалсафани ихлос ила чуқур ўрганиб, ўша даврнинг энг кучли файласуфларидан бирига айландилар. Лекин Имом Ғаззолий фалсафада ҳам ўзлари излаётган ҳақийқат мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилдилар. Аммо бу нарса улуғ олимга фалсафа ва файласуфлар ҳақида адолат ила ҳукм чиқаришга ҳалақит бермади. У киши бу борадаги илмий изланишлари натижасини фалсафа ва мантиққа аталган бирқанча китобларида ёзиб қолдирдилар.
1. «Мақосидул фалосифа».
2. «Таҳофутул фалосифа».
3. «Маҳкун-назар фил мантиқ».
4. «Меъёрул илм фил мантиқ».
5. «Ал-Мунқиз миназ-Золал».


Имом Ғаззолий ўз асарларида фалсафа ва файласуфларга холисона баҳо беришга ҳаракат қилдилар. У киши фалсафага оид илмларни олтига бўладилар ва уларнинг ҳар бирига ўзига яраша баҳо берадилар:


1. Аниқ фанлар.
Ҳисоб, ҳандаса, жуғрофия каби илмлар. Бу нарсаларда динга аралашилмайди. Улар аниқ ҳужжатларга асосланган илмлар. Шу боис, уларни инкор қилиб бўлмайди. Аммо, мусулмонлар бу нарсаларни кўриб, фалсафага оид ҳамма нарса шу каби бўлади, деб алданиб қолмасликлари керак.


2. Мантиқ.
Бунда ҳам динга тегишли нарса йўқ. Мантиқ илми ақлий ўлчовларга назар солиш, бурҳон муқаддималари шартларини ўрганиш, уларнинг таркибидан хабардор бўлиш каби нарсалардир.


3. Табиий илмлар.
Бу илмларда ҳам динга боғлиқ нарсалар йўқ. Улар ҳаммаси тажрибага суянадиган нарсалар. Шунинг учун, буларни ҳам инкор қилиб бўлмайди.


4. Сиёсий илмлар.
Файласуфларнинг бу соҳадаги барча гаплари дунёвий ишларга боғлиқ нарсалардан иборат бўлиб, уларнинг кўпи Аллоҳ таоло Набийларга нозил қилган китоблардан ва Набийлардан қолган гаплардан олганлар. Шунинг учун, буларнинг ҳам диний эътиқодга, хусусан, ақоидга тегишли жойи йўқ.


5. Ахлоқий илмлар.
Файласуфларнинг бу борадаги кўп гаплари сўфийларнинг гапларига тўғри келади. Улардан Ислом таълимотларига тўғри келадиганини олиб, бошқаларини тарк қилиш лозим.


6. Илоҳиётга оид илмлар.
Бу борада файласуфлар ўзлари мантиқда қўйган шартларга вафо қилмадилар, улардан ташқарига чиқдилар ва катта хатоларга йўл қўйдилар.


Имом Ғаззолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояланар эдилар. Худди Ислом айбдор-у, илми калом уламолари унинг номидан фалсафага узр айтаётганга ўхшар эди.


Имом Ғаззолий эса, ўзлари фалсафани яхши билганлари, унинг камчилик ва айбларини англаб етганлари учун, бевосита унга шиддатли ва аёвсиз ҳужум қилишни йўлга қўйдилар. Бунинг учун аввал фалсафани кўпчиликка улар тушунадиган услуб ва тилда англатиш лозим эди. Чунки, ўша давргача фалсафа китоблари кўпчилик тушунмайдиган услуб ва тилда ёзилар эди. Уни фақат файласуфларгина англаб етар эди. Бу эса, ўзига хос тўсиқ яратган ва файласуфлардан бошқаларга фалсафа ҳақида сўз юритиш имконини йўққа чиқарган эди.


Имом Ғаззолий «Мақосидул фалосифа» номи билан осон тил ва услуб ила китоб ёзиб, кўпчиликка фалсафа нима ва файласуфлар нимани мақсад қилиб олганликларини тушунтириб бердилар. Бу китобда имом Ғаззолий фалсафий истилоҳларни ва файласуфлар юритадиган баҳсларни ҳеч қандай шарҳ ёки танқид қилмай, уларнинг айни ўзини келтирдилар.


Имом Ғаззолий кўпчиликка фалсафа нима, файласуфлар ким ҳамда мақсадлари қандайлигини англатиб олганларидан кейин, фалсафани танқид қилишга ўтдилар.


Бу ишни имом Ғаззолий, асосан, «Таҳофутул фалосифа» номли китобларида амалга оширдилар. Бу китобнинг муқаддимасида имом Ғаззолий ўша пайтларда бошқалардан ўзларини юқори тутадиган тоифалар чиққанини, улар Исломий ибодатлардан бош тортаётганларини, динга шиор бўлган намозга ўхшаш нарсаларга паст назар билан қараётганларини, ҳаром қилинган нарсалардан сақланмаётганларини, баъзилари эса бутунлай диндан чиқиб кетганларини ва бошқа афсусланарли ҳолатлар бўлаётганини айтадилар. Сўнгра, мазкур шахсларнинг куфрга кетишлари сабаби ҳақида қуйидагиларни ёздилар:
«Аммо уларнинг куфрларининг сабаби Суқрот, Буқрот, Афлотун, Аристотулис каби улуғ исмларни, уларнинг издошларидан ақллари ўткирлиги, усулларининг гўзаллиги, ҳандаса, мантиқ, табиат ва илоҳиётга оид илмларни нозик жойларигача билишлари ҳақидаги мақтовларни, буюк ақлли бўлганлари учунгина ана шу ишларни қила олишлари ҳақидаги муболағали гапларни эшитганларидир.


Шунингдек, ана ўшалар ақллари ўткир бўлишлари ва фазллари кўп бўлишига қарамай, шариатлар ва динларни инкор қилишлари, динлар тўқиб чиқарилган ҳийла-найрангдан иборатлигига эътиқод қилишлари ҳақидаги ҳикояларни тинглаганларидандир».


Имом Ғаззолий ўзларининг бу китобларига тўртта муқаддима қилганлар. Биринчисида ўз услубларини, иккинчисида файласуфларнинг ҳолини, учинчиси ва тўртинчисида уларнинг шариат билан тўқнашадиган ва тўқнашмайдиган илмларини баён қилганлар.


Кейин эса, файласуфларни танқид қилишга ўтганлар. Бу танқидлар илоҳиётга ва метафизикага оид ўн олтита ҳамда табиат илмларига тегишли тўртта масалани ўз ичига олган.


«Таҳофутул фалосифа» китобининг аҳамияти катта бўлган. Унинг аҳамияти баъзи файласуфларнинг куфр кетганини баён қилишида эмас, балки фалсафанинг диний эътиқод бобида ҳеч нарсага арзимас нарса эканини баён қилиб берганидадир. Бу борада фалсафа турли фикр, хаёл, қиёс ва тахминларнинг йиғиндиси, холос.


Фалсафани илоҳий таълимотлар ўрнида ёки уларга тенг равишда кўрилиб турган бир пайтда унинг ҳақида илмий асосларга мувофиқ тарзда бу каби кучли зарба берилиши тарихий воқеъа эди.


Имом Ғаззолий шу тарийқа фалсафанинг обрўсини чилпарчин қилдилар. Файласуфлар у кишининг кучли ақли ва далиллари олдида довдираб қолишди ва деярли бирорта эътиборга олса бўладиган раддия ҳам қила олишмади.

(Давоми бор)

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Европа зулматли ўрта асрларrdquoни бошидан кечираётган бир пайтда мелодий йил ҳисоби бўйича 610 санада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар давоми...

2331 12:06 / 22.09.2019
Улар учинчи марта ҳам учрашишди. Черков ўз душманларини кечирмасди. Ломке инквизиция судига берилди. Ўзи нутқ сўзлаган майдонда уни худодан қайтган шаккок давоми...

2488 11:00 / 24.11.2020
Мовароуннаҳр диёридан чиққан Мусо Муҳаммад алХоразмий, Аҳмад алФарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби олимларнинг номлари Ислом давоми...

1742 16:39 / 19.01.2023
Аллоҳ таолога шукр қилиш кучли мўминнинг сифатларидан саналади. Банданинг шукр қилиши ndash унинг бахтлилигидан, ички хотиржамлигидан, кўнглида кири йўқлигидан, давоми...

1317 14:05 / 21 июнь