1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ҳожатсиз бино яхшимас

05:00 / 03.03.2017 2941 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида ўзимни ёмғирдан пана қиладиган ва қуёшдан тўсадиган уйни ўзим қурдим. Бу ишда менга Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бирортаси ёрдам бермади», деди».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Аллоҳга қасамки, Набий алайҳиссалом қабз қилинганларидан бери бир ғиштнинг устига иккинчисини қўйганим ҳам, бирор дона хурмо экканим ҳам йўқ», деди».
Иккисини Бухорий ривоят килган.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тақво йўлини маҳкам тутган саҳобалардан эдилар. У киши бу борада бошқа саҳобалардан ҳам ажралиб турар эдилар. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлик вақтларида ўзларига қурган уйда ўзларидан бошқа одамнинг ишлашини раво кўрмаганлар ва бинони ҳожатни қоплайдиган даражадан оширмаганлар. Набий алайҳиссалом қабз қилинганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қўллари ўзлари учун орзу-ҳавас йўлида бирор иш қилишга бормаган экан.

Абдулло ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Онам билан деворни суваётган эдиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар ва:
«Бу нима, эй Абдуллоҳ?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, шу нарсани тузатмоқдаман», дедим.
«Иш бундан кўра тезроқ», дедилар
».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Биз қамишдан қилинган деворимизни ислоҳ қилаётган эдик олдимиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар ва:
«Бу нима?» дедилар.
«Қамишдан қилинган деворимизни ислоҳ қиляпмиз
», дедик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ишни бундан ҳам кўра тезроқ деб биламан», дедилар».

Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу икки ҳадиси шарифнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур бўлган саҳобалардан эдилар.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сенинг кунларни рўза, тунларни намоз ўқиш ва Қуръонни хатм қилиш билан ўтказишингдан хабарим бор. Умринг узайиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишингдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Менга хабар берилишича, сен тунни бедор ўтказиб, кундузи рўза тутар эмишсан?» дедилар.
Мен: «Албатта, шундай қилурман» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундай қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут, оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл, ухлаб ҳам ёт», дедилар».
Бу икки ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўта тақводорлик хислатларини ҳисобга олиб айтилган бўлса, ажаб эмас.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд қилиб кўтарилган қуббани кўрдилар ва:
«Бу нима?» дедилар.
«Фалончи ансорийники», дейишди.
Бас, у зот индамадилар, аммо ёдларига олиб қўйдилар. Уйнинг эгаси келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берганда у зот юзларини ўгириб олдилар. У зот буни бир неча марта қилдилар. Охири ҳалиги киши ўзига нисбатан ғазаб ва юз ўгириш борлигини билди. У бу ҳолдан ўз асҳобларига шикоят қилди. Бас, унга қубба ҳақида хабар берилди. У қайтиб бориб, уни бузиб, ерга текислаб ташлади. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ердан ўтганларида қуббани кўрмадилар ва у ҳақда сўрадилар. Шунда у зотга:
«Уйнинг эгаси сизнинг ундан юз ўгирганингизни кўриб, қуббани бузиб ташлади», дейишди. Бас, у зот:
«Албатта, ҳар бир бино ўз эгаси учун ҳалокатдир. Илло, лозими, илло, лозими, яъни, лозим бўлгани мустаснодир», дедилар
».
Абу Довуд ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нафақанинг барчаси Аллоҳнинг йўлидадир. Фақатгина бинода хайр йўқдир», дедилар».
Иброҳим ан-Нахаҳий:
«Бинонинг барчаси ҳалокатдир», деди.
«Лозим бўлгани ҳақида нима дейсан?» дейилди унга.
«Ажр ҳам, гуноҳ ҳам йўқ», деди
».
Иккисини Термизий ривоят килган.
Шарҳ: Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳадиси шарифларни келтирганларидан кейин қуйидагиларни айтганлар:
«Бу уларнинг замонларига нисбатандир. Аммо бино қуриш ва уни баланд қилиш унда яшашга, ундан фойда топишга, ҳожат учун ва яхши одамларнинг одатига биноан бўлса, ҳеч гап эмас. Балки бундай ҳолатларнинг кўпида ажр бўлиши ҳам мумкин. Чунки емоқ, ичмоқ, киймоқ ва аҳли аёл учун саъй-ҳаракат қилмоқ каби бошқа мубоҳ нарсаларда шундоқ бўлади. Масжид, мадраса, меҳмонхона ва мискинларга аталган биноларда эса, ажр бўлишида шубҳа йўқ».
Бошқа уламоларимиз ҳам бино ҳақидаги ҳадиси шарифлар маълум шахс ва маконлар учун айтилганини қайта-қайта таъкидлайдилар. Ҳақиқатда ҳам, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бандаларга уйларни неъмат ва оромгоҳ қилганлигини алоҳида таъкидлаб, Наҳл сурасида:
«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди. У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди. Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди», деган.
Уй инсоннинг энг қулай оромгоҳи ҳисобланади. Уйдан бошқа жойда одам оромини йўқотади. Инсон ўз уйидагичалик тинчлана олмайди. Буни ҳар бир инсон, хусусан, уйи йўқ кишилар жуда яхши ҳис этадилар. Шунинг учун ҳам Ислом динида уйга ва унинг осойишта, хотиржамлик макони бўлишига катта эътибор берилган.
«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди».
Ҳар бир уй оромгохдир. Уй мусулмон инсон учун емакхона, омонлик жойи, хотиржамлик маскани ва тинчлик-осойишталик марказидир.
«У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди».
Бу ҳам Аллоҳнинг неъматидир. Агар шундай қилмаганида саҳро ва чўлу биёбонларда яшовчи кўчманчи қабилалар оромгоҳ топа олмай, қийналар эдилар.
«Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди».
Қўйнинг жуни, туянинг юнги ва эчкининг қилида уйга ишлатишдан бошқа ҳам жуда кўп манфаатлар бор. Айниқса, кейинги вақтларда бу матоларнинг қиймати янада ортди, уларга бўлган талаб кучайди. Инсон Аллоҳнинг бу неъматига ҳам шукр қилиши керак. Уларни берган Аллоҳга иймон келтириб, ибодат этиши лозим.

ХУЛОСА

Дунёнинг мазаммати ҳақидаги матнларга алоҳида эътибор бермоқ керак. Бу ерда катта илоҳий ҳикмат бор. Дунёни ва ундаги барча нарсани, жумладан, инсонни ҳам яратган Ҳолиқ уларнинг сир-асрорларини тўла-тўкис билади.
Шунинг учун уларга Ўзи билиб амрлар қилади. Аллоҳ таоло инсонни яратганда уни бу дунёга қизиқадиган қилиб яратган. Агар инсон табиатида бу дунёга қизиқиш бўлмаганида, дунё обод бўлмас эди.
Аллоҳ таоло инсонни бу дунё ва унинг матоҳларига қизиқадиган қилиб яратгани бўйича тек қўйиб қўйганида, у дунёдан бошқа нарсани демай қўяр эди. Шунинг учун дин юбориб, унинг нафсини жиловлаб туришни ҳам йўлга қўйди. Нафс инсонни дунёга тортади, дин эса, уни дунёга қизиқмасликка чорлайди. Оқибатда ўртача ҳолат пайдо бўлади.
Бу улкан ҳақиқатни ва илоҳий ҳикматни қуйидаги оятларнинг тафсирини ўрганиш орқали яна ҳам яхшироқ тушуниб олишимиз мумкин.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:
«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор», деган (14-оят).
«Шаҳват» сўзи одатда «жинсий майл» маъносида ишлатиб келинади. Аслида эса, бу сўз «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгилнинг бирон нарсани тусаши, хоҳлашини англатади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.
«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди».
Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш-истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлирокдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.
Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанд жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.
Сўнгра тўп-тўп тилло ва кумушнинг зикри келмоқда. Мол-дунё шаҳвати, муҳаббати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат молга эга бўлишнигина эмас, балки ана шу моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молни кўпайтиришнинг ўзи кучли ҳирсшаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар молсизлардан кўра кўпроқ бойлик тўплашга уринаётганини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби, у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканлигидадир.
Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Жуда кўп кишилар яхши отга эга бўлишни ўзлари учун обрў деб билганлар. (Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор). Аммо бу ерда умуман, улов маъноси ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлиқ биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаётганига барчамиз гувоҳмиз.
Шунингдек, одамлар орасида туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экинтикинларга ҳам қизиқиш катта бўлиб, уларни ўзлари учун мулк қилишга доимо интилиб келишади.
Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати зийнатланди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, инсон табиатида ушбу рағбатлар бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишга, унинг гўзал ва завқли кечишига хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки, у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.
Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима тушган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам, «Улар дунё ҳаётининг матоҳидир».
Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, шу дунёники.
«Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор».
Бу жой жаннати наъимдир. Унда киши нимани иштаҳа қилса, ўша муҳайёдир.
Шунинг учун охиратни дунёдан устун қўйиш керак. Кофирлар эса, дунё зийнати ортидан тушишади, холос. Ким дунё зийнатига берилган бўлса, уни огоҳлантириш лозим.
Шунинг учун Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида:
«Сен: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт», деган (15-оят).
Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан-да яхши абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан:
«Сен: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?!» деб айт», деб буюрмоқда.
Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмаслигидир.
«Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор».
Бу дунёда экинтикинларга, далаларидан чиқадиган маҳсулотларга рағбат, хоҳиш, иштаҳа қилинган бўлса, у дунёда остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. У ерда истиқомат қилувчи қайси мева ёки маҳсулотни хоҳласа, ўша заҳоти ҳозир бўлади. Агар бу дунёнинг экинтикинлари вақтинчалик бўлса, у дунёники абадийдир:
«Унда абадий қолурлар».
Бу дунёнинг матоҳлари ичида энг иштаҳа уйғотадигани аёллар бўлса, у дунёнинг абадий неъматлари ичида
«Покиза жуфтлар» бор.
Жаннат аҳлларига насиб этадиган бу жуфтлар турли ҳиссий ва маънавий нопокликлардан ҳолидирлар. Уларни Аллоҳ таоло аслида пок қилиб яратган. Уларнинг шу покликларининг ўзи ҳар қанча ҳавасга арзийди.
Бу дунё матоҳлари ичида чиройли отлар, чорва ва тўп-тўп тилло-кумушлар бошқа шаҳватларга етишиш воситаси ҳисобланар эди. Жаннатда эса, воситага ҳожат йўқ. Аҳли жаннат нимани хоҳласа, ўша онда муҳайё бўлади.
Охират неъматлари ичида ҳамма матоҳдан, орзу-ҳавас қилинган барча нарсадан устун турадиган яна бир нарса бор. У ҳам бўлса:
«Аллоҳ томонидан розилик бор».
Аллоҳнинг розилиги бу дунёнинг матоҳию у дунёнинг неъматларини қўшганда ҳам, улардан устун туради.
«Ва Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир».
Уларнинг қандай яратилганликларини, нималарни хоҳлашларини, уларга қандай муомала қилишни Ўзи яхши билади.
Юқорида зикр этилган инсондаги мол-дунёга нисбатан унга қўшиб, Аллоҳ таоло томонидан яратилган табиий майл ва ўша майлни жиловлаб, тўғри йўлга солишга йўналтирилган диний таълимотлар орасидаги мутаносибликни тўғри тушунмаслик оқибатида турли ноқулайликлар юзага келади.
Дунёнинг мазаммати — ёмонланиши ҳақидаги оят ва ҳадиси шарифлардан хабардор бўлган баъзи кишилар дунёдан бутунлай юз ўгириш зарур экан, деган хулосага келганлар. Улар ўзлари учун фойдали бўлган таом, либос ва бошқа нарсалардан ҳам воз кечганлар.
Аслини олганда эса, дунё матоҳларида инсон учун фойдали нарсалар мавжудлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ким дунёдан ўзига фойдалисини шариат кўрсатган ҳалол йўл ила тановул қилса, мадҳга сазовор иш қилган бўлади. Ким дунёдан ўзига керагидан ортиғини олса ва очкўзлик қилса, мазамматга лойиқ иш қилган бўлади. Демак, бу масалада ўртача йўл тутиш матлубдир.
Энг машҳур зоҳидлардан бўлмиш Суфён Саврий вақти келганда яхши таомларни ер ва сафарга чиқса, ўша таомлардан ўзи билан бирга олиб кетар эди.
Бошқа бир улкан зоҳид Иброҳим Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи бўлса, вақти-вақти билан яхши таомларни ер ва: «Агар топсак, эркаклар емагини еймиз. Агар топмасак, эркаклар сабридек сабр қиламиз», дер эди.
Энг муҳими, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромлари барчамиз учун ўрнак бўлишлари лозим. Улар бу масалада ўртача йўл тутганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга икки ҳадис айтдилар. Бирини кўрдим. Иккинчисига интизор бўлиб турибман. У давоми...

3265 05:00 / 03.03.2017
Сўзлаётган пайтда ортиқча ҳаракатлар қилмаслик лозим.Бунга кўз, қош, қўл ва бошқа аъзоларнинг ҳаракати ҳам киради. Суҳбатлашаётганда, суҳбатдошини туртиб, давоми...

8385 11:30 / 11.05.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга отлансалар .Аллоҳумма, анта соҳибу фиссафари вал халифату филаҳл. давоми...

89726 05:00 / 03.03.2017
Исломда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги барча нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, давоми...

2980 05:00 / 06.03.2017