1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Таълим олувчининг одоби тўғрисида

17:04 / 08.11.2020 2013 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

14-боб

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг биринчиси – олган илми билан фойдаланиши ва ўзидан ўрганаётган кишига фойда бериши учун ниятини тўғирлаб олишдир. Агар ниятини тўғирламоқчи бўлса, тўртта нарсани қасд қилиши лозим.

1. Илм олиш билан жоҳилликдан чиқишни ният қилиш. Чунки Аллоҳ таоло:

«Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят), деб айтган.

2. Илми билан халққа фойда келтиришни ният қилиш. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир», деганлар.

3. Таълим олиш билан илмни тирилтиришни ният қилиш. Чунки инсонлар таълим олишни ташлаб қўйса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм кўтарилишидан олдин илмни ўрганинглар», деб айтганларидек, илм кетиб қолади. Илмнинг кўтарилиши кетиб қолишидир.

4. Таълим олиш билан бирга илмга амал қилишни ният этиш, аксини эмас. Чунки илм амал учун асбобдир ва амалсиз асбобни талаб қилиш беҳуда ишдир, худди илмсиз амал бекор бўлганидек.

Айтадиларки, амалсиз илм уволдир, илмсиз амал залолатдир. Таълим олувчи Аллоҳ таолонинг розилигини, охират ҳовлисини талаб қилиши, дунёни истамаслиги лозим. Агар илм билан Аллоҳ таолонинг ризолиги ва охират ҳовлисини талаб қилса, иккаласига ҳам баробар етади, худди Аллоҳ таоло:

«Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун охиратда бирон насиба бўлмас!» (Шуаро сураси, 20-оят) деб айтганидек.

Зайд ибн Собит Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Кимнинг нияти дунё бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишини ажратади ва фақирликни икки кўзи олдига қўйиб қўяди, дунёда унга Аллоҳ таоло тақдир қилган нарсадан бошқаси келмайди. Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишларини жамлаб қўяди, бойлигини қалбида қилади, дунё унга жирканчли ва хор бўлиб келади».

Агар киши ниятини тўғрилашга қодир бўлмаса ҳам, илмни ташлаб қўймасин, шу афзал иш, чунки таълим олаверса, илм унинг ниятини тўғирлаб қўйиши мумкин.

Хабарларда ривоят қилинганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни Аллоҳ таолонинг ризосидан бошқа нарса учун талаб қилса, илм унда ҳосил бўлади ва нияти Аллоҳ таоло учун ва охират ҳовлиси учун бўлгунгача дунёдан ўтмайди», деб айтганлар.

Мужоҳид: «Биз илмни талаб қилдик, лекин, бизнинг ниятимиз кам эди. Сўнг Аллоҳ таоло бизга ниятни ризқ қилиб берди», деб айтадилар.

Агар талаба илм учун сафарга чиқишни хоҳласа, ота-онасининг рухсати билан чиқиши афзал бўлади. Ота-онаси рухсат бермаса ҳам, чиқиб кетаверишида зиён йўқдир, агар улар унинг хизматидан беҳожат бўлсалар.

Таълим олгувчи бирорта фарзни тарк қилиши ёки уни вақтидан кечиктириши дуруст эмас. Илм олиш сабабли бирортага озор бериши ҳам лойиқ бўлмайди. Агар шундай қилса, илмнинг баракаси кетади. Илм олгувчи илмида бахиллик қилиши дуруст эмас. Ундан кимдир китобини ёки масалани тушунишга ёрдам беришини сўраса ёки шунга ўхшаш ҳолатларда илми толиб бахиллик қилмаслиги керак. Чунки у таълим олиш билан келажакда халққа фойда келтиришни қасд қилгандир. Шунинг учун бу ҳолатда фойда беришдан тийилиши унга муносиб эмас.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: «Илмига бахиллик қилган киши учта нарсанинг биттаси билан балоланади ёки ўлиб кетади: илми беҳуда кетади ёки подшо билан мусибатланади ёки ёд олган илмини эсидан чиқаради».

Таълим олувчи илмни ҳурмат қилиши керак, китобни ерга қўйиши, ифлос қўллар билан ушлаши лойиқ эмас, балки таҳорат билан тутиши лозимдир. Таълим олувчи ейиш, ичиш, ухлашдан бўлган насибасини ташлаб ҳам юбормаслиги, шунингдек, ҳашаматли ҳаётни орзу ҳам қилмаслиги керак. У инсонлар билан чиройли муомала қилиши, улар билан аралашиши, қўшилишни камайтириши ва ўзига тегишли бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслиги лозим. Мақолда айтиладики: «Кераксиз нарсалар билан шуғулланган кишидан керакли нарсалари кетади».

Луқмони Ҳакимга: «Ушбу мартабангизга қандай етишдингиз?» дейилганда, «Тўғри сўз, омонатни адо этиш, ўзимга тегишли бўлмаган нарсаларни тарк этиш билан етдим», деди.

Таълим олувчи бардавом дарс қилиши, шериклари билан ёки ёлғиз ўзи масалаларни такрорлаб туриши лозим. Язид Рақоший Анас ибн Моликнинг шундай деганларини ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга бир ҳадисни айтиб, уйларига кириб кетар эдилар. Биз ўзаро такрорлардик, у худди қалбимизда экилгандек бўларди». Бу ҳол Аллоҳ таолонинг:

«(Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушла», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик» (Марям сураси, 12-оят), деган сўзида ҳам зикр қилингандир. Яъни, дарсни тиришқоқлик ва давомийлик билан олишга ундаляпти. Бир масалда, дарсингни маҳкам тут, чунки дарс экин экишдир, деб айтилган эди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Бу илмга нима билан етишдингиз?» деб сўрашганда, «Сўровчи тил, ақлли қалб, малолланмайдиган юрак ва меҳнаткаш қўл билан», деганлар.

Баъзи ривоятларда: «Қийинчиликда ҳам, хурсандчиликда ҳам сабр қилувчи бадан билан», деганлари зикр қилинади.

Шаъбий: «Кимнинг юзи юмшаса, илми юмшайди», дейдилар. Ушбу даражага қандай етгани сўралганда, «Қарғадек барвақт туриш билан, итнинг суйкалишидек суйкалиш билан, мушукнинг тазарруъсидек тазарруъ билан, чўчқанинг очкўзлигидек очкўзлик билан ва эшакнинг сабридек сабр қилиш билан», деган экан.

Таълим олувчи, агар у билан бир инсон ўртасида низо ёки хусумат пайдо бўлиб қолса, мулойимлик ва инсоф билан муомала қилиши лозим. У билан жоҳил кишининг орасида фарқ бўлиши керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мулойимлик қай бир нарсанинг ичига кирса, уни чиройли қилади. Нодонлик қай бир нарсанинг ичига кирса, уни обрўсизлантиради», деганлар.

Таълим олувчи устозини улуғлаши лозим. Устозни ҳурмат қилиш илмга барака беради ва, аксинча, менсимаса, илмдан барака кетади.

Таълим олувчи инсонлар билан яхши муомала қилиши лозим. Чунки инсонларнинг энг яхшиси инсонлар билан яхши муомала қилган, ёмони ишонч ҳосил қилмайдиган кишидир, дейилади.

Ва яна таълим олувчида учта хислат бўлиши лозим, шунда олимнинг сўзидан фойда олади:

1) нафсида тавозеълик;

2) илмга ҳарислик;

3) олимларни ҳурмат қилиш. Шунда тавозеълиги туфайли илм фойда беради, ҳирси билан илмни (олимдан) чиқариб олади ва устозни улуғлаш билан уламоларга боғланади.

«Бўстонул Орифийн» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бусра шаҳри, бу шаҳар Бусра Шомий ҳам деб аталади. Бу табаррук шаҳар Суриянинг Дамашқ шаҳридан 140 км. узоқликда жойлашган. Шаҳар милоддан олдинги 14 асрда ҳукмронлик давоми...

3649 06:41 / 07.08.2018
Аллоҳдан бошқа мудаббир борми Салама ибн Ғаффор айтади .Бир киши Фузайлга шикоят қилган эди, Фузайл унга .Аллоҳ таолодан бошқа кимдир мудаббир Мудаббир Аллоҳ давоми...

1377 07:24 / 30.04.2020
Кечирасиз, жаноб Ньютон Бизни ўзига тортаётган нарса Раҳмоннинг муҳаббатидир.Узр, жаноб Декарт Мен мусулмонман, демак мавжудман.Леонардо да Винчи, маъзур тутасиз, давоми...

5968 11:30 / 02.04.2019
2013 йилда мусулмон дунёсида барчанинг диққатэътиборини ўзига тортган ажойиб бир хабар тарқалди. Ўша йили дунёга таниқли машҳур сураткаш Адел Қурайший ўзининг давоми...

14225 12:00 / 05.12.2018