1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ворисга васият қилиш йўқ

18:03 / 18.08.2020 2266 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ فِي خُطْبَتِهِ عَامَ حَجَّةِ الْوَدَاعِ: إِنَّ اللهَ قَدْ أَعْطَى لِكُلِّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ، فَلَا وَصِيَّةَ لِوَارِثٍ، الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ، وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ، وَمَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ أَوِ انْتَمَى إِلَى غَيْرِ مَوَالِيهِ فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللهِ التَّابِعَةُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ، لَا تُنْفِقُ امْرَأَةٌ مِنْ بَيْتِ زَوْجِهَا إِلَّا بِإِذْنِهِ، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَلَا الطَّعَامَ؟ قَالَ: ذَلِكَ أَفْضَلُ أَمْوَالِنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги хутбаларида:

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берди. Ворисга васият қилиш йўқ. Болага тўшакка қараб нисбат берилади. Зинокорга тош. Ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола. Ким отасидан бошқанинг (насабини) даъво қилса ёки ўз мавлоларидан бошқага мансуб деб билса, унга қиёматгача Аллоҳнинг узилмас лаънати бўлгай. Хотин эрининг уйидан унинг изнисиз нафақа қилмас», деяётганларини эшитдим.

«Эй Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» де­йилди.

«У энг афзал молимиз-ку», дедилар у зот».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Шарҳ: Видолашув ҳажи пайтига келиб, Ислом дийни аҳкомлари мукаммаллашиб бўлган эди. Шунинг учун ҳам ўша ҳаж видолашув ҳажи бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умри шарифлари охирлашиб қолганининг аломати бўлган.

Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбаларидан келтирилаётган иқтибосда ҳам Ислом ҳукмларининг мукаммаллашганига ишора бор.

У зотнинг «Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берди», деганлари шуни кўрсатади.

Жумладан, мерос масаласида ҳам Аллоҳ таоло мерос оятларида ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берган.

Шунинг учун ҳам ворисга васият қилиш йўқ. Яъни меросхўрга васият қилиш йўқ. У Аллоҳ таоло бўлиб берган насибасини олади.

Маълумки, Исломнинг дастлабки даврида меросни бўлиш мерос қолдирувчининг васиятига биноан амалга оширилар эди. У ўлимидан олдин «Молимнинг бунчаси отамга, бунчаси боламга, у қисми фалончи қариндошимга, бу қисми пистончига берилсин», деб васият қилар ва мерос ўша васиятга биноан тақсимланар эди.

Энди эса Аллоҳ таолонинг Ўзи меросни меросхўрларга тақсимлаб қўйди, фақат ўша тақсимгагина амал қилинади. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмайди. Жумладан, мерос қолдирувчи ҳам. У «Фалончи меросхўримга бунча мерос берилсин, пистончи меросхўримга бунча мерос берилсин», ҳам дея олмайди.

Ушбу ҳадисдаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Болага тўшакка қараб нисбат берилади», деганлари «Аёл кимнинг никоҳида бўлса, кимнинг тўшагида бўлса, бола ўша одамнинг боласи ҳисобланади», деганларидир.

Бу ҳолат баъзи одамлар «Фалончи менинг болам», деб даъво қилиб қолган пайтда содир бўлади. Мисол учун, бир одам «Фалон аёлнинг туққан боласи мендан бўлган», деб даъво қилиб қолди. Аёл эса инкор қилмоқда. Унинг шаръий никоҳидаги эри ҳам «Бола ўзимники», демоқда. Бу ҳолда даъвогар ноҳақ ҳисобланади. У оила кўрган киши бўлса, ўзининг зино қилганлигини эътироф қилган одам сифатида тошбўрон қилинади. Ҳадисдаги «Зинокорга тош», дейилгани шуни билдиради.

Шариатда зоҳирий ҳолатга қараб ҳукм чиқарилаверади. Ҳақиқий ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола. Ҳақиқий ҳукмни Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёматда чиқаради. Ким ёлғон гапирган бўлса, қилганига яраша азоб тортади.

Қасддан бировнинг насабига қўшилиш Исломда қаттиқ қораланади. Бу ўзидан бўлмаган болани «Меники» дейиш ўзининг отаси бўлмаган одамни «Менинг отам», бегона қабилани «Менинг қабилам» дейиш билан баробардир.

Чунки бу ҳолларда кўпгина ношаръий ишлар содир бўлади, ҳақ-ҳуқуқлар поймол этилади. Бегона одам ёлғон даъво билан маҳрам ҳолига кириб олиши, мўмина-муслималар билан ношаръий ҳолатларда бўлиши, мерос олиши ва бошқаларнинг меросдаги насибаларини бузиб юбориши мумкин.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда ундай одамга Аллоҳ таолонинг лаънати узилмай етиб туришини таъкидлаб айтмоқдалар. Қиёматда эса қилганига яраша жазосини олади.

Шу билан бирга, бу ҳадисда мўмина-муслима аёл эрининг уйидан унинг изнисиз нафақа қилиши жоиз эмаслиги ҳам таъкидланмоқда.

Одамларнинг «Аёл киши таомни ҳам эрининг изни билан бериши керакми?» деган саволларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа» деган жавобни бердилар.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, оиладаги кўпгина келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар ушбу набавий амрга амал қилмаслик оқибатида келиб чиқади.

Аёллар эрларидан сўрамай, ўзларига яқин ёки маъқул бўлган кишиларга уйдаги нарсаларни бериб юборадилар. Эр буни билганидан кейин аччиғи чиқади. Ҳеч бўлмаганда, сўрамай бериб юборгани оғир ботади ва оқибатда оилада ноқулай ҳолат вужудга келади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақийда бўйича Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намояндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзларига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида давоми...

4305 13:16 / 23.01.2020
биринчи мақола . .Уни вожиб қилувчиси ажралиб чиқаётганда отилиб, шаҳват билан келадиган манийни тушириш, закарнинг боши олд ёки орқа фарж ичига давоми...

5476 13:00 / 27.08.2020
Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан инфоқ қилинглар,, деган 267оят. . .Мужоҳид .Ушбу оят тижорат давоми...

510 19:00 / 10 октябрь
. , . ,. . Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида давоми...

3203 18:00 / 24.06.2021