1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Аста-секин ҳақиқатлар юзага чиқмоқда

09:30 / 27.08.2021 2022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир илмий ҳаракатни ривожлантиришда, уни илм толибларига етказишда ва ниҳоят ўша илмий ҳаракат самарасини келажак авлодга қолдириб кетишда китоблар муҳим ўрин тутади. Мусулмонлар улкан цивилизация соҳиблари сифатида мана шу ишга алоҳида эътибор берганлар. Улар илмнинг турли соҳаларида бўлгани каби тиб соҳасида қилган кашфиётларини ҳам китобларда ёзиб қолдирганлар. 

Мана минг йил ва ундан кўп вақт ўтса ҳам, уларнинг қилган кашфиётларини ғарбликлар, хусусан, овруполиклар ўзлариники қилиб олиб мақтаниб юрган бўлсалар ҳам аста-секин ҳақиқат юзага чиқмоқда. Қадимги қўлёзмалар ўрганилиб, ким нима қилгани аён бўлмоқда.

Мусулмон олимлар тиб соҳасида улкан инқилоб қилишиб, тибни ҳақиқий илмга айлантиришиб, уни тартибга солгунларича китоб соҳасида кўп ишларни қилганлар. Аввало, улар ўзларидан олдин ўтганларнинг у соҳадаги китобларини ўрганиб чиққанлар. Уларнинг китобларида ҳеч бир қониқарли нарса топмаганларидан кейин ўзлари ажойиб китоблар ёзишга киришган.

Бу ҳақда султон Азудуд Давланинг табиби Али ибн Аббос қуйидагиларни ёзади:

«Мен қадимгиларнинг китоблари ичида бирорта комил ва тиб ўрганиш учун зарур бўлган нарсаларни ўз ичига олган китобни топмадим. Буқрот мухтасар ёзади. Унинг таъбирларининг кўпи ноаниқ, изоҳга муҳтож. Шунингдек, Жолунус бир неча китоблар ёзган. Унинг китоблари тиб илмининг фақат битта қисми ҳақида сўз юритади, холос. Аммо унинг муаллафотлари чўзилиб кетган, кўп такрорли. Унинг китоблари ичида бирорта ҳам ўрганишга лойиқ китоб топмадим».

Худди ушбу тушунча ўша вақтдаги ҳар бир мусулмон табибнинг онгида бор эди. Шунинг учун улар эски китобларни бир томонга йиғиштириб қўйиб ўзлари талабга жавоб берадиган китоблар таълиф қилишга киришиб кетдилар. 

Натижада инсоният тарихида мисли кўрилмаган буюк натижага эришилди. Тибнинг барча соҳасида, умуман тиб соҳасида ёки тиб илмини бутунлай қамраб олган сон-саноқсиз юқори савиядаги китоблар битилди. Уларнинг ичида мухтасар, қомусий ва шарҳ китоблар бор эди. Улар турли тоифаларга ва мақсадларга бағишланган эди.

Мусулмонларнинг китоблари талабга жавоб берганидан оврупаликлар ўзларининг ғафлат уйқусидан уйғонганларида бу китобларнинг битилганига бир неча юз йил ўтган бўлса ҳам уларга маҳкам ёпишдилар ва яна бир неча юз йил ўша китобларни ўзларига дарслик қилиб юрдилар.

Бу борада улуғ ватандошимиз, бутун дунё мусулмонларининг фахри, шайхур раис Ибн Сино биринчилардан туради. Бутун ғарбнинг тиббий саводи Ибн Синонинг китоблари орқали чиққан десак муболаға қилмаган бўламиз. Ғарбликлар тиб соҳасида бирор муваффақиятга эришсалар, ўшанинг учун Ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳнинг олдида қарздор эканликларини яхши биладилар. Ўша вақтларда ўзларининг тибда пешқадам бўлганларини «Ибн Сино» деб аташар экан. Ибн Синони «Авесина» шаклида айтишлари ҳаммага маълум. Худди шу талаффуздан медисина истилоҳи келиб чиққани ҳам ҳаммага маълум.

Ғарбликларнинг ўзлари эътироф қилишларича, Ибн Сино уларга етти юз йил давомида устозлик қилган. Унинг китоблари ғарб тилларга таржима қилинган биринчи китоблардан ҳисобланади. Хусусан, «Ал-қонун фит тиб» китоби кенг шуҳрат топган эди.

«Ал-қонун фит тиб» Оврупода биринчи марта Милан шаҳрида 1473 йили феврал ойида чиқди. Икки йилдан сўнг иккинчи марта нашр қилинди. Кейин учинчи марта чоп этилди. 1500 йилга келиб Оврупода ўн олти марта чоп этилган эди.

Жолунуснинг китоби эса бир марта чоп этилган бўйича қайта чоп этилмади.

Кейинги асрда эса «Ал-қонун фит тиб» йигирма марта чоп қилинди. Шундоқ қилиб бир нашрдан кейин иккинчиси келиши ўн еттинчи асрнинг яримигача давом этди. Шундай қилиб Ибн Синонинг китоби дунёда илм толиблари энг кўп ўқиган китоб бўлиб қолди.

Ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида ҳар қанча гапирса, ёзса шунча оз. Ушбу жойда ҳам кўп нарсани қасддан айтмай кетмоқдамиз. Аввало бу китобнинг мақсади бошқа.

Қолаверса, Ибн Сино ҳақида кўп ёзилган. Аммо бу борада баъзи нарсаларни таъкидлаб ўтмоқ лозим. Илгари Ибн Сино ва бошқа алломаларимиз ва уларнинг илмий мерослари ҳақида худосизлик нуқтаи назаридан ёзилган эди. Уларнинг ҳаётлари ва ижодларини ҳам ўша мафкурага мослаганлар.

Иккинчи мулоҳаза, коммунистлар ўтган алломаларимиздан ҳар соҳадан бир кишини танлаб олиб, ўзларига мослаштириб ёзганлар. Худди бир одамгина илмга эга бўлгану бошқалар ҳеч нарсани билмаганга ўхшаб қолишига уларнинг калта фаҳмлари етмаган.

Машҳур алломаларнинг етишиб чиқиши учун етарли муҳит бўлиши шартлиги, уларга таълим берадиган устозлар лозимлиги, улар ўқиб ўрганадиган китоблар зарурлиги, улар мусобақалашадиган шериклар кераклиги сир эмас.

Ибн Сино ва у кишига ўхшаш алломаларимиз худди биз ҳозир таъриф қилаётган муҳитда етишиб чиққанлар. Шунинг учун ҳар нарсани ўз номи билан аташ кераклиги нуқтаи назаридан юртимиздан чиққан алломаларимиз ҳаётини ва улар етишган муҳитни мусулмончасига ўрганишимиз елкамизга ортилган улкан масъулиятдир.

Мусулмонларнинг тиб соҳасида ёзган китоблари ҳақида сўз юрита туриб яна Зигрид Хунке хонимнинг «Аллоҳнинг қуёши Оврупони ёритур» китобидан қуйидагиларни ўқиймиз:

«Олти юз йил илгари Парижнинг тиб кулияси дунёдаги энг кичик кутубхонага эга эди. Унда биргина китоб бор эди. Бу улуғ мусулмон одам ёзган китоб эди.

Бу асар улкан қийматга эга эди. Бунинг далили шулки, масиҳийларнинг машҳур подшоҳи Луюс ўн биринчи ундан нусха кўчириб олиш учун вақтинчалик олиб туриш эвазига ўн икки марк кумуш ва юз талер соф олтин берган эди. У бу китобдан унинг табиблари уни ва оила аъзоларини даволашда фойдаланишларини хоҳлаб шундоқ қилган эди.

Бу улуғ асар иғриқлар давридан тортиб то 925 йилгача бўлган барча тиббий маърифатларни ўз ичига олган эди. У ўша тарихдан бошлаб яна тўрт юз йил давомида Оврупода асосий китоблардан бири бўлиб қолди.

Парижликлар бу улуғ хазинанинг, унинг соҳибининг ва умуман тибнинг ўзларидаги ҳақини эътироф қилдилар. Ўзларининг тиб мадрасаларида унга ҳайкал ўрнатдилар. Бошқа бир катта хонага унинг сувратини осдилар. Бу одам Розий эди» (343—344-бетлар).

Ҳа, улуғ мусулмон табиб Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розий ана шундоқ буюк олим эди. Унинг «ал-Мансурий», «ал-Ҳовий», «Буръус соъа» ва «Тиббул фуқаро» каби 230 та китоби чиққан.

Фақатгина «Тиббул фуқаро» китобининг ўзи Оврупода 1498—1866 йиллар орасида қирқ марта нашр қилинган экан.

Оврупо тилларига таржима қилиниб шуҳрат топган тиббий китобларимиздан баъзиларини эслатиб ўтишга ижозат бергайсиз:

«Ал-Куллиёт» (Ибн Рушд), «Эсоғучи» (Ҳунайн ибн Исҳоқ), «Ал-Китоб ал-Малакий» (Али ибн Аббос), «Зодул мусофир» (Ибн ал-Жаззор), «Тақвиймул Абдон» (Ибн Жазла), «Ат-тасрийф лиман ажаза анит таълийф» (Абул Қосим аз-Заҳровий), «Ат-тайсир фил мудовоти ват-Тадбийр» (Ибн аз-Заҳр) ва бошқалар.

Ислом оламида табиблар ва улар томонидан ёзилган китоблар ҳаддан ташқари кўплигидан баъзи олимларимиз машҳур табиблар ҳамда уларнинг илмий асарлари ҳақида маълумотларни қамраб олган қомусий асарлар ҳам битганлар. 

Ибн Абу Усайбиъа (м.с. 1202–1270) ўзининг «Уйюнул анбаа фии тобақати атиббаа» (Табиблар табақалари ҳақида хабарлар булоғи) номли китобида 399 та табибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар келтирган.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Профессор Чарльз Барнет шундай дейди .Қўлимиздаги рисоланинг лотинча номи .Де тем корум рационе,. Уни .Вақтни ҳисоблаш ҳақида, деб таржима қилиш мумкин. Бу рисолада давоми...

2020 09:14 / 30.12.2023
Қуёш ер юзига маълум бир ўлчовдаги иссиқликни юбориб туради. Агар ўша ўлчов бузилиб, миқдор салгина озайса, ер юзи музлаб қолади, кўпайса, куйиб кетади. Хўш, бу давоми...

1634 11:16 / 03 июль
Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва давоми...

2646 11:00 / 10.12.2020
Европа тилларидаги фр. Renaissance, итал. Rinascimento сўзининг маъноси қайта тирилиш ва уйғониш маъноларини англатади. Европаликлар ўзларининг бузуқ динга асосланган давоми...

1895 14:40 / 16.12.2023