1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ораларингиздаги никоҳсизларни никоҳлаб қўйинг! (ўнинчи мақола)

17:05 / 22.07.2020 3102 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имконияти бўла туриб уйланмай ёки турмушга чиқишни рад этиб юриш инсонни зинога олиб бориши мумкин бўлган йўллардандир. Бу ишга баъзи ҳолларда ота-оналар тарафидан ҳам рағбат қилинади. Бунга сабаб қилиб улар: «Болам ёшлигида ўйнаб қолсин», дейдилар ёки шунга ўхшаш баҳоналарни айтадилар. Ёшлар ҳам «ёшлик қайтиб келмайди, кейин эслаб юраман» қабилидаги гапларни гапирадилар. Исломда эса никоҳ ёшига етган ёшлар имконият бўлиши билан никоҳланишлари мақталган ишлардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир. Никоҳ (имкони)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар» (Нур сураси, 32-33-оятлар).

Демак, никоҳлаш ва никоҳланиш катталар ва ёшларнинг бурчидир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса уйлансин. Албатта, уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта рўза тутиш у учун бичилишдир» дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «уйланишга имкони бўлса» деганлари ҳар тарафлама, яъни жисмоний, моддий, маънавий-руҳий тарафлама тайёр бўлиши тушунилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир» деганларидан никоҳдан ўтганлар никоҳдан ўтмаганлардан кўра фаҳшга кўпроқ йўлиқишлари мумкин эканлигини билдирмоқда. Фаҳшнинг энг каттаси эса зинодир.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: «Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир қилинганда, эрсиз аёлнинг ўз тенги топилганда» деб айтдилар.

Термизий ривояти.

Намоз вақтида ўқилиши фарз, маййитни иложи борича тезроқ кўмиш шарт. Ушбу зарурий, кечиктириб бўлмайдиган ишлар орасида аёлнинг ўз тенги чиқиб турганида узатиш ҳам санаб ўтилиши бу ишнинг ўта муҳим, кечиктириб бўлмайдиган иш эканлигига далолат қилади.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ суннатимдир, ким суннатимдан юз бурса мендан эмасдир» деб марҳамат қилганлар

Имом Бухорий ривояти.

Энди имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:

- Исломда никоҳ суннати муаккада амаллардандир, яъни бажарилиши таъкидланган суннатдир. Аммо, никоҳланишнинг ҳукми ҳолатга қараб фарз, суннат, макруҳ ва ҳаромга ўзгариб туради.

- Зино ва фаҳш ишлардан ўзини тўхта олмаслигига кўзи етган никоҳланмаган инсон учун уйланиш ёки турмушга чиқиш фарз бўлади. Шундай ҳолатда ҳам уйланмай ёки турмушга чиқмай юрса ҳаром ишни қилган бўлиб, қаттиқ гуноҳкор бўлади.

- Эрлик вазифасини ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслигини билган инсонга уйланиш ёки турмушга чиқиш ҳаром бўлади. «Эрлик ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслик» дейилганда қуйидагилар тушунилади:

1. Жинсий ожиз бўлган ҳолда билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.

2. Жинсий ёки бошқа хавфли юқумли касали бўла туриб билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.

3. Руҳий ҳасталиги ёки руҳий камчилиги сабабли турмуш ўртоғига жисмоний, моддий ва маънавий-руҳий зарар келтириши мумкин бўлганда оила қуриш.

4. Никоҳланаётганлардан бири никоҳга рози бўлмаган ҳолда, мажбурланаётгани учун оила қураётганини билган иккинчи тараф учун оила қуриш ҳам ҳаром бўлади. Исломда мажбурлаб никоҳлаш йўқ.

5. Жинсини ўзгартирган одамга никоҳланиш мутлақо жоиз эмас.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Ўзгаларнинг айблари ортидан жосуслик қилиб юрманглар...,, деган Ҳужурот сураси, 12оят.Яъни, бир киши бошқа бир биродарининг айбини қидирмасин. давоми...

2641 15:10 / 05.06.2019
Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқаларнинг яна бир кўриниши ўзаро никоҳланиши ҳаром бўлганларнинг никоҳланишидир.Аллоҳ таоло эркак учун никоҳланиш ҳаром бўлган давоми...

4231 15:02 / 30.08.2020
Аллоҳ таоло марҳамат қилади. Эй Муҳаммад, яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчию, гап ташувчи чақимчи кимсага итоат этманг, Қалам сураси, 10ndash11оятлар.Расулуллоҳ давоми...

5746 16:08 / 12.03.2019
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар .Дарҳақиқат, кўзлар зино қилади, уларнинг давоми...

2336 16:24 / 21.12.2023
Аудиолар

210834 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130097 14:35 / 11.08.2021