1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазоннинг 41 фазилати (ўн саккизинчи мақола)

15:01 / 19.05.2020 1121 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

41. Рамазон ҳайити. Рамазонни эсон-омон, ибодат ва мислсиз ажру савобларга эга бўлиб ўтказганликни нишонлаш ва бунинг учун шукрона келтириш маъносида Ислом шариатида Рамазондан кейинги ой – шаввол ойининг биринчи куни мусулмонлар учун байрам қилиб берилган. Ҳайит кунининг барча фазилатлари бевосита Рамазоннинг шарофати саналади.

Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойи фазилатлари ҳақида гапира туриб, жумладан қуйидагиларни айтганларини эшитган эканлар: «Фитр кечаси бўлганда бу кеча «Мукофот кечаси» деб номланади. Фитр куни бўлганда Аллоҳ азза важалла фаришталарни шаҳарларга юборади, улар ерга тушадилар ва кўчаларнинг оғзида туриб олиб, инсон ва жиндан бошқа барча Аллоҳ азза важалла яратган нарсалар эшитадиган овозда нидо қилиб: «Эй уммати Муҳаммад, кўп савоб берадиган ва катта гуноҳларни мағфират қиладиган карамли Роббингиз томон чиқинг», дейдилар. Қачонки улар намозгоҳларига чиққанларида, Аллоҳ азза важалла: «Эй фаришталарим, ижарага ёлланган кишининг ишини бажаргандаги мукофоти нимадир?», дейди. Улар: «Илоҳимиз, Хожамиз, унинг мукофоти ҳақини тўлиқ берилишидир», дейдилар. Шунда Аллоҳ: «Мен сизларни гувоҳ қиламанки, эй фаришталарим, албатта Мен уларнинг Рамазон ойининг рўзасини тутганлари ва кечаларини қойим қилганлари савобини Ўзимнинг розилигим ва мағфиратим қилдим», дейди».

Бошқа бир ривоятда келишича, мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини адо этиб, намозгоҳга чиққанларида, Аллоҳ таоло: «Эй фаришталарим, ҳар бир ишчи ўз ҳақини талаб қилади, мен уларни мағфират қилдим», дейди. Шунда бир нидо қилувчи: «Эй уммати Муҳаммад, манзилларингизга қайтинглар, батаҳқиқ, гуноҳларингиз ҳасанотларга алиштирилди», деб нидо қилади. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бандаларим, Менинг учун рўза туттинглар, Менинг учун оғиз очдинглар, бас, мағфират қилинган ҳолда ўринларингиздан туринглар», дейди.

Шуни яна бир бор алоҳида таъкидлаш лозимки, бу айтганларимиз Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида биз билган, ёдимизга тушган маълумотлар, холос. Унинг яна кўплаб бошқа яхшиликлари, хусусиятлари, баракалари бор, албатта.

Азиз ўқувчи! Рамазонни ғанимат билинг! Ҳар галги Рамазонни ўзингиз учун сўнги фурсат деб қаранг! Кимнинг ажали қачон, ҳеч ким билмайди. Агар насиб бўлиб, кейинги Рамазонга етсангиз, хайр, бўлмаса, сиз фурсатдан унумли фойдаланиб қолган бўласиз, надомат чекмайсиз.

Афсуски, кўплаб кишилар шундай улуғ ойнинг қадрига етмайдилар, уни ғанимат билмайдилар. Қанчадан қанча одамлар бу ойнинг кечаларини уйқида, ғафлатда ўтказади! Қанчадан қанча одамлар ибодат ўрнига турли сериал ва беҳуда лағв нарсалар билан банд бўлишади! Қанчадан қанча одамлар бу ойда турли баҳоналар билан рўза тутмай, бемалол кундузида ҳам овқатланиб юраверади! Яна кимлардир рўза тутса ҳам гуноҳлар билан овора, ғийбат ва ёлғонини ташламаган! Қанчадан қанча инсонлар иймони бўлмагани учун бу ойда рўза тутиш фазилатидан умуман маҳрум!

Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддисларимиз Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган қуйидаги ҳадис барчамизни хушёр тортишга ундайди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Кейинг иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омин», дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: «Нимага «Омин» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот дедилар:

«Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга соловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим».

«Бурни ерга ишқалсин», деган сўз арабларда «хор бўлсин, юзтубан бўлсин» деган маънода ишлатилади.

Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган, унда гуноҳлардан фориғ бўла олмаган кишининг ҳолига вой экан. Чунки Аллоҳ таолонинг энг муқарраб фариштаси шундай деб дуо қилган экан ва бу дуога Роббул оламийннинг энг суюкли Расули, охир замон Пайғамбари «Омин» деган экан. Бундай дуонинг ижобат бўлишида шубҳа бўлиши мумкин эмас. Мана шу ҳақиқатларни доимо ёдда тутишимиз лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Рамазон ойидан унумли фойдаланиш учун алоҳида тайёргарлик кўриш керак, бир қанча одобларга риоя этиш лозим. Жумладан:

а) Рамазон билан табриклаш, унга етишгани учун шукр қилиш, хурсандчилик изҳор этиш;

б) Рамазон кирганини хонадон аҳлига, хусусан ёш гўдакларга билдириш, сездириш. Бу уларга махсус Рамазон туҳфалари улашиш, саҳарлик-ифторликларга алоҳида эътибор бериш, оиланинг нафақасини одатдагидан кенг қилиш каби ишлар билан рўёбга чиқади;

в) Йиллик дам олиш ойлигини, ҳеч бўлмаса, бир қисмини Рамазон ойига тўғрилаш;

г) Кундалик юмушлар, тирикчилик ишларини бироз енгиллатиш. Бу рўзани қийналмай тутишга, кечалари хатми Қуръонларда иштирок этишга ёрдам беради.

д) Қуръон тиловати ва таълимига алоҳида эътибор бериш. Имкони бўлса, ўзи ўқиб, ҳеч бўлмаса, тинглаб Қуръонни бир бора хатм қилиш.

Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда юртимизда хатми Қуръон бўлмоқда. Қориларимиз намозда туриб Қуръонни ўқиб беришмоқда. Бу фақат хайру баракадир. Бундан унумли фойдаланишга ҳар бир мусулмон шахс масъулдир. Йилнинг бошқа ойида бу имконият топилмайди. Янаги йилга ким бор, ким йўқ;

е) Рамазон ойидан шахсий ва оилавий таълим-тарбия, руҳий-ахлоқий покланиш учун унумли фойдаланиш. Турли гина-адоватларни унутиш, шайтонларнинг боғлиқ турганидан фойдаланиб қолиш лозим.

ё) Рамазондан чиқишда маҳзун бўлиш ҳам ушбу ойга нисбатан бўладиган одоблардан саналишини ҳам унутмаслик даркор.

Аллоҳ таолодан бу йилги Рамазон ойини ҳам барча Ислом юртлари қатори азиз ва жаннатмакон диёримиз учун ҳам хайрли, баракали қилишини, жонажон халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Мавзуга оид мақолалар
Мен чўл кемасиман. Чўлдан ҳеч бир қийинчиликсиз ва ташна бўлмай юриб ўтаман. Узоқ масофаларни ҳам малол келмасдан босиб ўтишга қодирман.Мен Маккада яшардим. Ўша давоми...

2649 11:00 / 29.11.2020
Фақат Рамазончи бўлишдан эҳтиёт бўлингИнсонларни ибодатдаги аҳволини кузатган инсон уларнинг кўпчилигини Рамазон вақтида ибодатга қаттиқ берилганини ва давоми...

1904 10:30 / 22.05.2021
Бир киши Муовиянинг эшигига келиб, унинг хизматкорига .Муовияга айт, туғишган акаси келди,, деди. Хизматкор .Халифанинг сендақа акаси йўқ,, деяётган эди, Муовия буни давоми...

1657 08:00 / 10.11.2020
WBA Халқаро бокс федерацияси президенти Эд Лассман бундай деган эди .Клэй бокс оламига катта зиён етказди... ва болаларга ёмон намуна бўлди,. У Алини чемпионлик давоми...

2492 12:00 / 04.04.2021
Аудиолар

131589 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52066 14:35 / 11.08.2021