Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (86-дарс). Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши

13:20 / 19.05.2020 4838 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Иккинчи қисм

Тиловат (лафз) насх бўлиб, ҳукмнинг боқий қолиши.

Бошқача қилиб айтилганда, Қуръони Каримдан бир оят нозил бўлади. У тиловат ҳам қилинади. Унга амал ҳам қилинади. Бир муддатдан кейин ўша оятнинг тиловати насх қилинади. Яъни Қуръони Каримда у оят қолмайди. Аммо унинг ҳукмига амал қилиш давом этаверади.

Бу қисмнинг борлигини даъво қиладиган тарафлар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб келтирадилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб: «Албатта, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ ила юборди ва у зотга Китобни нозил қилди. У зотга нозил қилинган нарсалар ичида ражм (тошбўрон) ояти ҳам бор эди. Биз уни қироат қилдик, ўзимизга сингдирдик ва англадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тошбўрон қилдилар ва биз ҳам у кишидан сўнг тошбўрон қилдик. Мен замон ўтиши билан баъзи одамларнинг, Аллоҳнинг Китобида ражмни кўрмаяпмиз, деб Аллоҳ нозил қилган фарз амални тарк этиб, залолатга кетишларидан қўрқаман. Эркак ва аёлларнинг оила кўрганларидан зино қилганларига ҳужжат ва далил қоим бўлса, ҳомила бўлса ёки эътироф қилса, тошбўрон қилиш Аллоҳнинг Китобидаги ҳақдир», деди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф турли шаръий илмлар уламолари орасида кўплаб баҳс ва тортишувларга сабаб бўлгандир. Бу ҳадисга нафақат муҳаддис ва фақиҳлар, балки усули фиқҳ ва улуми Қуръон мутахассислари ҳам қайта-қайта мурожаат қилганлар.

Кўпчилик ҳадиснинг сиртини эътиборга олиб, «Бир вақтлар зинокорни тошбўрон қилиш ҳақида оят тушган. У оят тиловат ҳам қилинган, унга амал ҳам қилинган. Сўнгра мазкур оятнинг тиловати насх қилинган. Яъни Қуръон оятларининг орасидан чиқарилган, Қуръон сифатида тиловат қилинмай қўйган. Аммо унга амал қилиш боқий қолган», дейдилар. «Ўша оят қайси оят эди?» деган саволга: «Қари чол ва қари кампир зино қилсалар, икковларини албатта тошбўрон қилинглар. Бу Аллоҳнинг азобидир. Аллоҳ ўта иззатли, ўта ҳикматлидир» деган оят эди», дейдилар. Аммо ушбу ҳадиси шарифни ва бу масалага тегишли бошқа маълумотларни синчковлик билан чуқур ўрганган улуми Қуръон мутахассислари бошқача фикр айтадилар.

«Тошбўрон ояти» деб номланган бу оят ҳақида ушбу ҳадисдан бошқа ривоят йўқ. Битта ҳадис билан Қуръонда у бор эди, бу бор эди, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бир эмас, бир қанча ҳадис бўлса ҳам, Қуръоннинг кучига эга бўла олмайди. Бунинг устига, агар ушбу гапни қабул қиладиган бўлсак, Қуръон оятларидан баъзилари чиқариб ташланган, деган нотўғри фикр вужудга келади.

«Тошбўрон ояти» деб айтилаётган нарсада қари чол ва қари кампир ҳақида сўз кетмоқда, шариат ҳукмига биноан эса оила кўрган зинокорларнинг ҳаммаси – ёшу қариси тошбўрон қилинади. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларини ўша замоннинг истилоҳлари ва тасаввурларидан келиб чиқиб тушунмоқ керак.

Жумҳур мусулмонлар оила кўрган зинокорларни тошбўрон қилиш Қуръон билан эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган ҳукм эканига қадимдан иттифоқ қилиб келаётганлари маълум ва машҳур. Шу билан бирга, баъзи вақтларда Аллоҳнинг Китоби деганда, Қуръонга қўшиб, суннат – ҳадис ҳам тушунилиши ҳаммага маълум. Чунки оят ҳам, суннат ҳам ваҳийдир.

Ушбу ҳадисда ҳам, мардикор йигит ҳақидаги машҳур ҳадисда ҳам бунга мисол бор. Ўша ҳадисда мардикор йигит билан зино қилган хотиннинг эри ҳам, йигитнинг отаси ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг орамизда Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм қилинг», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга: «Албатта, ўртангизда Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм қиламан, деб туриб «Ўғлингга юз дарра ва бир йил сургун. Эй Унайс, манавининг хотинининг олдига бор. Агар эътироф этса, уни тошбўрон қилгин», дедилар.

Ушбу жумладаги ҳукмлар ичидаги турмуш кўрмаган зинокорни юз дарра уриш ҳукми Қуръони Каримда бор. Аммо бир йил сургун ва тошбўрон қилиш Қуръони Каримда зикр қилинмаган. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм қиламан», демоқдалар.

Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам турмуш кўрган зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми аҳамиятли эканини таъкидлаш учун юқорида келтирилган ривоятдаги оҳангда гапирган бўлишлари мумкин. Бу истилоҳ ва маъноларни ҳамма тушунган бўлганидан ҳеч ким у кишига эътироз билдирмаган. Шунинг учун бу ривоятни саҳобалар истилоҳидаги маълум иборалар билан айтилган гап деб тушунсак, тўғри бўлади.

Қуръон Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нозил бўлган ваҳий, лекин лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳникидир. Суннат, айниқса шариат ҳукмларини баён этувчи суннат ҳам Аллоҳнинг ваҳийси. Лекин суннатнинг маъноси Аллоҳдан, лафзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдандир.

Бунинг устига, юқоридаги оят деб аталаётган жумла фақат имом Молик ва имом Насаийларнинг ривоятларидагина учрайди. Бошқа ривоятларда ушбу жумла йўқ. Шунинг учун уламолар бу гапни ваҳм – асоссиз бўлса керак, дейишади. Айниқса имом Бухорийнинг айнан шу жойни ташлаб кетиши бу гапнинг тўғрилигига кучли далил бўлади. Шу билан бирга, мазкур жумлани оят деганларнинг бирортаси ўша даъво қилинаётган «оят» қайси сурада бўлганини айта олмайдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръонни Қуръон насх қилишининг биринчи ва иккинчи қисмлари қуруқ гап даражасидан нарига ўта олмайдиган қисмлар бўлиб чиқади.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламолар мусҳаф расмининг сақланишидаги бир қанча фойдаларни ҳам зикр қилганлар.1.Юқорида зикр қилинган хатар ва зарарлардан омонда бўлиш.2.Ислом умматининг давоми...

2644 13:00 / 20.11.2021
биринчи мақолаЗамон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан Қуръони Каримни ўқишда муаммо ҳам давоми...

4490 15:50 / 25.02.2020
Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан бири уни яратиб, ўз ҳолига қўйиб қўймаганидир. Балки яратиш билан бирга, уни икки дунёда саодатманд қилишни ҳам давоми...

5202 16:00 / 12.07.2019
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

4108 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

135078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55354 14:35 / 11.08.2021