1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

85-боб. Ходимни афв қилиш

11:00 / 02.05.2020 1747 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Умомадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан икки қулни олиб келдилар. Улардан бирини Али салавотуллоҳи алайҳига совға қилдилар. Сўнг:

«Уни урмагин, намоз ўқийдиган одамларни уришдан қайтарилганман. Келганимиздан бери бунинг намоз ўқиётганини кўрдим», дедилар.

Ул зот Абу Заррга бир ғуломни бердилар ва:

«Унга яхшилик қил», дедилар.

Шунда уни озод қилиб юборди.

Кейинроқ:

«Унга нима бўлди?» дедилар.

«Ўзингиз унга яхшилик қилишимни амр қилган эдингиз, уни озод қилиб юбордим», деди».

Шарҳ: Бу ерда аввало қулни ҳурмат қилиш зикр қилинган. У қул бўлса ҳам, бировнинг мулки бўлса ҳам, уни уриш мумкин эмас.

Иккинчидан, намознинг улуғлиги таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қулни урмасликни тайинлаб, бундан қаттиқ қайтаришларига асосий сабаб намоз экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен қайтарилдим», деяптилар.

У зотга бирон нарсани ким ман қилади? Албатта, Аллоҳ таоло. «Аллоҳ таоло менга аҳли салотни – намоз ўқийдиганларни уришни ман қилди, шунинг учун уни урмагин», деяптилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга иккинчи қулни берибдилар ва: «Унга яхшилик қил, маъруф иш қил», дебдилар. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу эса ўша заҳоти қулга: «Сен озодсан, кетавер», дебдилар.

Кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Заррдан: «Сенга берилган бола нима бўлди?» деб сўрабдилар. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Ўзингиз «Унга яхшилик қилгин», деган эдингиз, шунинг учун яхшилик қилдим – уни озод қилиб юбордим»,  дебдилар.

Саҳобаларнинг қул озод қилишга рағбатлари ана шундай катта бўлган. Ваҳоланки, у пайтда битта қул катта бойлик ҳисобланган, бутун оилани тебратган, уй юмушларини бажарган, пул топиб келган ва ҳоказо.

Лекин шундай бўлса ҳам, саҳобаларда одамларнинг озод бўлишига, қулликдан қутулишига рағбат катта бўлган.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ходимни урмаслик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари экани.

2. Намоз ўқийдиган одам ҳар қандай эъзозга лойиқлиги.

3. Қўл остидагиларга яхшилик қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари экани.

4. Турли сабаблар билан қул озод қилиш мусулмонларнинг одати бўлгани.

Анасдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида хизматчилари йўқ эди. Абу Толҳа қўлимдан тутиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб кирди ва:

«Эй Аллоҳнинг Набийси! Анас зийрак ва оқил бола. Сизга хизмат қилсин», деди.

Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Мадинага келганларидан бошлаб сафарда ҳам, ҳазарда ҳам, то вафот қилгунларича хизмат қилдим. Бирор қилган ишим учун менга «Нима учун уни бундай қилдинг?» демадилар. Қилмаган нарсам учун ҳам «Нима учун буни қилмадинг?» демадилар».

Шарҳ: Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўгай оталари бўладилар. У киши Анас ибн Моликнинг қўлларидан етаклаб бориб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келибдилар ва: «Эй Аллоҳнинг Набийси! Бу жуда ҳушёр, зийрак бола. Сизга хизмат қилсин», дебдилар.

Ўша пайтда ўн яшар бўлган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай эслайдилар: «Мадинага келган пайтларидан то вафот этгунларича кечасию кундузи, сафарда ҳам, ҳазарда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлдим».

Дарҳақиқат, ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам узилмай, хизмат қилганлар. Меҳмонга кириб кетсалар, эшик олдида кавушларини ушлаб ўтирардилар, таҳоратхонага борсалар, орқаларидан сув олиб борардилар, кесак тутардилар, хуллас, нима хизмат бўлса, ҳазрати Анасдан ортмас эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан бошлаб, то вафот этгунларича шу тарзда хизмат қилганлар.

Шу қадар узоқ вақт давомида ёнларидан бир қадам жилмай хизмат қилган ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу шундай эслайдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор иш қилган бўлсам, «Нега ундай қилдинг?» демаганлар. Бирор ишни қилмаган бўлсам, «Нимага буни қилмадинг?» деб ҳам айт­маганлар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ходимларга муомала қилишнинг ана шундай олий намунасини кўрсатганлар. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида кечаю-кундуз ёнларидан жилмай хизматларида бўлган болага бирор марта «Нега ундай қилдинг?» ёки «Нега бундай қилмадинг?» демаганлар.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, ходими бор одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари, қўл остидаги кишиларга ана шундай муомала қилишлари керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам содда ҳаёт кечирганлари. Мадинага келгунларича ходимлари бўлмагани.

2. Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ихлослари.

3. Ёш болаларни катталар хизматига бериш борлиги.

4. Хизматга тақдим қилинаётган боланинг яхши сифатларини зикр қилиш мумкинлиги.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматчига гўзал муомалада бўлганлари.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар ушбу инсоний муомалалар одоби бўйича комил амалий барномани маҳкам тутадиган бўлсак, дунё ва охиратда саодатга эришгаймиз. .,. ., . Шуъайб давоми...

1784 13:19 / 09 август
. , . . , . . ,. Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У гуноҳ қилган эди. У зот .Сенинг давоми...

2221 13:52 / 19 март
Ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Барчангиз масъулдирсиз ва раъиятингиздан сўралурсиз. Имом масъулдир. У ўз раъиятидан сўралур. давоми...

3041 16:00 / 19.04.2021
10 r . .10. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бола отаонасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. давоми...

3128 20:22 / 24.10.2018
Аудиолар

210824 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130087 14:35 / 11.08.2021