1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

6-боб. Ота-онани мукофотлаш

20:22 / 24.10.2018 2515 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

10 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «لَا يَجْزِي وَلَدٌ وَالِدَهُ، إِلَّا أَنْ يَجِدَهُ مَمْلُوكًا، فَيَشْتَرِيَهُ فَيُعْتِقَهُ.


10. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бола ота-онасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. Фақат уни қул ҳолида топса-ю, сотиб олиб, озод қилса, бундан мустасно», дедилар».

Шарҳ: Ота-онанинг фарзанд учун қилган меҳнатларини мукофотлаш, уларнинг ҳаққини адо этиш жуда қийин иш эканини мана шу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Фарзанд бу дунёда ҳар қанча уринса ҳам, ушбу ишни бажариб, охирига етказа олиши қийин.

Мабодо ота ёки она бировнинг қўлида қул ёки чўри бўлиб турган бўлса-ю, фарзанд уларни эгасидан сотиб олиб, қулликдан озод қилсагина, мазкур ҳақни адо қилди, дейиш жоиз экан.

11 - عَنْ أَبِي بُرْدَةَ قَالَ: سَمِعْتُ أَبِي يُحَدِّثُ أَنَّهُ شَهِدَ ابْنُ عُمَرَ رَجُلًا يَمَانِيًّا يَطُوفُ بِالْبَيْتِ، حَمَلَ أُمَّهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ، يَقُولُ: إِنِّي لَهَا بَعِيرُهَا الْمُذَلَّلْ إِنْ أُذْعِرَتْ رِكَابُهَا لَمْ أُذْعَرْ ثُمَّ قَالَ: يَا ابْنَ عُمَرَ، أَتَرَانِي جَزَيْتُهَا؟ قَالَ: لَا، وَلَا بِزَفْرَةٍ وَاحِدَةٍ. ثُمَّ طَافَ ابْنُ عُمَرَ، فَأَتَى الْمَقَامَ، فَصَلَّى رَكْعَتَيْنِ، ثُمَّ قَالَ: يَا ابْنَ أَبِي مُوسَى، إِنَّ كُلَّ رَكْعَتَيْنِ تُكَفِّرَانِ مَا أَمَامَهُمَا.

11. Абу Бурдадан ривоят қилинади:

«Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим:

«Ибн Умар яманлик бир одамнинг орқасига онасини кўтариб олиб:

«Мен онам минган ювош туяман,

Уловлари чарчаса ҳам, мен чарчамасман», деб Байтуллоҳни тавоф қилаётганини кўрибди. Сўнгра у:

«Эй Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деди.

«Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», деди.

Кейин Ибн Умар тавоф қилди. Мақомга бориб, икки ракъат намоз ўқиди-да, сўнгра:

«Эй Ибн Абу Мусо! Ҳар икки ракъат ўзидан олдин ўтган(гуноҳлар)нинг каффороти бўлади», дедилар».

Шарҳ: Ўйлаб кўрадиган бўлсак, юра олмайдиган онани Ямандан Маккага олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Уни кўтариб олиб тавоф қилдириш ҳам осон эмас. Ушбу ривоят қаҳрамони бўлмиш фарзанд онасини Ямандан олиб келиб, орқасида кўтариб, Байтуллоҳни тавоф қилдириш билан онасининг ундаги ҳаққини адо этган деб ўйлаган эди.

У ўз фикрини катта олим саҳобий Абдуллоҳ ибн Умарга тасдиқлатиб олиш учун у кишига:

«Эй Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб савол берди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу гапни айлантириб ўтирмай, лўндасини айтиб қўя қолди:

«Йўқ! Бир марта оҳининг ҳаққини ҳам», деди.

Онанинг бир марта эмизиши шунчалар қимматга эга бўлса, ҳамма эмизишларининг қадр-қиммати ва ҳаққи-ҳурмати қанчалар бўлишини ҳар киши ўзи билиб олаверса бўлади.

Онанинг эмизишдан бошқа хизматлари ҳам кўплигини ҳамма билади. Демак, фарзанд онанинг ҳаққини тўла адо этиши амримаҳол. Шунинг учун хаёлни турли ҳисобларга бурмасдан, она розилиги учун бутун борлиғини ишга солсин.

Бу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Қадимдан мусулмон фарзандлар оналарининг хизматида жон фидо қилишни йўлга қўйганлари.

2. Онанинг фарзанддаги ҳаққи улканлиги.

3. Онанинг фарзанддаги энг катта ҳаққи эмизиш орқали собит бўлиши.

4. Ўғил онасини кўтариб олиб тавоф қилдириши яхши иш экани.

5. Икки ракъат тавоф намози ўзидан олдинги баъзи гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши.

12 - عَنْ أَبِي مُرَّةَ مَوْلَى عُقَيْلٍ؛ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ كَانَ يَسْتَخْلِفُهُ مَرْوَانُ، وَكَانَ يَكُونُ بِذِي الْحُلَيْفَةَ، فَكَانَتْ أُمُّهُ فِي بَيْتٍ وَهُوَ فِي آخَرَ، قَالَ: فَإِذَا أَرَادَ أَنْ يَخْرُجَ وَقَفَ عَلَى بَابِهَا، فَقَالَ: السَّلَامُ عَلَيْكِ يَا أُمَّتَاهُ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ. فَتَقُولُ: وَعَلَيْكَ يَا بُنَيَّ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ. فَيَقُولُ: رَحِمَكِ اللهُ كَمَا رَبَّيْتِنِي صَغِيرًا، فَتَقُولُ: رَحِمَكَ اللهُ كَمَا بَرَرْتَنِي كَبِيرًا. ثُمَّ إِذَا أَرَادَ أَنْ يَدْخُلَ صَنَعَ مِثْلَهُ.

12. Уқайлнинг мавлоси Абу Муррадан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. У(нинг уйи) Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб:

«Ассалому алайкум, онажон! Ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди. Онаси ҳам:

«Ва алайка, ўғилгинам! Ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди.

«Кичиклигимда тарбиялаганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди.

«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди онаси.

Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам шундай қилар эди».

Шарҳ: Мадинанинг ҳокими бўлган Марвон ибн Ҳакам бирор ёққа кетса, ўзининг ўрнига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни қўйиб кетар эди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Ислом оламида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тутган ўринлари қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб туради.

Энди ана шу улуғ саҳобий, катта обрў соҳиби, амирлар унинг олдида таъзим қиладиган зот онасининг олдида ўзини қандай тутишини кўриб қўйинг!

Уйидан ҳар чиқишида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчага чиқар эди.

Уйига ҳар киришида онасининг остонасига бош уриб, салом бериб, ташаккур айтиб, ижозат сўраб, кўчадан келганининг хабарини берар эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гўзал иши асрлар оша кўплаб мусулмон фарзандларнинг одатига айлангани фахримиз боисидир. Бу ишни фақат мусулмон фарзандлар, мадрасаи Муҳаммадиянинг талабалари қилиши мумкин, холос.

Бу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Ислом оламида катта обрўга эга зот бўлганлари.

2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг вақти-вақти билан Мадинага амир бўлиб турганлари.

3. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг оналарига бўлган ҳурмати олий даражада бўлгани.

4. Фарзандлар кўчага чиққанда ва қайтганда ота-оналарга хабар, салом бериб, ташаккурлар айтиб туришлари одобдан экани.

13 - عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ r يُبَايِعُهُ عَلَى الْهِجْرَةِ، وَتَرَكَ أَبَوَيْهِ يَبْكِيَانِ، فَقَالَ: «ارْجِعْ إِلَيْهِمَا، وَأَضْحِكْهُمَا كَمَا أَبْكَيْتَهُمَا».

13. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳижрат учун байъат қилмоқчи бўлди. У ота-онасини йиғлаган ҳолда қолдириб келган эди. Ул зот:

«Ота-онангнинг ҳузурларига қайтгин, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, худди шундай қилиб кулдиргин», дедилар».

Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онанинг розилигини топиш, уларни хурсанд қилишни вақти келганда ҳатто ҳижратдан ҳам устун қўйган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онанинг ҳаққини қандай улуғлаганларига бир назар солинг. Ўзларига ҳижрат учун байъат қилгани келган мухлис кишига «Ота-онангнинг ҳузурига бориб, уларни кулдир», демоқдалар.

Баъзи ҳолатларда ёшлар диний амалларга қизиқиб, ота-оналарнинг ҳақларини ортга суриш ҳолатларига йўл қўйишлари мумкин. Бундай пайтларда илм соҳиблари дарҳол уларга насиҳат қилиб, ишни тўғри йўлга буришлари керак экан.

14 - عَنْ أَبِي حَازِمٍ؛ أَنَّ أَبَا مُرَّةَ مَوْلَى أُمِّ هَانِئٍ بِنْتِ أَبِي طَالِبٍ أَخْبَرَهُ؛ أَنَّهُ رَكِبَ مَعَ أَبِي هُرَيْرَةَ إِلَى أَرْضِهِ بِالْعَقِيقِ، فَإِذَا دَخَلَ أَرْضَهُ صَاحَ بِأَعْلَى صَوْتِهِ: عَلَيْكِ السَّلَامُ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ يَا أُمَّتَاهُ. تَقُولُ: وَعَلَيْكَ السَّلَامُ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ. يَقُولُ: رَحِمَكِ اللهُ كَمَا رَبَّيْتِنِي صَغِيرًا، فَتَقُولُ: يَا بُنَيَّ، وَأَنْتَ، فَجَزَاكَ اللهُ خَيْرًا، وَرَضِيَ عَنْكَ كَمَا بَرَرْتَنِي كَبِيرًا. قَالَ مُوسَى: كَانَ اسْمُ أَبِي هُرَيْرَةَ عَبْدَ اللهِ بْنَ عَمْرٍو.

14. Абу Ҳозимдан ривоят қилинади:

«Умму Ҳонеъ бинти Абу Толибнинг мавлоси Абу Мурра унга хабар беришича, у Абу Ҳурайра билан уловга миниб, унинг Ақийқдаги ерига борган экан. У ерига етиши билан баланд овозда:

«Ассалому алайки ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ, онажон!» деб қичқирди.

«Ва алайкас-салому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» деди онаси.

«Кичиклигимда тарбия қилганингиз учун сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деди.

«Катталигимда яхшилик қилганинг учун сенга ҳам Аллоҳ яхши мукофот берсин!» деди онаси».

Шарҳ: Ушбу маънодаги ривоят олдин ҳам ўтган эди. Бу ерда таъкид учун келтирилмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу ишлари бошқаларнинг гувоҳлигида ҳам бўлиб туриши билдирилмоқда.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг ибодатига чақиради. У томондан буюрилган амалларни бажаришга ва қайтарган ишларидан қайтишга тарғиб қилади. Яратган Роббимиз давоми...

1639 14:00 / 09.12.2023
биринчи мақола....Қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга етганида .Роббим, Ўзинг менга ва отаонамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал давоми...

2313 16:00 / 29.01.2021
Авф ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен билан эридан бева қолиб, юзи сарғайган, боласига сабр қилган аёл жаннатда мана бундаймиз,, давоми...

4010 15:50 / 22.02.2020
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Мен ҳақимда эшитган одам борки, яҳудийми, насронийми ndash барибир, мени яхши кўриб қолар эди. Онамнинг Исломга киришини жуда давоми...

2586 11:10 / 27.12.2018
Аудиолар

131174 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51687 14:35 / 11.08.2021