1446 йил 7 зулқаъда | 2025 йил 04 май, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Улуҳият ‒ илоҳга иймон келтириш масаласи (бешинчи мақола)

11:30 / 27.04.2020 2089 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асарда муаллиф бир қатор ақидавий масалаларни муолажа қилади. Уларнинг асосийлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Имом Мотуридий жавҳарларнинг ҳодис ‒ пайдо бўлганини Аллоҳнинг борлигига далил деб қарайди. У киши жавҳарларнинг ҳодис эканини уч восита ила исботлайди:

1. Хабар воситаси ила. Аллоҳ таоло башариятга пайғамбарларга ваҳий қилиш орқали бу оламнинг яратгувчиси ва тадбирини юритгувчи Парвардигори эканини хабар қилган. Пайғамбарларнинг чиндан Аллоҳнинг элчиси экани мўъжизалар билан тасдиқланган.

2. Ҳис орқали. Оламдаги барча нарса бошқага муҳтож ва бу унинг бошқа тарафидан яратилган эканини билдиради. Масалан, жонзотлар ўзининг қачон, қандай яратилганини билмайди ва ҳатто ўзидаги бузилишни тўғрилашдан ожиз. Бу ҳолат ўликларда ҳам, жонсиз ашёларда ҳам мавжуд.

3. Ақл билан. Маълумки, барча махлуқотларда ўзгариш бор. Ўзгариш воқе бўладиган ҳар қандай нарса махлуқ, яъни яратилган бўлади.

Имом Мотуридий Аллоҳ таолонинг исму сифатларига, уларнинг буюклигига борлиқнинг ўзи далолат қилади, дейди. Борлиқдаги гўзаллик, тартиб-интизом, ажойиботлар бу оламнинг яратувчиси чексиз қудрат ва улуғвор сифатларга эга эканини билдиради. Бироқ, бу сифатлар махлуқлардаги сифатлардек эмас, ўзига хос, ўхшаши йўқдир, фақат уларни инсон зеҳнига яқинлаштириш учун башарга маълум бўлган сўзлар билан ифодаланган. Бу борада «У Зотга ўхшаши йўқдир» (Шуро сураси, 11-оят) ояти барча тавсифларга асос бўлади.

Аллоҳ таолонинг барча сифатлари азалий бўлиб, бунда зотий сифатлар билан феълий сифатлар орасида фарқ йўқ. Аллоҳ таолонинг исм-сифатлари тавқийфийдир, яъни фақат ваҳий билан билинади. Қуръон ва Суннатда келган барча исм-сифатларга иймон келтириш вожиб.

Имом Мотуридийнинг ибораларидан шуни англаймизки, сийғаси ўзи сифатни англатган исмлар «зотий исмлар« дейилади. Масалан, Ҳайй ‒ тирик, Олим ‒ билувчи, Қодир ‒ қодир, қудратли, Раҳмон ‒ меҳрибон... Аммо ушбу сўзларнинг масдари, яъни тусланмаган шакли эса «зотий сифатлар» деб аталади. Масалан, Ҳаёт, Илм, Қудрат, Раҳмат каби.

Имом Мотуридий «салбий сифатлар» деган истилоҳ орқали Аллоҳ таолони махлуқларга ўхшатишни ҳамда ажзу нуқсонни англатадиган маъноларни нафий қилади.

Имом Мотуридий барча жисмлар махлуқ эканидан келиб чиқиб, «жисм» сўзини Аллоҳга нисбатан ишлатиб бўлмаслигини таъкидлайди ва бунгга ақлий, нақлий ҳамда ҳиссий далилларни келтиради. Шунга кўра, Аллоҳ таолога «жисм» сўзини ишлатиш мутлақо жоиз эмас, «бошқа жисмларга ўхшамайдиган жисм», дейиш ҳам мумкин эмас, дейди. Зеро, жисм сўзини Аллоҳга нисбатан қўллашга бирорта шаръий насс ‒ Қуръон ва Суннатда далил йўқ. Шунингдек, Аллоҳ таолога ақлли, зийрак, уқувли деган сўзларни нисбат бериш ҳам худди «жисм» сўзи каби жоиз эмаслигига уммат иттифоқ қилган.

Аллоҳ Таолонинг исмлари тавқийфий экан, У Зотга «шайъ» (нарса) сўзини айтса бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Айт: «Қайси нарса энг катта гувоҳликдир. Аллоҳ деб айт!» (Анъом сураси, 19.оят.) Аммо бунда ҳам танзиҳ устувор бўлади.

Имом Мотуридий қуйидаги мавзулар хусусида алоҳида баҳс юритади:

1) Субутий сифатлардан бўлган «Калом» сифати ва унинг қадим ёки махлуқлиги ҳақида. У киши Калом Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан эканини айтади.

2) Қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўриш масаласи. Аллоҳ таолони кўриш бу дунёдаги кўриш каби бўлмасли ва бинобарин, Аллоҳни бу дунёда кўриб бўлмаслиги, аммо охиратда мўминлар У Зотни кўриши муқаррар эканига ақлий ва нақлий далил келтирилади. Аммо бу кўриш ҳам иҳота билан бўлмаслигини таъкидлайди ва ҳақиқатини Аллоҳга тавфиз этади.

3) Қуръон оятларига кўра, Аллоҳ таоло Аршга истиво қилган деб биламиз. Бироқ, уни бирор маънога чекламаймиз. Аллоҳ таоло бор, макон йўқ эди. У Зот азалда қандай ягона Зот бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўшандай, ҳеч қандай махлуқларга муҳтож эмас. Бу борада асарда қуйидагиларни ўқиш мумкин:

«Аллоҳ таоло макон йўқ пайтда ҳам бор эди. Маконлар йўқ бўлиб кетиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо У Зот қандай бўлса, ўшандайдир. Ҳозир қандай бўлса, ўшандай эди. У Зот ўзгаришдан, заволдан, ботилликдан устундир. Биз бу ҳақда танзилда – Қуръонда келган нарсани айтамиз ва унинг таъвилида қатъий гап айтмаймиз, чунки бошқа маънонинг ҳам эҳтимоли бор. Биз Аллоҳ ирода қилган нарсага иймон келтирамиз. Танзил (Қуръон) ила собит бўлган ҳар бир нарса ҳам шунга ўхшаш».

4) Банданинг амалини Аллоҳ яратиши, Аллоҳ таолонинг иродасини бандаларнинг бажарадиган феълларга таъсир кўрсатиши ҳақида.

5) Ирода сифатининг қазо ва қадарга нисбатан тушунилиши ҳақида.

6) Аллоҳни кўриш ҳақидаги хабарлар ҳам муташобеҳ ҳисобланиб, у ҳақда ҳам танзиҳ, яъни Аллоҳ таолога нолойиқ билинган ҳолатларни инкор қилинади.

Бир сўз билан айтганда, Имом Мотуридий асарда Исломдаги фирқалар ва ундан ташқари турли оқимларга раддия берар экан, соф аҳли сунна ақийдасини баён қилади. 

(Давоми бор)

Тўртинчи мақоланинг ҳаволаси
https://islom.uz/maqola/13706

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

05.03.2020

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр давоми...

3280 18:15 / 27.01.2019
Хут ибн Рофеъдан ривоят қилинади .Амр ибн Атаба шериклари билан уларнинг ходими бўлишга шартлашиб олган эди. Иссиқ кунлардан бирида у чорва боққани чиқди. давоми...

1630 08:01 / 08.01.2020
Халқимизда .қон чиқариш, деган одат бор. Яъни бир муҳим ишни бошламоқчи бўлса ёки бир нарсани қўлга киритса ёки бемор тузалиб кетсин деб хўроз, курка ёки қўй сўйиб давоми...

10790 17:50 / 21.12.2018
Муқотил ибн Солиҳ Хуросоний айтади .Ҳаммод ибн Саламанинг олдига кирдим. Уйида бўйрадан бошқа нарса йўқ эди. Ҳаммод ўша бўйранинг устида ўтириб мусҳаф ўқир эди. давоми...

1690 08:00 / 02.12.2020