1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Морис Букай: «Исломга кирдим ва Қуръонга иймон келтирдим!»

20:10 / 26.04.2019 6847 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Морис Букай 1920 йилда Францияда насроний оилада туғилди ва униб-ўсди. У бошланғич таълимни тугатиб, пойтахтдаги университетда тиббиёт бўйича таҳсил олиб, шу соҳада ишлай бошлади. Орадан маълум вақт ўтиб у Франциядаги энг машҳур ва моҳир жарроҳлардан бирига айланди. Унинг жарроҳлик фаолиятида бир воқеа юз бердики, бу – унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборди.

Маълумки, Франция давлати қадимий осори атиқалар, моддий ва маданий меросларни асрашга катта эътибор берадиган мамлакатлардан бири ҳисобланади. 1981 йилда Француа Миттеран президент бўлгач, орадан қисқа вақт ўтиб, Мисрдан Фиръавн мўмиёсини (жасадини) текшириш, ўрганиш ва тадқиқотлар ўтказиш учун Францияга юборишни сўради. Бу воқеа 1980 йилнинг охирларида бўлган эди. 

Шундай қилиб, дунёдаги энг золим кимсалардан бўлган фиръавннинг жасади Мисрдан Францияга олиб келинди. Аэропортда Франция президенти, барча вазирлар ҳамда давлат масъуллари золим ҳукмдорнинг жасадини тантана билан кутиб олдилар. Қабул қилиш маросими якунига етгач, жасад Франция осори атиқалар марказининг махсус хонасига олиб келинди. Шундай кейин машҳур археолог, антрополог ва жарроҳлардан иборат ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссиянинг жарроҳлик бўлимига профессор Морис Букай раҳбар этиб тайинланди. 

Текширувчи жарроҳлар жасадни таъмирлашга эътибор қаратдилар. Аммо уларнинг раислари бўлган Морис эса умуман бошқача фикрда эди. Профессор золим ҳукмдор қандай ўлганига қизиқаётган эди. Шунинг учун унинг қандай сабаб билан ўлганини ўрганишга киришди. Тун ярмигача жасад ёнида қолиб, ўрганишни давом эттирди. Қаттиқ изланиш ва таҳлиллардан кейин ўлим сабаби аниқланди. Фиръавн жасадидаги кўп миқдордаги туз қолдиқлари уни денгизга ғарқ бўлиб ўлганидан далолат берарди. Унинг ўйлашича, Фиръавн денгизга ғарқ бўлгач, уни чиқариб олиб, мўмиёланган эди. 

Профессор ўйланиб қолди: “Бошқа фиръавнлар ҳам мўмиёланган. Аммо улардан фарқи ўлароқ бу жасад дерли ўзгармай сақланган. Ваҳоланки, бу жасад денгиздан топилган. Шундоқ бўлса-да бузилмаган. Бунинг сабаби нима экан?”

Морис ўзининг янги кашфиёти деб ўйлаган “Фиръавн жасадининг денгиздан топилганлиги, ундан сўнг мўмиёлангани” ҳақидаги матнни тайёрлаётган эди. Шунда кимдир унинг қулоғига: “Шошилмай тур! Чунки, мусулмонлар бу жасадни денгизга ғарқ бўлиб ўлган дейишади” дея пичирлади. Морис бу гапни зудлик билан инкор этди ва бир оз ҳайрон бўлди. Ахир бундай қадимий жасаднинг денгизга ғарқ бўлганини замонавий илм-фан ва сўнгги технологиялар ёрдамидагина аниқлаш мумкин эди.

Яна бир одамнинг: “Мусулмонлар ўзлари иймон келтирган Қуръонда бу жасаднинг ғарқ бўлгани ҳақида ва ғарқдан кейин ҳам унинг жуссаси саломат сақланиши борасида қисса бор” деган гапини эшитган Морис даҳшатдан тош қотди.

Унинг ҳайрати борган сари ошиб борарди. У: “Қандай қилиб қисса келтирилади? Ахир бу жасад 1898 йилда топилган! Яъни қарийб икки юз йил олдин топилди-ку! Қуръон эса бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ вақтдан бери мавжуд бўлса. Бу ҳол ақлга қандай ўрнашади? Қадимги мисрликларнинг ўз фиръавнларининг жасадларини мўмиёлашини фақат мусулмонлар эмас, балки бутун инсоният аввал билмас эди-ку! Одамлар бу ҳақида яқин йилларда билиб олдилар-ку!” деб ўйларди.

Морис шу каби ўйлар оғушида фиръавн жасадига термулганча тунни мижжа қоқмай ўтказди. Танишининг гаплари қулоғи остидан кетмасди: “Мусулмонларнинг Қуръони бу жасаднинг ғарқдан кейин бузилмай қолиши ҳақида гапирган!”

Морис яна ўзича ўйлай бошлади: “Олдимдаги шу мўмиёланган жасад Мусони қувлаган фиръавн бўлиши мумкинми? Уларнинг Муҳаммади бу ҳақида бундан бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ вақт олдин билган бўлиши мумкинми?! Ваҳоланки, буни мен ҳозир билдим-ку!”

Морис шерикларидан Таврот китоби топиб беришларини сўради. Улар китобни олиб келишгач, “Чиқиш” китоби деган бўлимидан мана бу жумлаларни топиб ўқий бошлади: “Сув яна ортига қайтди ва денгизга уларнинг ортидан тушган фиръавннинг барча қўшинларини, отлиқларини ва уловларини (сув) ўраб олди. Улардан бирор киши тирик қолмади”.

Буларни ўқиган Морис Букай ҳайрон бўлди. Ҳатто Таврот ҳам фиръавн жуссасининг саломат сақланиши ҳақида айтмаган эди.

Франция Мисрга золим фиръавн мўмиёсини жимжимадор шиша тобутга солиб қайтариб берди. Аммо Морис жасад бўйича сўнгги қарорини ҳали тайёрламаган эди. Фиръавн жасадининг саломат сақланиши ҳақидаги мусулмонларнинг гаплари мавжудлигини эшитганидан бери хаёлида турли ўйлар қайнаётган эди. Нарсаларини олди-да, тиббиёт соҳасига бағишланган катта конференцияда иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнашга қарор қилди. У ерда жасадни ёриб кўрувчи жарроҳ мусулмонлар билан кўришиб, масалага ойдинлик киритиб олишни мақсад қилди.

Морис тадбирда қатнашаётган мусулмон олимлар билан гаплашар экан, уларга ўзи кашф этган янгиликни гапириб берди. Яъни уларга “Фиръавн денгизга ғарқ бўлгандан кейин бузилмай сақлангани” ҳақида сўзлади ва буни ўзининг “кашфиёти” дея таъкидлади. Шунда олимлардан бири Қуръон олиб келди ва уни очиб, мана бу оятларни ўқиб берди:

“Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар” (Юнус сураси, 92-оят).

Бу оят Морисга қаттиқ таъсир қилди. Бутун бадани титраб кетди. Барча олимларга қараб туриб, баланд овозда: “Исломга кирдим ва ушбу Қуръонга иймон келтирдим!” деди.

Морис Букай тадбирдан сўнг Францияга қайтди, аммо умуман бошқа одам бўлиб қайтди. Профессор янги кашф этилаётган илмий ҳақиқатларнинг Қуръони каримга мос келишини ўрганиб, шу иш билан шуғулланиб ўз юртида ўн йил яшади. Шу муддат давомида бутун ғарб оламини титратган, олимларини ларзага солган машҳур китобини ёзди. Ушбу китоб “Қуръон, Таврот, Инжил ва замонавий илм” номи билан нашрдан чиқди.

Илк нашр тез фурсатда сотилиб тугади ва яна қайта нашр этишга киришилди. Шундай қилиб бу китоб қайта нашр этилишдан ташқари француз тилидан араб, инглиз, индонез, форс, турк, немис тилларига таржима қилинди.

Қалбини Аллоҳ муҳрлаб қўйган кўплаб “олимлар” ушбу китобга раддия ёзишга уринишди. Аммо бу уринишларнинг барчаси муваффақиятсиз бўлди.  

Қизиғи шундаки, бу китобга раддия билдиришга уринган кўплаб кишилар китобни яхшилаб ўқиб чиқишганидан сўнг раддия беришни тўхтатиб, шаҳодат калималарини айтиб, Исломга кирдилар!

Профессорнинг машҳур сўзларидан бири: “Қуръон арабларнинг савиясидан ҳам, бутун оламнинг савиясидан ҳам, кейинги асрлардаги олимларнинг савиясидан ҳам, йигирманчи асрдаги ривожланган, тараққий этган бизнинг илмий савиямиздан ҳам юқори туради. Бу китоб уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган) кишидан содир бўлиши мумкин эмас. Бу эса Муҳаммаднинг пайғамбарлиги собит эканига, у ваҳий қилинадиган Набий эканлигига далилдир!”

Франция академияси 1988 йилда профессор Морис Букайга мамлакатнинг катта мукофотини топширди.

Профессор 1998 йилда вафот этди.

Доктор Роғиб Саржонийнинг “Мусулмон бўлган буюклар” номли китобидан

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маймун ибн Меҳрон айтади .Бир роҳиб Умар ибн Абдулазизнинг олдига кирди. Умар ибн Абдулазиз ундан .Нима учун тинмай йиғлаяпсан, деб сўради. .Эй мўминлар амири, мен давоми...

1652 09:10 / 09.06.2019
Рум императори Муовия розияллоҳу анҳуга бир шиша идиш юбориб, унга бир тирик нарсани солиб, қайта жўнатишни сўради. Муовия розияллоҳу анҳу идишни Ибн Аббос давоми...

1327 08:00 / 02.08.2020
Кутиш гоҳ саодат, гоҳи муаммо,Кўзларда баъзида йилтиллайди дур.Бу бахтми, бахтсизлик кишига аммо,Кимни, ниманидир кутмоққа мажбур.Оч қолган фақирнинг кутгани давоми...

1584 20:55 / 11.10.2021
Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар Ким давоми...

12777 19:40 / 27.03.2019