1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида (учинчи мақола)

21:00 / 25.04.2020 1779 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар».

Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Рамазон ойи муборак ой эканлиги.

Бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир.

2. Аллоҳ таоло мусулмонларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилганлиги.

Ушбу ҳадисни келтиришдан мақсад шу ҳукмни, яъни Рамазон ойининг рўзасини тутиш ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан жорий этилган фарз эканлигини маълум қилмоқдир.

3. «Унда осмонларнинг эшиклари очилур».

Ўша эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб, осмонга кўтарилур.

4. «Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур».

Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилур. Кишиларга Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уларга яхши имконлар яратиб берилур. Рўза тутиб, ибодат қилган кишилар жаҳаннамдан қутулур.

5. «Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур».

Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Рўзадорлар хайрли ишлари ва ибодатларини бемалол қиладилар.

6. «Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир».

Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат – яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишни бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Қадр кечаси ҳам беҳуда ўтмаслиги лозим.

Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:

«Абу Салама ибн Абдурраҳмонга:

«Менга отангдан эшитган, отанг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Рамазон ойи ҳақида эшитган нарсангни гапириб бер. (Ўшанда) отанг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида ҳеч ким йўқ экан», дедим.

«Ҳа, отам менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Ким иймонла, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва (кечаларини) бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқур», дедилар», деди».

Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Бу ҳадис рўзанинг фазли тўғрисидадир.

Бу зотдан Қосим ибн Фазл Худдоний, Наср ибн Али ал-Жаҳзамий, Абу Ақл ад-Даврақийлар ривоят қилганлар.

Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳи Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳунинг отасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида муҳим ҳадис айтганларини билиб юрар эдилар. Шунинг учун Абу Салама розияллоҳу анҳуни кўришлари билан ўша ҳадисни сўрадилар.

Ушбу ҳадисдан салафи солиҳларимизнинг илмга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир ҳадисга қанчалар эътибор билан қараганликларини кўриб турибмиз. Ул азизларимиз илм йўлида ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Биз ҳам улардан ўрнак олишимиз лозим.

Ҳадисдан оладиган бошқа фойдаларимиз:

1. Рамазон ойи рўзасини тутиш Аллоҳ томонидан фарз қилинган ибодат эканлиги.

2. Рамазон кечаларини бедорликда ибодат ила ўтказиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жорий қилган суннат эканлиги.

3. Ким Рамазон кунларини иймон ила, савоб умидида рўза тутиб, тунларини бедорликда ибодат қилиб ўтказса, гуноҳлари мағфират қилиниши.

Шундай бўлгач, бу ҳадисга амал қилишимиз, Рамазон рўзасини қолдирмай тутиб, кечаларни қоим ҳолда ибодат билан ўтказиб, гуноҳларимиз мағфират қилинишига эришишимиз лозим.

Ушбу мақолаларнинг биринчи қисми https://islom.uz/maqola/10923

Иккинчи қисми https://islom.uz/maqola/10925 манзиллардан фойдаланишиз мумкин.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Руҳий тарбия илмининг барча машойихлари ҳалол ва ҳаром масаласига ниҳоятда катта аҳамият беришган. Улар бу масалани атрофлича муҳокама қилишган ва ҳар бир давоми...

2035 12:30 / 25.07.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.Ким Аллоҳнинг нишоналарини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир, Ҳаж сураси, 32оят..Аллоҳнинг нишонаси, деганда кўрганда, ёдга давоми...

4750 09:00 / 30.05.2021
Ийсо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ Маккага келди. Масжидул Ҳарамда одамлар уни ўраб олишди. Шунда Фузайл ибн Иёз ўтиб қолиб, яқин келди ва .Дўстим, қалбингга ҳушёр бўл, давоми...

1466 07:10 / 26.08.2019
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари давоми...

2563 09:00 / 16.04.2021