1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида

17:12 / 24.03.2020 3512 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Турли нарсаларнинг, масалан, китоб, мақола ёзиш, эшиттириш, кўрсатув тайёрлаш, ихтиролар қилиш ва шунга ўхшаш нарсаларнинг муаллифлик ҳуқуқини – ҳаққини ҳимоя қилиш дунё бўйича кенг тарқалган. Мана шу маънога Исломда қандай қаралади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бу саволга жавоб беришдан олдин шуни айтиб ўтиш керакки, муаллифлик ҳаққи, ҳақиқатан, дунё бўйича тан олинган ҳақ. Муаллифнинг ҳуқуқини поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, балки бу нарса барча давлатларнинг қонуни бўйича жазога тортиладиган жиноят ҳисобланади. Ислом динида бунга қандай назар билан қаралади? Жавобни батафсил айтишдан олдин ҳозирги кундаги аҳволимизга назар солишимиз керак. Айниқса, динни маҳкам тутишни даъво қилаётган, диний адабиёт ва шунга ўхшаган нарсалар билан савдо қилаётган жамоани, ўша ишда иштирок этадиган одамларнинг ҳолатини алоҳида кўриш керак бўлади. Чунки бу соҳада муаллифлик ҳаққи нима эканлигини умуман эътиборга олмайдиган одамлар 100 бўлмаса ҳам 95 фоизни ташкил қилади. Улар: «Муаллифнинг ҳаққи йўқ, ким қўлига нима тушса, шуни кўпайтириб сотса, динга хизмат қилаётган бўлади», деган даъвони қилишади. Ўзларини тақводор қилиб кўрсатишади, намоз ўқиб, рўза тутаётганлик даъвосини қилишади, Худонинг йўлида хизмат қилаётганлик даъвосини қилишади, лекин ўзларидан кўпроқ Аллоҳнинг йўлида хизмат қилаётган, китоб ёзаётган, кечалари ухламасдан кўзининг нурини тўкиб, йиллар давомида йиғиб-териб, ёзиб, китоб ҳолига келтириб, бозорга қўйган ёки сотиб, ўз меҳнатининг самарасини бир оз кўрмоқчи бўлган кишиларнинг ҳаққини ваҳшийларча поймол этишади. Қўлга тушган китобни иложи борича ўғрилик йўли билан, суратини олиб, кўпайтириб, сотишга ҳаракат қилишади. Муаллиф бечора ўзи чоп қилдирган китобини сота олмай ўтираверади, улар ўғирликдан бўлганлиги ва ўзларига арзон ёки бепул тушганлиги учун тезроқ пул қилиш мақсадида, хоҳлаган нархида сотиб, муаллифнинг ҳаққини поймол қилишади.

Шунингдек, овоз тасмалари, компьютер дискетлари ва бошқалар савдосида ҳам мана шу ҳолни кўриш мумкин. Буларнинг ҳаммаси жуда ҳам ноқулай бир ҳолат, ниҳоятда оғир мусибат ҳисобланади. Ана шу ҳолат, албатта, мусулмон уламоларини ҳам ташвишга солган ва Маккаи Мукаррамадаги Ислом Фиқҳи академияси ушбу масалани алоҳида кўриб чиқишга мажбур бўлган. Ҳозирги кунимизнинг кўзга кўринган катта уламолари аъзо бўлган бу фиқҳ академиясида муаллифлик ҳаққи тўлалигича, батафсил кўриб чиқилганидан сўнг, мусулмон умматига, мўмин-мусулмонларга қарата ўзларининг қарорларини чиқариб, муаллифларнинг муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги баёнотни берганлар. Ана шу баёнотда қуйида биз сўзма-сўз таржима қиладиган маънолар ифода қилинган.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«Баъзи пайтларда муаллиф ўзининг бутун умрини бир фойдали китоб таълиф қилишга сарфлайди. Ва ундан фойда кўриш учун нашр қилади. Шунда бошқа бир одам келиб, ҳалиги китобдан бир нусхани олади-да, ҳозирги замонда чиққан осон воситалар орқали ё чоп қилади, ё суратга олдириб, у ҳам сота бошлайди. Унинг сотиши, албатта, муаллифнинг йўлини тўсади, унга қарши бир одамга айлантиради, ана шунинг оқибатида ҳалиги одам ҳеч қандай таълифга аралашмасдан, заҳматини чекмасдан, бировнинг меҳнати самарасини кўришга ўтади. Баъзи бировлар бу китобни бепул тарқатишлари ҳам мумкин. Лекин ана шу бепул тарқатиши билан унинг ўзи шуҳрат қозонади, шуҳрат қозониш йўлида эса муаллиф бечоранинг чарчагани, ҳоригани, қилган меҳнати, хатти-ҳаракатининг ҳаммасини зоега чиқаради. Мана шу фикрни ихтиро қилувчилар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Бундай нарсалар бўлаверганидан кейин илмли, заковатли, китоб таълиф қилишга, ихтиро қилишга қудрати етадиган одамларнинг ҳимматлари пасаяди. Чунки улар ўзларининг меҳнатлари самарасини кўрмайдилар, бошқалар унинг меҳнатини қўлидан юлиб, тортиб оладилар ва ўзларининг фойдасига ишлатадилар, тижорат қиладилар, муаллифнинг йўлини тўсадилар. Ҳолбуки, у «тижоратчилар» бу китобнинг ёки ихтиронинг дунёга келишида ҳеч нарса сарфлаганлари йўқ, буни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Замон ўзгариши билан, вазиятлар ҳам ўзгарди, янги-янги нарсалар чиқарилди, эндиликда ҳар ким ўзининг қилган меҳнатининг самарасини кўриши керак. Муаллиф ёки ихтирочи ҳам ўзи таълиф қилган асари ёки ихтиро қилган нарсасининг ҳақдори бўлиши вожибдир. Бу ҳуқуқ ана шу муаллифнинг шаръий мулки ҳисобланади, бирор киши унга тажовуз қилмаслиги керак, унинг изнисиз кўчирмаслиги, чоп қилмаслиги, сотмаслиги керак. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси – китоб бўлсин, бошқа бўлсин, асосан, шариатга тўғри келадиган, залолатга бошламайдиган нарсалар бўлиши шарти билан, албатта. Шунингдек, ўша ёзилган нарсани нашр қилган ношир ҳам муаллифнинг шериги бўла олмайди, у фақат муаллиф нимага аҳдлашган бўлса, шу аҳдга ҳақли холос, бошқа нарсага ҳаққи йўқ. Муаллифнинг изнисиз ношир китобнинг мазмунига ўзгартириш киритиши мумкин эмас ёки бирон ерини бошқача қилишга ҳаққи йўқ. Муаллифлик ҳуқуқи мерос бўлиб қолади, яъни муаллифнинг меросхўрларига ҳуқуқ ҳам мерос бўлиб қолади. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси халқаро шартномаларда ўз аксини топган, мана шу нарсаларнинг ҳаммасини мўмин-мусулмонлар амалга оширишлари керак, шариатга хилоф ишларни қилмаслик лозим, бу нарсаларнинг ҳаммасини жойига қўйиш вожиб ҳисобланади».

Мана, муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги Ислом Фиқҳи академияси уламолари чиқарган қарор. Бу қарор жуда муҳим бир ҳужжат ҳисобланади. Ҳар бир мўмин-мусулмон кимса муаллифнинг ҳаққини, ихтирочининг ҳаққини ҳурмат қилиши керак. Муаллифнинг ҳаққини поймол қилиш худди бир одамнинг бир жойга тўплаб қўйган мол-мулкини ўғирлаш билан баробар бўлади. Ана шуни ўғирлаб, олиб чиқиб сотиб, пул қилган одам қанчалик гуноҳкор бўлса, муаллифнинг изнисиз ундан беркитиб, китобини чоп қилиб ёки бошқа асарини бошқа услуб билан кўпайтириб сотаётганлар бировнинг молини ботил йўл билан еяётган ва қиёмат кунида қоринларига оловни ейдиган шахслардан бўлади. Муаллиф изнисиз, ўғирликча унинг ҳуқуқини юлиб олиб, унинг ҳуқуқини тортиб олиб савдо қилаётганлардан нарса сотиб оладиганлар ҳам ўйлаб қўйишлари керак. Чунки бизнинг шариатимизда ўғирланган, ғасб қилиб тортиб олинган молларни сотиб олишга рухсат йўқ, улар ҳаром бўлади.

Шунинг учун ана шундай ўғрилардан, муттаҳамлардан, бировнинг ҳаққини тортиб олганларнинг маҳсулотини сотиб олишдан ҳам ҳазар қилиш лозим. Балки асл нусхани, ҳалол, тер тўкиб, меҳнат қилиб, йиллар давомида бутун билимини, ақлини, заковатини, кучини, қудратини сарфлаб, маълум бир асарни юзага келтирган инсоннинг китобини ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиб, улардан фойдаланилса, савоб йўлида тўғри иш қилиш бахтига муяссар бўлинади, ҳамма нарса ҳалол-пок, яхши бир суратда амалга ошган бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзи барчаларимизга инсоф-тафвиқ берсин, жумладан, муаллифларнинг, ҳақдорларнинг ҳуқуқини поймол қилиб, мол, пул топишнинг йўлига кириб олганларга ҳам инсоф берсин, ҳаммамизга Аллоҳнинг шариатига амал қилиб, ҳалол, пок ризқ билан ризқланиб юришимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин.

Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маймун ибн Меҳрон айтади .Бир роҳиб Умар ибн Абдулазизнинг олдига кирди. Умар ибн Абдулазиз ундан .Нима учун тинмай йиғлаяпсан, деб сўради. .Эй мўминларнинг амири, давоми...

1733 09:10 / 08.09.2019
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

2994 17:35 / 25.10.2018
Абу Бакр Абдуллоҳ Божий роҳматуллоҳу алайҳ айтади .Бешта хислат билан амаллар мукаммал бўлади Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтириш ҳақиқатни таниш Аллоҳ учун давоми...

2416 08:00 / 01.10.2020
Маҳмуд Халил Хусорий Мисрнинг дунёга машҳур қориларидан. Миср қишлоқларидан бирида туғилган, отаси бўйра тайёрлаб сотгани учун у Хусорий бўлиб кетган араблар давоми...

2925 09:20 / 30.08.2019