1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Наботот илми ривожи

22:00 / 24.04.2020 2361 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар ўз динларини маҳкам тутган пайтларида, Қуръон ва Суннатга амал қилган пайтларида, (ушбу ва шунга ўхшаш) ҳадисларга ҳам яхши амал қилганлар. Бунинг натижаси ўлароқ мусулмон ўлкаларида қишлоқ хўжалиги, зироатчилик мисли кўрилмаган даражада ривожланган.

Бу соҳа маҳсулотларининг энг яхшиси ва энг кўп қисми мусулмон юртларида етиштирилган ва ортиқчаси бошқа юртларга сотилган. Бошқа халқлар бу соҳада мусулмонлардан дарс олганлар, тажриба ўрганганлар.

Ўша вақтларда бу соҳа бўйича илмий изланишлар ҳам кенг кўламда олиб борилган.

Ҳозирги кунда ривожланган ғарб давлатлари тилида баъзи бир машҳур қишлоқ хўжалиги экинлари ва маҳсулотлари мусулмон халқлар тилидан олинган кўчма сўзлар билан аталиши ҳам бунга ёрқин далилдир.

Ижозатингиз билан шу ерда мусулмонларнинг зироатчилик, хусусан, набототшуносликка қўшган ҳиссалари ҳақида қисқача маълумот келтирсак.

Бошқа илмлар қатори наботот илми ҳам мусулмонлар томонидан қилинган ҳаракатлар туфайли илм сифатида шаклланди ва тараққий этди. Албатта, қадимдан инсон наботот ила қизиқиб уни ўрганиб келган, аммо илм дини бўлган Исломгина набототларни ўрганишни ҳақиқий илмий баҳсга айлантирди ва бу соҳада алоҳида илм пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Мусулмонларни бу соҳадаги илмий баҳсларга ундаган асосий омил, албатта, Қуръони карим ва Суннати мутаҳҳарадаги илмга тарғиб қилувчи таълимотлар бўлган.

Шу билан бирга, Қуръони каримда ҳам, Суннати мутаҳҳарада ҳам набототлар ҳақида кўплаб маълумотлар зикр этилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло анжир, зайтун каби набототлар ила қасам ичган. Аллоҳ таоло нима билан қасам ичган бўлса, бежиз бўлмайди. Шунинг учун мусулмонлар ўша нарсага алоҳида эътибор берадилар. Худди мана шу руҳ мусулмонларнинг наботот илмига асос солишларига сабаб бўлган.

Мусулмонлар наботот илмига тажриба ва тадқиқот руҳини берганларига мисол тариқасида 639 ҳижрий санада вафот топган машҳур олим Рашидуддин Сурий раҳматуллоҳи алайҳининг илмий басҳларини келтириш мумкин. У киши турли набототларни ўрганиш учун илмий сафарга чиққанларида ўзлари билан бирга уста рассомлардан ҳам олиб чиқар эканлар. Рашидуддин Сурий қайси набототни ўргансалар, ўшани рассом ҳам худди ўзининг ҳажми ва рангидек қилиб расмини солар экан. Рассом ҳар бир набототни уч марта: ўсаётган, пишиб етилган ва қуриб битган пайтидаги расмини солар экан.

Олим наботот илми бўйича «Ал-адвия ал-муфрада» ва «Ат-тож» номли китобларни таълиф қилган. У кишининг китобларида тўрт юз олтмиш олтита ўсимликнинг тўлиқ васфи келтирилган.

Мусулмон олимлар ўзларининг набототлар бўйича ўтказган тажрибалари ва илмий баҳсларига асосланиб, набототлардаги ҳеч кимга маълум бўлмаган моддаларни яхшилаб ўргандилар. Бу ҳол эса ўша моддаларни турли дорилар тайёрлашда ишлатишга имкон берди. Мусулмон уламолар тарихда биринчи бўлиб, набототларга таъсир ўтказиб, ўзларига керак бўлган ранг ва моддаларни уларга киритиш йўлларини ишлаб чиқдилар.

Мусулмонлар ичидан етишиб чиққан дунёга донғи кетган олимлардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғофиқийдир. Бу олим наботот оламига бағишланган китобида набототларнинг исмини араб, лотин ва барбар тилларида келтирган. Милодий 1160 санада вафот этган. Ғарб олимларидан Макс Майрхуруф бу олимга баҳо бериб, энг машҳур наботот илми олимларидан бири, деб атайди.

Бу соҳада яна машҳур мусулмон олимларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Ибн Байтор раҳматуллоҳи алайҳдир. Олим «Ал-Жомеъ фил адвиятил муфрада» номли китобида ўсимликлардан тайёрланадиган дориларнинг бир минг тўрт юзта турини васф қилган. Шулардан тўрт юзтасини Ибн Байтордан олдин ҳеч ким тилга олмаган экан.

Ибн Байтор экинзорларда ўсиб, ҳосилга зарар етказадиган ўсимликларни биринчи бўлиб ўрганган набототшуносдир. У Мисрда набототшуносларнинг раиси ҳам бўлган.

Ибн Байтор ўсимликларни ўрганиб Юнонистонгача борган. Унинг «Ал-муғний фил адвиятил муфрада» номли китоби ҳам бор. Овруполиклар уни «наботот илмининг отаси» деб атайдилар.

Ўн биринчи милодий асрда яшаб ўтган Ибн Бассол Тулайтилий раҳматуллоҳи алайҳ эса Андалус мусулмон давлатининг Тулайтила (ҳозирги Испаниянинг Толедо) вилоятида ҳокимларнинг улкан боғларини бошқарган.

Олим кўчатларнинг янги турларини ҳосил қилиш ва зироатга етадиган офатларга қарши курашиш билан шуҳрат топган. Унинг «Ал-филоҳа» номли китоби бу фикрнинг тасдиғидир.

Олим бу машҳур китобида турли сувлар, ерлар ва набототларнинг хусусиятларини ва уларга етадиган офатларни муолажа қилиш услубларини ажойиб илмий йўл билан баён этган.

Улуғ олим Абу Закарийя Яҳъя ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Авом ал-Ишбилий раҳматуллоҳи алайҳи  Андалус Ислом давлатининг Ишбилия (Севиля) вилоятида милодий ўн иккинчи асрда яшаб ўтган. У «Ал-филоҳа» номли китобида наботот илмига оид кўплаб илмий баҳсларни баён этган. Бу китоб милодий 1802 санада шарқшунос роҳиб Иосиф Антонио Бонкирри томонидан испан тилидаги таржимаси билан нашр этилган.

Ҳозирги кунда Испания, Франция, Италия, Португалия, Юнонистон каби жанубий Оврупо давлатларида ўсаётган хурмо, зайтун ва бошқа дарахту ўсимликларнинг ўша юртларда қандай пайдо бўлганини бир ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарсалар бошқа илм ва тараққиёт воситалари қатори Оврупога унинг жанубида саккиз аср ҳукм сурган Андалус Ислом давлатидаги мусулмонлар ҳаракати ила кириб келган.

Мусулмонлар машриқ томондан ва шимолий Африқодан Жанубий Оврупога юқорида зикр этилган хурмо ва зайтундан бошқа пахта, шоли, шакарқамиш, заъфарон каби кўплаб набототларни олиб келиб, ўша ер табиатига мослаштириб ўстирганлар.

Мусулмонлар ўсимликларни суғориш учун сув олиб келиш, бу соҳада сувни илмий равишда ишлатиш борасида ҳам пешқадам ҳисобланадилар. Мусулмон ўлкаларни қўйиб турайлигу ҳозирги Испаниядаги сув чиқариш каналлари ва бошқа шунга оид осори-атиқалар ҳам мусулмонларнинг қанчалик тараққиётга эришганларининг далилидир. Ҳаттоки баъзи минтақаларда ҳозир ҳам мусулмонлар қурган иншоотлардан суғориш ишларида фойдаланилмоқда.

Набототшунослик бўйича мусулмонлар эришган ютуқлардан франсиялик ва швесариялик инсонлар ҳам баҳраманд бўлганлар. Жанубий Франсиянинг ҳозирги кундаги энг муҳим маҳсулотларидан бўлмиш қора буғдой мусулмонларнинг уларга қилган ҳадясидир. Айнан мусулмонлар қора буғдойнинг уруғини биринчи бўлиб жанубий Франсияга келтириб экканлар.

Юқорида айтиб ўтилганларнинг тасдиғи сифатида шу соҳани синчиклаб ўрганган ғарблик олимлардан жаноб Сийнубеснинг гапларидан иқтибос келтиришга ижозатингизни сўраймиз:

«Мусулмонлар зироатнинг ҳамма навларини истеъмол қилиш билан бирга набототлардан кўпини Сақаллия (Сиссилия) ва Испанияга олиб келиб ўстирганлар. Улар бу ишни шу даражада яхшилаб адо этганларидан ўша нарсалар худди шу ерлик набототларга ўхшаб қолди. Шоли, заъфарон, узум, хушбўй ўсимликлар, ҳаворанг ва сариқ атиргуллар, ясмин, пахта ва шакарқамишлар ҳам шунга мисолдир».

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғусл ҳам таҳоратга ўхшаш инсон жисмини поклаш ва зийнатлаш воситасидир. У ҳам худди таҳоратга ўхшаб гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида мастаҳаб бўлади.Ғуслнинг давоми...

3296 18:00 / 07.02.2021
Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин киши учун бундан ҳам ортиқ кафолат бўлиши мумкинмиБу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Ким аҳли давоми...

1580 17:05 / 26.08.2019
Сиз муҳтарам азизлар дунёдаги энг пок ва покизаликка қаттиқ риоя қиладиган халқ вакили эканингиз билан фахрланиб юрасиз, албатта. Лекин ўша фахр боиси бўлган давоми...

1678 17:06 / 06.11.2020
Эслатма Бу мақоладаги фикрлар мусулмон олимлари тарафидан эмас, балки ўзлари насроний бўлган инжилшунос олимлар тарафидан билдирилгандир. Китобни ўз қўли билан давоми...

3323 17:10 / 25.04.2019