1446 йил 4 рабиъус сони | 2024 йил 07 октябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Яҳудо-насронийлик ва Павлус

19:15 / 15.01.2019 3962 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насронийларнинг аксарияти Инжил бевосита Ийсонинг ҳаётига гувоҳ бўлганлар томонидан ёзилган, деб ҳисоблашади. Шунинг учун бу китоблар Ийсонинг ҳаёт йўли ва пайғамбарлик фаолияти давридаги воқеалар ҳақидаги энг ишончли далил сифатида қабул қилинади. Инжил борасида бу каби кучли ҳужжат бор экан, ундан олинадиган таълимот ҳақида қандай қилиб шубҳага бориш мумкин? Агар Инжил Ийсонинг ўзи томонидан Черковга берилган деб қараладиган бўлса, шу китоб асосида фаолият олиб бораётган Черков ҳам барча танқидлардан қутулади. Инжилнинг бугунги кундаги оммавий нашрларида ўқувчиларга айнан шу ғояларни сингдиришга ҳаракат қилинаётгани яққол сезилади.

Эрамизнинг II асри ўрталарида Муқаддас Юстин Инжил китобини «Ҳаворийларнинг хотиралари» деб номлаган. Бундан ташқари китоб муаллифлари ҳақида шу қадар кўп «ишончли маълумотлар» тарқатилганки, бу ерда қанақа шубҳага ўрин бўлиши мумкин, деб ажабланасан киши. Масалан, Маттонинг кимлиги ҳаммага машхур, у «Кафарнаҳумдаги божхонада ходим» бўлиб ишлаган, маълумотларга қараганда у оромий ва юнон тилларида гапира олган. Марк ҳам Пётрнинг атрофидаги ҳамфикри сифатида таниш, унинг Инжилдаги воқеалар гувоҳи бўлганини ҳам ҳеч ким инкор қила олмайди. Лукани Павлус «ҳурматли шифокор» деб таърифлаган, у ҳақдаги маълумотлар ҳам юз фоиз аниқ. Юҳанно эса ҳаворий, бутун умр Ийсонинг ёнидан жилмаган, Галилей денгизида балиқчилик қилган Забиданинг ўғли.

Насронийликнинг энг биринчи кунларига оид замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, маълумотларнинг бу тариқа тақдим этилгани ҳақиқатга асло мос тушмайди. Ҳозир биз Инжил муаллифлари аслида ким эканини ҳақиқат кўзи билан кўриб чиқамиз. Ийсонинг пайғамбарлик фаолиятидан кейинги ўн йилликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, воқеалар бизга ҳикоя қилиб берилаётганидек рўй бермагани ойдинлашади ва Пётрнинг Римга келиши Черковнинг бошланишига сабаб бўлди, деб ишониш нотўғри. Аслида Ийсо ер юзини тарк этганидан кейин то иккинчи асрнинг иккинчи ярмигача бўлган даврда насронийларнинг икки оқими ўртасида авж олган кураш тўхтагани йўқ. Бу икки оқимнинг бирини «Павлус насронийлиги», иккинчисини эса «Яҳудо-насронийлик» деб аташ мумкин. Ўзаро урушда уларнинг биринчиси иккинчисини секинлик билан сиқиб чиқарди ва Павлус насронийлиги Яҳудо-насронийлик устидан ғалаба қозонди.

Насронийлик динига оид энг янги китоблар, асосан бизнинг замонамизда олиб борилган изланишлар натижасида ёзилган. Бу каби китоблар муаллифлари орасида Кардинал Даньелу ҳам бор. 1967 йил декабрда у «Ўрганиш» (Etudes) журналида «Насронийликнинг келиб чиқишига оид янги маълумотлар: Яҳудо-насронийлик» (Une vision nouvelle des origines chrétiennes, le judéo-christianisme) номли мақоласини эълон қилди. Қуйида бир оз қисқартиришлар билан ўша мақоладан иқтибослар келтирамиз:

«Ийсо ер ҳаётини тарк этганидан кейин «Ҳаворийларнинг кичик гуруҳи» томонидан «Қуддусдаги ибодатхонада амал қилинган ибодат тартиб-қоидаларини сақлаб қолиш истагидаги яҳудийлар иттифоқи» тузилади. Аммо динни янги қабул қилган собиқ динсизлар томонидан эски тартиб-қоидаларга янги тўлдиришлар қўшилгач, бу иттифоққа «алоҳида талаб» таклиф қилинди: эр. 49 йилида ўтказилган Қуддус Кенгаши уларни ҳатна қилишдан ва шу каби яҳудийларга хос бошқа одатлардан озод қилди. Аммо «кўплаб яҳудо-насронийлар бу енгилликка рози бўлишмади». Бу иттифоқ ҳеч қанақасига Павлуснинг иттифоқи билан алоқадор ҳисобланмаган. Бундан ташқари, Павлус ва Яҳудо-насронийлар ўртасида насронийликни қабул қилган динсизлар (эр. 49 йили Антиохияда рўй берган ҳодиса) борасида тортишув ҳам бўлиб ўтган. «Бундан буён энди ҳатна қилиш, шаббат, шунингдек Қуддусдаги ибодатхонада амал қилинган ибодат тартиб-қоидалари Павлус томонидан, ҳатто яҳудийлар учун ҳам эскирган, деб эълон қилинди. Насронийлик ўзининг яҳудийликка алоқадорлиги каби сиёсий-диний хусусиятдан қутулиб, таркибига динсизларни жалб қилиш ҳаракати бошланди».

«Яҳудийликка вафодор» қолишни танлаган Яҳудо-насронийлар Павлусни муртад (сотқин)га чиқаришди. Яҳудо-насронийлик ҳужжатларида уни «душман», «тактик мақсадларда ҳаракат қилган иккиюзламачи» деб аташди. «Эр. 70 йилларгача Яҳудо-насронийлар Черковнинг катта қисмини ташкил қилишарди»ва «Павлус ёлғиз қолиб кетди». Яҳудо-насронийларга ўша вақтда Ийсонинг қариндоши Ёқуб раҳбарлик қилди. Пётр (дастлабки кунлардан) ва Юҳанно у билан бирга эдилар.

«Ёқубни Яҳудо-насронийлик лагерининг вакили, яҳудийликка тиш-тирноғи билан ёпишиб, Павлус насронийлигига қарши чиққан тарихий шахс сифатида тасвирлаш мумкин». Қуддуснинг Яҳудо-насронийлик черковида Ийсонинг қариндошларига катта ўрин ажратилган эди. «Ёқубнинг ўрнини кейинчалик Ийсонинг жияни Клеопаснинг ўғли Симеон эгаллади».

Бу ерда кардинал Данельу дастлаб ҳаворийлар атрофида шаклланган бу иттифоқнинг Ийсога муносабати борасида яҳудо-насроний матнлардан иқтибос келтирмоқда. Булар Мисрдаги яҳудо-насронийлар иттифоқида юзага келган Яҳудийча Инжил, Клементнинг қаламига мансуб фаразлар ҳамда «Диний йўл-йўриқлар ва тавсиялар» асарлари, Ёқуб томонидан ёзилган «Иккинчи қиёмат» ва Фомага нисбат берилувчи «Инжил» номли китоблар. «Насронийлик адабиётининг энг қадимий асарлари айнан яҳудо-насронийларга бориб тақалишини унутмаслигимиз керак». Кардинал Данельу бу иттифоқ ҳақида батафсил маълумот бериб ўтади. «Насронийликнинг дастлабки 100 йили давомида яҳудо-насронийлик нафақат Қуддусда, балки Фаластинда ҳам етакчилик қилган. Павлуснинг фаолияти бошлангунга қадар яҳудо-насронийлик деярли ҳамма ёқда илдиз отиб улгурган эди. Павлуснинг мактубида келишмовчилик ҳақида гапирилишининг ҳам сабаби шунда бўлса керак». Павлус Галатия, Коринф, Колосса, Рим ва Антиохия томон кетаётганида ўз йўлида рўбарў келган «душманлар» деб таърифланувчи иттифоқ айнан ўша яҳудо-насронийлар иттифоқи ҳисобланган.

Яҳудо-насронийлик Ўрта ер денгизи қирғоқларидаги Ғазодан Антиохиягача бўлган Сурия-Фаластин ерларида кенг тарқалган. Яҳудо-насронийларнинг Кичик Осиёда мавжудлиги ҳақида эса Павлуснинг галатияликларга ва колосаликларга ёзган мактубларида маълумот бор. Папия инжилида Кичик Осиёнинг шимоли-ғарбий қисми – Фригиядаги яҳудо-насронийлар ҳақида хабар берилса, Павлуснинг Коринфликларга биринчи мактубида айтилишича, уларни Юнонистонда, хусусан Аполлосда ҳам учратиш мумкин бўлган. Гермеснинг чўпони ва Клемент хабар беришича, Рим ҳам яҳудо-насронийликнинг «муҳим маркази» ҳисобланган. Светоний ва Татсийдан биз шунингдек насронийлар яҳудийликнинг оқимларидан бири саналганини ҳам билиб олишимиз мумкин. Кардинал Данельунинг фикрича, Африка қитъасига олиб келинган илк Инжил китоби ҳам яҳудо-насронийларнинг Инжил китоби эди. Бу нуқтаи назардан яҳудийларнинг Инжили ва александриялик Клементнинг асарлари бир-бирини қўллаб-қувватлайди.

Расмий Инжил китоблари, яъни каноник инжиллар ёзилган шароит билан яхшироқ танишиш учун ўша даврдаги турли иттифоқлар ўртасида рўй берган тортишувлар билан танишиш зарур. Бугунги бизнинг қўлимиздаги матнлар тахминан эр. 70 йилларда, асл манбадан бир неча бор кўчириб ёзилганидан кейин пайдо бўла бошлади. Айнан шу даврда, гарчи яҳудо-насронийлар ҳали устунликни бой бермаган бўлишса-да, икки оқим орасида жиддий келишмовчиликлар авж олган эди. Эр. 70 йилида рўй берган яҳудийлар жанги ва Қуддуснинг таслим бўлишидан сўнг вазият бутунлай ўзгарди. Бу воқеаларни Кардинал Данельу қуйидагича ҳикоя қилади:

«Салтанатда яҳудийлар ўз обрўларини йўқотганларидан сўнг насронийлар нима қилиб бўлса ҳам улардан ажралишга ҳаракат қила бошлашди. Шу даврда насронийликни қабул қилган юнон халқларининг қўли баланд келди. Павлус насронийлиги унинг вафотидан кейин ғалаба қозонди ва насронийлик ҳам сиёсий жиҳатдан, ҳам ижтимоий жиҳатдан яҳудийликдан ажралиб чиқди, бу учинчи иттифоқ сифатида фаолият юрита бошлади. Лекин эр. 140 йилидаги яҳудийларнинг инқилобигача маданий жабҳада барибир яҳудо-насронийлик етакчи вазифасини бажариб келди».

Эр. 70-110 йиллари оралиғида Марк, Матто, Лука ва Юҳанно инжиллари ёзиб тугатилди. Аммо уларни насронийликнинг илк ёзма ҳужжатлари деб ҳисоблаш тўғри эмас, Павлуснинг мактублари улардан анча илгари ёзилган. О.Кульманнинг фикрича, Павлуснинг Салоникаларга мактуби эр. 50 йилларига тўғри келади. Аммо Павлус Марк инжили якунланишидан бир неча йил аввал тарихий воқеалар саҳнасидан йўқолиб қолади.

Павлус насронийликдаги энг катта тортишувларга сабаб бўлган шахс ҳисобланади. Ийсонинг оила аъзолари ва Жеймснинг атрофида Қуддусда қолган ҳаворийлар уни Ийсонинг қарашларига хиёнат қилган деб ҳисоблашади. Павлус насронийлиги динни тарқатиш учун Ийсо томонидан ўз атрофига чақирилган ёрдамчилар фикрига терс ўлароқ шаклланди. У ҳаёти давомида Ийсо билан учрашмаган, буни камчилик ҳисоблайдиганлар учун эса Павлус Дамашққа кетаётганида қайтадан тирилган Ийсони кўрганини, Ийсо унга ўша учрашувда нима қилиш кераклиги ҳақида йўл-йўриқ кўрсатиб кетганини даъво қилади. Агар Павлус бўлмаганида, насронийликнинг бугунги кўриниши қанақа бўларди, тасаввур қилиш қийин ва бу ҳақда ҳамма ҳар хил фикр билдириши мумкин. Лекин Инжил матнлари ҳақида шуни айтиш мумкинки, агар ўша даврдаги турли оқимлар ўртасида рўй берган келишмовчиликларни ҳисобга олмасак, бугунги биздаги матнлар умуман бошқача кўриниш касб этган бўларди. Бу матнлар, айнан икки оқим ўртасидаги кескин курашлар авж олган вақтда дунё юзини кўрди.

Шундан сўнг яҳудо-насронийлар иттифоқ сифатида бутунлай йўқолиб кетишди ва уларнинг ҳеч қандай таъсири қолмади. Аммо то бугунгача ўша иттифоқ қолдиғи ўлароқ насронийлар орасида «яҳудийча» (жидовствующие, Judaïstic) деган сифат ишлатиб келинади. Уларнинг йўқолиб кетишини Кардинал Данельу шундай изоҳлайди:

«Катта Черков ўзини яҳудийликдан бутунлай ажратиб олиб, яҳудо-насронийларни ўз сафига қўшмагач, улар Ғарб ўлкаларида кўп яшаб қола олишмади. Шарқ мамлакатларида, айниқса Фаластин, Арабистон, Янги Иордания, Сурия ва Мессопотамияда эса уларнинг изларини эрамизнинг III ва IV асрларида ҳам учратиш мумкин. Яҳудо-насронийларнинг баъзилари Катта Черковнинг ортодокс оқимига аралашиб кетишди ва яҳудийлик маданияти изларини ҳалигача ташлаб юборишгани йўқ, баъзилар эса ҳозирги кунгача Эфиопия ва Халдея черковларида етакчилик қилишмоқда.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин киши учун бундан ҳам ортиқ кафолат бўлиши мумкинмиБу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Ким аҳли давоми...

1518 17:05 / 26.08.2019
Салбчиларнинг Яқин Шарқдаги енгилиши. 1250 йилларнинг иккинчи ярмида христианларнинг Сурия ва Фаластиндаги позицияси бирқанча мустаҳкамланди, чунки бу вақтда давоми...

1349 16:22 / 06.11.2023
Испания ва Сицилияда яшаган, қизиқишларига кўра математик бўлган Аделард Батский 1090ndash1150 аслида ҳиндларга мансуб бўлган араб рақамларини жорий қилган турк Абу давоми...

2125 09:00 / 31.07.2021
Ҳар бир илмий ҳаракатни ривожлантиришда, уни илм толибларига етказишда ва ниҳоят ўша илмий ҳаракат самарасини келажак авлодга қолдириб кетишда китоблар муҳим давоми...

3186 16:30 / 21.05.2021
Аудиолар

131268 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51758 14:35 / 11.08.2021