1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Имом Мотуридийнинг таржимаи ҳоли (иккинчи мақола)

13:30 / 17.04.2020 2074 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исм ва нисбаси: 

Имом Мотуридийнинг тўлиқ исми шарифи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий, ас-Самарқандий, ал-Ансорийдир. Тадқиқотчилар у кишига Абу Мансур куняси берилишининг боиси хусусида кўп изланишлар олиб боришган. Уларнинг хулосасига кўра, Имом Мотуридийнинг Мансур исмли ўғли бўлмаган. Бу куня ё шу исмли ўғил кўриш ниятида қўлланган, ёки нусрат қозонган аҳли суннанинг маънавий отаси сифатида берилган. Ёш тадқиқотчи олимлардан Аҳмад Даманҳурийнинг Имом Мотурийдий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Таъвилоту аҳли Суннаҳ» тафсиридаги сўзларидаги ишорадан келиб чиқиб, биринчи фикрни қўллаган. Яъни Имом Мотуридий ўғил кўриб, унга Мансур деган исмни қўйиш ниятида шу куняни танлаган.

Имом Мотуридий Самарқанднинг «Мотурид» ёки «Матрит» қишлоғида туғилгани учун «Мотуридий» нисбасини олган ва бу унинг энг машҳур нисбасидир. Бу қишлоқ Самарқандга қарашли бўлгани учун Имомга «Самарқандий» нисбаси ҳам берилган.

«Ансорий» (ёрдамчи) нисбаси аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида у зотга кўмакдош бўлган мадиналик мусулмонлар ва уларнинг авлодларига ишлатилади. Шунга кўра, баъзи тарихчилар ўз асарларида, жумладан, имом Камолиддин Баёзий «Ишаротул-маром» китобида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга боради, деб айтади. Бироқ, «Тавҳид» китобини таҳқиқ қилган Доктор Бакр Тобол ўғли ушбу асар нашрига ёзган муқаддимасида Зубайдийнинг сўзлари ва бошқа далилларга асосланиб, «Ансорий» нисбаси Имом Мотуридийга насаб эътиборидан эмас, балки аҳли суннанинг ҳимоясида қилган беназир хизматлари, соф эътиқодни сақлашдаги кўмаклари учун унвон сифатида берилганини таъкидлайди. У киши бунга далил сифатида Имом Мотуридийнинг насаби Абу Айюб Ансорийга туташиши ҳақида бирорта ҳам ҳужжат йўқлиги, шунингдек, у кишининг асарларидаги лисон ажам муаллифлар услубиятида эканини келтиради ва синчковлик билан ўрганилса, «Тавҳид» асарида ҳатто жумла ва гапларнинг таркибу тартиби турк тилига тортишига ишора қилади. Баъзилар Ансорий нисбаси мутлақ янглиш деган фикрни ҳам айтган.

Таваллуд ва вафоти: 

Имом Абу Мансурнинг таваллуд топган санаси ҳақида аниқ маълмот йўқ. Тахминларга кўра, у киши 238 ёки 248 ҳижрий санада туғилган. У кишининг вафот санаси ҳақида манбалар деярли бир хил сўз айтади. Унга кўра, ҳижрий 333 санада Самарқанда вафот этган.

Илмий фаолияти ва унвонлари

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис, фиқҳ, усули фиқҳ, тафсир, фалсафа ва мантиқ илмларининг билимдони бўлган. У киши, хусусан, ақида илми, калом илмида имом, беназир олимлардан эди.

Абу Мансур Мотуридий Имом Абу Ҳаниф раҳматуллоҳи алайҳнинг абира шогирдларидан бўлиб, ақийда ва фиқҳда Имом Аъзамнинг мазҳабларини қўллаб қувватлаган. Бошқачароқ қилиб айтганда, у киши Ислом таълимотларини имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ орқали ўрганган ва нақл қилган.

Абу Мансур Мотуридийнинг илмдаги санади Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга бир неча тарафдан туташади. У киши Абу Бакр Аҳмад Жузжонийдан, у Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжонийдан, у Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаддан, улар Абу Ҳанифадан таълим олган. Яна бир санадга кўра, Имом Мотуридий билан имом Абу Ҳанифа ўртасида иккита одам бор: у киши Нусайр ибн Яҳё Балхийдан, у Абу Муқотил Самарқандий ва Абу Мутиъ Балхийдан, улар Абу Ҳанифадан таълим олган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ илмни Ҳаммод ибн Сулаймондан, у буюк тобеий Иброҳим Нахаъийдан, у Алқамадан, у Ибн Масъуд, Алий ибн Абу Толиб ва Умар розияллоҳу анҳум ва бошқа саҳобалардан ўрганган. Иброҳим Нахаъий буюк тобеинлардан бўлиб, кўплаб саҳобалардан таълим олган. Саҳобаи киромлар динни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар.

Имом Мотуридий ақлий илмлар тарқаб, мусулмонлар ўртасида тушунмовчиликлар, ақийда масалаларида хилофлар, беқарорликлар авж олган, натижада, турли ақийдавий оқимлар урчиган бир пайтда яшаб, ижод қилганлар. У киши бутун умрларини соф Ислом ақийдасини ҳимоя қилишга, турли адашган тоифаларга раддия бериб, мусулмонларни уларнинг хато фикрларидан огоҳ этишга бағилшлаганлар. Бунинг натижасида Ислом умматининг катта қисми жуда ҳам хатари залолат босқинидан қутулиб, ҳақ эътиқодда собит қолган. У кишининг бу борада хизматлари бутун Ислом уммати уламолари тарафидан эътироф этилган. Шу боис, «Ҳидоят имоми», «Ҳидоят нишони», «Мусулмонларнинг ақийдасини тўғриловчи», «Аҳли суннанинг имоми» каби номлар билан тилга олишган. Бундай унвонлар ва таърифлар ҳеч қачон шунчаки эмас, балки ҳақли равишда юзага келади. Буларнинг барчаси имом Мотуридийнинг илми ва хизмати қанчалар юксак бўлганига ишора қилади.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таълимоти Ислом оламининг шарқий тарафи, яъни Мовароуннаҳр ва Хуросон юртларида кенг тарқалган. Бироқ, у кишининг асарлари, таълимотлари кўпроқ Ислом оламида орадан сал кам бир аср ўтгач, Абу Юср Баздавий ва бошқа олимларнинг асарлари орқали танилган.

Асарлари:

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ақида, фиқҳ, тафсир ва бошқа исломий илмларда бир қатор китоблар ёзган. Улардан айримлари йўқ бўлиб кетган бўлса, баъзилари бизгача етиб келган. Жумладан:

1. «Тавҳид», ақида илмига бағишланган китоб. Ушбу мақола айнан шу асарга бағишланган.

2. «Ал-Мақолот», адашган тоифаларга қарши аталган китоб.

3. «Ар-Роду алал-қаромита». Китоб номидан ҳам маълумки, у қарматийларга раддия сифатида ёзилган.

4. «Радду аваилил-адиллаҳ лил-Каъбий» Каъбийнинг «Асосий далиллар» деган китобига раддия.

5. «Радду таҳзибил-жадал», бу ҳам Каъбийнинг фалсафий қарашларига раддия сифатида ёзилган бўлиб, унинг «Тортишувни тартиблаш» деган китобини нишонга олган.

6. «Радду ваъийдил-фуссақ». Бу асар Каъбийнинг «Фосиқ қишиларга ваъийд», деган китобига раддия.

7. «Таъвилату аҳлис-сунна». Бу муаллифнинг энг машҳур асари, Қуръони Каримга ёзган тафсири. Унда муаллиф аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиб ўтишга алоҳида эътибор қаратади ва қарши фикрларга раддия беради.

8. «Ал-Имамаҳ». Бу китоб имомия шиаларининг қарашларига раддия сифатида ёзилган.

9. «Баяну ваҳмил-муътазилаҳ». Китоб номидан ҳам маълумки, у мўътазилаларнинг асоссиз даъволарига раддия учун битилган.

10. «Маахизуш-шариъаҳ». Усули фиқҳга доир китоб.

(Давоми бор)

Биринчи мақолани ўқиш учун ҳавола
https://islom.uz/maqola/13640

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи мақом тақдир қилинган нарсага рози бўлишдан иборат бўлиб, у .зоҳидлар даражаси, дейилади.Учинчи мақом Роббининг раво кўрган нарсасига муҳаббат қилишдан давоми...

3533 19:16 / 07.01.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари яшайдиган хонадонга бир гуруҳ мусулмонлар келиб, Расулуллоҳ давоми...

2788 08:00 / 07.01.2021
Бир мутакаббир золим хизматкорига фалончи аёлни келтиришни буюрди. Унинг мақсади бечора аёлни азоблаб, устидан кулиш эди. Аёлни олиб келишди. Золим бу аёлни ерда давоми...

2650 07:00 / 29.01.2019
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳнинг дуо қилса қабул бўлишига сабаб давоми...

4506 10:00 / 21.05.2021