1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Масжидул-ҳаром

14:00 / 16.08.2019 7754 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид Масжидул-Ҳаром (Байтул-Ҳаром) деб аталади. Бундай ном олишига масжид ва унинг атрофида ҳар хил гуноҳ ва ёмон ишлар, уруш қилиш, қон тўкиш, ов овлаш, кўкатларни юлиш, дарахтларни кесиш-синдириш каби ишлар ҳаром этилгани сабаб бўлган. Бу ҳукм фақат Каъба атрофидаги Масжидул Ҳаромгина эмас, балки Маккаи Мукаррама атрофидаги белгиланган муайян ҳудудга тегишли.

Масжид ҳудуди Байтуллоҳ (Каъба), Замзам булоғи, Сафо ва Марва тепаликларини ўз ичига олади. Илк бор иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб Каъбатуллоҳ атрофидаги уйларни сотиб олиб, буздириб, масжидни кенгайтирганлар. Каъбага саҳн қолдириб, атрофидан девор олдирганлар. Шундан кейин у турли даврларда бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилди. Ҳозирги кунда масжиднинг тўққизта мезанаси (минораси), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Иккинчи ва учинчи қаватларга ўн битта юрарзина (эскалатор) ёрдамида чиқилади.

Масжидга саккиз минг дона шамол-паррак, эллик беш минг дона турли чироқ ўрнатилган. Умумий саҳни 356 минг кв метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида бир миллион бир юз йигирма минг намозхонни сиғидира олади. Масжид ўртасидаги Каъба эшиги 280 кило соф олтиндан ясалган.

Ҳадисда келишича, Пайғамбар алайҳиссалом: «Сафарлар фақат уч масжидга – Масжидул-Ҳаром, менинг бу масжидим (Масжидун Набавий) ва Масжид ул-Ақсога қасд қилинади», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Масжидул-Ҳаром ўртасидан жойлашган 12х9х12 метрли куб шаклидаги қорамтир тош бино «Каъба» деб аталади. Қуръони Карим хабарига кўра, уни илк бор Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан тиклашган. Сўнг пайғамбар «Ҳажарул-асвад» (қора тош) ўрнидан бошлаб Каъбани етти бор айланиб тавоф қилган. Кейин етти мартадан Сафо ва Марва тоғига чиққан, Арафот водийига борган. Бу биринчи ҳаж зиёрати эди ва у ҳозиргача шу тартибда адо этиляпти.

Каъба бунёд қилинганидан буён табиий офат ва турли тўқнашувлар сабабли кўп марта вайрон бўлиб, қайта тикланган. Ҳижрий 72 йилда подшоҳ Ҳажжож ибн Юсуф пойдеворига қадар энг сўнгги жиддий таъмирлашни ўтказган. Каъбанинг ҳозирги биноси Ҳажжож барпо эттирган ўша бинодир. У ХХ аср ўрталарида Саудия Арабистони подшоҳи томонидан қайта таъмирланди. Каъбанинг Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи), Хонаи Каъба (Каъба хонаси), Байтул-Атийқ (Қадимий уй), Қибла (ибодатда юзланиладиган тараф) каби бир неча номлари бор.

Каъбанинг устига ёпиладиган қора қалин мато «каъбапўш» дейилади. Авваллари унинг устига қизил, қиботий, оқ ипакдан пўш ёпилган. Ҳижрий олтинчи асрда аббосий халифа Носир Лидиниллоҳ қора пўш ёпишни жорий қилган. Каъбапўш 658 квадрат метрли бир-бирига уланган қирқ саккиз бўлак матодан иборат. Бу мато қора рангли 450 кило соф ипакдан тайёрланади. Унга олтин суви юрғизилган кумуш иплар билан «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадар Расулуллоҳ», «Жалла жалалаҳу», «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил-азийм» иборалари нақш қилинган. Исломда биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сўнгра халифалар ўз замонларида мато ёпишган. 1258 милодий, 656 ҳижрий йили Аббосийлар халифалиги барҳам топганидан кейин Каъба устига ёпиладиган мато Миср ва Ямандан келтириладиган бўлди. 1924 милодий йилдан кейин бу масъулиятли ишни подшоҳ Абдулазиз оли Сауд ўз зиммасига олиб, Маккаи Мукаррамада мато чиқариш учун иншоот қуришга амр қилди. Биринчи мато 1346 ҳижрий йили тўқиб чиқарилди. Ҳозир Маккаи Мукаррамада янги мато фабрикаси ишламоқда.

Иброҳим алайҳиссалом бир тош устида туриб Каъбани қураётганларида унга оёқ излари тушиб қолган. Шу тош ва унинг атрофи «Мақоми Иброҳим» деб аталади. У Масжидул-Ҳаром ичида, Каъба яқинида, алоҳида белги билан кўрсатилган. Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлгач, шу ерда намоз ўқиганлар. Қуръони Каримда: «Мақоми Иброҳимни намозгоҳ тутинг», деб буюрилгани учун тавофдан кейин ушбу мақомда икки ракат намоз ўқилади.

«Ҳажарул-асвад», яъни «қора тош» Каъба эшигининг чап томонидаги бурчакка елка баробарида жойлаштирилган. Ҳожилар уни табаррукона ўпадилар, чунки унинг жаннатдан чиққани тўғрисида ривоят бор. Ҳаж мавсумида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни ўпганлар. Шунинг учун имкони бўлса, ҳар бир ҳожи уни ўпиши, иложи бўлмаса, рамзий ишорат ва такбирлар билан кифояланиши суннат. Каъбани тавоф қилиш Ҳажарул-асвад жойлашган бурчакдан бошланади.

 «Hilol» журнали, 1- сонидан олинди

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қиладиЭй одамлар Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин. Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ давоми...

2408 21:05 / 26.08.2019
Қуръони каримнинг таъсири ҳақида воқеий ҳикояМен Саудия пойтахти АрРиёз шаҳрида инглиз тилидан таржимонлик қилар эдим. Америкадан Сурияга кўчиб келган бир давоми...

4342 19:01 / 07.12.2018
Бароат кечасида Аллоҳ таоло махлуқотларига раҳмат назари билан қарайди ва унинг барокати сабабли бир неча кишилардан ташқари барча мағфират қилинади. давоми...

1813 18:53 / 06.03.2023
Муҳаммад ибн Ҳасандан ривоят қилинади .Ўғрилар бир кишининг уйига кириб, қимматбаҳо нарсаларини олишди, чиқиб кетаётиб, уй эгасига .Бирон кишига айтсам, хотиним уч давоми...

3242 08:00 / 19.09.2020