1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Гўдакнинг руҳий ривожланишига она сути зарур озуқа ҳисобланади

12:09 / 23.02.2020 2873 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ

Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир. Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юклатилмас. Она ҳам ўз боласи туфайли, ота ҳам ўз боласи туфайли зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундай. Агар ўзаро рози бўлиб, маслаҳатлашиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ йўқ. Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилмоқчи бўлсангиз, берадиганингизни маъруф ила аввалдан топширсангиз, сизларга гуноҳ йўқ. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, Аллоҳ нима амал қилаётганингизни албатта кўриб турувчидир. (Бақара сураси, 223-оят)

Фарзанд Аллоҳ берган улуғ неъматдир. Ота-она бу неъматга шукр қилишлари лозим. Шукрнинг асосийси фарзандни неъмат берувчи Зот – Аллоҳнинг розилигини қозонадиган қилиб тарбиялашдир. Тарбия эса эмизишдан бошланади. Бу ишда ота-онанинг келишмовчиликлари, ораларининг бузилиши узр бўла олмайди. Катталарнинг жанжали туфайли мурғак гўдак зарар тортмаслиги, унга Аллоҳ берган ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинмаслиги керак. Гўдакнинг ҳақларидан бири ва онанинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдакнинг жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният бир минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда бир неча йиллик илмий текширишлардан сўнг олимлар «Гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак» деган гапни айтишмоқда. Буни мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи Қуръони Каримда айтиб қўйган.

«Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир».

Оналар фарзандларини икки йил эмизар эканлар, албатта, оталарга ҳам ўзига яраша вазифа юкланган. Уларнинг «Онаси билан ажрашиб кетганман», деб ўзларини четга олиб туришга ҳақлари йўқ, балки:

«Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир».

Бу ишни яхшилаб адо қилиш керак, номига эмас. Аммо ҳаддан ҳам ошилмайди:

«Ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юклатилмас».

Яъни бу нафақа ишида ҳам отанинг иқтисодий ҳолига қаралади. Унинг имконидан ташқари, ортиқча сарф-харажат таклиф қилинмайди. Демак, она болани эмизсин, ота уни боқиб, кийинтирсин, ҳаммаси имконга яраша бўлсин:

«Она ҳам ўз боласи туфайли, ота ҳам ўз боласи туфайли зарар тортмасин».

Онанинг боласи сабабидан зарар тортиши – эр томонидан унга емоқ-ичмоқ ва кийинмоққа нафақа берилмаслиги ёки оз берилиши. Шунингдек, эмизишга қўймасдан, болани ундан тортиб олиш каби ишлар. Боласи сабабидан отанинг зарар кўришига онанинг қўполлиги, ҳаддан ташқари кўп нафақа сўраши, бола сабабли турли ёмонликлар қилиши киради.

«Меросхўрга ҳам худди шундай».

Ояти кариманинг ушбу жумласидаги «меросхўр» кимнинг меросхўри экани ҳақида тафсир уламолари икки хил фикр айтганлар. Баъзилари отанинг меросхўри, деса, қолганлари боланинг меросхўри, деганлар. Мабодо ота вафот этиб, фарзандига нисбатан ўз бурчини адо эта олмаса, унда бу бурчни унинг меросхўрларидан бири адо этадилар. Бу меросхўрлар отадан қолган меросни олишга ҳақли бўлганларидек, ундан қолган фарзанднинг нафақасига ҳам бурчлидирлар. Меросхўрга ҳам худди отага бўлган муносабатда бўлинади. Имкондан ортиқ нарса таклиф қилинмайди, бола сабабидан зарар етказилмайди ва ҳоказо. Боланинг меросхўри, деганда, мабодо бола вафот этса, унинг меросини оладиган шахс тушунилади.

«Агар ўзаро рози бўлиб, маслаҳатлашиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ йўқ».

Яъни агар ота билан она ўзаро маслаҳат қилиб, рози бўлиб, болани икки йилдан оз ёки кўп муддатда сутдан ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳи йўқ, бу ўзларининг ишлари. Фақат боланинг фойдасини кўзласалар бўлди.

Шу билан бирга, турли ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Мисол учун, она эмизишга қодир бўлмай қолиши ёки эмизишдан бош тортиши мумкин. Ундай ҳолатда

«Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилмоқчи бўлсангиз, берадиганингизни маъруф ила аввалдан топширсангиз, сизларга гуноҳ йўқ».

Бу иш отанинг вазифаси ҳисобланади. У ўз боласига эмизувчи аёл топади ва унга хизмат ҳақини олдиндан бериб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хизмат ҳақини аввалдан олган аёл болани яхшироқ парваришлаши мумкин.

Оятнинг охирида яна бир бор тақвога, Аллоҳдан қўрқишга даъват қилинади. Бу эса мазкур масаланинг ғоят муҳим эканига далилдир:

«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, Аллоҳ қилаётган амалларингизни албатта кўриб турувчидир».

Яна тақвога чақириқ. Исломий ҳаётнинг ўзининг барча соҳаларида тақвога боғлиқлиги ушбу ояти карималар мажмуасида яққол зоҳир бўлиб турибди. Ҳатто болани эмизиш, тарбия қилиш бобида ҳам тақво билан иш тутиш таъкидланмоқда.

Юқорида ўтган оилавий ҳаётга бағишланган ояти карималарда кимни турмуш ўртоғиликка ихтиёр қилиш, оилада қандай яшаш, маҳр, талоқ, хулуъ, идда, қайта ярашиш, эр-хотин ишига қариндошларнинг аралашуви, ота-она ажрашганда болани эмизиш масаласи кабилар муолажа қилинди. Аммо эр-хотиннинг бир-бирларидан жудо бўлишлари фақат талоқ ёки хулуъ билан бўлмайди. Гоҳида эр-хотиннинг ажрашишларига ўлим ҳам сабаб бўлади.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Албатта, Роббинг ризқни хоҳлаган кишига кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, У бандаларидан ўта хабардор ва кўриб турувчи давоми...

1197 19:00 / 05 март
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга давоми...

3316 17:00 / 04.01.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Эй иймон келтирганлар Агар китоб берилганлардан бир гуруҳига итоат қилсангиз, иймонингиздан кейин давоми...

2343 19:30 / 16.11.2021
Эй иймон келтирганлар Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг. Бақара 278. Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек давоми...

9469 10:05 / 22.06.2018