1446 йил 16 зулқаъда | 2025 йил 13 май, сешанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Улар Аллоҳнинг ҳукмини мутлақо хоҳламайдилар

19:00 / 24.09.2024 761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ

«Ўзларида Таврот бўла туриб, унда Аллоҳнинг ҳукми бўла туриб, қандай қилиб сени ҳакам қилур­лар-у, сўнгра ўшандан кейин ҳам юз ўгириб кетурлар? Улар мўмин эмаслар» (Моида сураси, 43-оят).

Бу ерда уларнинг қилмишларидан икки марта ажабланиш бор. Аввало, билмоқчи бўлган ҳукмлари қўлларидаги Тавротда ҳам бор. Ҳолбуки, улар Тавротни «Бизга Аллоҳ берган илоҳий китоб, унга амал қилмоқдамиз», деб фахр ила тилга олишади. Демак, ўзларида Таврот туриб ва унда мазкур масаланинг ҳукми бўла туриб, яна Расулуллоҳни ҳакам қилишлари ажабланарли. Яҳудийларнинг бу ҳаракати, уларнинг Аллоҳнинг ҳукмини эмас, ўзларига ёқадиган ҳукмни ахтаришаётганини кўрсатади. Иккинчи ажабланарли ҳол – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм чиқариб берганларида ва бу ҳукм Тавротдаги ҳукмга тўғри келиб қолганда, юз ўгириб кетишлари. Демак, улар Аллоҳнинг ҳукмини мутлақо хоҳламайдилар. Агар заррача хоҳлаганларида, икки томонлама тасдиқланган ҳукмни қувонч ила кутиб олар эдилар. Мазкур шахсларнинг бу қилмишларидан билиб олиш мумкинки:

«Улар мўмин эмаслар».

Аллоҳга бўлган иймон билан Унинг ҳукмига юрмаслик, шариатга амал қилмаслик ҳолати бир ерда жам бўлиши мумкин эмас. Кимки, мен мўмин-мусулмонман, деса-ю, Аллоҳнинг ҳукмига амал қилмай, бошқанинг ҳукмига юрса, оғзида иймон келтириб, қалбида иймон келтирмаган бўлади.

Аллоҳнинг ҳукмига амал қилиш лозимлиги ҳамма диёнатларда ҳам бор нарса:

ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ

«Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан (Аллоҳга) бўйсунган набийлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритурлар ҳамда роббонийлар ва аҳборлар ҳам. Аллоҳнинг китоби уларга ишониб топширилгани ва унга шоҳид бўлганлари сабабли. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни озгина баҳога сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ана ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44-оят).

Тавротни ҳам илоҳий китоб сифатида Аллоҳ нозил қилган. Унда одамларга ҳидоят ва икки дунё саодати йўлини кўрсатувчи нур бор. Тавротга амал қилувчилар ақийда, ибодат бобидаги ҳидоят ва йўл-йўриқларни ундан оладилар. Шу билан бирга, Таврот фақат ахлоқ-одоб ва баъзи диний маросимларнинг мажмуаси эмас. Унда кишилар ҳаётини бошқариб турувчи таълимотлар, ҳукмлар бор.

«У билан (Аллоҳга) бўйсунган набийлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритурлар ҳамда роббонийлар ва аҳборлар ҳам. Аллоҳнинг китоби уларга ишониб топширилгани ва унга шоҳид бўлганлари сабабли».

Демак, яҳудийлар Таврот асосида иш олиб бориши керак. Ўзларини Аллоҳга таслим қилган – бутунлай топширган набий алайҳиссаломлар Тавротга амал қилган ҳолларида яҳудийларга ҳукмдор бўладилар. Чунки Таврот фақат яҳудийларга хос китобдир. Шунинг учун ҳам унинг ҳукми фақат яҳудийларга тааллуқлидир.

Мазкур пайғамбарлардан кейин эса Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилиш масъулияти юклатилган роббонийлар – халқ тарбиясига масъул кишилар, ҳукмдорлар, қозилар ҳамда аҳборлар – диний уламолар Тавротнинг ҳукмини яҳудийлар орасида жорий қилишга масъулдирлар. Яҳудийларнинг диний уламолари «аҳбор» деб аталади. Мазкур масъул тоифалар (роббоний ва аҳборлар) Таврот шариати асосида ҳукм қилиш билан бирга:

«...унга шоҳид бўлганлари сабабли...»

Яъни улар ўзлари Таврот таълимотлари асосида ҳаёт кечиришлари, сўнгра эса қавмларининг ҳам ушбу китоб шариати асосида яшашларига гувоҳ бўлишлари лозим эди.

Албатта, Аллоҳнинг ҳукмини жорий қилиш осон бўлмайди. Унинг йўлида турли-туман тўсиқлар бўлади. Фақат Аллоҳдан қўрқувчиларгина бу тўсиқларга қарамай, Унинг ҳукмини жорий қилишга интиладилар. Аллоҳ таолодан қўрқиш бўлмаса, Унинг ҳукмини жорий этишга ҳаракат қилувчилар ҳам бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ уларга хитобан:

«Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар», – демоқда.

Ва яна Аллоҳнинг китобини ўқиб, ҳар бир банда шариат ҳукми остида яшамоғи зарурлигини тушуниб етганлардан баъзилари молу дунё деб, амал ва мансаб умидида йўлдан озиб, Аллоҳнинг оятларини бузишга, маъносини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари қораланмоқда ва:

«Менинг оятларимни озгина баҳога сотманглар», – дейилмоқда.

Бу дунёнинг матоҳи деб, оятларнинг маъносини бузишга уринишни Аллоҳ «оятларимни озгина баҳога сотиш», деб таърифламоқда. Бундай кимсалар ҳукмдорга, мулкдорга, мансабдорга, зўравонга хушомад қилиб, улар хоҳлаган мақомда фатво чиқариб беришади. Қилмишларини оқлаб гапиришади ёки индамай туришади.

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ана ўшалар кофирлардир».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни ўзларига дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, у Аллоҳдўстлигидан ҳеч нарсада йўқдир. Магар улардан қўрқиб, давоми...

4049 17:00 / 28.01.2021
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик давоми...

5029 21:03 / 12.11.2018
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади . Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун давоми...

5204 11:22 / 11.12.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ башар учун китобни, ҳукмни ва нубувватни берганидан сўнг у одамларга .Аллоҳни қўйиб, менга давоми...

2430 19:50 / 26.10.2021