1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Ҳазрат Навоийни тушуниш сари

16:00 / 08.02.2023 4381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда ҳар бир мавзунинг мавсуми бўлади. Бизда мумтоз адабиётимизнинг имоми бўлган ҳазрат Мир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг ижодлари ҳақида асосан у кишининг таваллуд кунлари атрофида сўзлаш одат тусига кириб қолган. Бу йил ҳам ушбу муносабат билан анчадан бери кўнгилга тугиб юрган айрим дил сўзларимни сиз азизлар билан ўртоқлашишни ният қилиб юрган эдим. Айни пайтда сафарда бўлганим сабабли бу мақолани мўлжал қилган кунимда тақдим қила олмай қолдим. Шундай бўлса-да, ҳечдан кўра кеч деганларидек, бунда ҳам бир ҳикмат бордир, деган ўйда ушбу сатрларни қоралашга азм қилдим.

Навоий шеърияти хусусида гап кетганда бугунги ўзбек жамияти аъзоларида турлича муносабатлар кўзга ташланади. Кимдир у кишини фақат шоир сифатида кўрса, кимдир шариат олими ўлароқ ҳам эътироф этади. Бошқа биров у кишининг ижодини табиат гўзалликларига боғлашга уринса, илм аҳллари унда илоҳий ишқ наволарини кўра биладилар ва ҳоказо...  

Бошқача қилиб айтганда, ҳозирда жамиятимизда мумтоз адабиётимизга, жумладан, ҳазрат Навоийнинг ижодига нисбатан асосан икки хил ёндашув бор. Бир гуруҳ кишилар унга меҳр қўйиб, бу улуғ шоирнинг асарларини қизиқиб ўрганади, лекин исломий илмлардан бехабар бўлганлари учун бу муҳташам оламнинг гўзалликларини етарлича кўра олмайдилар, хуш ифорларини туя олмайдилар. Шунинг учун ҳам бўлса керак, бундай кишиларнинг сийратида буюк адибларимизнинг бебаҳо ўгитларининг инъикосини топиш мушкул. Янада аниқ қилиб айтсак, бу тоифа одамлар мумтоз адабиётимизда куйланган исломий эътиқод ва ахлоқларни ўз шахсий ҳаётларида етарлича амалга ошира билмайдилар. Бунга ўтган даврларда қасддан диндан узоқлаштирилганимиз, адабиётимиз динсизлаштирилгани, уни ўрганиш тартиби бузилгани, асл манбадан ўрганмай қўйилгани, тасаввуфий адабиёт истилоҳларини билмаслик каби омиллар ҳам сабаб эканида шубҳа йўқ.

Иккинчи тарафда эса шариат илмларини ўрганган, диний кўрсатмаларга сидқидилдан амал қиладиган, аммо адабиётдан буткул бехабар, унга умуман қизиқмайдиган кишилар бор. Бундан ҳам ўтиб, мумтоз адабиётга қизиқиш, уни ўрганиш у ёқда турсин, улуғ адибларимизнинг истилоҳларини тушунмайдиган, фақатгина ўз билими доирасига чекланиб олиб, бошқани инкор қиладиган, баъзан одоб чегарасидан чиқиб, буюк мусулмон шоирлар шаънига ўринсиз гаплар айтишга журъат қиладиганлар ҳам топилади. Кўпчилик кишилар фақат зоҳир маъноларни кўради, мажозу кинояларни англай олмайди.

Айтиш жоизки, мазкур ҳолатларнинг ҳеч бири тўғри йўналиш эмас, уларда у ёки бу томонга оғиш бор. Ҳар ишда бўлганидек, мумтоз адабиётга ёндашувда ҳам илмийлик ва мўътадилликка асосланиш даркор. Омма халқнинг, хусусан, ёш авлоднинг мумтоз адабиётдан, хусусан, ҳазрат Навоийнинг шеъриятидан тамоман бехабарлиги эса жуда ҳам афсусланарли ҳолдир, оғир кулфатдир.

Кўпчилик диндор кишиларда Исломнинг адабиётга муносабати, унинг динда тутган ўрни ҳақида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Ҳатто шеъриятдан тамоман узоқ, уни буткул ёқтирмайдиган аҳли илмлар ҳам топилади. Уларнинг наздида гўё шеърият Исломда унчалик мақбул нарса эмас, гўё араблар ҳам мусулмон бўлгач, адабиётга эътибор бермай қўйишган. Баъзи бир кишилар Қуръони Каримда шоирлар танқид қилинган оятларнинг мазмунини умумийлаштириб, шеъриятга ўта паст назар билан қарашади. Буларнинг барчаси мавзуни яхши ва холис ўрганмаганликнинг оқибатидир.

Ислом динида адабиётга, тил бойлигига катта эътибор қаратилган. Қуръони Каримда тилдаги барча имкониятлар ишга солинган, балоғату фасоҳат, ҳақиқату мажознинг энг олий намуналари кўрсатилган. Қуръон башариятни айнан ана шу балоғату фасоҳатда беллашувга чорлаган. Қуръони Карим ҳукму иршод манбаи бўлиш баробарида, араб тилининг бойликларини ҳам энг юқори савияда намоён этган. Унинг мўъжизлиги ҳам аввало айнан шу жабҳада намоён бўлган.

Қуръони Карим беҳуда, ботил шеърларни танқид қилиш билан бирга, Аллоҳнинг зикрига вобаста бўлган, адолат ҳимояси учун айтилган шеърларни мақтайди (Шуъаро сурасининг 200-ояти тафсирига қаранг). Шундай қилиб, Қуръон бу соҳада ҳам ўзининг ҳидоятини тақдим қилади. Кўпчилик кишилар бу оятларда фақат танқидни кўради. Аслида бу ерда шоирларга йўналиш берилган: иймон ва яхши амалларни куйлаш, Аллоҳни эслатиш ва адолатни тараннум этиш тарғиб қилинган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурраҳмон ибн Каъбдан, у отаси Каъб ибн Моликдан ривоят қилишича, Шуъаро сурасида шоирлар ҳақидаги оятлар нозил бўлганда у киши Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида Ўз ҳукмини нозил қилиб қўйибди-ку?!» дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши қиличи билан ҳам, тили билан ҳам жиҳод қилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларнинг уларга отадиган «ўқ»ингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқ», дейдилар.

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам шеърда ана шундай қудрат борлигини ва бу ҳам Аллоҳнинг йўлидаги курашнинг бир тури бўлиши мумкинлигини баён қилиш билан бирга, ўрни келганда ана шундай «жанг» қилишга шоир саҳобаларни «сафарбар» этганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда мушриклар Исломни, Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларни масхара қилиб шеър битишганда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур шоир Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни уларга қарши шеър айтишга ундаб, «Аллоҳим! Уни ҳам Руҳул-қудс билан қўллагин!» дея илтижо қилганлар. Бошқа нақлга кўра, у зот ўшанда Ҳассон розияллоҳу анҳуга қараб, «Руҳул-қудс сен билан», дея марҳамат этганлар (Руҳул-қудс – Жаброил алайҳиссаломдир). Бу илтифот бошқа саҳобаларга бўлмаган.

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шеър битмаганлар, чунки бу нарса ваҳий соҳибига дуруст келмайди. Шундай бўлса-да, у зотнинг бир неча ўринларда қофияли гапирганлари, Лабиднинг бир байтини мақтаб зикр қилганлари саҳиҳ ривоятларда келган. Унда у зот: «Шоирлар айтган энг тўғри сўз Лабиднинг: «Огоҳ бўлинг, Аллоҳдан бошқа барча нарса ботилдир», деган гапидир», деганлар (Муслим ривояти). У зот алайҳиссаломнинг шеър хусусида айтган энг машҳур сўзлари эса: «Баённинг ҳам сеҳрлиси, шеърнинг ҳам ҳикматлиси бор», деган ҳадисларидир (Имом Ҳоким «Мустадрак»да Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ушбу набавий илтифот асрлар оша мусулмон шоирлар ижодининг маёғи бўлиб келган.

Ҳа, ҳақни қўллаш, иймону ихлос руҳиятини шакллантириш, илму муҳаббат нурини таратиш, эл-юрт, Ватан меҳрини қалбларга сингдириб, ҳақиқатни ҳимоя этишда шеъриятнинг ўрни жуда катта. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга Ҳассон розияллоҳу анҳуни камарбаста қилган эдилар.

Бундан ташқари, Каъб Молик, Каъб ибн Зуҳайр ва бошқа шоир саҳобалар ҳам бўлишган. Оиша розияллоҳу анҳо қадимги араб шоирларининг шеърларидан юзлаб байтларни ёд билганлар. Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумларнинг ҳам баъзан шеър айтганлари нақл қилинади. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шеърлар эса жуда ҳам кўп. Улардан кейинги тобеъин ва табаъ тобеъинлар даврида ҳам шеъриятдан бохабарлик илм аҳлида яққол намоён бўлган.

Иккинчи ҳижрий асрга келиб, бошқа илмлар қатори исломий шеърият ҳам тараққиётнинг янги босқичига кўтарилган. Тилшунос олимлар қадимги араб шеъриятидан минглаб байтларни ёддан билишган, бу уларнинг мутахассислиги учун зарур бўлган. Улардан ташқари, имом Молик, имом Шофеъий каби фуқаҳолар ҳам шеъриятда юксак иқтидорга эга бўлишган, шеър ёзишда анча-мунча шоирларни йўлда қолдириб юборишган.

Дарҳақиқат, шеърда ҳикмат бор, сир бор, сеҳр бор. Оддий фикрларни ҳам шеърга солсангиз, ўзгача таъсир касб этади. Ушбу қонуниятдан келиб чиқиб, юқорида зикр қилинган оят-ҳадисларга таянган ҳолда, яхшиликка тарғиб қиладиган, эзгу маъноларни ўзида акс эттирган шеърлар динимизда қадрланади, юксак баҳоланади. Шунинг учун ҳам қадимдан Ислом олимлари шеъриятдан бохабар бўлишган ва кўплари шеър бита олишган. «Унвонул-баён» ва бошқа кўплаб китоблардаги ҳикматли шеърлар, мавлид асарлари, наътлар ‒ барчаси аҳли илмларнинг билим хазиналарида мавжуд бўлган.

Яқин ўтмишимизга назар солсак, аҳли илмларимиз шеъриятни энг яхши тушунадиган, энг тўғри талқин қиладиган ва қадрлайдиган кишилар бўлганига гувоҳ бўламиз. Ўтган асрда яшаб ўтган олимларимизнинг кўплари шеър ҳам ёзиб турганлари бу фикримизни қувватлайди. Мисол учун, наманганлик Абулмаъоний, андижонлик Абдулмажид қози домла, марғилонлик Ҳонақоҳ ҳазрат каби юртимизнинг забардаст олимлари ўткир шоир бўлишган. Ўз даврида андижон муқтадоси бўлган Ҳабибуллоҳ ҳожи домла илмий суҳбатларида оят-ҳадисларни шарҳлаганда Навоий, Фузулий, Сўфи Оллоҳёр каби мумтоз шоирларимизнинг байтларидан шундай маҳорат билан фойдаланлар эдиларки, айтилаётган фикрлар ҳар қандай тингловчининг қалбига кириб борар эди.

Мазкур олимлар мумтоз адабиётимизни, айниқса Алишер Навоий ҳазратларининг ижодларини жуда севиб ўқишар ва тарғиб қилишар эди. Бунга мисол тариқасида шоир Улфат домланинг ўз устози Абдулмажид қози домла раҳматуллоҳи алайҳ таърифида айтган қуйидаги сатрларни эслашимиз мумкин:

Унга Жомию Бедил осори ёд.

Яна Ҳофизу Саъдий ашъори ёд. 

Навоий, Фузулийга фикри каманд,

Ҳамиша китобу қалам била банд.

Ҳа, аҳли илмларимиз мумтоз шеъриятимизга ана шундай муносабатда бўлишган ва бу ҳол уларнинг фазлларига фазл, зиёларига зиё қўшган.

Афуски, бугунга келиб Навоийни тушунадиган аҳли илмлар жуда ҳам кам, деярли йўқ бўлиб қолди. Ҳолбуки, у кишининг ижодини ўрганишга, тарғиб қилишга энг ҳақли ва масъул кишилар аслида аҳли илмлардир. Зеро, Қуръон ва ҳадисни ўрганмай туриб, Навоийни яхши тушуниб бўлмайди.

Ислом илмларидан бохабар кишиларнинг мумтоз адабиётимиздан узоқ бўлиши, афсуски, улуғ шоирларимизнинг шеърлари нотўғри талқин қилинишига, қадрсизланишига ҳам замин яратмоқда. Зотан, аҳли илмларнинг ижтимоий-илмий соҳаларга бепарволиги уларнинг тўғри йўлдан оғишига олиб келади.

Бир куни юртимиздаги Ислом билим юртларидан бирида очиқ дарс мобайнида адабиёт ўқитувчиси билан талабалар ўртасидаги зиддиятли мунозарага гувоҳ бўлиб қолдим. Ўқитувчи ҳазрат Навоийнинг бир ғазалини зоҳирий шаклда талқин қилиб қолди. Табиийки, исломий илмлардан бохабар бўлган талабалар бунга кескин эътироз билдиришди. Аммо эътирозлар адабиётдан, унинг истилоҳларидан тамоман бехабар кишилар тарафидан бўлгани, далилга асосланмагани учун билдирилаётган фикрлар равшанлашмади ва ўқитувчини қониқтира олмади.  Бунинг устига, талабаларда адабий завқ, шеърият истилоҳлари борасида етарли билим бўлмагани боис, улар ҳам ўқитувчининг фикрларини яхши тушунишмаётган эди. Ўқитувчи ҳам диний илмлардан узоқ бўлганидан талабаларнинг мақсадини англай олмади. Натижада икки тарафдан ҳам қўполлик, дилхиралик юзага келди. Бир синф ичида юз берган ушбу ҳодиса аслида бутун жамиятимиздаги мавжуд ҳолатнинг кичик бир инъикоси эди.

Бир неча йил олдин араб оламида зоҳирпарастлиги, торфикрлиги билан танилган бир муаллифнинг китобида Робиъа Адавиянинг: «Аллоҳим! Мен Сенга жаннатингни тилаб ҳам, дўзахингдан қутулиш учун ибодат қилаётганим йўқ. Билдимки, Сен ибодатга лойиқ ягона Зотсан, шунинг учун ҳам Сенга бандалик қилгум», деган гапи шаккоклик, кофирликка йўйилганини кўриб, шунчалар ҳам уқувсиз бўладими одам деган эдим. Яқинда ижтимоий тармоқда ўзбек тилидаги видео ва битикларда ҳам ҳазрат Навоийнинг айрим шеърларига нисбатан худди шу қабилдаги муносабатларни учратиб қолдим. Билдимки, ҳатто илм даъвосида бўлганлар ҳам мумтоз адабиётимиздан жуда олислаб кетибмиз, улуғ аждодларнинг сўзларини бутунлай тушунмайдиган бўлиб қолибмиз.

Адабиёт тилнинг ва у орқали халқнинг, миллатнинг барҳаётлигини таъминлайди. Шу боис, буларни асраш – илоҳий неъматни асрашдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсонларни турли элат ва қабилалар қилиб, хилма-хил тилда сўзлайдиган қилиб қўйганини неъмат ўлароқ эслатиб, Рум сурасида шундай дейди:

«Еру осмонларни яратгани, тилларингиз ва рангларингизни турлича қилгани ҳам У Зотнинг оят-неъматларидандир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бор».

Ҳужурот сурасида эса ушбу хилма-хилликдан кўзланган мақсад уларнинг ўзаро танишувлари экани таъкидланади:

«Эй инсонлар! Биз сизларни бир эракак ва аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишингиз учун сизларни турли халқ ва қабилалар қилиб қўйдик».

Инсоннинг маълум бир элатга ва тилга мансуб бўлиши ҳам илоҳий неъматлардан бири экан, башариятга хос хусусиятлардан экан, уни асраш, қадрлаш даркордир. Бу эса ҳар бир халқнинг ўз тили ва адабиётини сақлаши билангина рўёбга чиқади.  

Араблар мумтоз исломий шеъриятни қўйинг, ҳатто жоҳилият шеърларини ҳам ҳозиргача ўрганишади, қайта-қайта шарҳлашади, нашр қилишади. Барча Ислом уламолари, айниқса, тилшунос, тафсиршунос олимлар, шунингдек, хатиблар араб шеъриятини яхши ўрганади. Шундай қилмаса, ўз соҳасида етук мутахассис бўла олмайди, тилнинг қадрини англамайди. Бугунги кунда араб оламида ана ўша улуғ илмий-исломий меросдан кўпчиликнинг бехабарлиги улардаги барча муаммоларнинг бош сабаби бўлиб турганини кўпчилик олимлар таъкидлайдилар. Шунда ҳам, исломий илмлар бевосита тил билан боғлиқ бўлгани учун илмий доирадагилар араб адабиётидан бохабар бўлишади.

Араб тилининг бойлиги, имконияти кенглиги, бемисл илмий меросга эга эканида шубҳа йўқ. Бу тилда бошқа ҳеч бир лисонда бўлмаган ютуқлар, имкониятлар борлиги учун ҳам Қуръони Карим шу тилда нозил қилинган. Шу билан бирга, араб тилини чуқур ўрганмай туриб, исломий илмларда мутахассис бўлишнинг имкони йўқ. Қуръон ва ҳадисни асл матни орқали ўрганишнинг ўрнини бошқа ҳеч бир восита боса олмайди. Шу билан бирга, улуғ аждодларимизнинг асарларини ўрганиш учун ҳам араб тилини ўзлаштириш керак. Буларга қунт қилишимиз керак, зеро бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.  Бироқ, бизнинг туркий-ўзбек тилимиз ҳам жуда бой, узоқ тарихга, бетакрор илмий хазинага эга, ўзига хос жозибадор тилдир. У айнан Қуръон ва ҳадис таъсирида яна ҳам бойиб, сайқалланиб, гўзаллашиб, илоҳий ўгитларни ўзига хос рангда ифода эта олган. Аммо бугун кўпчилигимиз тилимиздаги бу ютуқларни унутаёзмоқдамиз. Бунинг исботини ҳар жабҳада кўриш мумкин. Агар аҳли илмларимиз ўтмишдаги олимларимиз каби араб тили ва унда битилган асарлар билан бирга, ўзбек тили ва адабиётидан ҳам бохабар бўлиб борсалар, айни муддао бўлар, нур устига нур бўлар эди.

Мумтоз адабиётни ўрганишда, хусусан, уни ёш авлодга ўргатишда жуда кўп фойдалар бор. Уларнинг айримларини эслаб ўтишимиз мумкин:

1. Қуръони Карим бизга ўтмишдаги ҳакимларнинг ўгитларини ўрганишни, уларга амал қилишни уқтиради. Қуръони Каримнинг учдан бири тарихга доир эканининг ўзи фикримизга ёрқин далил бўла олади. Хусусан, бу борада Луқмони ҳакимнинг насиҳатини мисол қилиб келтириш мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, уни топган жойида олишга ҳақлироқдир», деганлар, яъни мўмин киши ҳикматни кўрганда худди йўқотган нарсасини кўргандек бўлиши керак, аслида бу ҳикматнинг эгаси менман, мен бўлишим керак эди, деб билиши лозим. Ҳадиси шарифда фақат диний эмас, балки умуман барча ҳикматлар ҳақида сўз бормоқда. Энди мумтоз адабиётимиздек айнан Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан олинган маъноларга йўғрилган ҳикматларни ўзлаштириш мўмин кишига қанчалар муҳимлигини ўзингиз билиб олаверинг.

2. Бизнинг мумтоз адабиётимиз Ислом булоғидан суғорилган бўлиб, Қуръон ва ҳадис маъноларини жуда ҳам гўзал услубда, бетакрор адабий бўёқлар билан ўзида акс эттирган. Шеъриятимизда Ислом ақийдаси, фиқҳи, ахлоқи, маданияти ажойиб рангда намоён бўлади. Уларни ўрганиш орқали биз буюк шоирларимиз Қуръони Каримдан ва набавий суннатдан қандай гўзал маънолар кашф этганини ўргана биламиз.

Ўтган динсизлик тузуми даврида динга буткул тақиқ қўйилган бўлса-да, адабиётга бироз рухсат берилгани туфайли мумтоз адабиётимиз Ислом таълимотларини, қадриятларини асраш ва халққа етказиш вазифасини ҳам бажарди. Биз айнан шунинг учун ҳам бу бойликни қадрлашимиз даркор.

3. Адабиёт халқнинг тили, дини, қадриятлари, маданияти ва ўзлигини ўзида асраб, уларни асрлар оша ташиб, етказиб берувчи восита ҳисобланади. Инсоннинг шахсияти айнан мазкур омиллар асосида шаклланади. Тили, дини ва қадрияти бўлмаган одамда шахсият бўлмайди. Бинобарин, мумтоз адабиётни ўрганиш шахсиятимизнинг шаклланишида жуда муҳим ўрин тутади. Шахсияти бўлмаган халқ эса йўқликка маҳкумдир.

Мусулмон халқлар, хусусан, араб мусулмонларнинг жамиятини кузатсангиз, кўрасизки, тили ва динини ўрганган кишиларда шахсият бор, кўп жиҳатдан камолот бор, фикри ва нутқи равон. Бундай кишилар билим ва имкониятларини ўз халқи фойдасига йўналтира олади. Аммо ўз адабиёти ва тарихидан бехабар бўлганлар ўзлигини йўқотган, халқидан узилиб қолган. Уларнинг ўз жамиятлари учун айтарлик фойдаси йўқ бўлиб, бошқа халқлар таркибига сингиб кетишга маҳкумдирлар.

Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат-элатларга ажратиб, хилма-хил тилларда сўзлашадиган қилиб қўйгани улуғ неъмат, мўъжиза эканини таъкидлаган экан, биз шеъриятимизни, адабиётни ўрганиш ва ўргатиш орқали айнан ана шу неъматни асрай биламиз ва мустаҳкамлаймиз.

Мумтоз адабиётимизнинг уфуқи шунчалар кенгки, уни мушоҳада қилган ҳар қандай инсон унинг буюклигидан кўзлари қамашиб, ҳайрат ичра қолади, юксаклигидан қалбидан сурур ва ифтихор ҳис этади. Бугунги кунда биз авлодларимизда ушбу туйғуни ҳосил қилишга жуда ҳам муҳтожмиз.

Адабиётимизда Ислом ақийдаси, фалсафаси, Қуръон ва ҳадисларнинг маъноларигина эмас, бевосита эътиқод масалалари, фиқҳий ҳукмлар ҳам ўз аксини топган. Масалан, ҳазрати Навоийнинг «Сирожул-муслимин» асари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мубаййан» асари фиқҳга оид бўлса, Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул-ожизин» китоби ақийда ва сулук борасидаги ажойиб қўлланма ҳисобланади.

Демак, ўзлигимизни асрашимиз, шахсиятимизни шакллантиришимиз ва ёш авлодни ўз ўтмишидан фахрланиш туйғуси билан тарбиялаш учун ҳам мумтоз адабиётимизни ўрганиб боришга муҳтожмиз.

4. Бугунги кунда дунё халқлари ўртасидаги мулоқотлар кенгайиб, замонавий алоқа-ахборот воситалари орқали халқлар бир-бири билан яқинлашиши оқибатида нафақат маданиятлар учун, балки тиллар учун ҳам йўқолиш хавфи ортиб бормоқда. Айниқса, хориждан турли маҳсулотлар кириб келиши, хорижий тилларни ўрганишга бўлган рағбат ҳам халқнинг тил ҳодисасида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши бор. Бундай вазиятда мумтоз тилни асраш жуда машаққатли, аммо ниҳоятда муҳим бўлиб қолади. Тилни асрашнинг энг қулай ва долзарб воситаси эса адабиётни ўрганишдир. Айниқса, мумтоз адабиётимизни ўрганиш тил бойлигимизни беқиёс даражада кегайтиради, бойитади, гўзаллаштиради. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод учун бу жуда муҳим.

Ҳозирда ҳатто илмий доирадаги кишиларимизда ҳам тил борасида қашшоқлик кузатилади. Адабиётдан яхши бохабар бўлган кишининг суҳбати эса ширин, маърузаси ҳам бой, таъсирли, қамровли ва ҳузурбахш бўлади. Бинобарин, бунга хусусан имом-хатибларимиз ҳам эътибор қаратишлари керак. Қайси тилда бўлмасин, нотиқлик учун ўша тилнинг адабиётини, қадимгисинию замонавийсини пухта билиш лозим. Арабларда ҳам адабиётни яхши билмаганлар яхши хатиб ҳисобланмайди, яхши маъруза қила олмайди, яхши ўқитувчи бўла олмайди. Менимча, бу ҳол барча тилларга тегишли бўлса керак.

Ҳозирда бошқа тиллардан, жумладан, арабчадан кўплаб асарлар ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Аммо ўзбек адабий тилини яхши билмаган одам чет тилини ҳар қанча зўр билса ҳам, таржимани яхши қила олмайди. Диний адабиётларни юқори савияда таржима қилиш учун ҳам адабиётимизни яхши ўрганишга муҳтожмиз.

5. Адабиётни ўрганиш кишида адабий завқни ривожлантиради, заковат ва зарофатни оширади, кишида нутқ нафосатини пайдо қилади. Қайси биримиз фарзандларимизда ушбу фазилат бўлишини истамаймиз? Албатта, ҳар бир камолот шайдоси буни ҳавас қилса керак. Агар адабиётни ўрганиш ёшликда, тил ва тафаккур шаклланаётган даврда бошланса, янада яхши натижа беради.

Мен айни пайтда Мисрда бўлганим учун адабиётнинг айниқса хориждаги ўзбек болалари учун жуда муҳимлигига яна бир бор амин бўлиб турибман. Бу борада илгари ҳам ўйлаб юрар эдим. Лекин айни пайтда араб тилини яхши ўзлаштираётган, аммо ўзбек тилида бироз оқсаб қолаётган болаларни кўриб, барча хориждаги ватандошлар бу масалага жиддий эътибор бериши кераклигини таъкидлагим келади. Элчиларимиз ва бошқа мутасаддилар хориждаги ўзбек фарзандларига ўзбек адабиётини ўқитиш борасида қандайдир амалий чоралар кўрилишини йўлга қўйсалар, янада яхши бўлар эди.

6. Мумтоз адабиётимизнинг фасоҳату балоғати осмонлар қадар юксак, фақат уни кўра билиш керак. Уни билиш ҳар қандай ўзбек кишисида ифтихор ва ўзликка бўлган ишончни таъминлайди. Шу билан бирга, уни англай олиш фарзандларда ўтмишимизга, улуғ аждодларимизга нисбатан эҳтиромни шакллантиради.

Охирги пайтларда бир-иккита китоб кўргандек бўлиб, мумтоз адабиётимизнинг буюк намоёндалари ҳақида нотўғри, одобсиз сўзлар гапирадиганлар ҳам пайдо бўлиб қолди. Буларнинг ҳаммаси билимсизликнинг оқибатидир. Унинг ягона давоси эса илмдир.

Ислом аҳкомларини ҳаётга татбиқ қилиш борасида баландпарвоз гаплар билан бонг ураётган жаноблар ҳазрати Навоий ҳақларида бетайин сўзлар айтишга журъат қилишдан олдин ўзи айтаётган шариат ҳукмларини жамиятда жорий қилишда ҳазрат Навоий улар ўйлаганидан зиёда шаклда муваффақиятларга эришганини билармикин? У киши ҳатто жамоат намозига чиқмаганларга таъзир беришни ҳам жорий қилганлар. Навоийнинг диёнатига таъна тоши отаётганлар у кишининг ўнлаб масжид-мадрасаларни ўз ҳисобидан бунёд этганини, юртида Ислом илмларининг ривожига катта туртки бўлганини, Қуръони Каримга иккита тафсир ёздиртирганини ва Исломга яна кўплаб хизматлар қилганини тан олармикин? Инсоф билан айтсинлар-чи, у киши қилган хайрли ишларнинг ўндан бирини ўзлари қилишганмикин?

Навоийнинг ижоди ва ҳаётини холис ўрганган ҳар қандай инсон у кишининг ихлосу илмини, художўйлигини эътироф этади, шеъриятдаги маҳоратига тан беради, бу буюк шахс олдида таъзим бажо келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш, мумтоз адабиётимизни тарғиб қилишга доимгидан ҳам кўпроқ муҳтожмиз. Бу борада амалий чора сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Аввало, адабиётимизга унинг асл руҳини қайтариш керак. Динсизлик тузуми даврида қилинган бу зулмни бартараф этиб, аслига қайтариш пайти келганига ўттиз йилдан ортди. Аммо ҳануз ўша мудҳиш етмиш йилликнинг қора булутларини бошимиздан буткул йўқотиб, қуёш нурларидан беармон фойдалана олмаётирмиз. Шуни билиш лозимки, адабиётимизга иймону исломни қайтармай туриб, уни тирилтириб бўлмайди. У асрлар оша шу пойдевор билан яшаб келган эди, бундан кейин ҳам фақат шу асосда яшай олади, чунки у айнан ушбу илоҳий маёқ туфайли вужудга келган. Бундан бошқача тарғибу ташвиқлар руҳсиз суратдан нарига ўтмайди. Бу ҳақиқатни бир асрлик тажрибада қайта-қайта кўрдик, бу борада қайта-қайта куйдик. Энди тезроқ ўзимизга келиб, чин маънода ўзлигимизга қайтишга тизимли равишда интилишимиз даркор.

(Ўрни келганда айтиш ўринлики, бу борада устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ тартибли равишда иш бошлаган эдилар. Бир қатор кўнгил яқин адиблар билан бунинг муҳокамаси бўлганда биз ҳам иштирок этган эдик. Ушбу маслаҳатнинг биринчи меваси сифатида «Навоийдан чу топқайлар навое» деган ном остида ҳазрат Навоийнинг учта рисолаларини қўлёзмалар асосида жонли ўзбек тилида нашрга тайёрлаган эдик. Вақти билан бу хизматни яна давом эттириш нияти йўқ эмас.)

2. Адабиётга қизиқиш, ундан баҳрамандлик аввало оилада бўлиши керак. Уйда ота-она ва бобо-бувилардан ҳикматли шеърларни, зарофатли сўзларни эшитиб улғайган болаларда адабий кўникма она тили қаторида шаклланиб, вужудга яхши сингади.

3. Боғча-мактабларда ва кейинги босқичдаги билим юртларида, шунингдек, диний таълим муассасаларида ҳам мумтоз адабиётни ўргатиш кўламини кенгайтириб, дарсларнинг савиясини ошириш  керак. Бунинг учун бу фанлардан мактабда ҳам соҳа мутахассислари ‒ айнан адабиётшунослар дарс бериши керак. Ҳозирда адабиёт дарсини кўп жойларда оддий ўқитувчилар ўтиб қўя қолади. Шунинг учун адабиёт дарси мактабдан мавжуд бўлса-да, деярли ҳеч ким уни уқмайди, ўқимайди, натижада ўқувчиларнинг бекор вақти кетгани қолади, холос. Қайси фан бўлмасин, агар бу дарсни ўз эгаси ўтса, ўқувчиларни ўзига жалб қила олади ва ўтилган билим уларнинг зеҳнига яхши ўрнашади.

4. Айрим адабий асарларни тартиб билан ўқитиб, ҳатто ёдлатиб бориш мумкин. Бу анъана аслида бизда олдин жуда фаол бўлган. Масалан, бола Навоийнинг «Арбаъин» асарини ҳадислари билан ёдласа, ҳадиси шарифлар билан бирга қирқта рубоъийни ҳам ўзлаштириш мумкин. Навоийнинг «Сирожул муслимин», Бобурнинг «Мубаййан» асарларини ўрганган одам айни пайтда фиқҳдан ҳам анча масалани билиб олади. Агар Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул-ожизин» китобини шарҳлари билан пухта ўрганса, ақийда, сулук борасида ҳам анча билимга эга бўлиб қолади. Бунга ўхшаш адабиётимизда асарлар талайгина.

5. Мумтоз адабиётимизни ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб берувчи асарларни кўпайтириш керак. Уларни оммабоп шаклда, болалар учун ҳам тушунарли шаклда нашр қилиш даркор.

6. Ҳар бир ўзбек хонадонида адабиётга доир китоблар, адабиёт луғатлари бўлиши керак. Фарзандлар уларни оз-моз варақлаганда ҳам ўзлари сезмаган ҳолда анча нарса билиб олишади.

Бу сатрларни фақат холис ниятда, эзгу мақсадларни назарда тутган ҳолда ёздим. Яхшилик бўлса, Аллоҳ таолодан, камчиликларни эса муаллифдан кўргайсиз. Мақолада мумтоз адабиётимиз истилоҳлари ҳақида ҳам тўхталиш нияти бор эди, аммо мақом сиғдирмай қолди, шу боис уни бошқа сафарги суҳбатимизга қолдираман.

Аллоҳ таолодан барчаларимизга рушду тавфиқ сўраб қоламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

2020 йил 11 февраль

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Мавзуга оид мақолалар
Оврўподаги миллатчилик Черковнинг мағлубияти мутаассиблик, миллатчилик ва ирқчиликнинг кучайишига сабаб бўлдиМиллатчилик, ирқчилик, халқ ва жўғрофий давоми...

5165 05:00 / 11.03.2017
Эй дўст, дунёнинг бор шавкатини, бойлигу сарватини, орому лаззатини ndash барин сенга атадим.Менга берсанг кифоя мўминлик заҳматини, иймоннинг лаззатини.Эй дўст, давоми...

3383 05:00 / 07.03.2017
Тўғри сўз ҳам гоҳо мисли ўқ,Теккан жойга ботади, болам.Иззатингдан аъло бойлик йўқ,Ибратингдан аълороқ гул ҳам. Чеҳрангга ким боқса ногоҳон,Истарангдан юзи давоми...

1041 14:54 / 11 январь
Бу кун боғларимни қопламиш хазон,Гулзорим бе диллар айлади яксон,Кўзлар интиқ боқар йўлингиз томон,Гул юзлигим мени, келасиз қачон Мурғак ғунчаларни этдилар давоми...

1297 16:19 / 09.11.2023