1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Муҳаддислар (шеър)

05:00 / 07.03.2017 3260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу ҳадис тўпларини таржима қилиш асносида таржима ва таҳрир ҳайъати аъзоларидан бири Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид «Олтин Силсила» туркумига атаб бир шеър битганлар. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Муҳаддислар

 

Бу олам ичра сиздир зубда[1]и инсон, муҳаддислар.

Яна дин илми қасри ичра сиз султон, муҳаддислар.

Таворих қалъасида бўлдингиз посбон, муҳаддислар.

Эрур паст мартабангиз олдида осмон, муҳаддислар.

Нечукким, шайхингиз ‒ Пайғамбари Раҳмон, муҳаддислар.

 

Расулдан илму ҳикмат қолди мерос, сизлар олдингиз,

Сочилган эрди дурлар, сиз териб сандиққа солдингиз,

Қўшилган тошу тупроқларни ундан маҳв этолдингиз,

Бунингчун юрт кезиб, на чарчадингиз ёки толдингиз,

Набийга бўлдингиз чин бовафо ўғлон, муҳаддислар.

 

Набий меросига душман эли кўп ҳамлалар этмиш,

Ҳаво аҳлин бузуқ афкоридан турли зарар етмиш,

Бири ўзгартириб сўзни, бири ёлғон ҳадис битмиш,

Валекин офтобингиз порлагач бори куйиб кетмиш,

Тополмас қадр сиздек кўкдаги Тобон[2], муҳаддислар.

 

Ҳама тариху сийрат аҳлига сиз бўлдингиз устоз,

Фақиҳга қайда сизсиз ижтиҳод осмонида парвоз?!

Усулий[3] олдингизда ўлтирар ушлаб қалам­қоғоз,

Ёзиб Қуръонга тафсир илк бор, сиз бўлдингиз мумтоз,

Ҳақингиз бўлди уммат узра бир уммон, муҳаддислар.

 

Тизилдингиз Расулнинг пойин ушлаб худди маржондек,

Замон чархини ожиз қўйдингиз мусҳтаҳкам арқондек,

Етиб умматга суннат бехатар томирдаги қондек,

Ҳимоя этдингиз бу дурни гўё тандаги жондек,

Агар таърифингиз этсам, бўлар достон, муҳаддислар.

 

Бор эрмиш ушбу мулк ичра шаҳаншаҳлар шаҳаншоҳи,

Тополмас ҳадду имкон ҳеч киши бўлмоққа ҳамроҳи,

Башорат топди Ҳақдан, мустажоб бўлди мудом оҳи,

Муҳаммад ибн Исмоил, Бухородир қадамгоҳи,

Унинг фазлига бирдек келтирар иймон муҳаддислар.

 

Ҳадис илмида дунё аҳлига пешво Бухорийдир,

Фаросат, билму ҳикмат, ҳифзда якто Бухорийдир,

«Саҳиҳ» битмоқ усулин айлаган барпо Бухорийдир,

Ишончда этган иккинчи китоб имло Бухорийдир,

Буларнинг ҳеч бирига топмади имкон муҳаддислар.

 

«Саҳиҳ»ин ёзди сўнгра «сонияснайн»,[4] яъни ул Муслим,

Унинг тартибу таълифи муҳаддисларга бир таълим,

Бўлиб фаҳму маҳорат, ақлу идрокига эл таслим,

Бухорийни қилиб тасдиқ, сўзин гар айласа тақдим,

Эгар бош, иттифоқ ўлмиш ‒ дейиб ‒ шайхон, муҳаддислар.

 

«Сунан» ёзмоқда моҳирдир Абу Довуд Сижистоний,

Унинг тартибини илм аҳли дерлар айни осмоний,

Демишлар бу китобни дин учун бир аҳди иймоний,

Унинг мислини ҳаргиз кўрмамишдир дуняи фоний,

Қабул этгай, агар у айласа фармон, муҳаддислар.

 

Муҳаммад ибн Ийсо Термизий ҳам бир сунан ёзмиш,

Фақиҳлар фиқҳ битмоқликда ундан орқада қолмиш,

Бўлиб мазмуни равшан, барча ундан фойдалар олмиш,

«Ҳасан» боғига бу мулк ичра энг аввал асос солмиш,

Тополмабдир унингдек кўзлари гирён муҳаддислар.

 

Кейинги энг саҳиҳ тўпламга келмиш «Мужтабо» деб ном,

Уни Аҳмад Насоий сайлади, Ҳақдан бўлиб илҳом,

Топилмас унда ҳеч ровийлар ичра иллату бадном,

Агар билсангиз, ушбу бешта устун узрадир Ислом,

Уларга пойдевор айлар эмиш Қуръон муҳаддислар.

 

Чўзиб бўй «Олтиликка» чиқди бир аллома Қазвиндан,

Тузибдир бир сунан, беҳожат эрмиш мадҳу таҳсиндан,

Гўзалдир тартиби ҳам холидир такрору тахминдан,

Хулоса ‒ бўлди ўз даъвосининг ҳақдори ҳақ­чиндан,

Уни кўргач, демишлар «қолмади армон», муҳаддислар,

 

Жаҳонга қўйди ўт ёғду сочиб Молик «Муватто»си,

Нечукким, бўлди «Дорус­Сунна»[5]нинг бир дурри яктоси,

Ҳадис мулкини забт этмиш, агар фиқҳ эрди даъвоси,

Фақиҳлар, мужтаҳидлар ушбу дурнинг бўлди шайдоси,

Билар нурни Ҳақдан ҳужжату бурҳон муҳаддислар.

 

Самарқанд мактабидан чиқди устоз Доримий ҳазрат,

Бухорий, Термизийлардан­да бўлмишдир анга сабқат,[6]

Тузибдир турфа бир тўпламки, ундан уйғониб ҳайрат,

Биров «муснад», «саҳиҳ» дер, бошқаси бермиш «сунан» нисбат,

Деюрлар соҳибин чун, ҳофизи даврон, муҳаддислар.

 

Саҳиҳлар гулшанин тўлдирди ул аллома Бин Ҳиббон,

Унинг гулдастаси бирлан музайян бўлди бу бўстон,

Бўлиб бу гулларининг рангу рўйи, бўйи минг алвон,

Дарак бергайки бешак, қанчалар моҳир ўшал боғбон,

Унинг таърифу тавсифидадир ҳайрон муҳаддислар.

 

Ки­эй сиз бу илм осмонида юлдуздек ошкора,

Демай юлдузки, Кун атрофида тўққизта сайёра,

Бир олам ҳар бирингиз, балки ундан катта юз бора,

Бутун инсониятга нурингиздан ўзга йўқ чора,

Агар сиз бўлмасангиз, барчамиз сарсон, муҳаддислар.

 

Бугун бизлар жаҳолат зулмати ичра зиё излаб,

Юракни ўртарар дарду аламларга даво излаб,

Кўнгиллар ичра ўрнашган касалларга шифо излаб,

Қонарму ташналик, деб ҳам изингиздан наво излаб,

Турибмиз оситонангизда бу алвон, муҳаддислар.

 

Эрур мақсад бу дам ‒ ушбу тўқиз махзанни келтирсак,

Уларнинг дурларин ойинамизда акс эттирсак,

Ҳаётбахш нурларин бу юрт элин кўнглига етказсак,

Расул меросидан умматларини баҳравар этсак,

Нечукким, сизга иккинчи Ватан ‒ Турон, муҳаддислар.

 

Демай тўққиз хазина, асли ганжин силсилангиз бу,

Бу олма ичра энг соф, шубҳасиз, чин силсилангиз бу,

Каломуллоҳга йўлдош, қуввати дин силсилангиз бу,

Ҳадис мулкида бешак­шубҳа «Олтин силсила»нгиз бу,

Уни тақмиш бўйинга айлабон маржон муҳаддислар.

 

Илоҳо, барча ўтган ул муҳаддисларни раҳмат эт,

Ҳаёт ворисларин ҳифзу ҳимоянг ичра иззат эт,

Бу ожиз қулларингнинг ишларига фатҳу нусрат эт,

Расулингнинг шафоат нақдига бу ишни иллат эт,

Умид айларки Сендан, биз каби, ризвон[7] муҳаддислар.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

09.10.11.

[1] Зубда ‒ бирор нарсанинг сараси, энг яхшиси.

[2] Тобон ‒ Ой ёки Қуёш.

[3] Усулий ‒ усули фиқҳ илми билимдони, шу илм билан шуғилланадиган одам.

[4] «Сонияснайн» ‒ иккитанинг бири, иккитанинг иккинчиси. Бу ерда ҳадис илмидаги энг буюк икки кишининг бири, аниқроғи, иккинчиси мазмунида. Бу ибора Қуръонда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам  ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу икковларига нисбатан ишлатилган.

[5] «Дорус­сунна» ‒ «Суннат диёри», Мадийнаи Мунавваранинг номларидан бири.

[6] Сабқат ‒ олдин ўтганлик, илдамлик.

[7] Ризвон ‒ Аллоҳнинг розилиги; жаннат.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уфқни алвон рангга бўяб, қуёш ботди. Ибодатга интизор табиат сукут сақлаб турди. Қалбларни ғафлатдан уйғотувчи шом азони янгради. Кун бўйи ҳовлининг энию бўйини давоми...

4380 05:00 / 07.03.2017
Динимиз Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни севишни, у зотнинг сийратларини ўрганишни ибодат даражасига кўтарди. Шунинг учун ҳам бугунги кунгача давоми...

1208 19:00 / 22.12.2022
ҚЎШИМЧА ҚЎРИҚҚуршовдаюртимнинг қабристонлари, қабрлар оғзида тўхтаган пахта, гўё шўрликларнинг арзон жонларин қутқариб қолгандай милёнлаб лаҳад. Шўрликларбир давоми...

4452 05:00 / 07.03.2017
.Маъориз,ни бизнинг тилимизда ишора қилиб гапириш маъносида тушунилади. Маъоризнинг маъноси бир сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатиб, асл мақсадни очиқ айтмай, яшириб давоми...

4911 05:00 / 07.03.2017