1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги аёллари

18:30 / 19.02.2020 3839 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Маймуна бинти Ҳорис онамиз нубувват хонадони аёллари қаторига сўнгги дурдона бўлиб қўшилишлари у кишининг ўз уринишларини тақдирлаш маъносида бўлганини аввал кўриб ўтдик. Аммо у кишининг нубувват хонадонидаги ҳаётларини чуқурроқ ўрганиб кўрадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари адади одатдан ташқари эканининг Аллоҳ таоло томонидан кўзда тутилган ҳикматларини яна ҳам теранроқ англаб етамиз. Ана  шу ҳикматлардан бири алоҳида оилавий шароитда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган шаръий аҳкомларни оналаримизнинг кўплашиб Ислом умматига етказишларидир. Ана ўша ҳақиқатни Маймуна бинти Ҳорис онамиз мисолларида кўрсак бўлади.

Имом Муслим Маймуна бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга сув қуйиб қўйдим ва тўсиб турдим. У киши ғусл қилдилар».

Маймуна онамиз бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ғусл учун сув тайёрлаб берганлари ва ғусл қилган пайтларида у зотни тўсиб турганлари ҳақида сўзлаб бермоқдалар. Бу ривоятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бошқа одам қилиши мумкинми? Албатта, мумкин эмас.

Яна Маймуна бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим. Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта ювдилар. Кейин чап қўлларига сув қуйиб туриб, олатларини ювдилар. Сўнгра қўлларини ерга суртдилар. Кейин оғизларини чайқадилар, бурунларига сув олдилар, юзлари ва икки билакларини ювдилар. Сўнгра баданларига сув қуйдилар. Кейин бошқа жойга ўтиб, икки оёқларини ювдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Сўнгра бошларини уч марта ювдилар», дейилган.

Яна бошқа ривоятда:

«Мен у кишига бир латта келтирган эдим, хоҳламадилар ва сувни қўллари билан сидира бошладилар», дейилган.

Ушбу ҳадисда Маймуна онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғуслларини батафсил васф қилиб бермоқдалар. Келинг, бу муҳим ишни батафсил ўрганиб чиқайлик.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ғусл қилгани сув қўйдим».

Бунда аёл киши эрига ғусл учун сув тайёрлаб, шароит яратиб бериши Исломий одобдан экани яққол кўриниб турибди.

«Бас, у зот икки қўлларини икки ёки уч марта ювдилар».

Fусл қилишни бошлашда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи қилган ишлари икки қўлларини ювиш бўлди. У зот қўлларини икки марта ювдиларми, уч марта ювдиларми, Маймуна онамиз шак қилиб қолган эканлар. Аммо бошқа ҳадисларда уч марта ювилгани кўп келади. Демак, поклик учун ғусл қилишда энг аввал сув ишлатадиган аъзо ҳисобланмиш қўлларни ювиб, поклаб олиш керак экан.

«Кейин чап қўлларига сув қўйиб туриб, олатларини ювдилар».

Чунки жунуб бўлган ёки таҳорат ушатган одамнинг ўша аъзоларида ювиб ташланиши лозим бўлган нарсалар туриб қолади. Бу нарсалар баданнинг бошқа жойларига теккан бўлса, ўша жойлар ҳам ювиб, поклаб олинади.

«Сўнгра қўлларини ерга суртдилар».

Чунки олатларини ювганда ундаги нопок нарсалар, уларнинг ҳиди қўлга ўтиб қолади. Қўлни ерга суртганда эса ўша нарсалардан асар ҳам қолмайди. Албатта, бугунги кунда бу мақсадни амалга ошириш учун бошқа воситалар бор.

«Кейин оғизларини чайқадилар».

Албатта, оғизни яхшилаб чайқаш ғуслнинг фарзларидан бири эканлиги ҳаммага маълум. Бусиз ғусл бўлиши мумкин эмас.

«Бурунларига сув олдилар».

Бурунни яхшилаб, муболаға ила чайиш ҳам ғуслнинг фарзи ҳисобланади.

«Юзлари ва икки билакларини ювдилар».

Яъни шу ергача намозга қандай таҳорат қилсалар, шундай таҳорат қилдилар. Фақат оёқни ювиш қолди, холос.

«Сўнгра баданларига сув қуйдилар».

Бадандаги бирорта тукнинг остини ҳам қўймай, сув етказиб ювиш ҳам ғуслнинг фарзидир.

«Кейин бошқа жойга ўтиб, икки оёқларини ювдилар».

Чунки ғуслга ишлатилган сув оёқ остига тўпланиб қолган эди. Шунинг учун бошқа томонга ўтиб ювилди. Агар ишлатилган сув оёқ остига тўпланмаса, оёқни ўша жойда ювса ҳам бўлаверади.

Бошқа бир ривоятда:

«Сўнгра бошларини уч марта ювдилар», дейилган.

Соч орасига сувни яхшилаб етказиб олиш мақсадида шундай қилинади. Бу иш таҳорат қилиб бўлингач, баданга сув қуйишдан олдин қилинган.

Яна бошқа ривоятда:

«Мен у кишига бир латта келтирган эдим, хоҳламадилар ва сувни қўллари билан сидира бошладилар», дейилган.

Яъни Маймуна онамиз томонидан сочиқ сифатида берилган матони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олмаганлар. Сувни қўллари билан сидирганлар. Бошқа ҳолларда сочиқни олганлар. Шунинг учун сочиқ масаласи ихтиёрий – хоҳлаган ишлатади, хоҳламаган ишлатмайди.

Энди инсоф билан айтайлик, бу тафсилотларни жуфти ҳалоли айтмаса, ким ҳам айта олар эди?! Хусусан, буларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги аёллари айтаётганлари эътиборга сазовордир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қурайш мушриклари Ислом дини ёйилишининг олдини олиш мақсадида мусулмонларга қарши зулмларини кунданкунга ошириб боришди. Улар рисолатнинг 7йилида милодий 617 давоми...

928 14:36 / 10 ноябрь
Қачонки, сиз ҳақиқий эркак бўлсангиз, шунда аёлингиз сиз учун чинакам аёл бўлади.Қачонки, сиз чинакам эр киши бўлсангиз, шунда аёлингиз латофатли, иболи аёл давоми...

2815 09:00 / 05.01.2023
Умму Ҳоний Ҳонеъ Фотима бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳо таниқли саҳобиялардан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро ва Меърож воқеалари шу аёл хонадонида содир давоми...

2300 17:00 / 13.02.2021
Мадиха Камель ўз даврида нафақат Мисрнинг, балки бутун араб киносининг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлган. Аммо битта ҳадисни эшитгач, у ҳаётини тубдан давоми...

5782 16:05 / 31.01.2020