1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Набий алайҳиссалом ҳаворийлари (Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу)

18:49 / 04.02.2020 3283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Абдуллоҳ Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид Асадий Қурайший розияллоҳу анҳу жаннат башорати берилган машҳур саҳобийлардан. Ўн икки ёшида мусулмон бўлган, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг даъвати билан Исломга кирган беш маккаликнинг тўртинчиси, «Собиқуни Ислом»нинг еттинчиси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сулолаларига бешинчи отада (Қусайда) бирлашади. Ҳазрати Хадича каби Бани Асад уруғидан, Пайғамбаримизга холавачча, Хадича акасининг ўғли эди. Ҳазрати Оишанинг синглиси Асмога уйланиб, Расули акрамга божа бўлган. Зубайр Аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилган. Исломда биринчи бўлиб қилич суғурган, Расулуллоҳнинг барча ғазотларида қатнашган, ҳатто Ярмук, Жабал ғазотлари, Миср фатҳи иштирокчиси. Яраланавериб кўкраги ўйдим-чуқур бўлиб кетган эди. «Асҳоби шўро» деган олтиликка кирган. Савдогарлик орқали ниҳоятда бойиб кетган эди, аммо хайр-эҳсонни кўп қилган, тўрт миллион дирҳамлик мол-мулкининг катта қисмини Ислом йўлида ишлатишни васият қилган, вафот этганида каттагина қарзи бор эди. Расули акрамдан 38 та ҳадис ривоят қилган. 656 (ҳижрий 34) йили ухлаб ётганида Ибн Журмуз деган киши томонидан ўлдирилган.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу милодий 594 (айрим манбаларда 597) йили ҳазрати Хадича бинти Хувайлид мансуб бўлган Бани Асад хонадонларидан бирида дунёга келди. Унинг отаси Аввом ибн Хувайлиднинг ҳам, онаси Сафия бинти Абдулмуттолибнинг ҳам насаби Пайғамбар алайҳиссалом сулолалари билан бирлашади. Ўзи эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари Асмо билан турмуш қуриб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга божа бўлди. Саодатманд бу эр-хотиндан туғилган Абдуллоҳ ҳижратдан сўнг Мадинада туғилган биринчи бола бўлди.

Зубайр отадан эрта етим қолди. Онаси фарзандининг улғайганда жасур, чидамли, мард ва шижоатли инсон бўлишини орзу қилгани учун уни иложи борича жисмонан чиниқтириб, кучли қилиб улғайтирди.

Зубайр Исломга биринчилар қатори, илк мусулмонлар Арқамнинг ҳовлисида тўпланишгандаёқ кирдилар. Бундан хабар топган амакилари ўз жиянларининг янги динга кирганидан ғазабланиб, уни қаттиқ жазолашга қарор қилди. У жиянини бўйрага ўраб, дарахтга осиб қўйди ва атрофига олов ёқиб, тутунини унга пуфлай бошлади. Амакиси унга: «Бу ишингдан қайт!» – деб буюрар, «Зинҳор динимга куфр келтирмайман!» – дерди.

Шу тариқа у бутун умрини Аллоҳнинг динига, Унинг Пайғамбарига хизмат қилишга бағишлади. «Расулуллоҳнинг ҳаворийси» (яқин сафдоши) унвони билан шарафланди. Тоғаси Ҳамза ибн Абдулмуттолибга ўхшаб жасоратли, ҳақиқат йўлида толмас курашчи, Исломга молию жонини нисор қила оладиган олийҳиммат инсон бўлиб етишди. Ҳабашистонга ҳижрат қилинганида Зубайр ҳам уларга қўшилиб жўнайди.

Зубайр ибн Аввом Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолидан ҳамиша хабардор бўлиб турдилар. У зот алайҳиссалом қайинсингиллари Асмо розияллоҳу анҳонинг ҳомиладор эканидан хабардорликлари учун унинг кўзи ёришини орзиқиб кутгандилар. Сабаби ҳижратдан кейин маълум муддатгача муҳожирлар оиласида фарзанд туғилмаган, яҳудийлар: «Биз уларни сеҳрлаб қўйдик, улар энди фарзанд кўришмайди», – деган гап тарқатишган эди. Шунинг учун ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оиласида фарзанд туғилганининг хабари тарқалганда мусулмонлар Мадинаи мунаввара осмонини «Аллоҳу акбар!» деб, такбирга тўлдириб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги туғилган гўдакка ўзлари Абдуллоҳ деб исм қўйиб, муборак тупукларида ҳўлланган хурмо билан гўдакнинг танглайини кўтардилар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг барча ғазотларида фаол қатнашганлар. Бадр жангида душманга биринчи бўлиб қилич билан ҳамла қилган Зубайр эди. Ҳазрати Умар даврларида Ярмук сафарида бўлиб, икки жойидан яраланди. У шунингдек, Мисрни фатҳ этишда ҳам қатнашган.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг Ислом тарихида энг муҳим аҳамиятга эга бўлган ва унинг иштирокчиларига Аллоҳ таоло томонидан бошқа марҳаматлар қатори жаннат ваъда қилинган Бадр жангида ҳам алоҳида хизматлари бор. Бадр жанги куни Ибн Аввомни икромлаш учун мусулмонларга ёрдамга келган фаришталар у кишига ўхшатиб сариқ салла ўраб тушган эди.

Мусулмонлар учун ниҳоятда оғир кечган Уҳуд урушида Зубайр ибн Аввом мислсиз жасорат ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. Бу ҳақда Ибн Исҳоқ бундай ривоят қилади: «Уҳуд куни мушриклар байроқдори Толҳа ибн Абу Толҳа яккама-якка олишувга чақирди. Одамлар унга қарши чиқа олмай туриб қолишди. Шунда у билан жангга Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу чиқди. У бир сакраб душманнинг туясига минди-да, уни тортиб ерга йиқитди. Ўзи ҳам унга қўшилиб йиқилди. Сўнг душманни устидан отиб юборди-да, қиличи билан қиймалаб ташлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олқишладилар ва: «Ҳар бир набийнинг ҳаворийси (яқин, ишончли ёрдамчиси) бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир. Одамларнинг яккама-якка олишувга чиқмай туриб қолганларини кўрдим. Агар у чиқмаганида, албатта, ўзим чиқар эдим», – дедилар».

Саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр ибн Аввомга ҳам оталарини, ҳам оналарини фидо қилганлар. Бу бежиз эмас эди. Ўша пайтда Ибн Аввом мусулмон оламини катта хавф-хатардан сақлаб қолган ишни уддалаган эди. Ўша пайтда нафақат ўлимдан қўрқмайдиган баҳодир, балки, керак бўлса унга чап бериб, мусулмонларнинг олий бош ҳарбий раҳбари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир воқеа хусусида аниқ хабарни келтирадиган одам керак эди. Ана шундай шижоатли инсон Зубайр ибн Аввом бўлди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аввомга ота ва оналарини жамлаб, «Сенга отам ва онам фидо бўлсин», – деган эдилар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу барча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида иймон ва ихлос билан иштирок этдилар. У киши Ҳудайбия сулҳида ҳам қатнашиб, Ризвон байъати иштирокчилари қаторига қўшилишга мушарраф бўлдилар. Хайбар, Ҳунайн жангларида ҳам мислсиз фидокорлик кўрсатдилар. Макка фатҳида фаол қатнашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, шаҳарга музаффарона кириб борганларида у зот лашкарлари чап қанотининг қўмондони Зубайр ибн Аввом эди.

Жасур жангчи, тақво ва зуҳд бобида кўпчиликка ибрат бўлган, бутун ҳаётининг мазмунини Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига хизмат қилишда деб билан улуғ инсон ана шундай шарафли умр кўрди. Аллоҳ таоло саховатли ва тақволи бандаси, жаннат башорати берилган улуғ саҳобий Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

 

Жаъфар Абдулмўмин

«Ҳилол» журнали 10-сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ҳар кимнинг тақдирини ҳар хил яратган. Кимдир отаона қарамоғида улғайса, яна кимдир оила бошлиқларисиз вояга етади. Бундай ҳолда асло ўксимаслик давоми...

2030 11:32 / 07.12.2021
Бугунги кунимизда одатга айланиб қолган ачинарли ҳолатлардан бири ndash қалблардан дуонинг йўқолишидир. Фақатгина Аллоҳ раҳм қилган зотлар бундан мустасно. Агар давоми...

9022 18:40 / 10.07.2020
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рост айтмишлар . . .Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Огоҳ давоми...

2912 11:39 / 22.06.2019
Инсон ҳаётида савобли амал қилади ва гуноҳ амал қилади. Албатта, савобли амалларнинг инсонга бу дунёда келтирадиган фойдалари бор ва охиратда келтирадиган давоми...

5276 19:40 / 24.02.2019