1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Менинг сўровим эсингдан чиқмасин!

11:27 / 01.01.2020 2895 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳодан аввалги ҳикояларини яна давом эттирадилар:

«Менга мол етиб келгач, аввал хушхабар келтирган Абраҳага одам юбориб:

«Ўша куни қўлимда мол бўлмагани учун баъзи нарсаларни берган эдим. Мана бу эллик мисқолни олиб, керагингга ишлатгин», дедим.

У бош тортди. Берган нарсаларимни солиб қўйган идишини чиқариб, уларни қайтариб берди ва:

«Подшоҳ менга сендан бирор нарса олмасликка амр қилган. Мен унинг кийимига ва хушбўй нарсаларига қарайман. Мен Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига эргашганман. Аллоҳга мусулмон бўлганман. Подшоҳ ўз аёлларига ҳузурларидаги барча атирларни сенга юборишни амр қилган», деди.

Эртасига у менга кўпгина увд, варас, анбар ва зиёд келтириб берди. Уларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб борганман. У зот уларни менинг олдимда кўрар ва инкор қилмас эдилар.

Кейин Абраҳа менга:

«Менинг сендан сўрайдиганим: мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтиб қўйгин ва менинг у зотнинг динига эргашганимни билдиргин», деди.

У менга лутф кўрсатди. Мени йўлга ҳозирлаган ҳам ўша эди. У қачон олдимга келса:

«Менинг сўровим эсингдан чиқмасин!» дер эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда менинг у кишига унаштирилишим қандай бўлганини ва Абраҳа нима қилганини айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Мен у зотга унинг саломини етказдим. Бас, у зот «Ва алайҳассалому ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда турганларида Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бошлиқ Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонлар қайтиб келишди. Улар билан баъзи яманликлар ҳам бор эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан изн сўраб, уларга ҳам Хайбарда тушган ўлжалардан улуш бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ва у кишининг шериклари келганларидан ниҳоятда хурсанд бўлдилар. Жаъфар розияллоҳу анҳунинг пешонасидан ўпиб, ўзлари билан бирга олиб юрдилар ва:

«Қай бири билан суюнишни ҳам билмайман: Хайбарнинг фатҳ бўлиши биланми ёки Жаъфарнинг келиши биланми?!» дедилар.

Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, Ҳабашистонга биринчи мусулмонларнинг ҳижрат қилиб етиб бориши пайғамбарлик келганидан кейинги бешинчи санада бўлган эди. Жаъфар ибн Абу Толиб ва у кишининг баъзи шериклари ҳижрий еттинчи санагача Ҳабашистонда бўлишди. Ўша санада Хайбар урушидан кейин Мадинаи Мунавварага қайтиб келишди. Бундан уларнинг Ҳабашистонда ўн беш йил истиқомат қилганликлари билинади.

Ана шу қайтиб келган муҳожирлар ичида Умму Ҳабиба онамиз ҳам бор эдилар. У киши ҳижратга Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг хотини сифатида кетган бўлсалар, энди ҳижратдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, мўминларнинг оналари сифатида, муаззаза ва муҳтарама бўлиб қайтиб келдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба онамизни ўзига хос эҳтимом билан кутиб олдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон аҳолининг ярмини аёллар ташкил этади. Ёшлар ва болаларнинг ҳам ярми қизлардан иборат экани маълум. Ҳаётнинг ярми барча жабҳаларда ўғил билан қиз болалар давоми...

2939 15:20 / 06.02.2022
Муслима аёлларга тавсияларmdash Доим таҳоратли ҳолда таом пиширинг.mdash Тарбия борасида энг биринчи нарса шуки, қачонки таом пиширсангиз, таҳоратли ҳолда пиширишга давоми...

6414 16:30 / 23.09.2019
Бугунги кунда .Биттадан ортиқ хотинга уйланиш ҳаром,, деган динлар мижози кучли халқларни ўзига жалб қилиш учун кўпхотинлиликка истисно тариқасида рухсат давоми...

2681 18:04 / 01.04.2020
Нефть соҳасида ишловчи бир муҳандиснинг аёли вафот этиб, ундан уч нафар ўғил қолди. Болаларнинг каттаси бошланғич мактабнинг учинчи синфида ўқир, кенжаси эса икки давоми...

3697 14:16 / 14.04.2023
Аудиолар

213189 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132409 14:35 / 11.08.2021