1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Оиша онамизнинг етимпарварликлари

21:05 / 11.12.2018 4908 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жамоатчилик ишларида ҳам, хусусан, аёлларга оид ишларга бош-қош бўлар эдилар. Бу нарсани ўша пайтдаги баъзи бир маросимлар ҳақида қилинган ривоятлардан билиб оламиз.

Имом Бухорий ва Аҳмадлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«У киши бир аёлни бир ансорий куёвникига ‎узатиб борган эканлар. Шунда Аллоҳнинг Набийси ‎соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‎

‎«Эй Оиша, сизларда дилхушлик бўлдими? Чунки ‎ансорийларга дилхушлик қилиш ёқади», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум қавмларнинг, ҳатто ўйин-кулги, дилхушлик қилишни яхши кўришларигача инобатга олиб, муомала қилганлари эътиборга сазовордир. У зотнинг ансорийлар – Мадина аҳли мусулмонларининг табиатида ўйин-кулгига мойиллик борлигини, тўйларида дилхушлик бўлиши жоизлигини Оиша онамизга эслатишлари шуни кўрсатади.

Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, бу ривоятдаги келин Фурайъа бинти Асъад исмли етим қиз эди. Оиша онамиз уни тарбия қилиб, ўстирганлар. У қиз балоғатга етганида Нубайт ибн Жобир ал-Ансорий исмли йигитга куёвга берилган.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Фурайъа розияллоҳу анҳони куёвникига келин туширди қилиб, узатиб борганлар. У киши қайтиб келганларидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги саволни бериб, дилхушлик бўлган-бўлмаганини сўраганлар.

Бошқа ривоятда:

«Чилдирма чалиб, қўшиқ айтадиган қиз ҳам юбордингларми?» деганлар.

Оиша онамиз:

«У қиз нима деб айтади, эй Аллоҳнинг Расули?» деган.

Шунда у зот биздаги ёр-ёрга ўхшаш байтларни айтганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жуда ҳам етимпарвар зот бўлганликлари маълум. У киши бу серташвиш ишни фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилар эдилар.

Имом Шофеъий Қосим розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Оиша менга ва икки етим укамга валийлик қилар эди. У киши бизнинг молларимиздан закот чиқарар эди».

Оиша онамиздек улуғ зот етимларнинг молидан закот чиқарган бўлсалар, демак бу ишни билиб қилган бўладилар. У кишига ўхшаш кишилар бундай ишларда ўзларича тасарруф қилмайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ёки кўрган бўладилар.

Бу ишларнинг ҳаммаси Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг доимо савоб ва шариатга мувофиқ иш қилиш пайида бўлганликларини кўрсатади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда .Биттадан ортиқ хотинга уйланиш ҳаром,, деган динлар мижози кучли халқларни ўзига жалб қилиш учун кўпхотинлиликка истисно тариқасида рухсат давоми...

2755 18:04 / 01.04.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлариникида навбати билан тунар эдилар. Ўшанда навбатлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида эди. Расулуллоҳ давоми...

4652 14:50 / 20.05.2024
Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар ва унинг тафсирини ҳам яхши билар эдилар. У кишининг бу даражага етишларига биринчи устозлари давоми...

3327 12:00 / 30.03.2019
Баъзи сабабларга кўра .мужоҳид,, .шайх, ва .муршид, каби васфлар аёлларга нисбатан қўлланилмайди. Гўёки бу сўзлар аёллар учун тақиқлангандек. Шундай бўлгани учун давоми...

3845 12:46 / 10.02.2022