1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини ҳурмат қилиш ва улуғлаш

09:00 / 30.05.2021 4749 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳнинг нишоналарини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32‑оят).

«Аллоҳнинг нишонаси» деганда кўрганда, ёдга олганда Аллоҳни эслатадиган нарса ва шахсларга айтилади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортиқ инсон бўлмаслиги аниқ.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш, у зотни эҳтиром қилиш хусусида бир қанча оятлар нозил қилган.

«Албатта, Биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз, уни қўллаб-қувватлашингиз, уни улуғлашингиз ҳамда У Зотга эртаю кеч тасбиҳ айтишингиз учундир» (Фатҳ сураси, 8-9 оятлар).

Бу оятдаги «У Зотга эртаю кеч тасбиҳ айтишингиз» иборасидаги олмош Аллоҳ таолога, «уни қўллаб-қувватлашингиз, уни улуғлашингиз» жумласидаги олмошлар кўпчилик муфассирларнинг сўзларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилади. Демак, у зотнинг гувоҳлик берувчи, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборилишлари инсонларга у зотга иймон келтиришлари, у зотни қўллаб-қувватлашлари ва улуғлашларини вожиб қилади.

Улуғлаш деганда ҳурмат ва ҳайбат маъносидаги барча тасарруф ва ифодалар тушунилади. Жумладан, у зотнинг исмларига бўлган муносабатда ҳам алоҳида эътибор ва эҳтиром талаб қилинади.

«Расулнинг орангиздаги чақириғини бир-бирингизнинг чақириғингизга ўхшатманг» (Нур сураси, 63-оят).

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилганда бошқаларга хитоб қилгандек сўзламанг, балки у зотнинг мақомларига лойиқ ифода топинг. Чақириш одатда исм ва унинг ўрнини босувчи сўзлар билан амалга ошади. Демак, у зотнинг исмларига муносабат ҳам оддий бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Муҳаммад» исмини тўрт марта, «Аҳмад» исмини бир марта зикр қилган. Аммо буларнинг барчаси хабар, иншо гапларда келган, хитоб, яъни ундов гапда эмас. Аллоҳ барча пайғамбарларга исмини айтиб хитоб қилган: «Эй Одам», «Эй Нуҳ», «Эй Иброҳим», «Эй Мусо», «Эй Ийсо»... Бироқ, У Зот Ўз Ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч қачон исмлари билан хитоб қилмаган, «Эй Расул», «Эй Набий» деган. Шунинг ўзиёқ ақлу инсоф эгасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қандай икром билан муносабатда бўлиш лозимлигини англатишга етарлидир.

Қуръони Каримнинг ифодасига кўра, аввалги пайғамбарларнинг тобелари ҳам ўз Пайғамбарларини исми билан чақиришган. Яҳудийлар «Эй Мусо», деса, ҳаворийлар «Эй Ийсо ибн Марям» деб сўз олган. Аммо саҳобаи киромлар ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга исмларини айтиб хитоб қилишмаган, фақат ва фақат «Эй Аллоҳнинг Расули», «Эй Аллоҳнинг Набийси» деб мурожаат қилишган. Кейинчалик ҳам айрим саҳобалар у зот алайҳиссаломни эсга олганда кўпинча «Халилим», «Ҳабибим» каби ифодаларни қўллашган. Бу ҳам бўлса, уларнинг илоҳий таълим асосида тарбия топганларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган эҳтирому муҳаббатларидан эди.

Буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафақат шахсларига, балки исмларига бўлган эҳтиром лозимлигини англатади.

Солиҳ подшоҳлардан бири Маҳмуд Ғазнавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини бетаҳорат тилга олмас эди. Бир гал таҳорати йўқлиги сабабли Муҳаммад исмли котибини унинг отасига нисбат бериб: «Ҳой вазирнинг ўғли!» деб чақирган эди.

Ўтган асрнинг ўрталарида Андижон уламоларининг пешвоси бўлган Абдулмажид қози домла: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларига етмаган киши у зотнинг исмларини айтмай, «Пайғамбаримиз», «Расулуллоҳ» деб тилга олсин, одоб шу», дер эканлар.

Бу каби ишлар юксак исломий одоб ва ахлоқ намуналаридир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чин муҳаббат ва эҳтиромнинг ифодасидир. Бу бобда қатъий чегара қўйилмайди. Бунга ўхшаш ишлар замон ва маконга кўра ўзгариб, алмашиб тураверади, аммо мақсад ва манҳаж бир бўлади, мақсад эҳтиром бўлади.

Баъзи аҳли фазл кишилар фарзандларга Муҳаммад исмининг ўзини қўйишни унча хушламаган, бирорта қўшимчаси бўлсин деб айтишган. Нега деса, ота-она билиб-билмай фарзандимни уришяпман, сўкяпман деган хаёлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига нисбатан беҳурматлик қилиб қўймасин, дейишган.

Бугунги кунда айрим кишиларимиз ўзлари билиб-билмаган ҳолда Пайғамбаримизнинг исмларидан олинган номларни ҳажвий ҳикоялар ва бошқа ўринларда бепарволарча қўллаб қўймоқда (Масалан, Эшмат, Тошмат каби). Бир нима десангиз, «Исм ҳу-у-у мингинчи нарса, асосий масала эмас, бунга чуқур кетиб бўлмайди, бу ерда фақат қофиядошлик аҳамияти бор», деган важлар ҳам келтиришади. Лекин бу гап бир неча жиҳатдан хатодир.

Биринчидан, исм аҳамиятсиз, мингинчи нарса эмас. «Исм» сўзи аслида «сумуввун» ёки «васмун» сўзидан олинган, дейди тилшунослар. «Сумуввун» ‒ юксаклик, чўққи дегани бўлиб, ном номланмишнинг биринчи бўлиб эсга олинадиган, кўзга ташланадиган мунсуби бўлгани учун «исм» деб юритилади. «Васмун»дан олинган деб қаралса, бу сўз белги, аломат деган маънони англатиб, ном кишига белги, нишона бўлгани учун уни «исм» дейилган бўлади. Ҳар қайси ҳолатда ҳам исм шахснинг энг кўзга кўринган белгиси экани англашилади. Шунинг учун ҳам одамлар ўзларига яхши исм олишга, фарзандига яхши исм қўйишга интилади, ёмон исмдан ўзини олиб қочади.

Иккинчидан, исм шунчалар беэътибор нарса бўлса, нега сиз ҳажвларингизда ўзингиз ва отангизнинг исмини қўлламайсиз? Келинг, яхшиси, ўзингиз ва отангизнинг исмидан иккита қофиядош исм ясаб, ўшани ишлата қолинг! Сиз-ку бундай қилмассиз, хўш, бошқа биров шундай қилса, сизга ёқадими? Қолаверса, исм ўзи мингинчи нарса бўлса, унинг қофиядош бўлиши нечанчи ўрин бўлади, буни ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳар қалай биз кўтараётган масаладан юқори бўлмаса керак?

Кимдир: «Муҳаммад исмли шундай одамларни биламанки, қилмаган ёмонлиги йўқ», деб ақллилик қилади. Хўп, сизнинг исмингизни олган қанча аблаҳлар, расволар бор, отангизнинг исмида озони чақирилган жиноятчилар бор бўлиши табиий. Хўш, виждонан айтингчи, ўшалар эътиборидан сизнинг ёки отангизнинг исмига нисбатан беҳурматлик қилинишини истайсизми? Ахир бу исмда қанчадан-қанча бадбахт бузуқилар бор экан-ку! Йўқ, ақлу идроки бор одам буни истамайди. Зотан, бу икки ҳодисани бир-бирига қиёслаш ўзи жоҳиллик. Қолаверса, Муҳаммад исмли ёмонларнинг ёмонлиги ўзига, аммо бу ҳол ушбу исмнинг беҳурмат қилинишига йўл очишни оқламайди.

Қайсидир ўзича доно: «Исмни ҳурмат қилишга бунчали эътибор шартмас, муҳими суннатга амал қилиш керак. Пайғамбаримизнинг исмларини ҳурмат қилиб, суннатларига бепарво бўлгандан нима фойда? Ундан кўра, суннатга амал қилиш керак», дейиши ҳам мумкин. Бу ҳам кўринишидан тўғрига ўхшаган, аммо ўзи ғирт аҳмақона гап. Бу икки иш ўзи мустақил равишдаги солиҳ амал, улар бир-бирини сиғдирмайдиган ишлар эмас, аксинча, бир-бирини талаб қилади. Кимдир бирини қиляптими, шуниси ўзи фойда, шу ўзи иккинчисига йўл очади, уни тақозо этиб қолади. Бирини қилмаяпман-ку деб, иккинчисини ҳам тарк этгани яхшими ёки биттасини бўлса ҳам қилиб тургани яхшими?

Масалан, бир киши Қуръони Каримга яхши эҳтиром кўрсатади, лекин уни ўқишни билмайди. Биз унга нима деймиз? «Қуръонни ўқишни билмас экансан, уни ҳурмат қилишингдан фойда йўқ, бор, ҳурмат қилма», дейишимиз керакми? Йўқ, аксинча, унга «Биродар, Қуръонга иззат кўрсатар экансиз, барака топинг. Энди шу ҳурматга яраша уни ўқишни ҳам уддаласангиз, айни муддао бўларди, эъзозингиз тугал бўлар эди», дейиш тўғри бўлади.

Бироқ, бу каби ишлардан нифоқ қасд қилингудек бўлса, бу бошқа масала. Аммо бундай ҳолат деярли учрамайди.

Ҳурматли кишиларнинг исмини ҳажвга аралаштиришдан ҳазир бўлиш борасида имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан ҳам керакли хулоса олиш мумкин:

«Ҳишом отасидан ривоят қилади:

«Оиша розияллоҳу анҳо бундай деди: «Ҳассон мушрикларни ҳажв қилиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўради. Шунда у зот: «Менинг насабим нима бўлади?» дедилар. Шунда Ҳассон: «Мен сизни уларнинг ичидан хамирдан қил суғургандек суғуриб оламан», деди».

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни масхаралаб шеърлар битиб, уларнинг обрўларини тўкишга урунишар эди. Шунда саҳобаларнинг ичида энг катта шоир ҳисобланган Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу уларга шеър билан муносиб жавоб қайтариш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрайди. У зот бунга изн берадилар-у, лекин аждодлари ҳам Қурайшдан бўлгани учун уларга ҳам гап тегиб кетмасмикан, деган ташвишни қиладилар. Шунда Ҳассон розияллоҳу анҳу ўз маҳорати билан бунга йўл бермаслигини айтади.

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аждодларини ҳурмат қилганларидан, уларга бошқаларни деб таъна етишидан ташвишланганларидан уларнинг номларини ҳажвга дохил бўлишига эътироз билдирганлар.

Ушбу битиклар ёзилишига туртки бўлган асосий сабаб ҳам бор. У ҳам бўлса, қуйида берилган расмлар. Бири Тошкентдаги сартарошхона (салон), иккинчиси Намангандаги устахона. Иккаласига ҳам «Муҳаммад» номи берилган. Кимдир бу ерда жой эгалари ўзи ёки бирор яқинининг исмини назарда тутган бўлса керак дейиши мумкин. Лекин уни пештоқда ўқиган одамнинг хаёлига биринчи бўлиб у ёки отаси келмайди, балки зеҳнда Пайғамбаримизнинг шахсиятлари гавдаланади. Қолаверса, шу номлаш сабабли у зотнинг исмлари номуносиб жумлаларда ишлатилиши, тингловчининг зеҳнидаги ҳайбатга путур етиши, қайсидир душманга мазаҳлаш учун қулай имкон бўлиши мумкин. Фараз қилинг, одамларнинг оғзаки тилида нималар дейилади: «Машина бузилиб қолган экан, Муҳаммад сервисда тузаттирдим», «Машинани Муҳаммадда дамлатиб олдим», «Муҳаммад ҳам қаллоб бўлиб кетибди, машинани яхши тузатишмабди»... «Вай сингилжон, ана Муҳаммадга боринг, сочни зўр турмаклашар экан», «Қуриб кетсин, Муҳаммадга боргандим, соқолимни бузиб қўйишибди» ва ҳоказо.

Тилнинг хусусиятларидан бири шуки, у борган сари қисқаликка, қулайликка қараб юраверади. Ҳеч ким «Муҳаммад деб номланган сервисга бордим», демайди, «Муҳаммадга бордим», дейди. Хўш, шу беҳурмат истеъмолни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига жоиз санайсизми?

Ҳикояларда келади, бир пайтлар шиалардан бири эшагига Умар деб исм қўйиб олганида, ўша эшак катта бўлиб, эгасини тепиб ўлдирган экан. Бу ерда эътиборлиси шуки, ана ўша аблаҳ шиа исмни номуносиб нарсага ишлатиш орқали ўз адоватини изҳор қилган, шу орқали Умар розияллоҳу анҳуни беҳурмат қилишни кўзда тутган. Бунга ўхшаш фитна ишлар душманлар тарафидан доим бўлиб келган. Фақат мусулмонлар соддадил бўлганидан яхши гумон билан ёки парвосизликдан бу каби ишларни пайқамайди.

Ким учундир бу гаплар унчали аҳамиятли бўлмаслиги мумкин. Лекин биз учун бу мавзу жуда катта эътиборга эга. Бу ердаги сўзларни Пайғамбарига дилдан муҳаббат қилган мўминлар яхши уқадилар, бошқалар етарлича ҳис этмасликлари табиий. Шунингдек, иймону диёнати руҳсиз бўлган диндорлар ҳам бу сўзларнинг таъмини тота билмайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Ҳабибимизга доир ҳар қандай нарса, гап, сўз, қўйингки, у зотга мансуб ҳар қандай тушунчага нисбатан эҳтиромда бўлишимиз, хусусан муборак исмларини керагича эъзозлашимиз, унга нисбатан беҳурматлик содир бўлишига сабаб бўлиб қолмаслигимиз муҳимдир. У зотнинг исмларини айтганда, эшитганда салавот айтамиз, бошқа ўринларда ҳам бу исмга ўзига яраша икромда бўлишни унутмаслигимиз керак. Шу билан бирга, жой ва нарсаларга ном беришда, ҳикоялардаги шахсларнинг исмларини белгилашда ҳам мана шу одобни ушлаш лозим. Бу каби ишларга масъул диндошларимиздан мусулмон сифатида ушбу нуқтага эътибор қаратишларини ва шу каби вазифаларга ҳақли, етарли билимга эга кишиларни тайинлашларини сўраб қоламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва ундан кейинги тўрт ракъатни муҳофаза давоми...

2186 11:30 / 24.08.2019
Бу жараён жуда ҳам ҳайратланарли кечади. У дарахт ёки бутадан кичик шохча синдириб олади, уни тумшуғида тутганча баландга кўтарилади ва тумшуғидаги шохча билан давоми...

5406 10:09 / 27.11.2019
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақларидаАбдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида бирга қатнашганлар. давоми...

1788 15:01 / 15.11.2020
Алибей алАббосий Арабистон ярим ороллиги ва сеҳрли Маккани севиб қолган илк европалик ёинки ушбу муқаддас шаҳарга келган ғарб дунёсининг илк вакили ҳам эмас. давоми...

2983 11:02 / 31.10.2018