1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дам солиш ҳақида нималарни биламиз (учинчи мақола)

15:45 / 24.10.2019 12796 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб аёллари «намила» хасталигига ушбу калималар ила дам солар эдилар:

«Ал-арусу таҳтафилу, тахтазибу ва тактаҳилу. Ва кулла шайъин тафтаъилу. Ғойра алла таъсияр ражла»

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Араб аёллар ушбу ривоятда айтилган сўзларни айтиб эрталаб ва кечқурун намила хасталигига учраганларга дам солар эканлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга кўз текканда, заҳар етганда ва намила чиққанда дам солишга рухсат бердилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бундан бошқа ҳолатларда дам солиб бўлмас экан деган хулосага келмаслик керак. Чунки бу ҳадис саволга жавоб тарзда айтилган. Нимадан дам солса бўладию, нимадан дам солиб бўлмаслигини ҳисоб қилиш учун, чегаралаш учун эмас.

Дам солиш калималари

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши ўзига, тобим йўқ, деган Собитга: «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дам солишлари ила дам солиб қўяйми?» деди. «Ҳа», деди у. «Аллоҳумма Роббаннаси, музҳибал баъси. Ишфи. Анташ шафии. Ла шофия иллаа анта. Шифаан ла юғодиру сақман», деди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Мазкур дам солиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур дам солишларидир. Унинг маъноси қуйидагича: «Эй Аллоҳим! Одамларнинг Роббиси! Шиддатни кетказгувчиси! Шифо бер. Ўзингдан ўзга шифо берувчи йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!»

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб: «Аллоҳумма Роббан наси, изҳибил баъса. Ишфиҳи. Анташ шафии. Ла шифаъа иллаа шиффаъука. Шифаан ла юғодиру сақман», дер эдилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳар бир дам солувчи беморни ўнг қўли билан силаб туриб дам солиши шундан олинган. Тўғрироғи дуони ўқиб, ўнг кафтга дам солиб, сўнг беморни ўша ўнг кафт билан силамоқ керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «…изҳибил баъса»ни охиригача ўқир эдилар. У зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим. Шунда у зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар. Сўнгра: «Эй Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», дедилар. Кейин назар солсам, қазо қилибдилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёдаги охирги лаҳзаларини сўзлаб бермоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ҳужраларида ва бошлари у кишининг қўйинларида туриб олий рафиққа интиқол қилганлар. Шунинг учун у зотнинг охирги кунлари, соатлари ва лаҳзалари ҳақидаги ривоятларнинг кўплари айнан Оиша онамиздан келади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон биздан бир инсоннинг тоби йўқ бўлса, уни ўнг қўллари билан силаб, «…изҳибил баъса»ни охиригача ўқир эдилар».

Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтларидан ким бемор бўлиб қолса, олдинги ривоятда келган дуони ўқиб, муборак қўлларига дам солиб, беморни силар эдилар. «У зотнинг ўзлари хаста бўлиб, оғирлашиб қолганларида, ўзлари қиладиганга ўхшатмоқчи бўлиб қўлларидан ушладим».

Яъни, Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан ўтишларидан олдинги хасталикларида мазкур дуони ўқиб, у зотнинг қўлларига дам солиб ўз қўллари билан ўз баданларини силамоқчи бўлганлар «Шунда у зот қўлларини қўлимдан тортиб олдилар». У зот Оиша онамизнинг ўйлаган нарсаларини юзага чиқишини хоҳламадилар. Чунки бу ёғи аён бўлиб қолган эди. Шунинг учун у зот бошқа ишга машғул бўлдилар: «Эй Аллоҳим, мени мағфират қилгин. Мени олий рафиқ ила бирга қилгин», дедилар».
Олий рафиқ — Аллоҳ таолонинг яқинидаги фаришталарнинг олий тўплами. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан собит бўлган ушбу дуонинг сабабидан Ислом адабиётида у зот вафотлари ҳақида турли истилоҳлардан кўра, рафиқи аълога интиқол қилдилар, истилоҳи афзал кўрилади. «Кейин назар солсам, қазо қилибдилар». Нима учун юқоридаги дуони қилганлари шунда аён бўлди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Қачон бир инсоннинг тоби йўқ бўлса ёки ярами, жароҳатми ориз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: «Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина», дер эдилар».

Учовлари ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг туфургиси ила. У ила беморимиз шифоланиши учун. Роббимиз изни ила».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, у зотга Жаброил дам солар эди: «Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин кулли доин юшфийка. Ва мин кулли шарри ҳасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин», дер эди».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг номи ила. Сени тузатадиган. Ва ҳар бир дарддан сенга шифо берадиган, ҳар бир ҳасадчининг ҳасад қилган пайтидаги ҳасад ёмонлигидан ва ҳар бир кўзи борнинг ёмонлигидан».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Бемор бўлдингми?» деди. «Ҳа», дедилар у зот. Шунда у: «Бисмиллаҳи урқийка. Мин кулли шайъин юъзийка. Мин шарри кулли нафсин ав айнин ҳасидин Аллоҳу яшфийка. Бисмиллаҳи урқийка», дер эди».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман. Сенга озор берадиган ҳар бир нарсадан. Ҳар бир нафс ёки кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳ сенга шифо берсин. Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман».

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломга кирганидан буён жасадида пайдо бўлган оғриқдан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қўлингни жасадингдаги аламли жойга қўй ва уч марта, бисмиллаҳи, етти марта, аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру, дегин», дедилар.

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Охирги иккисининг лафзи:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мендаги оғриқ, мени ҳалок қилишига сал қолган эди. Бас, у зот: «Ўшани ўнг қўлинг билан ушлагин ва етти марта, аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду, дегин», дедилар. Бас, ўшандоқ қилган эдим, Аллоҳ мендаги бор нарсани кетказди. Шундан буён аҳлимга ва улардан бошқаларга ҳам шуни буюраман».

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимда ҳис қилаётган нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман».

Амр ибн Шуъайбдан, отасидан, бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қўрқинчда ўқиладиган калималарни ўргатар эдилар: «Аъузу бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин ғазабиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазаатиш шайятийн. Ан яҳзурууни». Ибн Умар буларни болаларидан ақли кирганларига ўргатар, ақли кирмаганларига ёзиб илиб қўяр эди».

Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг тугал калималари ила Унинг ғазабидан, бандаларининг ёмонлигидан ва шайтонларнинг қалбга соладиган хатарларидан паноҳ сўрайман».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб:«Уъийзукумаа бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин. Ва мин кулли айнин лаамматин» дер ва сўнгра: «Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», дер эдилар».

Абу Довуд ва Термизий яхши санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», деганлари Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломга худди мана шу дуо ила паноҳ сўрар эди, деганларидир.

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси бир нарса чақиб олиб, тонг отгунча ухлай олмадим», деди. Шунда у зот: «Нима чақди?» дедилар. «Чаён», деди. «Кечқурун бўлганда, «Аъузу би калиматиллаҳи тааммаати мин шарри ма халақ» деганинг¬да, иншааллоҳ, сенга зарар қилмас эди», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий яхши санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: «Аллоҳнинг тугал калималари ила У зот халқ қилган нарсалар ёмонлигидан паноҳ тилайман».

Демак, мана шу дуони ёдлаб, доимо ўқиб юрса яхши бўлади.

(Давоми бор)

Islom.uz портали

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон умри поёнига етиб қабрга дафн этилгач, унинг жони яна қайта жасадига киради. Бу масалада баъзи аҳли илмлар таваққуф қилиб қатъий қарорга кела олмаган давоми...

6227 17:30 / 23.04.2019
Бир киши Мадинада бир уй қурди. Уйни қуриб бўлганида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу унинг уйи олдидан ўтиб қолдилар. Бояги одам уйининг эшиги олдида туриб, .Эй Абу давоми...

2500 07:10 / 28.06.2019
Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан ривоят қилади .Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо жон топширар ҳолатида қаттиқ йиғлади. Ҳусайн розияллоҳу анҳу .Акажон, нега йиғлаяпсиз давоми...

2083 08:00 / 01.11.2019
Мусо ибн Муғира айтади .Қоқ пешинда Муҳаммад ибн Сийриннинг бозорга такбир ва тасбеҳ айтиб, Аллоҳни зикр қилиб кираётганини кўрдим. Бир киши унга .Эй Абу Бакр, шу давоми...

2105 08:00 / 03.02.2021