1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ҲАСАД

05:00 / 28.02.2017 3318 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, энг катта маънавий жиноятлардан ҳисобланган ҳасад сиёсий, иқтисодий ҳамда бошқа соҳаларда кўплаб зарар келтирувчи ижтимоий дарддир. Ҳа, ҳасад айнан ёмон дарддир. Бу дард ҳам ҳасадчининг ўзинини, ҳам бошқаларни куйдириб, кул қилади.

Келинг, суҳбатимиз аввалида, "Ҳасад нима?" деган саволга жавоб берайлик. 

Уламолар, ҳасад-бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар. Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир.

Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади. 

Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.

Бугунги кунда юртимизда энг кўп тарқалган ва энг сезилмас, айни чоқда, ўта юқумли ва хатарли маънавий хасталиклардан бири, айнан ҳасаддир. Юрт ичида, халқ орасида тарқалган бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасаднинг бу даражада кенг тарқалишига ҳам ўзига яраша сабаб ва омиллар бор. Энг бош сабабни жамият тузумидан излаш керак. Агар халқ ўзлигини йўқотмаса, ички нуқсони авж олмаса бу каби дардлар тарқай олмайди. Ҳар бир инсон ўз жисмида дардга қаршилик кўрсатиш хусусияти заифлашганда касалга чалинганидек, халқлар ҳам ўзларидаги нуқсонлар-маънавий қашшоқлик, руҳий заифлик туфайли ижтимоий дардларга чалинадилар. Ҳасад дардининг юртимизда авж олинишининг асосий омили эса, "Ёвузлик империяси", деб номланган коммунистик тузумдир! Коммунистик империя ҳақидаги бу фикримни ўқиб, "ёв қочганда ботир кўпайибди", деб ўйламанг. Менингча, ёв қочганда ботир бўлиш коммунистларга хос хусусиятдир. Бу гаплар ҳаёт тажрибаларидан дарс олайлик, бир йўқотган ҳассани иккинчи марта йўқотмайлик, бир йиқилган чуқурга иккинчи марта йиқилмайлик, деган мақсадда айтилмоқда.

Мен азиз юртимизда, гўзал инсоний ахлоқлар билан машҳур бўлган она ватанимизда ҳасад дардининг авж олишига асосий сабаб, деб айблаётган тузум, аслида, ҳасад устига қурилгандир. Мутахассис олимларнинг таъкидлашларича коммунизм фикри дастлаб ҳасадчи гуруҳлардан чиққан экан. Маркс, Энгелс каби коммунистик фикрни инсон ҳаётига киритган шайтон малайлари ҳам ҳаётда муваффақиятсизликка учраб, жамиятга ҳасад қилиб юрган кимсалар бўлганлар. Мулоҳаза шулки, бу тузумда инсон қанча катта мансабга эришса, шунча ҳасадгўй бўлади. Ёки, аксинча, катта ҳасадчи бўлмагунча, коммунистик тузумда инсон катта мансабга эриша олмайди. 

Буни ўрис олими ва тарихчиси Димитрий Волкогонов ўз илмий баҳсларининг натижаси ўлароқ оммалаштириб, барча ёмонликларни ўзида жамлаган шахс, коммунистик тузумда катта мансабга эга бўлган эди, деган фикрни илгари сурди. У яқинда архивдаги ҳужжат ва далиллар асосида Ленин ҳақидаги китобини ёзиб тугатди. Олдин Троский ва Сталин ҳақида ҳам шу услубда илмий асарлар ёзиб, нашр қилган эди. Волкогоновнинг таъкидлашича, Лениннинг разиллиги олдида Сталин ип эша олмас экан.

Кўр кўрни қоронғуда топибди, деганларидек, марказдаги пихини ёрган ҳасадчилар ўз атрофларидаги халқларни янада қаттиқроқ эзиш учун, маҳаллий халқлардан ўзларига муносиб шогирдлар етиштирдилар. Бунинг учун, аввало, кўнгли пок, эли-юрти учун жон фидо қилишга тайёр кишиларни халқ душмани деган бўҳтон билан қириб ташладилар ёки ватанни ташлаб кетишга мажбур қилдилар. Оқибатда иттифоқдош республикаларда ҳам марказдагиларга муносиб ҳақиқий ҳасадчилар ишнинг жиловини қўлга олдилар.Аввал айтилгандек, улар ҳам боболари-пирлари Марксга ўхшаб ҳаётда мувафақиятсизликка учраган, жамиятга, ўз атрофидагиларга зўр ҳасад қилиб юрган дардмандлар эдилар. Худди ана ўша ҳасадчилар халқнинг рўшнолик кўришига, кўксига шамол тегишига ҳасад кўзи билан қарар эдилар.Озгина молу мулкка эга бўлганларни дарҳол ўғриликда айблаб йўқ қилишарди. Доно одам пайдо бўлса, уни ақлсизликда айблаб йўқ қилишарди. Ҳатто улар бир-бирларига ҳам ҳасад қилишиб, қарши тарафни марказ орқали йўқ қилишар эди. Энг даҳшатлиси, ушбу қилинаётган разилликлар аҳолининг барча табақасига, халқпарварлик, адолатчилик, эскилик сарқитларига қарши кураш ёки бой ва феодалларча урф-одатларни йўқотиш, деб тушунтирилар эди. Бор худони йўқ деган коммунистлар, бутун дунё разолат ҳисоблаган ҳасадни фазилат ўрнида кўришар эди. Оқибатда ҳали кўкракдан ажралмаган боладан тортиб, ўлим тўшагида ётган қариягача ҳасадчига айланди. Ҳасаднинг ривожи учун ҳамма эшиклар, йўллар очиб қўйилганди. Дунёнинг коммунизм балосига дучор бўлмаган қайси нуқтасига бориб "юмалоқ хат" нималигини сўрасангиз, билишмайди. Агар "юмалоқ хат" дегани биров ўз номини айтмай, иғвогарлик ила фалончи тўй қилди, пистончи уй қурди, яна бошқаси арава олди ва ҳокозалар, деб ҳукуматга хат ёзишини, ҳукумат у хат туфайли, тўй қилган, уй қурган, арава олган, умуман, одамларча яшамоқчи бўлганларни ушлаб қамашини, молу мулкини тортиб олишини айтсангиз, таажжубланишиб, қолишади. Сиз яна қўшимча қилиб: "юмалоқ хат"ни кўпинча ҳукуматнинг ўзи ҳасад қилиб, малайларига айтиб ёздиради", десангиз, улар ўзларини умуман йўқотиб қўядилар. Чунки бу тўғри, ҳалол, пок одам бўлиб ўсган шахснинг тасаввурига ҳам келмайдиган нарсадир.

Илмуннафс (психология) олимларининг таъкидлашларича сиёсий истибдод, зулм ва туғён ҳукм сурган жамиятда ночор қолган бечора халқ ўз норозилигини турли ишоралар, латифалар, зарбулмасаллар билан ифода этишга уринар эканлар. Коммунистик ҳасад жонига теккан халқлар ҳам комунистик истибдод ва зулмдан қўрқиб, шу услубни қўллашган. Албатта, бундай услубда ижод қилинган латифа ёки зарбулмасалларнинг ҳаммасини оқилона ва одоб доирасида, деб бўлмайди. Лекин бу барибир халқнинг маълум бир масалага нисбатан бўлган кўз қарашини ифода қилади.

Бир куни икки коммунист подшоҳнинг ҳузурига арз қилишиб киришибди-да, бирданига ўзларига хос услуб билан: "Сиз қандай адолатсиз подшоҳсиз, бизга ўхшаган бечоралардан ҳам хабар оласизми, йўқми?", дея бақиришиб кетибди. Подшоҳ уларни бир оз тинчлантиргандан кейин: "Сизлар мени ўта адолатсизликда айблаяпсизлар, адолатсизлигимни нима билан исбот қиласизлар?", дея сўрабди. Коммунист ҳасадчилар дарҳол бидирлашиб: "Агар сизда заррача адолат бўлганида, қўшнимиз Тошматнинг иккита сигири бўлатуриб, биз бечоралар сигирсиз қолмас эдик", дейишибди. Подшоҳ: "Қўшнингиз Тошмат ишлагандир, топгандир, қариндош-уруғи ёрдам бергандирки, иккита сигир олибди. Бунинг нимаси ёмон", деб жавоб берибди. Ҳасадчилар: "Тошмат ўғри, муттаҳам бўлмаганида эди, икки сигирни қаердан олар эди. Биз ҳам ишлаймиз, топамиз, лекин бизнинг бир дона ҳам сигиримиз йўқ-ку", дейишибди. Шунда подшоҳ: "Бўлмаса, мен амр қиламан, сизларга ҳам иккитадан сигир беришади. Шунда адолат ўрнатилган бўладими, шунга розимисизлар", дебди. Ҳасадчилар:"Йўқ, йўқ! Бизнинг ишимиз кўп. Биз эрталаб кетиб, кечқурун уйга қайтамиз. Сигир деганига ҳам ем керак, ҳам сув керак. Биз бунга рози эмасмиз", деб жавоб беришибди. Подшоҳ: "Сигирлар учун ем-хашакни ҳам, сувни ҳам мен бераман. Сизлар йўқлигингизда бола-чақангиз сигирларга қарайди", дебди. Ҳасадчилар: "Бўлмайди, бола-чақамизнинг ҳам ўзига яраша ташвиши бор", дея жавоб беришибди. Ноилож қолган подшоҳ: "Сизнингча, нима қилсам, адолат ўрнатган бўламан?" деб сўрабди. Шунда ҳасадчилар: "Ана энди ўзингизга келдингиз, подшоҳим! Тошматнинг ҳам сигирини тортиб олиб қўйсангиз, адолат ўрнатган бўласиз", деб жавоб беришибди. 

Бу латифа ҳасадчиларнинг танқиди баробарида, унинг ҳақиқатини тўлароқ англаб етишда ҳам ёрдам беради. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, элу юртнинг куни ўзи беролмайдиган, берганни кўролмайдиган ҳасадчиларга қолган эди. Оқибат нима бўлгани ҳаммага маълум. Ҳозир бошқа ижтимоий хасталикларлар билан бир қаторда ҳасад дарди ҳам халқимизнминг тинкасини қуритмоқда. Бу иллатнинг давосини топиш керак. Афсуски, бу ҳақда ҳеч ким қайғурмаяпти. 

Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади. Ўуръони Каримнинг оятларини диққат билан ўқиган одам, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини, у кишининг мўъжизаларини, у кишига Ўуръон тушаётганини кўриб-билиб туриб ҳам иймонга кирмаганлар учун асосий тўсиқ ҳасад бўлганини яхши билиб олади. Яҳудийлар: нима учун биздан эмас, араблардан пайғамбар чиқади, дея ҳасад қилиб Исломга кирмадилар. Бошқа араб қабилалари ҳам аввал бошда шунга ўхшаш ҳаракат қилиб, Ўурайшга ҳасад қилдилар. Ўурайшнинг кўпчилик зодаганлари эса, нима учун бир камбағал-етим пайғамбар бўлар экан-у, биз аслзодалар, қавмнинг раҳбарлари эса унга эргашишимз керак экан, деган ҳасад билан мусулмон бўлмадилар. Кўриб турибмизки, ҳасад-катта ҳалокатларга олиб борадиган дард экан. Ҳатто энг катта бадбахтлик ҳисобланган кофирликка, ҳам сабаб бўлар экан. Демак, қалбида ҳасади бор кишининг Исломга кириши ҳам амри маҳол экан.

Худди шу маънони, Ибн Ҳиббан Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилган ҳадиси шарифдан тушуниб оламиз. Бу ҳадисда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жамъ бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жамъ бўлмайди", деганлар. Ушбу ҳадиси шарифда икки турли нарса бир банданинг қалбида жамъ бўлмаслиги хабари берилмоқда. Биринчиси: Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни, ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб жаннат аҳлидан бўлишлигидир. Иккинчиси эса, бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жамъ бўлмаслиги. Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.

Имоми Абу Довуд Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади", деганлар.Ушбу ҳадисдан ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқиши ҳамда умуман ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини тушуниб оламиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам аввало ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради. Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди. 

Имом Табароний Зомрата ибн Саълабата розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар", дейдилар. Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлари орасидан яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир! 

Ҳасаднинг инсонлар ва жамият учун нақадар даҳшатли хатар эканлигини муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Каъбдан (у киши ўз оталаридан ривоят қилганлар) ривоят қилган ҳадисдан билиб олишимиз мумкин. Расули Акрам (с.а.в.):"Молга ҳирс қўйиш ва мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш қўрадаги қўйлар томон қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмонроқдир", деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда, молга ҳирс қўйиш ва ҳасаднинг қанчалик хавфли эканлигини сиз билан бизнинг тасаввуримизга янада яхшироқ сингдириш учун, мазкур ўхшатиш ишлатилмоқда. Бу икки хавфли жиноят қўй қўрасига қўйиб юборилган икки оч бўрига қиёсланмоқда. Одатда, оч бўри қаттиқ қўриқлаб турилган қўйларни ҳам ўлдириб, еб кетади. Аммо икки оч бўрини қўрага қамалган қўйлар ичига қўйиб юборилса-чи? Ўўй бечораларнинг ҳоли нима бўлиши аён: оч бўрилар уларнинг ҳаммасини бирма-бир ҳалок қилади. Молга ҳирс қўйиш ва ҳасад, жамият ичига қўйиб юборилган икки оч бўри каби, жамиятни ҳалокат сари бошлайди.

Молга ҳирс қўйиш оқибатида, одамлар Худога бандаликдан чиқиб, молу-дунёнинг бандасига айланади. Молу-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қолишади. Мол-дунё эса, ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолади.

Мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш асли ёмон нарса бўлган ҳасаднинг энг ёмон турларидан биридир. Мусулмон кишининг динига ҳасад қилишнинг тарихи пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳасад қилиш билан боғлиқдир.Бундай ҳасадчиларнинг боболари ва устозлари пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳасад қилган кофир ва мушриклар эдилар. Инсоннинг диндорлиги унинг Аллоҳга ва Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир.Аллоҳ бир бандасига муҳаббат қилса, ер юзидаги бандаларнинг қалбига ҳам ўша шахсга бўлган муҳаббатни солиб қўяди. Диндор шахсни ҳамма яхши кўриб, ҳурмат қилади. Агар бу диндор шахс илмли бўлиб, инсонларга диний ҳукмларни тушунтириб, даъват қилиб турса, мусулмонлар уни янада кўпроқ ҳурмат қилишади. Унинг атрофида тўпланишади. Шундай қилиб, бу уламонинг халқ ичидаги обрўйи кун сайин ортиб боради. Бу ҳол иззатталаб, ҳурматталаб ҳасадчиларга ёқмайди. Уларнинг бу ҳасади мазкур муҳтарам уламони диний нуқсонларда айблашга, унга туҳмат қилишга сабаб бўлади. Бундай ҳасадчиларнинг катта устозлари ҳам мусулмонларнинг пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи, сеҳргар, фолбин, жинни, деб айблаганлар. У пайғамбарлик даъвоси билан биздан раҳбарликни тортиб олмоқчи, деб туҳмат қилганлар.Бугунги кунда ҳам уламоларга ҳасад қилувчилар шунга ўхшаш айбнома ва туҳматларни ўз замонаси услуби билан такрорламоқдалар. Натижада, банданинг динига ҳасад қилиш, дунёдаги энг муқаддас туйғу бўлган динга зарар етказишга олиб келади. Бу эса, энг катта гуноҳдир.Айни чоқда,инсон жамиятига тасаввур қилиб бўлмайдиган зарар етади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг динига ҳасад қилувчиларни қўрадаги қўйларга қўйиб юборилган оч бўриларга ўхшатганлар. Шунинг учун ҳам аввалги зикр қилинган ҳадислардан бирида "ҳасад билан иймон бир кишида жамъ бўлмаслигини" баён қилганлар. Шунинг учун ҳам Имоми Табароний Абдуллоҳ ибн Буср (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам жумладан: "Ҳасад эгаси мендан эмас", деганлар. Яъниким, ҳасадчи менинг умматим эмас, деганларидир. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.

Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий розияллоҳу анҳу даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Имом Аҳмад, Имом Муслим, Имом Насаий каби улуғ муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қуйидагиларни ҳикоя қиладилар: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зот: "Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир одам чиқади", дедилар. Ансорийлардан, соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида ковуш тутган киши чиқиб келди. Эртасига Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳолат такрорлангач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, мажлисдагилар тарқалганида Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: "Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг", деди. У одам "Хўп" деб жавоб берди". Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейдилар: "Абдуллоҳ, ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини, гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан. Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: "Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: "Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан уч марта: "Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади", деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзуида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?"деб сўрадим. У эса: "Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ", деди. Ўайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: "Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат, мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат 

сақламайман. Ҳеч кимга, унга Аллоҳдан етган яхшиликка нисбатан ҳасад қилмайман", деди. Мен: "Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан", дедим", дея ҳикоя қилади Абдуллоҳ инб Амр (р.а.)Ҳақиқатан ҳам,инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Чунки, бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин!Омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Иймон, ndash эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами бўлиб, уни ўргатадиган илм .ақийда илми, деб аталади.Ислом динининг амалий қисми .шариат, дейилади. давоми...

5428 13:04 / 21.11.2018
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ учун зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат давоми...

2713 19:00 / 31.12.2022
ТАВАККУЛ БОБИАллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида таваккулни зикр қилган. Аллоҳ айтади Аллоҳга ким ҳақиқий таваккул қилса, бас, У кифоя қилувчидирrdquo давоми...

3238 05:00 / 01.03.2017
Покланиш, тикланиш ва хулқланиш босқичларини мувофақият ила ўтказган нафс кўзланган мақсадга эришади. Ундай нафс ўзидаги барча нуқсон ва кирларни кетказган, давоми...

4219 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

135062 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55340 14:35 / 11.08.2021