1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Пайғамбаримизга муҳаббат иймондандир

11:05 / 03.11.2019 4933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Муҳаббат» сўзи аслида мойиллик, севиш, суйиш, яхши кўриш, кўнгил қўйиш, ишқ, хоҳлаш, талпиниш, интилиш маъноларини англатади. Муҳаббат қалбдаги туйғу бўлиб, инсон ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. У кишининг сўзу амалларини бошқаради, тасарруфларини ҳаракатлантиради. Инсон муҳаббатсиз яшай олмайди, кимларнидир севиб, нималаргадир меҳр қўйиб яшайди. Ислом дини ушбу туйғуни ҳам тўғри ўзанда бўлишини талаб қилади.

Аллоҳга бўлган чин иймон У Зотга нисбатан муҳаббатнинг ҳосиласидир. Айни пайтда бу иймон ва муҳаббат Аллоҳнинг элчисини ‒ пайғамбарини севишни тақозо этади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймоннинг бир қисми ҳисобланади. Муҳаббатсиз кишининг иймони ва саодати тугал бўлмайди. Шунинг учун Ислом уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳар бир мусулмон учун фарз эканига ижмоъ-иттифоқ қилган.

Буюк бобомиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ шоҳ асари «Ал-жомеъус-саҳиҳ» тўпламидаги «Иймон» китобининг 8-бобини «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» деб номлаб, унда қуйидаги икки ҳадиси шарифни келтиради:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот (Аллоҳ)га қасамки, сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўла олмайди, то мен унга отасию боласидан маҳбуброқ (севимлироқ) бўлмагунимча», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўлолмайди, токи мен унга отаси, боласи ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча», дедилар».

Демак, мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барчадан кўра кўпроқ севмагунча комил иймонга эриша олмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуруқ даъво ёки юзаки гаплар билан эмас, балки чин қалбдан бўлиши ва амалда акс этиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуйидаги амалларни тақозо этади:

– у зотни яхши кўриш, севиш, суйиш;

– у зотга кўнгил қўйиш, мойил бўлиш, муштоқ бўлиш, ошиқ бўлиш;

– у зотни соғиниш, эслаш ва унутмаслик;

– у зотга интилиш ва рағбат қилиш;

– у зотни ҳаммадан устун қўйиш ва афзал кўриш;

– у зот яхши кўрган нарсани яхши кўриш, ёмон кўрган нарсани ёмон кўриш;

– у зотга эргашиш, итоат этиш, суннатларига амал қилиш, у зотнинг таълимотларига мувофиқ тарзда ҳаёт кечириш;

– у зотга ёрдам бериш, суннатларини, шариатларини ҳимоя қилиш;

– у зотни энг олий намуна деб билиш, у зотдан ўрнак олиш;

– у зотга кўп салавоту саломлар айтиш;

– у зотга хилоф иш қилишдан қўрқиш;

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат банда учун дунё-ю охират саодати гаровидир. У зотга муҳаббат дўзахдан нажот ва жаннатга кириш учун сабабдир. У зотга муҳаббат Аллоҳнинг муҳаббатига ва жаннатига йўлдир.

Бир аъробий киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўради. У зот: «Қиёматга нима тайёрладинг?» деб сўрадилар. У: «Аллоҳ ва Расулига муҳаббатни!» деб жавоб беради. Шунда у зот: «Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан», дедилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Биз мусулмон бўлишдан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан», деган гапларидан хурсанд бўлганимизчалик хурсанд бўлмаганмиз. Мен Аллоҳни, Расулини, Абу Бакрни, Умарни яхши кўраман. Гарчи уларчалик амал қила олмаган бўлсам-да, (муҳаббатим туфайли) улар билан бирга бўлишни умид қиламан» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Сиз менга ўзимдан ҳам, аҳли-оиламдан ҳам, бола-чақаларимдан ҳам севимлироқсиз. Мен уйда бўлганимда сизни эслайман ва сабр қилолмасдан олдингизга келиб, сизни кўраман. Аммо бу дунёдан ўтишимизни эсласам, биламанки, сиз жаннатда пайғамбарлар билан олий даражаларга кўтарилиб кетасиз. Мен эса жаннатга кирсам-да, сизни кўра олмасам керак, деб қўрқаман», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳали жавоб бермай туриб қуйидаги ояти карима нозил бўлди:

«Ким Аллоҳ ва Расулга итоат этса, ана шулар Аллоҳнинг инъомларига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан бирга бўлурлар. Улар қандай ҳам яхши ҳамроҳдирлар» (Нисо сураси, 69-оят). (Табароний, Байҳақий, Ибн Мардавайҳ, Мақдисий, Абу Нуайм, Ҳайсамий ва Воҳидийлар ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббат қилиш, у зотни чинакам севиш бахтини насиб этсин.

Абдул Азим Зиёуддин,

Тошкент Ислом институти «Ҳадис ва ислом

тарихи фанлари» кафедраси катта ўқитувчиси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Халликондан ривоят қилинади .Абу Асвад Дуалийга ўлим вақтида .Мағфиратдан хушхабар беринг, дейишди. У киши .Бундай дейишга Ғаффор Зотдан ҳаё қиламан,, давоми...

2230 08:00 / 09.06.2020
Зиё айтади .Имод Мақдисий рахматуллоҳи алайҳ 614 санада вафот этди. Вафот этган кунлари рўза тутган эдилар. Шом намозини масжидда ўқидилар. Сўнг уйга қайтиб, енгил давоми...

1746 08:25 / 28.05.2020
Ҳафс Марбаҳий айтади .Тушимда Довуд Тоийни кўриб, ундан сўрадимndash Охират яхшилиги қандай эканndash Охират яхшилиги жуда кўп экан.ndash Нимага эришдингизndash Аллоҳга давоми...

1867 07:10 / 27.05.2019
Табарий .Адабуннуфус, номли китобида зикр қилади .Ҳаким ибн Муҳаммад Аҳмасий деди .Эшитишимча, жаннат зикр билан бино бўларкан. Бас, қачон зикрдан тўхташса, бино давоми...

3788 19:00 / 23.05.2021
Аудиолар

213156 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132377 14:35 / 11.08.2021