1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Энг буюк бахт нима?

16:30 / 02.11.2019 3707 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тушларимда кўрмоқ қолди армон бўлиб,

Устозлардан сийратингиз ўрганганда.

Равзангизга бормоқ ишқи ёнди тинмай,

Фонийлардан топган севгим сиз Ҳабибим.

«Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи барокатуҳу».

Эй оламлар саййиди, инсоният тарбиячиси, биз умматларга ота-онамиздан ҳам меҳрибон бўлган қалбимиз севгани Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Мен сизга аср бўлмаганим учун авваллари ўксинар эдим. Ёшим улғайиб Каломуллоҳ тафсирларини, сийратингизни устозлар ёрдамида ўрганиш жараёнида, бу ўксиклик секин аста камайди. Ҳозирга келиб, буткул шукроналик ҳисси билан алмашган. Чунки мен илм олиш бахтига эришганимдан сўнг, инсонни ёруғ дунёга қайси вақтда келиши муҳим эмаслигини англаб еттим. Муҳими бизни яратган зот Аллоҳни таниб сизни суннати саниянгизга муҳаббат ва интиқлик ила эргашиш экан.

Бахт қайси асрда қайси маконда туғилиш эмас, бахт Аллоҳни гуноҳкор ҳолимизда бўлса ҳам севиб унга тавбатан насуҳ қилиб қайтмоқ, сизни таниб сизни севмоқ экан.

Бахт сизнинг асрингизда яшамоқ эмас экан. Албатта мен саҳобалар мақоми бахт эмас дейишдан йироқман. Улар инсонларнинг юлдузи, сизни биздан ҳам кўпроқ севган зотлардир. Аммо мен ўз асримда дунёга келганим, менинг фурсатим эканига шукрона келтириш мақсадида айтмоқчиман. Бахт асли нимада эканини ўзим каби сизга муштоқ замондошларимга оз бўлсада эслатиб таскин бермоқ, аслида эса ўзимга таскин изламоқдир.

Сизга ҳам аср бўлган мунофиқлар, мушриклар, яҳудийлар, насоролар ҳам бор эдику, мен ўшалардан бири бўлиб қолмаганим учун ҳам шукрона келтираман демоқчиман. Улар каби Қуръони каримда лаънатланиб қолмаганимга, мунофиқлик билан шарманда бўлмаганимга, адашиб кетиб сизни пок шариат таълимотингиздан юз буриб кетмаганимга шукроналар келтираман. Аллоҳим тақдир қилган шу давр вакиласи бўлиб, Исломий муҳит, Исломий тарбия топиш бахти ила шарафланиб, ҳали балоғат остонасига етмай ибодат таълимоти билан улғайганим менинг бахтим экан аслида.

Сизни соғинганимда, сизга ҳам аср бўлиб яшамаганимга афсус қилган пайтларим Аллоҳ асрасин мен ҳам сизга замондош бўлган мушрикалардан бўлиб қолишим ҳам мумкин эдику дея таскин топаман. Абу Лаҳабнинг аёли, ёки сизга озор берган яҳудий аёллар каби бўлиб қолишим ҳам мумкин эдику наузубиллаҳ. Шулар ҳақида ўйласам қалбим титраб Аллоҳга сажда қилиб йиқиламан шукроналар келтираман.

Сизни танитганига, Қуръонни таълим олишдек бахтни бериб аҳлидан қилганига, суннати саниянггизни таълим олиб ҳаётимнинг ҳар онига тадбиқ қилдириб муваффақият берганига шукроналар келтираман.

Ота-онамнинг ҳаққини билиб улғайганимга, улар мени деб заҳмат тортганларини қандай адо этишим мумкинлиги ҳақида Каломуллоҳ ва сизнинг суннатингиздан ўргандим. Қуръонни ёд олиб, унга амал қилиб, суннатингизни ёйиш, фарзандларимга Аллоҳни танитиб, сизни севдириб савобини ота-онамга бағишлаб, қиёматда шараф тожини кийишларини ўргандим.

Эй қалбларимиз маҳбуби, биз сизни қаттиқ севамиз. Равзайи покингизга интиқлик ила яшаймиз. Имкон топдик дегунча ошиқамиз. Биз сизга уммат эканлигимиз аслида энг буюк бахтимиздир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«... Ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас» (Фотиҳа сураси, 7-оят) сифати билан сифатланмаганимизга шукр қиламиз.

«Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир» (Бақара сураси, 7-оят) деганидек муҳрланмаганига ҳам шукр қиламиз.

Яна:

«Ва Одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар. Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Ва ҳолбуки, сезмасдан ўзларини алдарлар» (Бақара сураси, 8-9-оятлар) дейилганидек мунофиқлик ҳам қилмаётганимизга тинимсиз ҳамду сано айтамиз. Сизга ожизона саловатлар йўллаб бу йўлда бардавом қилишини дуо қиламиз. Биз лойиқмизми билмаймиз, аммо оятда келганидек:

«Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис адо ўқурлар ва биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирарлар ва охиратга аниқ ишонарлар. Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топувчилардир» (Бақара сураси, 3-5-оятлар).

Шундай бўлишга умид билан ҳаракат қилиб яшаймиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизни жуда қаттиқ соғиниб кетганимизда:

«Севган севганлари билан бирга бўлади» деган сўзингиз таскин беради. Ҳа биз сизни севамиз, ошиқмиз, муштоқмиз саловатларимиз билан, сийратингизни такрор-такрор ўқиш билан таскин оламиз.

Сиз мўминларни кучли ва шижоатли бўлишга чақиргансиз. Мен аёл бўлиб дунёга келган бўлсамда кучли ва ғайратли бўлишга интиламан.

Аллоҳ муваффақ қилса кучли, илмли, пок ва динида мустаҳкам, тақвода бардавом аёллар жамиятга пок ва кучли фарзанд тарбия қилиб беради.

«Умматим» деб яшаб ўтдингиз сизга саловат айтиш биз учун шараф ва нажот беради. Ҳаттоки сизга саловат айтиш аслида ўзимизга фойда эканини ҳам таълимини бердингиз:

«Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга 10 марта раҳмат йўллайди. Унинг 10 гуноҳи ўчирилади» (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).

Ва яна «Ким менга эрталаб 10 марта, кечқуқрун 10 марта саловат айтса, қиёмат куни мен уни шафоат қиламан» (Имом Табароний ривояти).

Ҳа сизга саловат айтиш бизга раҳмат ва роҳат беради. Ҳабибим мен сизни ўз замонам аёлларига танитишим, уларга сиз ҳақинггизда тинмасдан айтиб беришим аслида ўзимга таскин излаш учундир. Фарзандларимга сизни ҳар он эслатиб, қилган ишларингизни ўргатиб, саловатлар йўллаш таълимини беришим қалбимнинг соғинчларига малҳамдир.

Юнусхўжа Орифахон

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлид маросимларидаги хатоларЮқоридаги сатрларда мавлид маросимларида мавжуд бўлган бир қатор хато камчиликларга ишора қилиб ўтилди. Шу билан бирга, уларга давоми...

1461 13:30 / 19.10.2021
Мана Рабиъул аввал ойи янгидан кириб келди.У ўзи билан хушбуй ва муаттар хотирани, яъни ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишлари хотирасини олиб давоми...

4019 18:13 / 07.12.2017
2666. .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламshyнинг насабларига келсак, у зот ndash Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн давоми...

8018 18:03 / 21.11.2017
1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш учун.Аллоҳ таоло марҳамат қилади Эй имон келтирганлар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этингизrdquo Анфол сураси, 20оят. Бу давоми...

2115 17:05 / 05.11.2019
Аудиолар

137624 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57690 14:35 / 11.08.2021