1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг таҳоратлари

14:04 / 03.11.2019 3545 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ حُمْرَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ مَوْلَى عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ عُثْمَانَ دَعَا بِوَضُوءٍ فَتَوَضَّأَ فَغَسَلَ كَفَّيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ مَضْمَضَ وَاسْتَنْثَرَ، ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْمِرْفَقِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ مَسَحَ رَأْسَهُ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْكَعْبَيْنِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم تَوَضَأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَالَ: مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَامَ فَرَكَعَ رَكْعَتَيْنِ لَا يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبهِ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَمَضْمَضَ وَاسْتَنْشَقَ وَاسْتَنْثَرَ ثَلَاثًا بِثَلَاثِ غَرَفَاتٍ مِنْ مَاءٍ. وَفِي أُخْرَى: فَمَسَحَ رَأْسَهُ ثَلَاثًا. وَفِي رِوَايَةٍ: فَمَسَحَ رَأْسَهُ فَأَقْبَلَ بِيَدَيْهِ وَأَدْبَرَ بَدَأَ بِمُقَدَّمِ رَأْسِهِ ثُمَّ ذَهَبَ بِهِمَا إِلَى قَفَاهُ، ثُمَّ رَدَّهُمَا حَتَّى رَجَعَ إِلَى الْمَكَانِ الَّذِي بَدَأَ مِنْهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 «У киши қуйидагиларни айтганлар:

«Усмон таҳоратга сув опкелтирди ва таҳорат қилди: икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва: «Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди».

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, уч ҳовуч сув билан уч мартадан оғзини чайқади, бурнига сув олди ва бурнидан сувни чиқарди» дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда:

«Ва бошига уч марта масҳ тортди» дейилган.

Ундан ҳам бошқа бир ривоятда:

«Бас, бошига масҳ тортди. Икки қўлини олдинга, орқага олиб бориб келди. Бошининг олд қисмидан бошлаб, уларни орқасига олиб борди. Кейин яна бошлаган жойига қайтариб келди», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Ҳумрон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

У кишининг тўлиқ исмлари Ҳумрон ибн Холид ибн Амрдир. Айни Тамр номли жойда Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга асир тушган. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Ҳумроннинг ҳушёр ва ақл-фаросатлилигини кўриб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга берганлар. У киши уни қулликдан озод қилиб, ўзларига котиб ва қўриқчи қилиб олганлар.

Ҳумрон розияллоҳу анҳу Ҳажжожнинг даврида Нисобурга волий бўлганлар. У киши 75 ҳижрий санада вафот этганлар.

Уламоларимизнинг айтишларича, ушбу ҳадиси шариф таҳоратнинг сифати, унинг ҳукмларини чиқариш бўйича энг асл ҳадис ҳисобланади. Чунки бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бирлари, тўрт халифанинг учинчилари Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўпчиликнинг олдида сув олиб келтириб, ҳаммага кўрсатма тарзида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилган бўлсалар, шундай таҳорат қилганлар. Сўнгра қўшимча равишда баён этиб, таҳоратга тарғиб қилувчи сўзларни ҳам айтганлар.

Энди Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу таҳорат суви чақириб олганларидан сўнг таҳоратни қандай қилганларини бирма-бир кўриб чиқайлик:

1. «Икки қўлини уч марта ювди».

Аввал келган ҳадисларимизда уйқудан турган одам аввал қўлини ювиб олиши зарурлиги ҳақидаги амрни ўрганган эдик. Ҳазрати Усмоннинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларига ўхшатиб қилган бу таҳоратларида ҳам аввал қўлларини ювиб олганликлари зикр қилинмоқда. Ҳолбуки, бу ерда уйқу ҳақида гап йўқ. Шундан уйғоқ одам ҳам таҳоратни бошлашда аввал қўлини уч марта ювиб олиши зарур эканлиги кўриниб турибди. Ҳамма уламолар бундай қўл ювишни мустаҳаб деганлар.

2. «Сўнгра оғзини чайқади».

Ҳадисдан кейин келтирилган қўшимча бир ривоятда оғизларини ҳам уч марта чайқаганликлари зикр қилинган. Таҳоратда оғизни чайқаш ҳам суннат.

3. «ва бурнига сув олиб тозалади».

Бошқа ривоятда бурунга сув олиш алоҳида, сувни қайтариб чиқариш алоҳида уч мартадан бўлганлиги зикр қилинган. Араб тилида бурунга сув олиш «истиншоқ», бурундан сув чиқариш «истинфор» дейилади. Бу икки амал ҳам суннат ҳисобланади.

4. «Кейин юзини уч марта ювди».

Таҳоратда юзни бир марта ювиш фарз. Оятдаги амрда юзни ювиш таъкидланган. Уч марта ювиш эса суннатдир.

5. «Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди».

Икки қўлни чиғаноғи билан ювиш ҳам таҳоратнинг фарзларидан. Бу амални қилиш ҳам оятда буюрилган.

6. «Сўнгра бошига масҳ тортди».

Ҳазрати Усмоннинг бошларига қандай қилиб масҳ тортганликлари ҳадисда келтирилган қўшимчада батафсил баён қилинган. Яъни, икки қўлларини бошларининг олд қисмига қўйиб туриб, бошнинг орқасигача масҳ тортиб, кейин яна олд қисмига қайтариб олиб келганлар.

Бошга масҳ тортиш ҳам таҳоратнинг фарзлиги ҳақидаги оятда келганлиги учун фарздир. Бошга масҳ тортиш бир марта бўлиши ҳаммага маълум.

7. «Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди».

Бу амал ҳам таҳоратнинг фарзларидан. Бошга масҳ тортишдан бошқа таҳоратнинг ҳамма амаллари уч мартадан бўлиши суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда кўпроқ шундай қилар эдилар.

Кейин Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратни қандай қилганларини кўрдим. Ҳозир ўшандай қилиб таҳорат қилиб кўрсатдим, деб таъкидладилар.

Бундан шаръий амалларни оғзаки тушунтиришдан ташқари, амалий равишда кўрсатиб, таълим бериш ҳам зарурлиги  келиб чиқади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг мазкур таҳоратларини қанча одам кўрган бўлса, ҳаммаси яхшилаб ўрганган ва ривоят қилган, китобларга ёзилган. Мана, ҳозиргача таҳорат бўйича асосий қўлланмалардан бири бўлиб келмоқда.

Демак, ким худди шу ҳадисда васф қилинганига ўхшатиб таҳорат қилса, айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб таҳорат қилган бўлади.

Шундан сўнг Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

«Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйдилар.

Албатта, Усмон розияллоҳу анҳу бу гапларни ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар. Олдинги ўтган бобларда шу маънодаги ҳадисларни ўргандик. Бунда эса таҳоратдан кейин ихлос билан икки ракат намоз ўқиш ҳам қўшилмоқда. Ўша икки ракат намоз давомида кўнгилдан дунёнинг ишларидан бирортаси ҳам ўтмаслиги кераклиги таъкидланмоқда. Бу таҳоратнинг ва намознинг қанчалик фазийлатли амал эканлигини кўрсатиб турибди. Албатта, бунда кечириладиган гуноҳлар Аллоҳнинг ҳаққига боғлиқ кичик гуноҳлардир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
860. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мўмин бир уядан икки марта чақилмайди,, дедилар,. Бухорий ва Муслим давоми...

2776 19:00 / 10.03.2023
392. Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирингиз жанозани кўрса, агар у билан бирга юрмаётган бўлса, у давоми...

3200 15:14 / 31.07.2020
...Ўша куни қурайшлар ўзлари сиғинадиган санам шарафига зиёфат уюштиришган эди. Зиёфат давомида бут уч марта ерга қулади. Эрталабга яқин Каъба атрофидаги 360 давоми...

7991 18:44 / 28.04.2017
806. Абу Малиҳ бир кишидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир уловга мингашиб кетаётган эдим. Уловлари қоқилиб кетган эди, .Бадбахт шайтон, деб давоми...

2000 19:00 / 16.12.2022