1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нима қилишимиз керак? (учинчи мақола)

11:55 / 24.10.2019 2034 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сайтимиздаги биринчи ва иккинчи мақола айтмоқчи бўлган гапларимизга гўё кириш, асос эди. Энди мақсадга ўтсак.

Мўмин киши ҳар бир ишида Аллоҳнинг кўрсатмаларига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиши керак. Мусулмоннинг устунлиги ҳам шунда. У ғазабланганда ҳам, хурсанд бўлганда ҳам, кенгликда ҳам, тангликда ҳам, ҳатто душман билан жанг қилганда ҳам, динининг душманига рўпара келганда ҳам Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмасига кўра адолат ила иш тутади. Бинобарин, мусулмон шахс аҳли илмлар билан муомалада ҳам ўз диди, хоҳиши билан эмас, кўнглига келган фикрлар билан эмас, балки Аллоҳнинг шариатига мувофиқ иш тутиши даркор. Ана шунда Аллоҳ ундан рози бўлади ва у ўзи учун ҳам, дини учун ҳам, бошқа инсонлар учун ҳам манфаатли иш қилган бўлади. Ана шундагина у чин маънода, нафси ҳавосидан холи ҳолда диннинг ташвиши учун ҳаракатланган бўлади ва қилган амали дунёю охиратда самара беради, Парвардигоримизнинг ҳузурида хижолат бўлиб қолмайди. Зотан, шариат фақат адолат ва инсофга чорлайди.

Шариат кўрсатмаларига кўра биз бугунги кунда аҳли илмларга, имом хатибларга нисбатан қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бу борада нима қилишимиз даркор? Қуйида ушбу саволларга қўлдан келганча ва қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Аввало, ҳар бир инсон ҳақида, ҳар бир ҳодиса ҳақида фақат яхши гумон қилишга ўрганишимиз керак. Хусусан, аҳли илмлар ҳақида, ўзимиз орқасида намоз ўқиб турган имом хусусида имкон қадар яхши гумонда бўлсак, кейин надомат қилмаймиз. Афсуски, бизда ҳолат аксинча. Бир мусулмон ҳақида аввал минг хил ёмон гумонларни қиламиз-да, кейин тахминларимиз ўзини оқламагач, ноилож яхши гумон қилишга ўтамиз.

Салафи солиҳлардан бири айтади: «Агар бир мўмин дўстим тоққа чиқиб олиб, «Мен олий Роббингизман!» деса, мен уни Нозиъот сурасидан тиловат қиляпти деб гумон қиламан» (Нозиъот сурасида Фиръавннинг ушбу сўзи келтирилган.)

Бирорта аҳли илмда қандайдир камчилик кўрсангиз, аввало ўша ишнинг шариатдаги баҳосини аниқ билиб, кейин хулоса чиқариш керак. Бир имомнинг дидингизга ёқмаган, шахсан сизга кариҳ кўринган иши аслида шариатда гуноҳ бўлмаслиги ҳам мумкин. Мисол учун, бир домла: «Давлат раҳбарига шукр келтириш керак», деди. Айрим одамлар уни шоша-пиша ширкда, куфрда айблади. Бирортаси ўйламайдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр келтирмаса, Аллоҳга шукр келтирмабди», деганлар.

Бир домлада ростдан ҳам бир камчиликни кўриб, уни тузатишга ақлингиз етса, уни холи жойга чақириб, шахсан ўзига ётиғи билан, одоб билан, самимий насиҳат қилинг. Одамлар олдида овоза қилиб, иғво тарқатиб юрманг.

Имом Шофеъий айтадилар: «Агар менга айбимни ўзимни холи қилиб айтсанг, демак менга насиҳат қилмоқчи экансан. Аммо уни одамлар олдида айтадиган бўлсанг, унда мени шарманда қилмоқчи бўлибсан».

Одамлар олдида бировнинг айбини ошкора айтиш шунчалик номақбул иш экан, энди ўша айбдорнинг йўғида унинг ортидан ғийбат қилиш қанчалик ёмон эканини ўзингиз билаверинг. Бир мўминнинг айбини бир-иккита одам олдида ғийбат қилиш қанчалар гуноҳ эканини биласиз, энди уни минглаб одамларга намойиш қилишнинг гуноҳини ўзингиз ўйлаб кўринг.

Аҳли илмларга, имомларга самимий хайрихоҳ бўлинг. Зеро, Исломнинг моҳияти шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ўз ҳадисларида таъкидлаганлар.

Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин самимий хайрихоҳликдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» дедик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва ҳаммалари учун», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Хайрихоҳлик – панд-насиҳат қилиш, тойилса турғизиш, адашса шафқат ила йўл кўрсатиш, бошига иш тушганда далда бўлиш, тўғри юрганида ёнига кириш, қўллаб-қувватлаш каби ишлар билан рўёбга чиқади.

Аҳли илм одам журъат қилиб, ҳақни айтса, сиз унга далда бўлинг, ҳимоя қилишга урининг, унга кўмаклашинг. Аслида дин хизматига фақат домлалар масъул эмас, балки ҳар бир мусулмон ўз имкониятига қараб, динга хизмат қилиши лозим.

– Уларнинг ҳаққига чин дилдан дуода бўлинг, Аллоҳдан уларга ҳидоят ва сабот сўранг. Инсоф билан ўйланг, сиз бирорта аҳли илмнинг ҳаққига сабот сўраб, намозлар ортидан чин дилдан дуо қилганмисиз? Кўпчилигимиз ғийбатни дўндирамиз, баъзан мўмин биродарларимизнинг тойилишидан хурсанд ҳам бўламиз. Бу аҳволда унинг ҳаққига қандай қилиб чин қалбдан дуо қиламиз?

Дуода иш кўп, айниқса, бу ўринда дуо ўта холис бўлади, ижобати яқин бўлади. Ана ўша дуолардан биттаси қабул бўлиб қолса, жуда кўп яхшиликларга сабаб бўласиз. Шу билан бирга, устингизда бир фаришта «Сенга ҳам шундай бўлсин!» деб туради. Бинобарин, дуонинг фойдаси ҳаммадан ҳам кўра сизга кўпроқ бўлади.

Уларга нисбатан самимий бўлинг. Мусулмон одам барчага самимий бўлиши керак. Хусусан, дин пешволарига нисбатан самимийлик ўта зарур. Ўзини кўрганда етти букилиб, таъзим қилиб, осмонга олиб чиқиб мақтаб, бениҳоя ихлосу тавозе кўрсатиб, орқасидан ҳар бало деб юриш мусулмоннинг сийрати эмас. Очиғини айтганда, бу мунофиқликдир. Мана шундай носамимийлик ҳам айрим домлаларнинг тўғри йўлдан тойилишига сабаб бўлиши мумкин.

Аҳли илмларнинг обрў-мансаби, мол-пули борига, фойдаси тегадиганига бошқа муомала, ночорига, сизга моддий манфаати йўғига бошқа муомалада бўлиш пасткашликдир, худбинликдир.

Аҳли илмни илми учун, имом-домлани дини учун ҳурмат қилиш савобли амал эканини унутманг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз ушбу эҳтиром учун ниятга яраша савоб олаверасиз. Аммо ҳурматсизлик қилишда ҳеч қандай манфаат бўлмайди.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Жаҳм ҳовлисини эллик минг дирҳамга сотувга қўйди. Ҳовлини сотиб олиш учун харидорлар келганда уларга .Саъид ибн Оснинг қўшниси бўлиш учун қанча пул давоми...

1829 07:10 / 30.04.2019
Савол Қурбонлик кунларида уйида насл орттириш учун бўлган молини қурбонлик кунларида сотиб нисоб эгасига айланган кишига қурбонлик қилиш вожиб бўладими Жавоб давоми...

1831 11:03 / 01.08.2020
Ақоид илмида .кавниёт, деганда борлиқдаги мавжудотлар кўзда тутилади. Мусулмон киши ўша нарсаларга нисбатан ҳам ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Улардан энг давоми...

3883 20:00 / 20.07.2019
Ислом динида мазҳаб масаласи бундан ўн уч аср аввал қандай муҳим деб топилган бўлса, бугун ҳам, кейинчалик ҳам худди шундай долзарб ва зарурлигича қолаверади. Аҳли давоми...

16671 12:00 / 28.12.2018