1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Дунё ва охират ҳақида

13:45 / 24.10.2019 5568 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

ﭑ ﭒ ﭓﭔ ﭕ ﭖ ﭗﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ

Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Айт: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир». Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. (Бақара сураси 220-оят)

Демак, бу оятларни баён қилиб беришдан Аллоҳнинг мақсади бандалар бу дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишлари учун экан. Инсоннинг ҳаёти ҳам бу дунёга, ҳам охиратга тегишли бўлганидан кейин иккиси ҳақида тафаккур қилиши зарур. Фақат бу дунёни ўйлашнинг ўзи кифоя эмас, бунда инсон ҳаёти ҳақида тўғри тасаввур пайдо бўлмайди. Мусулмон инсон ўзининг барча ишларида, хусусан, мол-дунё нафақа қилиш бобида ҳам бу дунё, ҳам у дунё ҳақида тафаккур қилади.

Оятнинг давомида яна ижтимоий, инсоний алоқалар ва мол-дунё сарфи ҳақида сўз кетади. Масалан, боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, эндиги савол ана ўшалар ҳақида бўлмоқда.

«Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан маълум бўладики, савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экан. Чунки оятда:

«Айт: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», дейиляпти.

Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайр-барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган.

Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, Анъом сурасидаги «Етимларнинг молига яқин келманг...», Нисо сурасидаги «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар» деган оятлар шулар жумласидандир.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, бу икки оят нозил бўлганидан сўнг, етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб, уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар» оятини нозил қилган экан.

Бу оятда етимнинг тарбиясини зиммасига олган одам унинг молини ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда:

«Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиздир».

Яъни «Етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб, ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишингизнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса, бас.

«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади».

Етимларнинг молини еб, бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай, тақво қилганларни эса мукофотлайди.

Тушунтириш учун айтиш керакки, етим отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган мол, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одамга енгиллик яратиш мақсадида ўша молларни еб юбормаслик шарти билан ўз молига аралаштириб юборишига рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилигидир. Акс ҳолда

«Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди».

Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.

«Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».

Ҳа, дарҳақиқат, Аллоҳ – Азиз, Ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У – ҳикмат эгасидир, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.

Исломга тўлиғича кириш жараёнидан мақсад намунали, фозил жамият қуришдир. Бундай юқори савияли жамият эса юқори савияли, мустаҳкам оилаларсиз қурилмайди. Шунинг учун Исломда оилага алоҳида ва катта эътибор берилади. Оилани пок асосда қуриб, пок асосда собит бўлиш масаласи Қуръони Каримнинг кўпгина сураларида турли томонлардан муолажа қилинади.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Бирбирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила давоми...

2858 21:08 / 01.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир. Нимаики яхшиликни давоми...

3174 19:30 / 19.07.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ушбулар Роббинг сенга ваҳий қилган баъзи ҳикматлардир. Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳ қилма. Яна давоми...

871 19:00 / 02 апрель
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга давоми...

3316 17:00 / 04.01.2022