1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига хос хусусиятлари

12:00 / 15.04.2019 6395 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақолада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлган бир қанча хусусиятларни келтириб ўтамиз. Зеро, у зотга боғлиқ бўлган ҳамма нарсани, жумладан, у зотнинг мақому мартабаларини ўрганиш, билиш ҳар биримиз учун зарурдир. Чунки, мана шу нарсаларни билиш Пайғамбаримизга бўлган иймонимизнинг, муҳаббатимизнинг янада ошишига, муборак суннатларига эргашишимиз яна ҳам осонлашишига ёрдам беради.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг хусусиятлари деганда Аллоҳ таоло у зотгагина бериб, ўшалар ила барча Пайғамбарлардан ва инсонлардан фазилатли қилган нарсалар тушунилади. У зотгагина берилган мазкур хусусиятларнинг орасида дунёга тегишлилари ҳам, охиратга тегишлилари ҳам, умматларига тегишлилари ҳам бор. Албатта, умматларига тегишли афзалликлар, бевосита, у зотга ҳам тегишли ҳисобланади. Чунки, ўша уммат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайли бошқа умматлардан устун бўлди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: "Агар Сизга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, уларнинг бир тоифаси Сизни адаштиришга азму қарор қилган эдилар. Улар ўзларинигина адаштирадилар. Сизга эса бирор зарар етказмайдилар. Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир" (Нисо, 113).
Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло бундай дейди: "Ўша пайғамбарларнинг баъзиларидан баъзиларини афзал этдик. Улар ичида (Мусо каби) Аллоҳ (у билан) гаплашгани ва (Муҳаммад каби) даражасини (бошқа пайғамбарлардан) юқори қилгани бор" (Бақара, 253).
Ҳа, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга кўплаб афзалликларни ато этган. Келинг, энди ўша фазилатларни, хусусиятларни бирма-бир кўриб чиқайлик.
1. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Исо алайҳиссаломгача ҳамма Пайғамбарлардан мийсоқ олган.
Ўша мийсоқ қуйидагича: "Эй Элчиларим, агар бирортангизнинг даврингизда Пайғамбарим Муҳаммад зоҳир бўлиб, ўзига иймон келтиришга ва эргашишга даъват қилса, ҳеч бирингиз бўйин товламасдан унга эргашинглар. Пайғамбарлигингиз унга эргашишга тўсқинлик қилмасин".
Шундай қилиб ҳар бир Пайғамбар Аллоҳга берган аҳдларини ўз умматларига мана бундай тарзда етгазганлар: "Агар орамизда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам зоҳир бўлса, ҳаммаларингиз менга эмас, ўша Муҳаммадга эргашинглар". Бу сўзимизга далил ушбу оят: "Эсланг, Аллоҳ (пайғамбарлардан) шундай аҳд олган эди: "Мен сизларга Китоб ва Ҳикмат берган бўлсам, эндиликда сизлардаги (Китоб)ни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга имон келтирасиз ва унга ёрдам берасиз!" (Аллоҳ): "Тан олдингизми ва аҳдномамни шу (шарт) билан қабул қилдингизми?" – деганида, улар: "Тан олдик",– деб жавоб бердилар. Аллоҳ деди: "Гувоҳ бўлингиз, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳлардандирман" (Оли Имрон, 181).
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбардан ўзидан кейин келадиган пайғамбарга имон келтириб, ишларида ёрдам бериш хусусида, агар ўзлари кўриша олмасалар, қавмларига васият қилишлари ёки ҳамма пайғамбарлар Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтиришлари хусусида аҳд-паймон олган.
2. У зот бутун инсониятнинг саййидидирлар.
Бир ҳадисда шундай дейилади: "Фахр эмаску, мен инсониятнинг саййидиман". Ибн Ҳиббон ривояти.
Одатда саййид бўлган киши энг олий сифатлар, энг буюк ахлоқий фазилатлар билан безанган бўлади. Ҳа, Пайғамбаримиз бу дунёда гўзал ахлоқлари билан инсонларнинг саййиди, охиратда эса, мартабаю даражаларда уларнинг саййиди ҳисобланадилар. Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз Роббиларининг ҳузурида нечоғли баланд мартабада эканликларини эълон қилмоқдалар. Одатда инсон ўзини мақтаган пайтда, кўпинча, фахрланиб мақтайди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисда "Фахр эмаску" деган сўзлари билан айтаётган сўзлари фахрланиш эмаслигини, балки, Аллоҳнинг у зотга берган буюк мартабасини эълон қилиб қўяётганларини таъкидлаяптилар.
3. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: "Фахр эмаску, қиёмат куни қўлимда "Ҳамд" байроғи бўлади".
4. Аллоҳ таоло у зотнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини кечирган.
Қуръони каримда айтилади: "(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизга аниқ фатҳ (ғалаба) бахш этдик. (Бу фатҳ) Сиз учун Аллоҳнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши, Сизга Ўз неъматини мукаммал қилиб бериши, Сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши, шунингдек, Аллоҳнинг Сизга кучли ёрдам бериши учундир" (Фатҳ, 1-3).
Бирорта Пайғамбарнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилгани манбаларда нақл қилинмаган. Қолаверса, қиёмат куни уларнинг ҳар бирларидан шафот қилишлари илтимос қилинганда, улар ўзлари қилган хатоларини эслаб: "Нафсим, нафсим" дейишади. Агар бирорталари ўз гуноҳлари кечирилганини билганларида эди, бундай деб хавфсирамаган бўлишарди. Кейин ҳамма инсонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шафоатни сўрашганида, у зот: "Шафоат менга берилган" деб айтадилар.
5. Умматларини ўзларидан устун қўйишлари.
Яъни, Аллоҳ таоло ҳамма Пайғамбарга ижобат қилинадиган битта дуонинг имконини берган. Ҳаммалари ўша дуоларини бу дунёда сўраб бўлишган. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса, умматларини шафоат қилиш учун ўша дуони охиратга заҳира қилиб олиб қўйганлар.
6. Аллоҳ таоло у кишининг ҳаётлари билан қасам ичди.
Қуръони каримда шундай дейилади: "(Эй, Муҳаммад!) Умрингизга қасамки, улар ўз "мастликларида" гангиб юрар эдилар" (Ҳижр, 72). Одатда шарафли нарса билан қасам ичилади. Ҳа, Пайғамбаримизнинг ҳаётлари қасам ичишга лойиқ бўлган шарафли, фазилатли, баракотли ҳаёт эди. Аллоҳ бошқа бирорта Пайғамбарнинг ҳаёти билан қасам ичмаган.
7. Аллоҳ таоло у зотга нидо қилишда эъзозлаб нидо қилди.
Яъни, "Эй Набий", "Эй Расул" деб нидо қилди. Бошқа бирорта Пайғамбарни бундай чақирмади, балки, уларни ўз исмлари билан чақирди.
Масалан, "Биз яна айтдик: "Эй, Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз";
"Эсланг, Аллоҳ: "Эй, Исо ибн Марям! Сенга ва онангга берган неъматимни ёдингга ол...";
"Бас, унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан – дарахтдан унга нидо қилинди: "Эй, Мусо! Мен (барча) оламларнинг Парвардигори – Аллоҳдирман";
"Айтилди: "Эй, Нуҳ! Биздан (бўлмиш) саломатлик ва сенга ва сен билан биргаликдаги жамоаларга (аталган) баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин!";
"Эй, Довуд! Дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик";
"Унга Биз нидо қилдик: "Эй, Иброҳим!..";
"(Фаришталар) айтдилар: "Эй, Лут! Биз Раббингнинг элчиларимиз...";
"(Аллоҳ айтди): "Эй, Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз; унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз";
"(Биз унга): "Эй, Яҳё! Китобни (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!" – (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик".
Оятлардан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло барча Пайғамбарларга ўз исмлари билан нидо қиляпти. Ўз ҳаётимиздан мисол келтирадиган бўлсак, бировни ўз исми билан чақирмай, балки, ўша одам шуҳрат қозонган бирор касби ёки фазилатини англатадиган ном билан чақирилса, уни ўша ишда нақадар моҳир эканлигини, қолаверса, ўша чақирувчи уни қанчалик ҳурмат қилишини англатади.
8. Ҳар бир Пайғамбарнинг мўъжизаси ўз даврида таъсирини кўрсатиб, кейин тўхтаган. Аммо Пайғамбаримизнинг мўъжизалари бўлмиш Қуръон қиёмат кунигача боқийдир.
9. Тошлар у зотга салом берган, дарахтлар у зотга таъзим қилган. Бундай ҳол бошқа бирорта Пайғамбарда кўрилмаган.
10. Бошқа Пайғамбарларда мўъжиза саналган нарсалар у зотда оддий ҳол эди.
Масалан, бармоқлари орасидан сувнинг отилиб чиқиши. Мусо алайҳиссаломнинг тошдан сув чиқиш мўъжизалари бор. Ўйлаб кўрсак, аслида тош жинсларидан сув чиқиши бор нарса. Аммо бармоқ орасидан чиқадиган сув тош орасидан сув чиқишидан кўра анча нодирроқдир.
11. Аллоҳ таоло ҳар бир Пайғамбарга умматининг адади, қилган амали баробарида ажр беради. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматлари эса жаннат аҳлининг ярмини ташкил этади. Зеро, узотнинг умматларини Аллоҳ таоло "Инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат" дея мақтаган.
12. Ҳар бир Пайғамбар ўзи яшаб турган даврдаги ўз қавмигагина Пайғамбар қилиб юборилган. Бизнинг Пайғамбаримиз эса, қиёматгача келадиган инсон ва жинларнинг ҳаммасига Пайғамбар қилиб юборилганлар.
Қолаверса, ҳар бир Пайғамбарга рисолатни етказгани учун савоб белгиланган. Пайғамбаримизнинг рисолатни етказишда оладиган савоблари чексиздир. Чунки, у зот қиёматгача дунёга келиб кетадиган бирчага бирдек юборилганлар. Бу рисолатни етказиш хоҳ бевосита ўзлари томонларидан бўлсин, хоҳ у зотдан кейинги умматларининг ичидан чиққан уламолар томонидан бўлсин, фарқи йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: "Агар Биз хоҳласак, ҳар қишлоқ (ва шаҳар)га бир огоҳлантирувчи (пайғамбар) юборган бўлур эдик" (Фурқон, 51).
Яъни, агар Аллоҳ таоло ҳар бир қишлоққа биттадан элчи юборганда Пайғамбар алайҳиссаломга рисолатни етказганлари учун бу қадар кўп савоб тегмасдан, фақат Қурайшга етказган рисолатлари учунгина савобга эга бўлар эдилар.
13. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Тур тоғида, муқаддас водийда гаплашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан эса, Сидратул Мунтаҳода гаплашди.
14. Бир ҳадисда шундай дейилади: "Биз дунё аҳлининг охиргилари, қиёматда эса, аввалгиларимиз. Барча халқлардан олдин бизни ҳисоб-китоб қилинади, жаннатга кирувчиларнинг биринчиси ҳам биз бўламиз". Муслим ривояти.
15. Ҳамма инсонлар, ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам қиёмат куни у зотдан гуноҳлари кечирилишини Аллоҳдан сўраб беришларини илтимос қиладилар.
16. Бир ҳадисда шундай дейилади: "Васила – жаннатдаги бир манзил бўлиб, у Аллоҳ бандаларидан фақат бир бандага насиб этади. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким мен учун ўша василани сўраса, унга шафоатим вожиб бўлади". Муслим ривояти.
17. У зотнинг умматларидан етмиш минг киши ҳисоб-китобсиз жаннатга киради. Бошқа Пайғамбарларнинг умматларида бу ҳол бўлмайди.
18. Аллоҳ таоло у зотга жаннатда Кавсарни, маҳшар майдонида эса, Ҳавзни ато этди.
19. Бир ҳадисда шундай дейилади: "Биз охиргилар ва аввалгилармиз". Яъни, замон жиҳатидан охиргилар, мартаба ва фазилат жиҳатидан аввалгилар, пешқадамлармиз.
20. У зотга урушдан тушадиган ўлжалар ҳалол қилинди. Аввалги Пайғамбарларга ўлжа ҳалол қилинмаган эди. У зот умматларининг сафлари фаришталарнинг сафлари каби қилинди. Ер шарининг ҳамма жойи у зот ва умматлари учун сажда қилинадиган маскан қилиб берилди. Унинг тупроғи ҳам покловчи қилиб берилди.
Албатта, бу хусусиятлар у зотнинг мартабалари, умматларининг мартабаси қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади.
21. Аллоҳ таоло у зотнинг хулқларини мақтаб шундай деди: "Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!" (Қалам, 4).
22. Аллоҳ у зотга турлича ваҳий юборди. Масалан, рост туш кўринишида, воситасиз сўзлашиш, Жаброил воситасида ва ҳоказо.
23. У зотга нозил қилинган Қуръони карим Забур, Таврот ва Инжилдаги маъноларни ҳам ўз ичига олди.
24. У зотнинг умматлари, ҳадисда келганидек, оз амал қилсаларда, кўп ажрга эга бўладилар.
25. Аллоҳ у зотга ердаги барча хазиналарнинг калитларини ҳамда ер юзига подшоҳликни таклиф қилди.
У зот Жаброил алайҳиссалом билан бу борада маслаҳатлашдилар. Жаброил алайҳиссалом тавозуъли бўлишга ишора қилдилар.
26. Аллоҳ у зотни оламларга раҳмат қилиб юборди.
Умматлари у зотга осийлик қилса, Аллоҳ уларга тавба қилишлари учун муҳлат берди. Бошқа Пайғамбарларнинг умматлари осий бўлишганда, Пайғамбарларини ёлғончи қилишганда, уларга дарҳол азоб юборилган эди. Масалан, Лут алайҳиссалом, Ҳуд алайҳиссалом ҳамда Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмларига даҳшатли азоблар келган. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечиримли, сабрли, шукрли, мулойим эдилар. Ҳеч қачон ўзлари учун ғазабланмаганлар. У зот энг олий хулқларни камолга етказиш учун келган эдилар. Овқатланишда, ичимлик ичишда, яшашда ва бошқа барча ҳолатларда хушуъли, тавозуъли эдилар. Умматларига насиҳатгўй, меҳрибон эдилар. Қавмларидан етган барча озорларга сабр қилдилар, уларни дуойибад қилмадилар. Кейинчалик эса, ҳаммаларини кечириб юбордилар. Бу борада шамоил китобларда батафсил ёритилган.
27. Узотнинг мулойимликларини Аллоҳ Қуръони каримда мақтади: "Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар" (Оли Имрон, 159).
28. Кофирларга қаттиққўл, мўминларга меҳрибонликларини ҳам Аллоҳ Қуръонда васф этди: "Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар" (Фатҳ, 29).
29. Умматларининг иймога келишларига ҳарис эдилар. Аллоҳ таоло айтади: "(Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди" (Тавба, 128).
30. Рисолатни етказиш борасида маломатга учрамасликларини Аллоҳнинг ўзи ваъда қилди. У зот айтади: "Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз улардан юз ўгиринг! Энди Сиз маломат қилинувчи эмассиз" (Зарият, 54).
Яъни сиз рисолатни етказдингиз. Мабодо улар иймонга келмасалар ҳам сиз маломат қилинмайсиз. Чунки, сиз қилишингиз керак бўлган ишни қилиб, зиммангиздаги вазифани адо этдингиз.
31. У зотнинг умматлари гувоҳ уммат қилинди.
Яъни қиёмат куни бошқа умматлар ўз Пайғамбарлари рисолатни етказмаганини даъво қилганларида, Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари барча Пайғамбарлар ўзларига топширилган вазифани адо этиб, рисолатни етказганлари ҳақида гувоҳлик берадилар. Бундай хусусият бошқа бирорта Пайғамбар умматига берилмаган.
32. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳеч қачон залолат устида жам бўлмайдилар.
У зот бир ҳадиси шарифда "Албатта, Аллоҳ менинг умматимни фақат ҳидоят устида жам қилади" деганлар.
33. Қуръоннинг қиёматга қадар сақланиши.
Агар бутун инсоният тўпланиб, Қуръонга битта сўз қўшишга ёки ундан битта сўзни олиб ташлашга уринсалар ҳам, бу ишни асло қила олмайдилар. Ҳозирги Таврот ва Инжилда жуда кўп ўзгариш ва бузилишлар борлиги ҳеч кимга сир эмас.
34. Аллоҳ Пайғамбаримизни жавомеъул калим сифати билан юборди.
Яъни у зот қисқа жумлалар билан олам-олам маъноларни ифода этиш қобилиятига эга эдилар. Сўзларининг тузилиши содда ва қисқа, аммо ундаги фасоҳат, балоғат, маъно-мазмун бутун инсониятни лол қолдиради. Масалан, "Бошқага зарар бериш ҳам, бошқадан зарар кўриш ҳам йўқ" деган ҳадис. Мана шу ҳадисни шарҳлаш, батафсил тушунтириш учун жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос хусусиятлари ҳақида мана шуларни айтмоқчи эдик. Албатта, булар денгиздан томчи, холос. Аслида, у зотнинг фазилатларига далолат қилувчи ўзига хосликлар жуда ҳам кўпдир. Ушбу келтирилганлар у зотни янада яхшироқ танишимиз, кўпроқ севишимиз ва суннатларига оғишмай амал қилишимиз учун етарли деб умид қиламиз.
Аллоҳ таоло барчаларимизни у зотнинг хулқлари билан хулқланиб яшашимизни насиб этсин. У зотга эса чексиз саловот ва саломларини юборсин. Омин!

Аллома Иззуддин ибн Абдуссаломнинг
"Бидаятус сул фий тафзили Росул" асаридан
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ЯъжужМаъжужҚиёматнинг бу аломати ҳақида Қуръони каримнинг .Каҳф, ва .Анбиё, сураларида оятлар келган.Аллоҳ таоло .Каҳф, сурасида.Улар .Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж давоми...

3217 19:05 / 23.06.2020
Саҳл ибн Абу Ҳасмадан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ўзларига етган қийинчилик юзасидан Хайбарга чиқдилар. Муҳаййисага Абдуллоҳнинг ўлдирилиб, давоми...

2269 14:10 / 08.01.2019
Рўза дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин орадан бир ярим йил ўтгач ndash яъни ҳижратнинг ўн давоми...

2725 12:00 / 03.05.2019
Эй биродар, шундай ҳадис борки, у тўрт калимадан иборат. Бу ҳадис ҳар бир мўмин мусулмонга дастуриламал бўлиши керак.Банда фақатгина гуноҳидан қўрқсин Дунёда давоми...

2787 11:06 / 04.09.2020