1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Муаллим ва мутааллим одоблари

09:35 / 24.10.2019 2917 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бошқа илмлар каби, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш илми соҳасида ҳам устоз ва шогирднинг ҳар бирига хос одоблар ва масъулиятлар бор.

Илм талаб қилувчининг (мутааллимнинг) одоблари қуйидагилар:

1. Илм талаб қилувчи шахс нафс поклигини ахлоқий разилат ва ёмон сифатлардан юқори қўймоғи лозимдир. Зотан, илм қалбнинг ибодатидир.

2. Илм талаб қилувчи шахс ўзини чалғитувчи нарсалардан алоқани кесмоғи лозим. Чунки фикр бўлинса, ҳақиқатларни идрок қилишдан ожиз бўлиб қолади. Салафи солиҳлар илмни бошқа барча нарсадан юқори қўяр эдилар. Баъзилари илмдан кўзлаган мақсадларига эришмай туриб, бошқа нарсаларга қўл урмас эдилар.

3. Илм талаб қилувчи шахс худди бемор ўзини табибга топширгани каби, устозига тамомила бўйсунмоғи, унга тавозеъ кўрсатмоғи ва хизматида қоим бўлмоғи керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эди. Зайд ибн Собит жўнаб кетишдан олдин отига минмоқчи бўлганида Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди. Бир куни Зайд бундан қайтарди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз», деди.

4. Илм талаб қилувчи такаббурлик қилса, жоҳиллик қилган бўлади. Чунки ҳикмат мўминнинг излаб юрган нарсасидир. Уни қаердан топса, олади. У муаллимининг фикрига эргашсин. Чунки устозининг хатоси унинг тўғри топганидан кўра фойдалидир.

Ибн Абдулбарр, ал Марҳабий ва ал Хатиб келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу толиби илмга қуйидаги насиҳатни қиладилар:

«Олимнинг сендаги ҳаққи:

1. Унга кўп савол бермаслик;

2. Жавобни қаттиқ талаб қилиб, уни чарчатмаслик;

3. У хоҳламаса, маҳкам ёпишиб олмаслигинг;

4. Агар танбаллик қилса, кийимидан тутмаслигинг;

5. Устозга қўл билан ишора қилмаслик;

6. Унга кўз қисиб ҳам ишора қилмаслик;

7. Одамлар билан мажлис қуриб ўтирганида сўрамаслигинг;

8. Унинг адашиши пайидан бўлмаслик;

9. Агар адашса, қайтишини кутишинг ва тавбасини қабул этишинг;

10. «Фалончи сен айтганнинг хилофини айтди», демаслик;

11. Унинг сирини фош қилмаслик;

12. Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик;

13. Уни ҳозирлигида ҳам, ғойиблигида ҳам муҳофаза қилиш;

14. Одамларга умумий салом бериб, унга алоҳида табрик айтиш;

15. Унинг рўпарасида ўтириш;

16. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан олдин унинг хизматини қилиш;

17. Олимнинг суҳбати узунлигини малол олмаслик;

18. У бир хурмога ўхшайди. Сен ундан ўзингга қачон манфаат етишига интизор бўлиб турмоғинг керак.

19. Албатта, олим Аллоҳнинг йўлида рўза тутган мужоҳид кабидир. Қачон бир олим вафот этса, Исломда бир тешик пайдо бўлур ва у қиёматгача тўсилмас. Толиби илмни осмоннинг муқарраб фаришталаридан етмиштаси кузатиб юрур...»

Илм талаб қилувчи шахс дастлабки босқичда ихтилофларга қулоқ солмаслиги керак. Бу нарса унинг ақлини лол ва зеҳнини шол қилиши мумкин.

Илм талаб қилувчи шахс ҳар бир нарсадан энг яхшисини олмоғи лозим. Чунки ҳамма илмларни олиш учун умр камлик қилади. У асосий қувватини энг шарафли илмга сарф қилиши керак. Ўша илм охиратга боғлиқ илмдир.

Муаллимнинг одоблари қуйидагилар:

Муаллим талабаларга шафқатли бўлиши ва уларни ўз болалари ўрнида кўриши керак;

Муаллим таълим бергани учун ҳақ олмаслиги, мукофот ва ташаккур тамаъ қилмаслиги, фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун таълим бермоғи лозим;

Муаллим толиби илмларга миннат қилмаслиги, аксинча, уларнинг илм учун қилган ҳимматларини фазл деб билиши керак. Улар худди ерни экиш учун ижарага берган кишига ўхшайди;

Муаллим ажрни Аллоҳ таолодан бошқадан сўрамаслиги шарт. Салафи солиҳлар илм толибининг ҳадясини олишдан ҳам бош тортар эдилар;

Муаллим насиҳат қилишда малолланмаслиги керак;

Муаллим толиби илмда одобсизликни кўрса, ишора йўли ва лутф билан тўғриласин. Дўқ-пўписа қилмасин. Чунки дўқ-пўписа ҳайбат пардасини йиртади;

Муаллим толиби илмнинг фаҳми ва ақли миқдорига назар солсин. Унга фаҳми етмайдиган ва ақли иҳота қила олмайдиган нарсаларни таълим бермаслик керак.

Имом Бухорий «Бир қавмни бир илмга хос қилиб, бошқаларга фаҳмлай олмасликлари учун айтмаган киши ҳақидаги боб»да Али розияллоҳу анҳунинг илм ҳақидаги қуйидаги сўзларини келтирган:

«Одамларга ўзлари англайдиган нарсани гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Унинг Расулининг ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!»

Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтирган:

«Бир қавмга уларнинг ақллари етмайдиган гапни зинҳор гапирмагин. Чунки баъзилари учун фитнага айланиб қолиши мумкин».

Муаллим илмига амал қилувчи бўлиши шарт.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫﮬ ﮭ ﮮ ﮯ

 «Одамларни яхшиликка буюриб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, Китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақл юритмайсизларми?!» (44-оят).

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Белимни «синдирган» икки киши: амалсиз олим ва илмсиз обид».

«Руҳий тарбия» китобидан.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илм Аллоҳ розилиги учун ўрганилади, олим дейилиш учун эмасҚуръон Аллоҳ розилиги учун ёдланади, қори дейилиш учун эмасНамоз Аллоҳ розилиги учун ўқилади, намозхон давоми...

2627 09:03 / 13.07.2021
Отаонага итоат қилиш, уларга яхшилик қилиш фарз амаллардан бири бўлиб, уларга итоатсизлик қилиш эса Аллоҳга ширк келтириш билан бир қаторда зикр қилинган гуноҳи давоми...

1202 09:00 / 13.02.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишда жам бўлган 40 фойда1. Бунда Аллоҳнинг амрига имтисол итоат, бўйсуниш бор.2. Набий алайҳиссаломга Аллоҳ давоми...

2646 13:00 / 07.02.2022
Сўнги вақтларда Аллоҳнинг марҳамати, фазлу карами билан умрага бориш осонлашиб қолгани учун минглаб юртдошларимиз ҳарамайнга бориб, зиёрат ва умра ибодатларини давоми...

3217 11:00 / 01.02.2023